Ҳафта воқеалари №6: Қуръон мусобақаси, Тошкентнинг янги ҳокими, “Халқлар дўстлиги”, Корея тинчлик шартномаси, Эрдоған ташрифи

24 апрель куни Қуръон мусобақасининг Республика босқичи эркаклар ўртасида ғолиблар аниқланди. Эркак қорилар ўртасида ўтган мусобақанинг Олий ўрнига эса қорақалпоғистонлик Йўлдошбек қори Нуриддинов муяссар бўлди. Унга “Жентра” русумли автомобиль ютуқ тариқасида тақдим этилди. 26 апрель куни аёллар ўртасидаги Республика қорилар мусобақаси ҳам якунланди. Олий ўрин соҳибаси деб Тошкент Ислом институти талабаси Робия Нажмиддинова деб топилди.

26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида ўтказилган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида 2012 йилдан буён ишлаб келган Раҳмонбек Жаҳонгирович Усмонов вазифасидан озод этилиб, бу вазифа айни чоғда Akfa Group компаниялари асосчиси ва раҳбари, ишбилармон Жаҳонгир Ортиқхўжаевга юклатилди.

26 апрель куни бўлиб ўтган видеоселекторда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Истиқлол» санъат саройи, “Бунёдкор” метро бекати ва майдони «Халқлар дўстлиги» эски номига қайтарилиши ва Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкали яна шу майдонга қайтарилишини таклиф этди.

27 апрель куни КХДР ва Жанубий Корея етакчилари демаркацион чизиқда учрашди. Ким Чен Ин мамлакатларни ажратиб турувчи чизиқдан ўтиб, жанубий томонга қадам қўйган КХДРнинг биринчи раҳбарига айланди.

Бугун 30 апрель куни  Туркия Республикаси президенти Режеб Таййиб Эрдўған Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келгани муносабати билан расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.