Комилов–Блинкен учрашуви: Ўзбекистон ва АҚШ бош дипломатлари нималарни муҳокама қилди?

Фото: Jim Watson/AFP

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 9 март куни Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан музокара ўтказди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига кўра, учрашувда икки мамлакат муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари, жумладан, қўшни Афғонистондаги гуманитар вазият муҳокама қилинди.

Давлат департаменти матбуот хизмати хабар беришича, расмий Вашингтон Афғонистон ва Украина халқларига кўрсатаётган гуманитар ёрдами учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган. Шунингдек, Афғонистон террорчилар учун бошпана бўлиб қолишига асло йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

Э.Блинкен ҳамкасби билан суҳбат чоғи Россиянинг Украинага бостириб кирганини халқаро ҳуқуқ меъёрларининг поймол этилиши ўлароқ қоралаган.

Давлат котиби Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар давом этишига хайрихоҳлик билдирган.

“Биз АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ва унинг доирасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юксак баҳолаймиз. Биз Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига буткул содиқмиз ва содиқ бўлиб қоламиз”, – деди Э.Блинкен.

2015 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатларининг “С5+1” форматидаги мулоқотига асос солинган эди. Ташқи сиёсат маҳкамалари учрашувида ушбу доирадаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Эслатиб ўтамиз, Украинада уруш бошланиши ортидан жорий йил 28 февраль куни “С5+1” форматида видеоанжуман ташкил этилган, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлари вазирлари ўзаро маслаҳатлашган эди.

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва АҚШ йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар формати стратегик шериклик мулоқоти даражасига кўтарилди. Жумладан, 2021 йил 13 декабрь куни давлат котибининг ёрдамчиси Дональд Лу ҳамда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг биринчи мажлисида иштирок этди.

А.Комилов ва Э.Блинкен ўртасидаги музокараларда стратегик шериклик мулоқоти алоҳида аҳамият касб этиши ҳам қайд этилган.

Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда АҚШ маъмурияти вакиллари, Конгресс аъзолари, Америка ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари билан ҳам учрашув ҳамда музокаралар ўтказди.

C.Cалим