Фаластин янги раҳбари урушга нуқта қўя оладими?

Яқинда Фаластин Миллий маъмурияти раҳбарлиги учун ўтказилган сайловда Фаластин озодлик ташкилоти ижроия қўмитаси раиси Маҳмуд Аббос ғалаба қозонганди. Шанба куни Маҳмуд Аббос ўз вазифасини расман бажаришга киришди. Инаугурация маросими марҳум Ёсир Арафотнинг Рамаллоҳ шаҳридаги «Муқатаа» қароргоҳида ўтказилди.

Янги раҳбар қасамёд қабул қилар экан, мухториятда сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик масалаларидаги ислоҳотларни амалга ошириш, террорчи гуруҳларга қарши курашни янада кучайтиришини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Миллий маъмурият таркибидаги аксарият муҳим лавозимлар кекса авлодга мансуб етакчи сиёсатчилар қўлида бўлади.

Айни пайтда Яқин Шарқ минтақасидаги вазият яна халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда. Аксарият кузатувчилар сайлов аввалида Маҳмуд Аббоснинг ғалабаси Исроил-Фаластин муаммосига барҳам беришда муҳим аҳамият касб этишига умид билдирган эди. Аммо, сўнгги кунларда рўй бераётган воқеалар музокараларнинг осон кечмаслигини кўрсатаётир.

Хусусан, Ғазо минтақасида — Исроил ҳарбийларининг назорат пункти – «Карни»да содир этилган қўпорувчилик бунинг далилидир. Ўша воқеадан кейин Исроил ҳукумати Фаластин Миллий маъмурияти, хусусан Маҳмуд Аббос билан музокара олиб боришни тўхтатишга ва Ғазо минтақасида ҳарбий операцияларни қайта бошлашга қарор қилди. У ерда жойлашган барча назорат бўлимларини ёпиб қўйди.

Исроил томони Фаластин ҳукумати террорчиликка қарши курашни кучайтирмас экан, алоқалар қайта тикланмаслигини билдирган. Уларнинг фикрича, шу билан янги раҳбар Маҳмуд Аббосга бўлган ишончга ҳам путур етган.

Фаластин расмийларининг таъкидлашича, М.Аббос мухторият етакчиси сифатида энди фаолият юритмоқда. Шу боис, унинг номига билдирилган танқидий фикрларни ўринли деб бўлмайди. Муаммони ечиш учун эса, алоқаларни узиш эмас, аксинча мустаҳкамлаш зарур.

Хабарларга қараганда, Исроил бош вазири Ариел Шарон Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос ўз лавозимини расман эгаллаганидан кейин у билан учрашишни режалаштирган эди. Энди учрашувнинг қачон амалга ошиши ҳам ноаниқ бўлиб қолди.

Яқин Шарққа оид бошқа хабарларга кўра, Ғазо Минтақаси ва Исроил ўртасидаги чегара ҳудуди яқинида Исроил кучлари билан тўқнашувда икки фаластинлик жангари ўлдирилган. Ислом Жиҳоди жангари гуруҳи вакилининг маълум қилишича, гуруҳнинг икки аъзоси Ғазодаги яҳудийлар шаҳарчасида автомашиналарга хужум қилган.

Исроил ҳарбийлари хабарига кўра, хужумчилар отиб ўлдирилган. Фаластин мухториятининг янги раҳбари Маҳмуд Аббос Исроил билан тинчлик музокараларини тиклаш учун жангари гуруҳларни хужумларни тўхтатишга чақирган эди.

Бироқ, охирги пайтларда минтақадаги зўравонликлар авжига чиқмоқда. Айни пайтда, Исроил бош вазири Ариел Шарон Маҳмуд Аббосни зўравонликларни тўхтатиш учун чора кўрмаётганликда ҳам айблади ва Исроил армиясига жангариларни йўқотиш учун барча чораларни кўриш ҳақида буйруқ берди.

Сарвар Файзуллаев