15 йиллик фуқаролар урушини бошдан кечирган мамлакатда яна бомбалар овози янграмоқда. Мана етти кундирки, Ливан осмонини қора тутун қоплаган. Унда Исроил байроғи акс этган қирувчи самолётлар парвоз этмоқда.
Исроил давлати 12 июль куни Ливан ҳудудига ҳарбий куч ва техника билан кириб келди. Бунга эса «Ҳизбаллоҳ» гуруҳи томонидан САХАЛ (Исроил армияси) гуруҳига ҳужум уюштирилгани ва икки нафар аскар гаровга олингани сабаб бўлди.
Иккинчи фронт
Ливанда ҳукмрон мавқеда бўлган «Ҳизбаллоҳ» гуруҳи ўтган ҳафта чегара ҳудудидаги Исроил ҳарбий бўлинмасига ҳужум қилди. Ҳужум натижасида бир неча яҳудий аскари ҳалок бўлди ва икки нафари гаровга олинди. Ливан халқи бошига катта кулфат келтираётган воқеалар ана шундан кейин бошланди. Исроил ҳарбий бўлинмага уюштирилган ҳужумни бутун давлатга қилинган таҳдид сифатида қабул қилди.
Исроил мудофаа вазири Амир Перетс зудлик билан 6 минг кишилик ҳарбий контингентни оёққа турғизди, ҳатто заҳирадаги зобитлар ҳам жангга сафарбар этилди. Исроил томони деярли кундалик одатга айланган ҳужумларни бу сафар жуда жиддий қабул қилди. Жиддият шу даражада бўлдики, Ливан ҳудудидаги «Ҳизбаллоҳ» гуруҳига қарши операцияларга пиёда қўшинлар, махсус бўлинмалар, бронетехника, артиллерия, авиация, ҳарбий кемалар, қисқаси, замонавий жангда қандай воситалардан фойдаланиш мумкин бўлса, барчаси сафарбар этилди. Исроил Ғазо сектори билан бир пайтда Ливанда ҳам иккинчи фронт очди.
Томонлар нима истайди?
«Ҳизбаллоҳ» гуруҳи икки яҳудий аскарини асир олгач, уларни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган мусулмон маҳбусларга алмашиш таклифини илгари сурди. Исроил бош вазир Эхуд Олмерт эса «Ҳизбаллоҳ» гуруҳи раҳбари шайх Ҳасан Насруллоҳ таклифини кескин рад этди ва террор билан муроса қилинмаслиги, бу масала фақат қурол билан ҳал этилишини билдирди.
Аслида «Ҳизбаллоҳ» ва Исроил томони ўртасидаги ихтилоф бугун ёки кеча пайдо бўлган зиддият эмас. Баъзан қурол, баъзан сўз билан олиб борилаётган кураш илдизи анчайин чуқур. Ливандаги шиа мусулмонлардан ташкил топган «Ҳизбаллоҳ» жанговар гуруҳи Исроил томонини кўпдан бери босқинчилик сиёсатида айблайди ва Фаластин ҳудудини ҳақиқий тарихий эгаларига қайтариш, қамоқхоналардаги «озодлик курашчилари» бўлган мусулмон маҳбусларни озод қилишни талаб қилади. Расмий Қуддус эса бу иддаоларни рад этиб, қамоқхоналардаги маҳбусларни «озодлик курашчилари» эмас, «қўли қонга ботган қўпорувчилар» деб ҳисоблайди.
Ўтган таҳликали кунлар давомида Исроил «Ҳизбаллоҳ»нинг Байрут шаҳрида жойлашган бош қароргоҳи ва унга қарашли бир қанча объектларни бомбардимон қилди. Шунингдек, жангари гуруҳ томонидан молиялаштириши тахмин қилинадиган Ливаннинг «Ал-Манар» телеканали биноси ҳам ракета ҳужумларига дучор бўлди. Исроил телевидениеси якшанба кунги бомбардимонлар пайтида «Ҳизбаллоҳ» раҳбари шайх Ҳасан Насруллоҳ жароҳатлангани тўғрисида хабар тарқатганди. Бироқ бу хабарларни жангари гуруҳ рад этди.
Ўз навбатида агар Исроил урушни танласа, кутилмаган совғаларга тайёр туриши кераклигини эълон қилган «Ҳизбаллоҳ» ташкилоти ҳам жавоб ҳужумларини амалга оширди. Исроилнинг катталиги бўйича учинчи шаҳри саналган Хайфа (Ливан чегарасидан 30 км масофада жойлашган) «Ҳизбаллоҳ»нинг асосий нишони бўлиб қолмоқда. Хуллас, икки томонлама қурбонлар келтираётган қонли уруш давом этмоқда.
Айбсиз… айбдор
Айни пайтда Исроил томони амалга оширилган ҳужум учун «Ҳизбаллоҳ» билан бирга Ливан ҳукуматини ҳам айбламоқда. Бир қарашда Қуддус ҳукумати билдираётган даъволарда жон бордай: «Ҳизбаллоҳ» жангари гуруҳи Ливанда сиёсий партия сифатида рўйхатдан ҳам ўтган ва боз устига ташкилот вакили ҳукуматдаги вазирлик курсиларидан бирини ҳам эгаллаган. Бироқ вазиятни чуқурроқ таҳлил қилганда буткул ўзга хулосага келиш мумкин.
1975-1990 йилларда давом этган фуқаролар уруши даврида Ливанда турли сиёсий гуруҳлар ўртасида ҳокимият учун қонли кураш авж олди. Ана шу йилларда «Ҳизбаллоҳ» гуруҳи пайдо бўлди ва оз фурсат ичида мамлакатдаги йирик ҳарбийлашган ташкилотга айланди. Айни пайтда гуруҳнинг таъсир доираси ва қудрати шу даражага етганки, Ливаннинг жанубий ҳудудлари ва Бекка водийси бутунлай шайх Ҳасан Насруллоҳ бошчилигидаги жанговар ташкилот назоратида. Айрим манбаларда «Ҳизбаллоҳ» жангарилари сони Ливан миллий армиясидан ҳам кўпроқ экани айтилади. Хуллас, Байрут ҳукумати ўн йиллардан бери мамлакатни бирлаштириш ва ҳарбийлашган ташкилот кучини синдиришни уддалай олмаяпти. Бу вазифа ҳатто амалдаги президент — мамлакат армиясининг «ота»си генерал Эмил Лахуднинг ҳам қўлидан келмаяпти.
Ҳозирги вазиятда Ливан халқи ва раҳбарияти чорасиз аҳволга тушиб қолган: айбсиз… айбдор ҳукумат эса на «Ҳизбаллоҳ»нинг танобини тортиб қўя олади, на Исроил ҳужумларини тўхтата олади. Машҳур ва марҳум бош вазир Рафиқ Харирий вафотидан кейин Ливан ҳукумати раҳбарлигига сайланган Фуод Синиора ҳам халқаро ҳамжамиятни мамлакатига ёрдамга чақиришдан бошқа амалга қодир эмас.
Ҳакам яна чорасиз
Халқаро можаролар ва ихтилофлар пайтида асосий ҳакам вазифасини бажариши зарур бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ливан фожиаси борасида ҳам жўяли ҳаракат қилолмаяпти. Ташкилот Ливанга ҳужум бошланган илк кунларда Қатар томонидан тақдим этилган Исроил хатти-ҳаракатларини қораловчи резолюция лойиҳасини муҳокама қилди. Ҳар доимгидек Исроил сиёсатига қарши бўлган лойиҳа АҚШ томонидан рад этилди…
Самарасиз мажлислардан чарчаган Бош котиб Кофи Аннан Ливанга уч нафар вакилини юборишга қарор қилди. Лекин бутун бошли ҳукуматлар ҳал қилолмаётган муаммони уч дипломат бартараф этишига ишониш қийин.
Ҳозирча Ливан ҳукуматига бу борада очиқ ёрдам таклиф этаётган ягона давлат бу — Эрон. Исроил хатти-ҳаракатларини Иккинчи жаҳон уруши давридаги Гитлер босқинларига қиёслаётган президент Маҳмуд Аҳмадинажот жанг келтирган талафотларни тўлашга ёрдам қилишини айтди.
Шундай портлатгинки… ҳеч ким зарар кўрмасин!
Ливан масаласида дунёнинг етакчи давлатлари муносабатини кузатганда, қизиқ манзара гувоҳи бўлиш мумкин. АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Германия каби мамлакатлар ташқи сиёсат маҳкамаларининг Ливан бўйича билдирилган баёнотларида давлатларнинг аниқ позициясини англаб олиш имконсиз. Вашингтон ҳам, Москва ҳам ва Европа етакчилари ҳам на Исроил томонини қўллаб-қувватлайди, на Ливан ёнини олади. Уларнинг муносабати «Ким ҳақу, ким ноҳақлигини вақт кўрсатади» деган олтин ўрталиқ қоидасига айнан мос келади.
Бу борада ташқи сиёсатида Исроилни дастаклаш очиқ кўринадиган Вашингтоннинг муносабати аниқроқ. Америка президенти Жорж Буш ўз чиқишида «Ҳизбаллоҳ» гуруҳининг ҳужуми ҳамда гаров ҳодисасини қаттиқ қоралади ва инсоф юзасидан Ливандаги вазиятдан хавотирда эканини ҳам билдириб ўтди. Оқ уй етакчисининг хулоса ўрнида Исроилга берган тавсияси ажойиб бўлди: «Тухумни шундай қовуриш зарурки, тухум синмасин» деган образли ифода билан президент асосий муддаони баён қилди-қўйди…
Фуқаролар уруши қайтяптими?
Исроил ҳарбий кучлари бош қўмондони Дан Халутс агар «Ҳизбаллоҳ» томонидан гаровга олинган асирлар зудлик билан қайтарилмаса, Ливанга 20 йил аввалги тарих қайтарилишини билдирганди. Бир ҳафталик натижалар ҳарқалай қўмондон асоссиз гапирмаслигини кўрсатди.
Бир ҳафта давомида Ливан шаҳарлари, хусусан, пойтахт Байрут таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетди. Шаҳардаги ҳозирги манзара ҳақиқатан ҳам фуқаролар уруши даврини ёдга солади.
Исроил томони асосий нишон сифатида «Ҳизбаллоҳ» қароргоҳи ва унга қарашли объектларни портлатаётган бўлсада, барибир асосий жабрдийда ҳар доимгидай тинч аҳоли бўлмоқда.
Тинимсиз ракета ҳужумларида пайтида ўнлаб кўприклар, аҳоли турар-жойлари, ҳаттоки пойтахт аэропорти учиш майдонлари ҳам портлатиб юборилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, тўрт куннинг ичида 100 нафар ливанлик тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна 250 дан зиёди жароҳатланган.
Ҳозирда Ливан бош аэропорти ёпиб қўйилган, мамлакатни қўшни давлатлар билан боғловчи сув йўллари ҳам Исроил кучлари томонидан назорат қилиняпти. Хуллас, Ливан ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйилган. Дунё ҳамжамияти эса воқеалар ривожини кузатиш билан банд.
Собиржон ЁҚУБОВ
П.С. Вашингтон томони «Шундай портлатгинки… ҳеч ким зарар кўрмасин!» тамойилига содиқ қолган кўринади: Қўшма Штатлар яқин кунларда Исроилга 210 миллион долларлик ҳарбий авиация ёнилғисини етказиб бермоқчи. Сотиб олинган ёнилғи эса Ливандаги ҳарбий ҳаво ҳужумларида ишлатилади.
Буюк Британия эса Ливан чегара ҳудудидаги денгиз қирғоғига иккита йирик кема юборди. Мақсад — Ливандаги уруш янада авж олиб, араб давлатидаги қироллик фуқаролари ҳаёти хавф остида қолса, уларни зудлик билан қутқариш…
«Ҳуррият» газетасидан олинди.