Германия элчиси: “Истагимиз – Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш”

Элчи Тило Клиннер. Фото: Германия элчихонаси

Тошкентда 3 октябрь – Германия бирлашган кунининг 32 йиллиги муносабати билан тантанали маросим ташкил қилинди. Унда хорижий мамлакатлар элчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, ишбилармонлар иштирок этди. Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, доктор Тило Клиннер меҳмонларни қутлар экан, аввало, эркинлик ва тинчлик қадрияти хусусида гапирди.

“Шарқий ва Ғарбий Германия 1990 йил 3 октябрда тинчлик ва эркинликда қайта бирлашди. Узоқ муддатли бўлинишдан сўнг бир-бирига тегишли бўлган бўлаклар яхлитлиги тикланди. Бу олмон халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳаракати эди”, – деди элчи.

Таъкидланишича, эркинлик ва ўз тақдирини ўзи белгилаш халқаро тинчлик тартибининг таянч устунларидан ҳисобланади. Шу сабаб халқаро ҳамжамият давлатлар суверенитетини ҳурмат қилиши, умуман, халқаро тартиб ҳуқуқларга асосланган бўлиши лозим. Зотан, халқаро ҳуқуқ катта ва кичик, кучли ва кучсиз давлатларни бирдек ҳимоя қилади.

Дипломат сўнгги вақтларда халқаро ҳуқуқ меъёрларини очиқ бузган ҳолда уруш ва зўравонлик ҳаракатлари содир бўлаётганини таассуф билан қайд этди.

“Сиёсат воситаси сифатида уруш ва зўравонлик ҳатто Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин кенг қамровли тинчлик даврини бошдан кечириш бахтига муяссар бўлган Европага қайтди. Биз биринчи навбатда бутун дунё бўйлаб ҳамкорлар ва дўстлар билан яқин ва ишончли ҳамкорлик орқали бунга қарши туришимиз лозим!” – деб таъкидлади у.

Тило Клиннер ўз чиқишида Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йилллик тарихи ва истиқболини ҳам баҳолади.

“Бу даврда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар узлуксиз ривожланди. Бугун улар ҳеч шубҳасиз энг юқори нуқтага чиқди. 2016 йилдан буён ижтимоий, маданий ва иқтисодий соҳалардаги жадал ривожланиш Ўзбекистонни қамраб олди. Ўзбекистон президент Мирзиёев раҳбарлигида кенг қамровли ислоҳотлар йўлидан борди. Биз, Германия, олмон компаниялари, олимлари, санъаткорлари ва қолаверса биз, Германия элчихонаси жамоаси, ушбу йўлда Ўзбекистонга ҳамроҳлик қилмоқчимиз. Бу эса анъана ва тарихга бой, келажакка, замонавий иқтисодиёт ва жамиятга интилаётган ажойиб мамлакатингиз муваффақиятига қўшаётган ҳиссамиздир”, – деди нотиқ.

Маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев қатнашди. Фото: Германия элчихонаси

Албатта, икки мамлакат ҳамкорлиги кенг кўламлилиги билан ажралиб туради. Дипломат нутқи давомида унинг айрим қирраларига эътибор қаратди.

“Мен Ўзбекистонда қонун устуворлигини янада ривожлантиришга катта таъсир кўрсатадиган ҳамда барча фуқароларнинг ҳаёт тарзига таъсир қиладиган лойиҳадан бошламоқчиман. Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг маъмурий ҳуқуқи ва маъмурий процессуал ҳуқуқи тўлиқ янгиланди. Маъмурий ҳуқуқ бу умумқабул қилинган конституциявий ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари бўлиб, ҳар бир шахснинг маъмуриятга нисбатан ҳуқуқларини таъминлайди”, – деди ҳуқуқшунослик фанлари доктори Т.Клиннер.

Қайд этилишича, “Яшил Марказий Осиё” номи остидаги атроф-муҳитни сақлаш соҳасидаги лойиҳалар ҳам умумий манфаатларга қаратилган. Бунда GIZ ва KfW банки фаол иштирок этмоқда. Германия “Яшил Марказий Осиё” лойиҳалари орқали минтақада камёб бўлган табиий ресурслардан, сув ва ердан оқилона фойдаланишга кўмак бермоқда. Бу йўналишда қайта тикланадиган энергия манбаларидан барқарор энергия ишлаб чиқариш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Дипломатга кўра, таълим йўналишидаги робиталар, хусусан, университетлар ўртасида илмий алмашув ҳам фаоллашиб бормоқда. Мюнхен техника университети ва Янги Ўзбекистон университети ўртасидаги ҳамкорлик бу борада флагман лойиҳа ҳисобланади. Германия ва Ўзбекистоннинг етакчи компаниялари, жумладан, Олмалиқ ва Навоийдаги йирик тоғ-кон комбинатлари ҳамда Европанинг энг йирик мис ишлаб чиқарувчи “Aurubis” компаниясининг тоғ-кон саноатига ихтисослашган университетлар билан интеграциялашган технологик ҳамкорлик тўғрисидаги келишувини ҳам алоҳида келтириш мумкин. Ҳамкорлик кўп сонли олмон тоғ-кон ускуналари ишлаб чиқарувчилар ва ихтисослашган компаниялар ҳамда логистика компаниялари учун очиқ бўлиши кўзда тутилган. GIZ ва KfW молиялаштираётган касбий таълим лойиҳалари ҳам истиқболли саналади.

Маданият ва туризм ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидир. Германия элчихонаси дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон бўйлаб учта концерт гастроли, жумладан, “Time Rag Department” гуруҳи дастурини ташкиллаштирди.

“Time Rag Department” гуруҳидан мусиқий туҳфа. Фото: Германия элчихонаси

Яқинда бўлиб ўтган ХIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ҳам “Олмон киноси кунлари” ва ижодий учрашувлар ўтказилди.

“Биз биргаликда ривожлантирмоқчи бўлган соҳа бу – туризмдир, чунки Ўзбекистон мазкур йўналишда ажойиб имкониятларга эга. Келгуси йил Самарқанд дунё сайёҳлик пойтахти сифатида Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг бош ассамблеясига мезбонлик қилади. Келгуси йил Самарқанднинг тарихий обидаси фонида биз катта концерт уюштиришни режалаштирганмиз, у ҳам сайёҳлар учун марказий тадбир бўлиши кутилмоқда”, – деди олмон дипломати.

Элчи Т.Клиннер Германия, унинг компаниялари, санъат ва маданият намояндалари, олимлари, шунингдек, элчихона Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори ва дўсти бўлиш истагида эканини таъкидлади.

“Биз мамлакатингиздаги тараққиёт ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни истаймиз”, – дея хулоса қилди Германия элчиси.