1 ноябрь куни Жазоир Халқ Демократик Республикаси ўз миллий байрами – Инқилоб бошланган сананинг 64 йиллигини нишонлайди. Миллий байрам арафасида мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насер Бушерит билан суҳбатлашдик.
– Элчи жаноблари, 1 ноябрь санаси Жазоир халқи учун қандай аҳамиятга эга?
– Жазоир миллий байрами 1954 йил 1 ноябрь – инқилоб бошланган санага тўғри келади. Бу – Жазоир халқи учун жуда қадрли кундир. Мазкур сана тантанали тарзда нишонланади. Биз, аввало, мамлакатни 132 йил (1830-1962) давом этган мустамлака зулмидан халос этиш йўлида жонини фидо қилган шаҳидларимиз руҳига эҳтиром кўрсатамиз.
Сирасини айтганда, 1954 йил 1 ноябрь куни бошланган инқилоб мамлакатнинг турли минтақаларида кечган халқ озодлик ҳаракатининг ҳадди аълоси – кульминацияси бўлди. Ушбу тарихий воқеа халқимнинг жамоавий тафаккури шаклланишига кўмак берди. Етти ярим йил давом этган қонли курашларда бир ярим миллиондан зиёд киши шаҳид бўлди. Шу тариқа Жазоир ўз мустақиллиги ва қадр-қимматини тиклашга муваффақ бўлди.
– Ўтган йили Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги нишонланган эди. Мамлакатларимиз ўртасидаги бугунги ҳамкорликни қандай баҳолайсиз?
– Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар ҳамиша ўзаро ҳурмат, биродарлик, дўстлик ва ҳамкорликка асосланган. Ҳар икки ўлка ислом тамаддунига мансуб экани эса халқларимиз ўртасидаги биродарлик алоқаларининг пойдевори саналади. Шу ўринда Жазоир Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олгани ҳамда Тошкентда элчихона очганини қайд этиш жоиз. Бу эса, Жазоир мамлакатингиз билан сиёсий, иқтисодий ва маданий жабҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканининг яна бир тасдиғи.
Бундан ташқари, мамлакатларимиз ташқи сиёсати асосини ташкил этувчи тамойиллар борасида ҳам муштараклик мавжуд ва бу уйғунлик узоқ муддатли, мустаҳкам ва самарали ҳамкорлигимиз омили саналади. Мамлакатларимиз ўртасида минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида мувофиқлаштириш, маслаҳатлашиш ва ўзаро кўмак муносиб даражада эканини ҳам таъкидлаш жоиз.
Яқинда икки томонлама алоқаларимизда янги уфқларни очувчи қувончли ҳодиса рўй берди. Бу ўринда Президентларимиз – Абдулазиз Бутефлика жаноблари ҳамда унинг биродари Шавкат Мирзиёев жаноблари ўзаро мактуб алмашганларини назарда тутмоқдаман. Давлат раҳбарлари ўз мактубларида алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги қатъий ниятларини изҳор қилганлар. Демак, 2019 йил икки мамлакат ҳамкорлигида янги уфқлар очувчи муҳим ташрифлар билан тарихга кириши кутилмоқда.
Ёруғ истиқбол эса бизни давлатларимиз етакчилари истакларини имкон қадар тезроқ рўёбга чиқариш, мамлакатларимиз алоқаларини реал салоҳият ҳамда халқларимиз манфаат ва интилишларининг мувофиқ даражасига кўтариш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришга ундайди. Бу ўринда ўзбекистонлик ҳамкорларимизнинг биргаликда фаолият юритиш ва робиталаримизни мустаҳкамлаш борасидаги қатъиятини алоҳида таъкидлашни истардим. Биз ҳам барча соҳалар, хусусан, иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик таклифлари муҳокамасига ҳамиша тайёрмиз.
– Дарҳақиқат, мамлакатлараро алоқаларда иқтисодий жабҳа муҳим аҳамият касб этади. Cизнингча, Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболи қандай?
– Мен гўзал диёрингизда дипломат сифатида 2015 йилдан бери фаолият юритиб келмоқдаман. Ўшандан буён бу юртда барча соҳаларда, хусусан, иқтисодий йўналишда сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй берди ва уларга шахсан гувоҳ бўлаётирман. Шавкат Мирзиёев жаноблари ҳокимиятга келганидан кейин бошланган жадал ислоҳотлар, хусусан, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, шубҳасиз, иқтисодиётнинг очиқлиги ва сармоялар кўлами ошишига хизмат қилади. Ўз навбатида, биз ҳам ушбу ўзгаришларни синчковлик билан кузатиб бормоқдамиз. Ўзбекистон билан мазкур соҳада ҳамкорлик эса истиқболли эканини таъкидлаш лозим. Фикрим исботи сифатида айрим жиҳатларга эътиборингизни қаратсам.
Биринчидан, икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириш хусусиятига эга. Бу жиҳатдан, Жазоир жаҳон эътироф этган тажриба ва юқори инсоний ресурсларга эга мамлакат сифатида Ўзбекистонга ўз тажрибаси ва ноу-хаулари билан кўмак бериши мумкин. Масалан, Жазоирнинг “Sonatrach” миллий нефть-газ компанияси энергия секторида дунёнинг энг йирик ширкатлари ўнталигидан тушмай келмоқда. 2017 йилда компаниянинг савдо айланмаси 35 миллиард АҚШ долларидан ошди. Халқаро бозорга чиқишга йўналтирилган янги сиёсат туфайли аллақачон бир неча мамлакатда иш бошлаган “Sonatrach” компанияcи “Ўзбекнефтегаз” компанияси билан ҳам ҳамкорлик алоқалари ўрнатиши мумкин.
Бу фикр аграр сектор, электроника маҳсулотлари ва маиший техника ишлаб чиқариш соҳаларига ҳам тааллуқли. Мазкур соҳаларда биз халқаро даражада фаол ишбилармонлар гуруҳига эгамиз ва улар ўзаро манфаатли ҳамкор қидирмоқдалар.
Бундан ташқари, Жазоир Ўзбекистон билан тўқимачилик соҳасидаги тажрибаси билан ҳам ўртоқлашиши мумкин. Қолаверса, туризм, ҳунармандлик соҳалари ҳам мамлакатларимиз учун манфаатли бўлса ажаб эмас.
Иккинчидан, Жазоир давлат идоралари томонидан миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш борасида олиб борилаётган янги сиёсат бизнинг ишбилармонлар ҳамжамиятини халқаро миқёсда янги сармоя имкониятларини излашга ундамоқда. Бу жиҳатдан, Ўзбекистон юқорида таъкидланган соҳалар бўйича Жазоир ишбилармонлари эътиборини тортиши мумкин.
Учинчидан, мамлакатларимизнинг ўз минтақасидаги жуғрофий ўрнини таъкидлашни истардим. Жазоир Европа жанубига яқин масофада жойлашган. Қолаверса, Саҳрои кабирдан жанубга томон, Мағриб минтақаси юрагида жойлашгани боис Африка бозори дарвозаси саналади.
Мамлакатимнинг ички бозори кўлами, йўллар, портлар ва аэропортлар инфраструктурасига йўналтирилган жуда катта миқдордаги сармояни ҳам қайд этиш жоиз. Бу эса Жазоирни минтақада юз миллионлаб истеъмолчиларга эга муҳим логистика марказига айлантирган. Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган ва жадал ўзгараётган Ўзбекистон ҳақида ҳам шундай фикр айтиш мумкин. Хусусан, Хитой томони таклиф этаётган янги Ипак йўли лойиҳаси амалга оширилиши билан мамлакатингиз Жазоир ишбилармон доираларида янада кучли қизиқиш уйғотса ажаб эмас.
Бу каби жиҳатлар мамлакатларимиз компанияларига халқаро даражада ривожланиш ва дунё иқтисодиётига самарали интеграциялашув учун ажойиб имконият беради.
Яна бир гап. Икки мамлакат томонидан ташкил этилаётган кўргазма ва ярмаркаларда компанияларнинг иштироки ишбилармон доиралар робитасини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 2019 йил июнь ойида 52-Жазоир халқаро кўргазмаси (FIA) ўтказилади. Бизнингча, ушбу кўргазмада Ўзбекистон томонининг иштироки мамлакат маҳсулотларини нафақат Жазоир бозори, балки ушбу тадбирда қатнашаётган Африка, Европа, Осиё ва Американинг ўнлаб мамлакатларига ҳам танитиш имконини беради.
Шу каби омилларга кўра, мен мамлакатларимиз алоқалари, хусусан, иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик борасида ишонч ва некбинлик асосида фикр юритмоқдаман.
– Элчи жаноблари, маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Маданий-гуманитар соҳа, шубҳасиз, алмашувлар мунтазамлик ва изчиллик касб этган жабҳа ҳисобланади. Ўзбекистон Жазоирда ташкил этилаётган кўплаб маданий тадбирларда иштирок этмоқда. Ўз навбатида, Жазоир ҳам Ўзбекистонда ташкил этилаётган тадбирлар, жумладан, Самарқанддаги “Шарқ тароналари” фестивалида қатнашиб келмоқда. Жазоир халқ мусиқаси ижодий жамоалари 2003, 2015 ва 2017 йилларда мазкур фестивалда иштирок этган. 2018 йил август ойида Шаҳрисабзда халқаро мақом фестивали бўлиб ўтди. Унда Жазоирнинг андалуз (анъанавий мусиқа жанри) мусиқа гуруҳи ҳам ўз чиқишини намойиш этди.
Маданий алоқалар ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги алмашувни янада кучайтириш мақсадида Жазоир элчихонаси Жазоир–Ўзбекистон дўстлик жамиятини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда илгари сурилган ушбу ташаббус Ташқи ишлар вазирлиги томонидан илиқ қабул қилинди.
С.Салим тайёрлади