Марказий Осиё савдо форуми илк бор Ўзбекистонда ўтказилмоқда

17 октябрь куни Тошкентда нуфузли халқаро тадбир –  VIII Марказий Осиё савдо форуми  (CATF) бошланди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинаётган ушбу тадбирда жаҳоннинг 27 та мамлакатидан 1000 дан ортиқ давлат ва хусусий бизнес вакиллари қатнашмоқда.

Ўзбекистонда илк бора бўлиб ўтказилаётган форум минтақавий савдони кенгайтиришга кўмаклашувчи ишлаб чиқарувчилар учун тўғридан-тўғри бизнес йўналишларини ривожлантириш ҳамда минтақадаги чегаралараро савдони кенгайтириш учун мулоқот воситаси ҳисобланади, деб хабар беради АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Бу йилги форум “Савдо ва инвестицияларни ривожлантиришда янги истиқболлар” деб аталиб, у Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро савдо учун очилиб борилаётгани, бизнес имкониятларига бағишланди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар бўйича вакили Алан Мельтцер форумда сўзга чиқиб, Марказий Осиё савдо форуми каби учрашувлар муҳимлигини таъкидлаган.

“Тобора мураккаблашаётган ва ўзаро алоқалар жадал ривожланаётган бугунги даврда зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган янги-янги муаммоларга дуч келмоқдамиз. Айтиш керакки, янги муаммолар янги имкониятларни ҳам очиб беради. Бугун бизга иш ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ғоялар алмашиш ва янги бозорларга кириш имконини берувчи ушбу форум каби тадбирлар ҳар қачонгидан ҳам зарур”, – деди А.Мельтцер.

Анжуман доирасида савдо кўргазмаси ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда минтақанинг турли тармоқлар, жумладан, транспорт, туризм, ахборот технологиялари, асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш корхоналари иштирок этмоқда.

Бу – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳасидир. Бу орқали минтақавий даражада корхоналарни ривожлантириш,  хусусий сектор рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва экспортни кенгайтириш кўзда тутилган. Аниқроқ айтганда, халқаро машварат минтақанинг бешта мамлакатида мева-сабзавотчилик, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, экспортни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган.

Марказий Осиё савдо форуми дунё бўйича 70 миллиондан зиёд ҳамкор ва бизнес доира вакилларини ўз атрофига бирлаштиради. Мазкур йирик тадбирнинг Тошкентда ўтказилиши Марказий Осиёнинг ривожланаётган бозорлари билан дунё ҳамжамиятини таништириш учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади.