Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси буюк мутафаккир Алишер Навоий қаламига мансуб “Ҳайрат ул-аброр” достонининг насрий баёни ва ғазаллари шарҳини араб тилига таржима қилдириб, чоп эттирди.
Таржима Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Илёсхон Баҳромов томонидан амалга оширилди. Ижодий жараёнга филология фанлари доктори, профессор Шорустам Шомусаров раҳбарлик қилди.
“Хамса”нинг илк достони бўлмиш “Ҳайрат ул-аброр” (1483) панд-насиҳат, таълимий-ахлоқий ва фалсафий руҳдаги асардир. Достон 3988 байт ва 64 бобдан ташкил топган.
Маълумот ўрнида, 2021-2023 йиллар давомида мумтоз шоирнинг “Хамса” асари озарбайжон, қозоқ тилларига тўлиқ таржима қилиниб, Боку ва Олмаотада нашр қилинди. 2019 йилда эса “Фарҳод ва Ширин” достони Шанхайда хитой тилида, “Муҳокамат ул-луғатайн” асари Покистонда урду тилида чоп этилди.
Мавзуга доир:
Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. 7-жилд: Хамса: Ҳайратул-аброр. Т.: «Фан», 1991.