Германия махсус хизмати томонидан ўтган ҳафтада амалга оширилган операция можарога сабаб бўлди

Европадаги митти давлат – Лихтенштейн князлиги ва кўҳна қитъа етакчиларидан бири Германия давлати ўртасида дипломатик ихтилоф юзага келди. Айни пайтда каттагина даромаднинг қўлдан кетиш эҳтимоли мўъжазгина князликни қудратли қўшнисига қарши боришга ундамоқда.

Ҳаммаси Германия ҳуқуқ идоралари давлатга солиқ тўлашдан бош тортган бир гуруҳ мансабдорларга қарши жиноий иш қўзғашидан бошланди. Сўнгги икки ҳафта ичида немис прокуратураси Бонн ва Кёлн шаҳарларида бир қанча шахсларни даромадини солиқ идорасидан яшириш айби билан ҳибсга олди. Йирик операция давомида Германиядаги нуфузли шахслардан бири, мамлакат почтаси (Деутсче Пост) раҳбари Клаус Сумвинкел ҳам гумондорлар қаторида терговга жалб этилди. Тергов идораси тахминига кўра, йирик сармоядор қўшни Лихтенштейндаги банкда бир миллион евродан ошиқроқ маблағини солиқ идорасидан яшириб келган. Иш кўлами кенгайиб, халқаро даражага етганидан ке­йин унга Федерал разведка хизмати (БНД) ҳам қўшилди. Ке­йинроқ маълум бўлишича, хориждаги банк ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларнинг топилиши тасодиф ҳам, махсус хизматнинг уддабуронлиги ва топқирлиги ҳам эмас экан. Махфий ахборот Лихтенштейндаги ЛГТ банкининг собиқ ходимидан олинган экан. Номи ошкор этилган собиқ банкир 4,2 миллион евро мукофот эвазига князликдаги банкларга катта миқдорда сармоя қўйган мижозлар хусусидаги қимматли маълумотларни тақдим этган.

Ушбу ҳодиса мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга таъсир этмай қолмади. Лихтенштейн князи вориси Алоис Германиядаги ҳибсларга муносабат билдириб, мазкур ҳаракатни князликка қарши ҳужум деб баҳолади. Тахт вориси Германияни қонунсизлик ва кичик давлатнинг суверенитетига дахл қилишда айблади. Бўлажак княз ушбу иш бўйича терговга тортилган фуқароларини ҳимоя қилишга ҳам ваъда берди.

Шаҳзода Алоиснинг дипломатия қоидаларини ҳам писанд қилмасдан Германияга қарши баёнот берганини тушуниш мумкин. Лихтенштейн давлатида иқтисодий ишлаб чиқариш у қадар қудратли эмас, князликнинг кам сонли аҳолиси асосан хизмат кўрсатиш ортидан кун кечиради. Банк-молия муассасалари ғазнага энг кўп (30 %) даромад келтирувчи соҳа саналади. Махфий тамғаси билан яшириб келинган маълумотларнинг ҳуқуқ идоралари қўлига тушиши эса бутун дунё сармоядорларини ўзига жалб этаётган Лихтенштейн банкларининг нуфузига путур етказиши мумкин.

Лихтенштейн адлия вазири Клаус Чучер банкдан махфий ахборотларни ўғирлаб сотган ходимга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини маълум қилди. Бироқ олдиндан айтиш керакки, немис махсус хизмати қимматли ахборот манбасини қўшни давлатга ошкор этмаслиги аниқ. Тахминларга қараганда, махфий маълумотларни тузуккина маблағ эвазига пуллаган собиқ банкир аллақачон Австралияга чиқиб кетган.

Даромадни солиқдан яшириш билан боғлиқ ҳибслар немис жамиятининг ўзида ҳам турли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолатни танқидий баҳолаётган ҳуқуқшунослар ноқонуний йўл билан сотиб олинган махфий ахборотдан судда фойдаланиш мумкин эмаслигига эътибор қаратмоқдалар.

Аслида Германияда бу каби йирик амалиёт ўтказилиши кўпдан бери кутилаётганди. Нега деганда, сўнгги йилларда федерал бюджет биргина солиқларнинг тўла ундирилмаслиги туфайли 30 миллиард евро миқдорида зарар кўраётганди (ҳисоб-китобларга кўра, Германия ғазнасига тушиши керак бўлган 8 миллиард евро қўшни князлик банкларида қолиб кетмоқда).

Ортида миллионлар турган мазкур иш охир-оқибат давлат раҳбарлари даражасида муҳокама этилаётган масалага айланди. Ўтган ҳафта икки томонлама муносабатларни ойдинлаштириш мақсадида Берлинда Германия кантслери Ангела Меркел ва Лихтенштейн бош вазири Отмар Хаслер иштирокида йиғин бўлиб ўтди. Бироқ ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги учрашув ҳам муаммо ечимига хизмат қилмади. Билъакс, томонлар ўртасида мунозарали масалаларни янада кўпайтирди.

Лихтенштейн қонунларига кўра, банк мижозлари тўғрисидаги маълумотлар ҳаттоки тергов мақсадида ҳам ошкор этилмайди. Германия кантслери ана шу жиҳатни танқид қилди ва князлик бош вазирига бу борадаги қонунчиликни ўзгартириш кераклиги, жиноятчиликка қарши курашда молия муассасалари ҳам ёрдам бериши кераклигини таъкидлади. Меркел хоним сўз орасида немис томонининг талаби шунчаки ерда қолиб кетадиган гап бўлмаслиги зарурлигини эслатиб қўйди. Кантслернинг огоҳлантиришича, Берлин томонидан қўйилган талаблар бажарилмаса, Германия князликка нисбатан санкциялар жорий этади, бу эса мамлакатга келаётган пул оқимини тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин…

Табиийки, Германия кантслерининг огоҳлантириши Лихтенштейн томонидан олқишлар билан кутиб олинмади. Шунга қарамай, гарчи талаблар маъқул келмаса ҳам айрим сиёсатчиларнинг фикрича, князлик Берлин қўйган шартларни бажарса керак. Чунки йиллар давомида осойишта ва тинч ҳаётга ўрганган Лихтенштейн барибир Косово (ёки аксинча Сербия) йўлини тута олмайди. Митти давлат қудратли қўшнилар талабини бажармай, шу тахлит оёқ тираб турса, бунданда каттароқ йўқотишларга учрашини яхши билади…

Абдулла Собиров, «Ҳуррият» газетаси