7 декабрь куни Германиянинг Ҳамбург шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Музокараларда сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан фикр алмашилган ҳамда томонлар мазкур шаклдаги ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор экани қайд этилган.
Шунингдек, АҚШ Давлат котиби ҳамда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирлари жорий йил августда Вашингтонда ўтган С5+1 вазирлар учрашувида келишилган бешта қўшма лойиҳа бўйича олға силжиш масаласини муҳокама этган. Маълумки, АҚШ мазкур лойиҳага 15 миллион доллар ажратган.
Ўзбекистон делегациясига Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилик қилган. Вазирлар учрашувида Туркманистон вакили иштирок этмаган.
АҚШ Давлат департаментига кўра, расмий Вашингтон бешта мамлакатнинг С5+1 дипломатик платформасига содиқдир.
“Давлат котиби Жон Керрининг ўтган йили ноябрь ойида Марказий Осиёга қилган тарихий ташрифи чоғида Самарқандда бошланган, сўнгра август ойида Вашингтонда бўлиб ўтган мулоқот бу сафар Ҳамбургда ҳам давом этди. Бу вазирларнинг иқтисодий алоқалар, минтақа хавфсизлиги, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши ҳамда инсонпарварлик каби ўзаро манфаатли минтақавий масалаларни тўртинчи бор муҳокама қилиш учун учрашувидир”, – дейди Давлат департаменти воизи Жон Кирби.
Қайд этилишича, Давлат котиби Марказий Осиё вазирларини мамлакатлар мустақиллигининг 25 йиллиги билан муборакбод этиб, Қўшма Штатлар ушбу давлатлар суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги қўллаб-қувватланишини билдирган.