Сўнгги кунларда жаҳон бозорида нефть баҳоси рекорд даражага кўтарилди. Ой бошида Нью-Йорк биржасида қора олтиннинг бир баррели 81,66 АҚШ долларига етди. Бу ҳолат иқтисодиёти мазкур табиий ресурсга боғлиқ бўлган давлатларни саросимага солиб қўйди. Лекин орадан икки ҳафта ўтиб, беқарор бозорда кузатилган нарху наво саросима ҳолатини таҳликага айлантираёзди: халқаро биржада бир баррел нефть 88 АҚШ долларига баҳоланди.
Айтиш керакки, дунёнинг сўнгги ярим асрлик тарихида қора олтин баҳосининг бу қадар юқори нуқтага кўтарилгани кузатилмаган.
Халқаро бозорда катта инқирозга олиб келган Эрон-Ироқ уруши даврида ҳам бир баррел нефть бугунги кун курси бўйича 84,49 АҚШ долларига сотилган эди. Ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жабҳада катта муаммоларни келтириб чиқарган Кўрфаз уруши – Ироқнинг Кувайтга босқини пайтида ҳам нархлар бунчалик осмонга сапчимаган эди.
Қора олтин баҳосининг рекорд даражада кўтарилишига Туркиянинг Ироқ шимолида жойлашган курд айирмачиларига қарши ҳарбий амалиётларга ҳозирлик кўраётгани тўғрисидаги хабарлар яхшигина таъсир кўрсатган. Маълумки, Ироқнинг ушбу қисмида катта миқдорда нефть қазиб олинади. Агар воқеалар суръати шиддатли тус олиб, Туркия курдларга қарши ҳаракат қилса ва ҳудудни эгалласа, табиий ресурс қазиб олиш тўхташи мумкин. Ана шу эҳтимолий ҳодиса халқаро бозор мижозларини ташвишга солган.
Дунё бозорида доллар курсининг тинимсиз тушиб бораётгани ҳам қора олтин нархи ўсишига олиб келган омиллардан. Сўнгги савдолар чоғида АҚШ валютаси еврога нисбатан сезиларли даражада пасайди ва бир евро 1,4305 долларга тенг бўлди.
Ҳозирги шароитда барча стратегик ресурслар каби нефть нархининг ошиб боришига омманинг ижтимоий кайфияти ҳам тош босадиган даражада таъсир этяпти. Дейлик, АҚШнинг Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бориши шароитида одамлар онгида нефть қазиб олиш кескин қисқариб кетди деган қараш шаклланган. Аслида уруш ҳаракатлари шароитида ҳам мазкур ресурсни қазиб олиш кўрсаткичи у қадар камаймаган. Лекин одамлар онгида, демакки, халқаро бозорда пайдо бўлган саросима ҳолати нарху навонинг ошиб боришига олиб келяпти.
Бу ўринда нархларнинг ошиб бориши нефть экспорт қилувчи давлтатлар томонидан кўпроқ фойда олиш мақсадида амалга оширилаётган махсус тадбирлар натижаси эканини ҳам унутмаслик керак.
Айни пайтда жаҳон бозорида сотилаётган нефтьнинг 40 фоизига эгалик қилаётган ОПЕК (Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти) нархнинг ошиб кетганига худди ҳеч нарсадан бехабар каби беозор елка қисиш билан муносабат билдиряпти. Қора олтин нархини сурункали ошириб бориш мазкур ташкилотнинг асосий мақсади экани аниқ. Зеро, бундан бир неча йиллар олдин «Нефтьнинг бир баррели нархи камида 100 АҚШ доллари бўлгандагина адолатли баҳога эришилади», деган Қатар энергия вазири барча экспортёр давлатлар хоҳишини ифодалаган эди.
Лекин нефть бозоридаги бугунги ҳолат ОПЕК томонидан атайин юзага келтирилган тақдирда ҳам мазкур давлатларни ҳеч қандай асосда айблаб бўлмайди. Ариқ бошидаги мироб сувни ўзи истаган тарзда тарқатади.
Тўғри, ОПЕК келгуси ойдан бошлаб нефтьни қайта ишлаш кўрсаткичини 500 минг баррелига кўпайтарилишини маълум қилган. Лекин мутахассислар очиқ эътироф этаётганидек, бу миқдор ҳам ошиб бораётган талаб олдида денгиздан томчи, холос.
Бизнингча, бундан кейин ҳам нефть нархининг ошиши давом этади. Ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан халқаро бозордаги вазиятни барқарорлаштириб бўлмайди. Нега деганда, нефть қазиб олиш миқдорини ошириш билан маълум муддат фаровонликка эришиш мумкин. Лекин мазкур табиий ресурс захираси барибир чекланган. Шундай экан, ҳозирги инқироз вазиятида, етакчи олимлар таъкидлаётганидек, муқобил манбалар, масалан, ядро энергиясидан саноат ва ижтимоий ҳаётда самарали фойдаланиш йўлларини қидирган маъқул.
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият»дан олинди.