Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги дўстона ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. 18 ноябрь – Ўмон Султонлигининг миллий байрами арафасида ушбу мамлакатнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Саид Муҳаммад ал-Лаватий билан икки томонлама робиталар хусусида суҳбатлашдик.
– Элчи жаноблари, Ўмон Султонлиги миллий байрами билан самимий муборакбод этамиз. Мазкур санани мамлакатингиз қандай кайфиятда қарши олмоқда?
– Ташаккур. Суҳбатимиз аввалида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига ўз ҳамдардлигимни билдириб ўтмоқчиман. Мамлакатингиз раҳбариятига масъулиятли фаолиятларида муваффақиятлар ёр бўлсин.
18 ноябрь санаси Ўмон Султонлиги ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шу куни мамлакатимиз тарихида ёрқин саҳифа очилган эди. Бу санада Ўмон халқи ўз давлат раҳбари – Султон Қобус бин Саъид аълоҳазратларига ўз эҳтиромини изҳор этади. Зеро, Ўмон давлати бугунги мавқе ва даражага эришувида Султон аълоҳазратларининг ўрни беқиёс эканини халқимиз жуда яхши англайди. Албатта, ҳозирги мавжуд иқтисодий вазият аввалги йиллардагидан бироз фарқ қилади. Аммо бу ҳол миллий байрамни зўр кўтаринкилик ила қаршилашга моне бўлолмайди. Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам байрамни анъанага содиқ қолган ҳолда тантанали тарзда нишонлашни режалаштирган.
– 1970 йилдан буён Ўмон давлатини Султон Қобус аълоҳазратлари идора этиб келмоқда. Ушбу давлат арбоби замонавий Ўмоннинг меъмори саналади. Ўтган салкам ярим аср мобайнида давлат раҳбари бошчилигида мамлакатингиз ҳаётида жуда катта ўзгаришлар рўй берди. Улардан қай бирини алоҳида таъкидлаган бўлар эдингиз?
– Чиндан ҳам, ўтган 46 йил ичида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида оламшумул ўзгаришлар рўй берди. Иқтисодиётнинг турли тармоқлари, ижтимоий соҳа – таълим, соғлиқни сақлаш, маданият буткул ислоҳ этилди. Мен биргина таълим соҳасидаги ютуқларга эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Зеро, юксак маърифатгина барқарор тараққиёт омили бўлиши мумкин. Ўмонда 1970-йиллардан таълим тизимини ривожлантириш йўлида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Янги таълим даргоҳлари бунёд этиш, илғор усулларни амалга татбиқ этиш учун давлат ғазнасидан жуда катта миқдорда маблағ ажратилди. Натижада қисқа фурсатда тизимда улкан ютуқларга эришилди. Ўтган асрнинг 70-йилларида мамлакат бўйича учтагина мактаб бор эди. Бугун эса юзлаб мактаблар, қатор олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда. 1986 йилда таъсис этилган Султон Қобус университети илмий ва техникавий салоҳияти жиҳатидан нафақат мамлакат, минтақада ҳам етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.
Шу ўринда Ўзбекистон ҳам таълим борасида улкан муваффақиятларга эришаётганини таъкидлашни истардим. Ўзбекистон аҳолисининг 97 фоиздан ошиғи саводхон экани бутун мусулмон оламининг ютуғидир.
– Элчи жаноблари, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз?
– Икки давлат ҳамкорлиги турли жабҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий йўналишда изчил ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ўмонга 2009 йил октябрдаги ташрифидан кейин “UzOman” сармоя компанияси таъсис этилган эди. Мазкур компания низом жамғармасининг 75 фоизи – Ўмон, 25 фоизи эса Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирга қадар мазкур компания Ўзбекистон иқтисодиётига 100 миллион АҚШ долларилик сармоя киритди. Ҳамкорлик ҳозирги суръатда тараққий этса, яқин беш йилда “UzOman” компаниясининг мамлакатингиз иқтисодиётига киритадиган сармояси 1 миллиард АҚШ долларидан ошади.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Ўмон ҳукуматлараро комиссияси йиғилишлари ҳам мунтазам ўтказилмоқда. Жорий йил сентябрда Масқатда комиссиянинг навбатдаги машварати ўтиши мўлжалланган эди. Аммо Ўзбекистонда рўй берган таъзия туфайли йиғилиш кечиктирилди. Ўйлайманки, 4 декабрь – Ўзбекистон Президенти сайловидан кейин савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказилади.
Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликда элчихоналар муҳим ўрин тутади. Хабарингиз бор, Ўмон Султонлиги Ўзбекистонда 2010 йил апрелда ўз элчихонасини очган эди. Келишувга мувофиқ, Ўзбекистон томони ҳам элчихона очиши кўзда тутилган эди. Мамнуният ила шуни маълум қиламанки, яқин фурсатда Ўзбекистоннинг Масқатда элчихонаси фаолият бошлаши кутилмоқда. Мазкур қувончли ҳодиса тез муддатда амалга ошишига тилакдошман. Ўмонда Ўзбекистон элчихонаси очилиши икки томонлама ҳамкорликни янада юксак босқичга олиб чиқиши табиий.
– Сўнгги йилларда маданий-гуманитар алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Бу борада сўз борар экан, Ўмон Султонлиги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази кутубхонаси биноси қурилишига ҳомийлик қилаётганини эслаш жоиз.
– Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази кутубхонаси биноси қурилиши якунланди. Айни пайтда иншоотни жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Кутубхона расман 2017 йил март ойида очилиши режалаштирилган. Ўзбекистон заминида кўҳна ва ноёб қўлёзмалар сақланмоқда. Мазкур маънавий бисот наинки халқингиз, бутун башариятнинг бойлигидир. Шу боис Султон Қобус аълоҳазратлари бебаҳо маънавий бойликларни кўз қорачиғидек асраш ва келгуси авлодларга тўкис етказиш мақсадида кутубхона қурилишига 20 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ ажратди. Ушбу маънавият ва маърифат маскани халқларимиз дўстлиги рамзи бўлишига ишончим комил.
– Тошкент жорий йил октябрда нуфузли халқаро анжуман – Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига мезбонлик қилди. Мазкур анжуман хусусидаги мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси юксак савияда ташкил этилди. Бунинг учун Ўзбекистон томонига, хусусан, Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ташқи ишлар вазирлигига самимий миннатдорлик билдираман. “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори 43-сессиянинг асосий ғояси сифатида танлангани чуқур рамзий маънога эга. Зеро, бугун сайёрамизнинг турли минтақаларида ислом динини ниқоб қилган экстремистик гуруҳлар ва оқимлар муқаддас динимизни ёмонотлиқ қилаётгани сир эмас. Бундай шароитда, албатта, мусулмон олами маърифатни байроқ қилган ҳолда ҳаракат қилмоғи лозим.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўмон Ташқи ишларга масъул вазири Юсуф бин Алавий жаноблари иштирок этиши кўзда тутилган эди. Аммо айрим кутилмаган ҳолатлар боис анжуманда у кишининг маслаҳатчиси Толиб Миран ал-Раисий қатнашди. Ал-Раисий жаноблари ҳам Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши сессияси юксак савияда уюштирилганини мамнуният ила қайд этди. Умид қиламизки, анжуман якунида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар мусулмон оламини янада бирдам ва жипс ҳолда ҳаракат қилишга ундайди.
Умримнинг энг ажойиб лаҳзалари Ўзбекистонда ўтмоқда. Шу боис мен Ўзбекистонни иккинчи ватаним деб атайман. Сўзим якунида биродар ўзбек халқига тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик тилаб қоламан.
Собир Салим суҳбатлашди