Исроил: Терговга тортилган президент

Гумонлар тасдиқланса, Исроил президенти Моше Катсав, бош вазир Эхуд Олмерт ва бош қўмондон Дан Халутс лавозимидан кетиши мумкин.
Исроилда бир пайтнинг ўзида бир неча юқори лавозимли шахслар — мамлакат президенти Моше Катсав, бош вазир Эхуд Олмерт, ҳарбий штаб қўмондони, генерал Дан Халутс ва собиқ адлия вазири Хаим Рамон жиноий ҳаракатларни содир этганликда айбланмоқда. Бу эса мамлакат аҳолисининг давлат ва ҳукумат раҳбарларига бўлган ишончини сўндирмоқда.

УРУШ КEЛТИРГАН… ФОЙДА 

Исроил ҳарбий штаби қўмондони, генерал Дан Халутсга қўйилаётган айблов ўз мансабини суиистеъмол қилиш ва лавозимидан шахсий манфаати йўлида фойдаланишдан иборат. Гап шундаки, Ливан урушининг ташкилотчиларидан бўлган генерал Халутс айнан «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи аъзолари Исроил ҳарбий бўлинмасига ҳужум қилганидан бир неча соат ўтиб ўз қўлидаги акцияларни биржада сотиб юборган.
Сир эмас, ҳарбий ҳаракатлар ва уруш пайтида кўпинча молиявий бозорда қимматбаҳо қоғозлар нархи тушиб кетиши кузатилади. Ливанга қарши ҳарбий амалиётлар бошланганидан кейин Исроил фонд биржасида акциялар нархи 8,3 фоизга пасайди. Бу эса юзлаб акция эгалари миллионлаб зарар кўрганидан далолатдир. Ливанликларга улкан офат келтирган уруш бошланишидан бир неча соатгина олдин генерал ўз қўлидаги акцияларни 26 минг долларга пуллаган. Дан Халутснинг мухолифлари фикрича, уруш бошланиши аниқ бўлиб турган бир пайтда акцияларни сотиш қўмондон учун энг сўнгги даражадаги иш бўлмоғи лозим эди. Шу боис ҳам оппозициядаги сиёсий кучлар генерал Халутсни халқ бошига кулфат келтирган воқеадан бойиш мақсадида фойдаланганликда айблашмоқда.
Очиғини айтганда, Исроил Ливан урушида муваффақият қозонганда, жанг бошида турган генерал Дан Халутсга нисбатан бундай айблов бўлмаслиги, бўлганда ҳам катта ғалаба соясида ғолиб саркарданинг биржа ўйинларида айбланиши арзимас иш сифатида ёпилиб кетиши ҳам мумкин эди. Бироқ мамлакат ўта муҳим амалиётда бой берди. Бу эса урушга қўмондонлик қилган шахсга жамоатчилик норозилигини кучайтириши табиий.
Айни пайтда Исроил мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли офицерларидан ташкил топган махсус комиссия акция савдоси билан боғлиқ воқеаларни ўрганиб чиқмоқда. Бироқ ҳозирданоқ ҳарбий штаб ва мудофаа вазирлигининг айрим вакиллари бу можаро генерал Халутс истеъфосига олиб келиши мумкинлигини айтишмоқда.

ҲИССИЁТИНИ БОШҚАРОЛМАГАН ВАЗИР

Август охирига қадар Исроил адлия вазири лавозимида хизмат қилган Раим Хамон эса ахлоқсиз қилмишда гумон қилинмоқда.
Генерал Дан Халутс ўз акцияларини сотган, Ливан уруши бошланган ўша хосиятсиз 12 июль куни Исроил мудофаа вазирлигида адлия идораси билан ҳамкорликда расмий йиғин ўтказилди. Жабрланувчи сифатида полицияга мурожаат этган, мудофаа идорасида хизмат қилувчи хонимнинг кўрсатмасига қараганда, расмий учрашув ўтаётган пайтда адлия вазири Раим Хамон ушбу аёлга нисбатан ахлоқсиз муносабатда бўлган ва уни зўрлик билан ўпиб олган. Полиция мудофаа вазирлиги ходимасининг шикоятини ўрганиб чиқди. Дастлабки хулосаларга кўра, ҳақиқатдан ҳам, адлия вазири ҳукумат уйидаги йиғинда ўз ҳиссиётларини бошқара олмаган ва давлат хизматчиси бўлган хонимга нисбатан ахлоқсиз муносабатда бўлган. Айбланувчининг ўзи мазкур ҳодиса бўлгани, бироқ бу аёлнинг розилиги билан амалга ошганини даъво қилмоқда. Дарвоқе, ана шу можаро туфайли адлия вазири Раим Хамон ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. Исроил бош прокурори Менахум Мазуз собиқ вазирга қарши мудофаа идораси ходимаси даъволарини таслиқловчи айблов эълон қилди. Яқин кунларда собиқ ҳукумат аъзосининг жиноий ҳаракат билан боғлиқ иш судда кўрилади. Кузатувчилар Раим Хамон айби маҳкама жараёнида тасдиқланиши эҳтимоли кучли эканини айтишмоқда.

ҲОТАМТОЙ МАСЛАҲАТЧИНИНГ ИНЪОМИ

Ушбу можароли ҳодисаларга параллель равишда Исроил бош вазири Эхуд Олмерт ҳам жиноят бўлиб чиқиши мумкин бўлган бир қатор шубҳали ишларни амалга оширгани ошкор бўлди.
Эхуд Олмерт Қуддус шаҳри ҳокимлигидан кетиб, саноат вазири лавозимида иш бошлаган 2004 йилда Исроил кичик ва ўрта бизнес бошқаруви идораси раҳбарлигига «Ликуд» аъзоси бўлган ўз партиядошларини тайинлаган. Исроил давлат тафтишчиси Миша Линденштраус фикрича, раҳбар лавозимга тайинлашда уларнинг билим ва малакаси эмас, Олмерт билан бир партияга мансублиги инобатга олинган. Исроил давлат тафтишчиси томонидан бош вазирга нисбатан илгари сурилаётган иккинчи айблов олдингисида оғирроқ: порахўрлик!
Бундан икки йил муқаддам — 2004 йилнинг кузида Эхуд Олмерт севикли рафиқаси Ализа билан бирга Қуддус шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган ҳашаматли ҳовлилардан бирини сотиб олди. Ҳукумат аъзоси сотиб олган ҳовли ўша пайтларда 1,5-1,8 миллион доллар турар эди. Бироқ қурилиш компанияси ҳотамтойлик қилиб, Олмертлар оиласининг 1,2 миллион доллар тўлашига розилик берди. Исроил давлат тафтишчиси гумонига кўра, саноат вазирига сахийлик билан нархнинг тушириб берилгани бежиз эмас. Бунинг эвазига қурилиш компаниялари вазирдан маълум имтиёзлар олгани бўлиши эҳтимол…
Бироқ бу билан ҳовли можароси тугамади. Орадан бир йил ҳам ўтмай, Олмертлар ҳашаматли янги ҳовлини сотиб юборишди. Харидор ҳам бегона бўлмади. Эхуд Олмертнинг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси, америкалик миллиардер Дениел Абраҳам уй учун 2,7 миллион доллар берди. Энг қизиғи, Эхуд Олмерт ҳовлини сотгандан кейин ҳам кўчиб кетмади. Вазирнинг сиёсий маслаҳатчиси ўз раҳбарига меҳрибонлик кўрсатди: ойлик ижараси бир неча минг доллар турадиган уй арзимас чой-чақа эвазига 10 йилга Олмертлар хонадонига ижарага берилди. Исроил давлат тафтишчиси Миша Линденштраус ана шу шубҳали ҳаракатлар ортида жиноят яширинган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

МУДДАТДАН ОЛДИН ИСТEЪФО?!

Исроил давлатида президент у қадар катта ваколатларга эга эмас. Шу боис ҳам, яҳудий давлат раҳбари номи кўпда эсланавермайди. Бироқ сўнгги можаролар туфайли Исроил президенти номи ҳам бот-бот тилга олинмоқда.
Исроил полицияси айни пайтда президент Моше Катсавга қарши ёзилган шикоятни ўрганмоқда. Шикоятда айтилишича, Катсав транспорт вазири бўлиб ишлаган вақтларда ариза соҳибаси бўлган қўл остидаги ходимани зўрлашга ҳаракат қилган. Номуси масаласини очиқ муҳокама этилишига рози бўлаётган аёлнинг даъвосига кўра, воқеа бундан 15 йил олдин содир бўлган. Ўшанда транспорт вазири бўлган Моше Катсав ходимани ишдан бўшатиш билан қўрқитиб ўз нафсини қондирмоқчи бўлган.
61 ёшли президент қўйилаётган айблов сохта ва ёлғон экани, даъвогар аёл шантаж йўли билан унинг обрўсини тўкмоқчи эканини айтмоқда.
Полиция аллақачон президентга қарши жиноий иш очган. Иш доирасида давлат раҳбарининг қароргоҳи тинтув қилинди ва идорадаги барча ҳужжатлар текшириш учун олиб кетилди. Ҳозирга қадар президент Катсав бир неча бор терговда ҳам иштирок этди. Жиноий иш шахсий ҳаёт ва ор-номус масаласига бориб тақалгани туфайли тергов ёпиқ олиб бориляпти. Бироқ президент терговини олиб бораётган офицерлардан бирининг айтишича, жабрланувчи томонидан илгари сурилаётган айбловни тасдиқлаши мумкин бўлган далиллар мавжуд.
Тергов икки ой муддатда тўла якунланади. Бироқ ҳозирданоқ Исроил матбуотида президентнинг муддатдан олдин истеъфога чиқиши масаласи муҳокама қилинмоқда. Воқеалар айрим кузатувчилар тахмин қилаётганидек ривожланиши учун эса Исроил парламентнинг 120 аъзосидан 90 нафари президентнинг ваколат муддатидан олдин лавозимини тарк этишига овоз бериши зарур.
Яқиндагина Ливанга қарши олиб борилган ҳарбий амалиётларнинг муваффақиятсиз якунлангани, қўшни Фаластин билан зиддиятларнинг тобора кучайиб бораётгани, боз устига, давлат ва ҳукумат раҳбарларининг жиноий ҳаракати билан боғлиқ ҳодисалар исроилликларнинг норози кайфиятини кучайтирмоқда. Ҳозирда вақти-вақти билан амалдаги ҳукуматга қарши норозилик чиқишлари бўлиб турибди. Исроилда нашр этиладиган «Едиот Ахронот» газетаси ўтказган сўнгги ижтимоий сўровлар ҳам ана шу фикрни тасдиқламоқда. Тадқиқот натижаларига кўра, исроилликларнинг 63 фоизи бош вазир Эхуд Олмертнинг истеъфога чиқиши истайди. 54 фоиз аҳоли эса генерал Дан Халутсни бош қўмондонликка номуносиб деб билади.
Исроил раҳбариятида юзага келган сиёсий инқироз шу тахлит чуқурлашаверса, бу яқин кунларда ҳукумат ва парламентнинг истеъфога чиқиши, бунинг ортидан эса муддатдан олдин сайловлар ўтказилишига олиб келиши мумкин.

Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият»дан олинди.