Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида 9-14 март кунлари “Давлат, ҳуқуқ, ҳудудлар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Франциядан келган малакали ҳуқуқшунослар – Лион ҳудудий бошқарув институти директори Пьер Анри Врей, Валь-де-Марн ҳокимияти ижтимоий интеграция бошқармаси директори Бернар Заҳра, Давлат кенгаши ходими Тома Одино, Давлат кенгаши судда ишларни кўриш бўлими ходими Катрин Бобо ва Париж ҳокимияти халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Жан-Ив Камю иштирок этди. Бу ҳақда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ташкил этилган мазкур семинар Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним ва Академия ректори Маннон Алиев томонидан очиб берилган.
Семинардан кўзланган мақсад Франциянинг марказий ва ҳудудий бошқарув, ҳукумат ва фуқаролар муносабатлари борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашишдан иборатдир. Маърузаларда ҳудудий бошқарув муаммолари ва тамойиллари, шунингдек, ҳудудий ҳокимият услублари ва воситаларига эътибор қаратилди.
Тўрт кунлик семинар француз ва ўзбек мутахассисларига ўзаро мулоқотда бўлиш, тажриба алмашиш имконини берди. Мулоқотлар самараси ўлароқ Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Давлат бошқарув академияси ўқув дастурлари юзасидан турли тавсиялар берилиши, қолаверса, мамлакатларимиз ўртасида бардавом институционал ҳамкорлик ўрнатилиши учун шароитлар яратилиши кутилмоқда.
Шу мавзудаги мақола:
Виолен де Вильмор хоним: Ўзбекистонлик ёшлар Францияда турли йўналишларда таҳсил олиш имконига эга. 13.01.2017