Франция сайёҳлар сони бўйича дунёда биринчиликни қўлдан бермаётир

Франция 2015 йилда ҳам хорижлик сайёҳлар сони бўйича биринчи ўринни қўлдан бермади. Корхоналар бош бошқармаси ва Франция миллий банки ҳар йили ўтказадиган “EVE” cўровномаси хорижлик сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрсатди. 2015 йилда Францияга 84,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган, бу эса 2014 йилдагидан 0,9 фоиз кўпроқдир. Мамлакатнинг денгизорти ҳудудлари ҳам ҳисобга олинса, сайёҳлар сони 85 миллиондан ошади, деб хабар беради Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

Сайёҳларнинг Францияда бўлиш кунлари ҳам ҳисобот йилида 0,8 фоизга кўпайган. Бу эса ялпи ички маҳсулот шаклланишида катта аҳамиятга эга бўлмиш сайёҳлик тармоғидан келадиган даромаднинг ошишига хизмат қилди.

Таҳлилларга қараганда, ўтган йили олис давлатлардан Францияга келувчи сайёҳлар кўрсаткичи 11,6 фоизга ошган, Европа давлатларидан келувчилар сони эса 1,5 фоизга камайган.

Европалик сайёҳлар кўрсаткичи асосан олмонлар (9,2 фоиз) ва швейцарияликлар (6,5) ҳисобига тушган. Инглиз, итальян ва испанлар эса кўпроқ ташриф буюрган.

Осиёлик сайёҳлар сони ҳайратланарли даражада ошган (22,7 фоиз). Бу эса, хусусан, Хитой, Ҳиндистон, Сингапур сайёҳлари учун 2014 йилда йўлга қўйилган шошилинч виза бериш (“2 суткада виза”) тизими ҳамда “Atout France” ва дипломатик тармоқлар ҳамкорликда амалга оширган тарғибот ишларининг самарасидир.

Қайд этилишича, ўтган йили Хитойдан 2,2 миллион, Ҳиндистондан эса 500 минг нафар сайёҳ фаранг заминини зиёрат қилган.

“Ушбу ижобий натижалар Франция 2012 йилдан буён туризм соҳасида олиб бораётган стратегиянинг тўғри эканини кўрсатади ҳамда Ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазирлиги тегишли идоралар билан биргаликда 2014-2015 йилларда амалга ошириб келаётган ва Сайёҳликни ривожлантириш бўйича йиллик анжуманда эълон қилинган вазифаларни давом эттиришга ундайди”, деб хабар беради Франция элчихонаси.

Сайёҳлик мамлакат иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири саналади. 1990-йиллардан буён Франция дунёнинг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган давлатларидан бири бўлиб турибди.

Мутахассисларга кўра, фаранг юрти турли ёш ва дунёқарашдаги инсонларга мўлжалланган диққатга сазовор масканлар ҳамда тарихий обидаларнинг кўплиги, мафтункор табиат, мўътадил иқлим, ўта замонавий транспорт ва хизмат кўрсатиш тизими билан миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Масалан, Нотр-Дам ибодатхонаси, Диснейленд мажмуаси, Лувр музейи, Версаль саройи ҳамда Эйфель минораси сайёҳларнинг севимли масканлари сифатида эътироф қилинган.

Расмий статистикага кўра, 2012 йили Франция туризм соҳасидан 77,7 миллиард евро (ялпи ички маҳсулотнинг 9,7 фоизи) даромад олган. Сайёҳлик тизимида 2,9 миллион киши меҳнат қилган.

Собир Салим