Фамилиядошлар мамлакати

Корейслар билан танишув жараёнида уларнинг исм-фамилиялари эътиборингизни тортиши аниқ. Нимага корейсларнинг фамилиялари деярли бир хил? Дарҳақиқат, Кореяда саноқсиз Ким, Пак, Лиларни учратишингиз мумкин. Лекин уларнинг қариндошчилик ришталари йўқ. Қизиқ… Узоқ Шарқ анъаналарига мувофиқ, исм ҳар доим фамилиядан кейин ёзилади. Кўпчилик корейслар ўзини таништираётганда америкаликлар сингари аввал исмини, сўнг фамилиясини айтади. Аслида эса мамлакат ичида эски анъанага амал қилишади.

Корейсларнинг исмлари уч бўғиндан иборат бўлади. Масалан, бир корейсни оладиган бўлсак, Ким Им Су «Ким» унинг фамилияси, «Им Су» исми ҳисобланади. Корейсларда отасининг исми қўшиб айтилмайди. Корейс исмлари Хитой иероглифлари орқали ифода этилади. Яъни, ҳар бир исм ўзига хос фалсафий маънога эга. Аёллар ва эркаклар исмлари деярли фарқланмасада, баъзи ўринларда фақат аёлларга хос исмлар учраб туради.

Масалан, иероглифларда ёзиладиган Ми исми (маъноси: гўзаллик), Сук (тозалик), Хва (гул) каби исмлар аёлларга нисбатан қўлланилади. Эркакларда учрайдиган Хо (йўлбарс), Сок (тош) сингари исмлар ҳам Хитой иероглифларида маънога эга. Демак, Пак Хва Ми исми (гул-гўзаллик) аёлларда, Сок Хо (тош-йўлбарс) эркакларга хос исмлардир.Шундай исмлар борки, уларни бир вақтнинг ўзида ҳам эркакка, ҳам аёлга нисбатан ишлатиш мумкин. Масалан, Син (шодлик), Ин (инсонийлик) ва бошқалар. Шунинг учун корейслар исм танлашда узоқ изланмайдилар.

ХIХ асрнинг охирларига қадар корейс аёлларининг исм—фамилия ҳуқуқлари ўзларида эмасди. Аёлларни эрларининг фамилияси ёки катта фарзандининг исми билан аташган. Албатта, ҳозирги кунга келиб, вазият ўзгарган. Эндиликда корейс аёлларининг исм-фамилия танлаши эркин. Фамилия билан боғлиқ статистик маълумотларга эътиборимизни қаратамиз: 1980 йил ҳисоб-китобларига кўра, Корея аҳолисининг барчаси жами 298 фамилиядан фойдаланар экан. 10 фамилия энг кўп ишлатилади. 1985 йилда Жанубий Корея аҳолиси 44 миллионни ташкил этган бўлса, шуларнинг 8 миллиони Ким, 6 миллиони Ли, 3,5 миллиони Пак, 2 миллиони Чхве (русчасига Цой), 1,8 миллиони Чон фамилияли одамлардир.

Бундан ташқари, Юн, Чан, Лим, Хан, О, Сим, Со каби фамилиялар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бу биз учун қизиқ туюлиши мумкин. Аммо корейслар бунга эътибор беришмайди. Бир хил фамилиялик улар учун тушунмовчилик келтириб чиқарган ҳолатлар кузатилмайди.Агар Кореяга йўлингиз тушса, кўплаб Кимлар билан мулоқотда бўласиз, Лиларнинг ҳам суҳбатидан бебаҳра қолмайсиз, Паклар билан танишасиз. Ажабланманг, ҳар 10 корейсдан 8 тасини Кимлар ташкил этади.

Отабек ЙЎЛДОШEВ тайёрлади