АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм халқимизни Наврўз байрами билан самимий қутлади. Дипломат анъанага кўра қутловни мезбон мамлакатга эҳтиром рамзи сифатида ўзбек тилида йўллади.
“Ўзбекистонга баҳор келар экан, об-ҳаво ва табиат янада гўзаллашиб кетади. Бу эса баҳор келганини байрам қилиш учун жуда қулай фурсатдир”, – дейди Д.Розенблюм.
Дипломат ўз табригида ўтган йили Наврўздан кейинги давр мураккаб кечганини ёдга олар экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам фаровон келажак барпо этиш йўлидаги ҳаракатлардан чекинмаслик кераклигини урғулаган.
“Биз фарзандларимизга фаровон келажак барпо этиш учун ишлашда давом этишимиз шарт. У мустаҳкам соғлиқ ва тинч ҳаёт кечириладиган келажак бўлмоғи керак. У халқлар ва миллатлар бир-бирини ҳурмат қилувчи келажак бўлиши лозим. У шундай бир келажакки, унда кучлилар ҳар доим ҳам ҳақ бўлавермайди”, – деб таъкидлайди у.
АҚШ элчиси Наврўзни қандай нишонлашни режалаштираётганига ҳам ойдинлик киритган.
“Мен байрамни нишонлаш учун парк ва бошқа жамоат жойларига кетаётган одамларни учратаман. Улар мазали сумалак пиширишади, ўз дўстлари ва яқинлари билан турли баҳорий ўйинлар ўйнашади. Ўзим тоғлар бағрига чиқиб, чиройли бодом гулларидан завқланмоқчиман”, – дейди дипломат.
Д.Розенблюм Ўзбекистон халқига сиҳат-саломатлик, тинчлик ва мўъжизаларга бой баҳор тилаган.
Эслатиб ўтамиз, Дэниел Розенблюм АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида 2019 йил 9 май куни қасамёдга келтирилган. У юртимиздаги дипломатик фаолиятининг илк паллалариданоқ она тилимизга ҳурмат кўрсатиб, байрамларда ўзбек тилида қутлов йўлламоқда, айрим тадбирларда ўзбек тилида нутқ сўзламоқда. Аввал хабар берганимиздек, АҚШ элчиси 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунида ҳам она тилимизда табрик йўллаб, барчани бу тилни ўрганишга даъват этган эди.