“Москва” жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди

23 сентябрь куни Москванинг “Проспект мира” даҳасида янгидан бунёд этилган “Москва” жомеъ масжидининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, Фаластин давлати раҳбари Маҳмуд Аббос иштирок этди.

Маросимда Россия Федерацияси муфтийлар кенгашининг раиси, Россия мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий шайх Равил Ғайнутдин таклифига биноан Ўзбекистондан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммад Бобур Йўлдошев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов ҳам қатнашди.

Бир вақтнинг ўзида 10 000 намозхон ибодат қилиши мумкин бўлган ушбу масжид Европадаги энг муаззам жомеъдир. Унинг майдони 20 000 кв. метрни ташкил этади. 6 қаватли ушбу масжид қуббаси 46 метр бўлиб, олтин зарварақ билан қопланган. Қубба атрофида 78 метрли икки минора ҳам мавжуд.

Асосий хонақоҳда 140 қандил мавжуд бўлиб, улардан энг каттаси 3,5 метр диаметрни ташкил этади. Масжид безакларини туркиялик усталар бажаришди, гиламлар ҳам Туркиядан келтирилди.

Масжидда аёллар учун алоҳида хоналар, конференц-зал, музокаралар хонаси мавжуд. Масжид биносида Россия мусулмонлари музейи ҳам очилади.

Масжид 1904 йили қурилган. Совет йилларида ҳам шаҳардаги ягона жомеъ масжиди сифатида фаолият юритган. Унинг қайта таъмири учун 10 йил сарфланди.

Жомеъ масжиди учун хайрия маблағлари ҳисобидан 170 миллион доллар сарфланди.