Европанинг тинчини бузган воқеа

Аирбус компанияси нақд 10 минг ходимини ишдан бўшатишга қарор қилди!..

Сўнгги пайтларда Европанинг энг йирик самолёт ишлаб чиқариш заводи саналган Аирбус компаниясининг ишлари юришмай қолди. Шу боис ҳам компания раҳбарияти оз эмас, нақд 10 минг нафар ходимини ишдан бўшатишга қарор қилди.

Европа фуқаролари ўз ҳақ-ҳуқуқларини қандай талаб қилишларини яхши биласиз. Демократия аталмиш муҳитда тарбия топган европаликлар бошлиқ ишдан ҳайдаса, «хўп» бўлади деб тинчгина кетаверадиган тоифадан эмас.

Бу сафар ҳам Аирбус раҳбарияти ўз ишчиларининг каттагина қисмидан воз кечишини эълон қилиши билан кутилгандек қитъа­нинг қатор мамлакатларида норозилик чиқишлари авж олди…

Аслида Аирбус компаниясининг ишлари орқага кетаётгани кўпдан бери хавотир билан айтиб келинаётганди. Аирбус энг асосий рақобатчиси — АҚШнинг Боэинг компанияси билан беллашувда бир неча бора ён берди ва сўнгги 6 йилда илк марта имзоланган шарт­номалар миқдори бўйича ҳам ортда қолди. Қолаверса, ноқулай иқтисодий муҳит Аирбуснинг бутун Европа мамлакатларига ёйилган улкан тизимига салбий таъсир кўрсатди. Одатда кичик корхона инқирозга учраса, йўқотишлар ҳам унинг мавқеига яраша билинмайдиган даражада бўлади. Бироқ бир неча ўн мамлакатда тарқалган йирик компаниянинг иқтисодий инқирози табиий равишда бутун ҳудудда акс-садо беради. Аирбуснинг ҳозирги оғир иқтисодий ҳолати ҳам бутун Европа мамлакатларида сезиляпти.

Компания инқирози А380 самолётларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ узилишлардан кейин бошланди. Аирбус раҳбарияти бир қатор йирик авиаташувчи компаниялар билан битимлар имзоланганига қарамай, юқорида зикр этилган русумдаги самолётларни ўз вақтида етказиб бера олмади. А380ни ишлаб чиқариш муддати бир неча марта орқага сурилди. Иқтисоди ҳақиқий бозор муносабатларига асосланган давлатларда бундай лафзсизлик кечирилмайди. Шу тариқа Аирбуснинг бир қатор нуфузли мижозлари компания хизматидан воз кечишди ва рақиб томонга ўтиб кетишди. Масалан, Американинг ФедEх компанияси Аирбусга берган буюртмалардан воз кечиб, Боэинг 777 самолётларидан 15 тасини сотиб олди.

ИнҚироз шамоли эса бошлаган даст­лабки пайтлардаёқ компания раҳбари Густав Хумберт ишдан кетишга мажбур бўлди. Мантиқан олиб қараганда, асосий айбдор кетиши билан ҳаммаси изга тушиб кетиши керак эди. Бироқ собиқ раҳбарнинг ўрнини эгаллаган Кристиан Штреф ҳам вазиятни ўзгартира олмади. У ҳам бор-йўғи уч ойгина туриб берди, холос. Шундан кейин Аирбус компаниясига ҳамма можароларнинг «ихтирочи»си бўлган Луи Галлуа бошлиқ бўлиб келди. Айнан Галлуанинг ташаббуси билан «Поwэр8» номи билан аталган компанияни қутқариш режаси ишлаб чиқилди. Ушбу режа 10 минг ходимни ишдан кетказишни назарда тутган эди.

Бу режа Аирбуснинг заводлари жойлашган бирорта ҳам давлатга маъқул келмагани аниқ. Хусусан, Франция ва Германия «Поwэр8» дан энг азият чекадиган бўлди. Чунки ишдан кетадиган 10 минг ходимнинг 4300 нафари Франция, 3700 нафари Германия ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Л. Галлуанинг «ёвуз» режасига кўра, Буюк Британиядан 1600, Испаниядан 400 ишчининг баҳридан ўтиш мўлжалланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, компания ўз штатини қисқартириш билан 5 миллиард долларгача иқтисод қилиши мумкин. Бироқ бу ўринда яна бир муҳим жиҳатни ҳам эсдан чиқармаслик керак: компания уларга боғлиқ бўлмаган сабаб билан ишдан бўшатгани учун ҳар бир ходимга маълум миқдорда компенсация ҳам тўлаши зарур. 10 минг ходимга бериладиган «товон пули» эса бир неча миллиардга етиши аниқ.

Аирбус компанияси раҳбарияти ишчиларнинг шиддатли норозилигига ҳам эътибор бермасдан ўз аҳдида қаттиқ туриб келаётгани бежиз эмас. Сабаби, асосий икки «жабрдийда» давлат Франция ва Германия раҳбарлари — президент Жак Ширак ҳам, кантслер Ангела Меркел ҳам «Поwэр8» дастурини қўллаб-қувватлашларини маълум қилишган. Қолаверса, Франция бош вазири Доминик де Вилпен ҳам мураккаб вазиятдан тезроқ чиқиб олиш учун компания кўраётган чораларни ёқлашини билдирган.

Хуллас, эндиликда «Чиқмаган жондан умид» қабилида норозилик намойишларида давом этаётган ишчиларнинг ҳаракатлари амалий самара беришига ҳам ишониш қийин. Чунки асосий масалани ҳал этувчи катта сиёсатдонлар ўз сўзларини айтиб бўлишди…

Собиржон ЁҚУБОВ

www.hurriyat.uz