Туркия, Швеция ва Финляндия ўртасида уч томонлама меморандум имзоланди. Мазкур муҳим сиёсий тадбир Мадриддаги НАТО саммити доирасида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Финляндия президенти Саули Ниинистё ва Швеция бош вазири Магдалена Андерссон иштирокида бўлиб ўтди.
Ушбу ҳужжат НАТО аъзолигига интилаётган расмий Стокҳольм ҳамда Ҳелсинки Анқаранинг талабларини бажаришга рози эканини англатади.
НАТО бош котиби раҳбарлигидаги учрашувда Туркия, Финляндия ва Швеция вакиллари муҳим масалаларда келишиб олдилар.
Қайд этилишича, НАТО – муштарак қадриятларга асосланган, умумий мудофаа ва хавфсизликнинг ажралмаслиги тамойилларига асосланган иттифоқдир. Туркия, Финляндия ва Швеция Вашингтон шартномасида белгиланган тамойиллар ва қадриятларга содиқликларини билдирадилар. Иттифоқнинг энг асосий хусусиятларидан бири аъзо давлатларнинг миллий хавфсизлигига, шунингдек, халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдид соладиган терроризмнинг барча кўринишларига қарши курашишда тўлиқ бирдамлик ва ҳамкорликдир.
Келажакдаги НАТО иттифоқчилари сифатида Финляндия ва Швеция Туркияни миллий хавфсизлигига таҳдид солаётган барча таҳдидларга қарши тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шу нуқтаи назардан, Финляндия ва Швеция PYD/YPG (PKK террор ташкилоти) ва FËTOни қўллаб-қувватламайди. Ўз навбатида Туркия Финляндия ва Швецияни миллий хавфсизлигига қаратилган барча таҳдидларга қарши ҳар томонлама дастаклайди. Финляндия ва Швеция терроризмнинг барча шакллари ва кўринишларида кескин рад этади ва қоралайди, барча террор ташкилотларининг Туркияга қарши уюштирган ҳужумларини очиқ ва сўзсиз қоралаб, Туркия ва қурбонларнинг оилалари билан чуқур бирдамлик туйғуларини изҳор қилади.
Финляндия ва Швеция PKKнинг тақиқланган террор ташкилоти эканлигини тасдиқлайди ва шу каби террор ташкилотлари, уларнинг филиаллари, шунингдек, унга алоқадор ёки улар билан мулоқотда бўлган шахслар ва ташкилотлар фаолиятининг олдини олиш мажбуриятини олади.
Бундан ташқари, Финляндия 2022 йил 1 январдан кучга кирган Жиноят кодексига бир қатор ўзгартиришлар киритиб, жазоланадиган террорчилик жиноятлари доирасига янги фаолият турларини қўшди. 2022 йил 10 январдан кучга кирган ушбу сўнгги тузатишлар билан террористик гуруҳлар фаолиятида иштирок этиш жинояти доираси кенгайтирилди. Шу билан бирга, жамоат жойларида терроризмга чорлаш ҳаракатлари алоҳида жиноят сифатида жазоланади. Швеция 2022 йил 1 июлдан бошлаб террорчилик жиноятлари тўғрисидаги янги ва самаралироқ қонун кучга киришини ва ҳукумат терроризмга қарши қонунчиликни кучайтиришда давом этишини тасдиқлайди.
Бундан ташқари, Туркия, Финляндия ва Швеция давлатлари ўртасида энди миллий қурол эмбаргоси йўқ. Швеция НАТО иттифоқчиларига қурол экспорт қилиш бўйича миллий қонунчилигига ўзгартириш киритмоқда. Келгусида Финляндия ва Швециядан мудофаа маҳсулотлари экспорти иттифоқчилик бирдамлиги руҳида ва Вашингтон келишувининг 3-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
Туркия, Финляндия ва Швеция музокаралардан сўнг қуйидаги аниқ мажбуриятларни оладилар:
томонлар терроризм, уюшган жиноятчилик ва бошқа умумий муаммоларга қарши курашда консенсусга асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида барча даражаларда, жумладан, ҳукуматлараро механизмни яратадилар;
Финляндия ва Швеция, НАТОнинг тегишли ҳужжатлари ва сиёсати қоидаларига мувофиқ, терроризмга қарши қатъий кураш олиб боради ва қонунчиликни мустаҳкамлаш учун барча зарур чораларни кўради;
Финляндия ва Швеция экстрадиция бўйича Европа конвенциясига мувофиқ Туркиянинг терроризмда гумон қилинганларни депортация қилиш ёки экстрадиция қилиш бўйича сўровларини зудлик билан кўриб чиқиш ҳамда экстрадиция ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун Анқара томонидан тақдим этилган маълумотлар, далиллар ва разведка маълумотларини ҳисобга олади;
Финляндия ва Швеция 5-бандда қайд этилган доирада, PKK террор ташкилоти, унинг барча бўлинмалари томонидан маблағ йиғиш ва ёллаш фаолияти билан боғлиқ текширувларни бошлайди ва уларни тақиқлайди.
Ушбу қадамларни амалга ошириш учун уч давлат ташқи ишлар, ички ишлар ва адлия вазирликлари, разведка ва хавфсизлик хизматлари мутахассислари иштирокида доимий муштарак механизм ташкил қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Туркия НАТОнинг “очиқ эшиклар” сиёсатини, Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш таклифини қўллаб-қувватлайди.
Шу мавзудаги мақола:
Туркия президенти “The Economist” нашри учун мақола ёзди. 31.05.2022