Эстония Россиядан юз ўгирмоқда

Ўтган ой поёнида Эстонияда президент алмашди. Болтиқбўйи мамлакати Россия билан алоқалар борасида қарши кайфияти билан танилганди. Янги президент Тоомас Илвес дастлабки баёнотиданоқ ана шу қаршилик руҳини янада кучайтириб юборди. Эстония — парламент республикаси. Демакки, давлат раҳбарини сайлашдек муҳим вазифа ҳам халқ эмас, мамлакат қонунчилик идораси ваколатига киради. Бу сафарги сайлов анчайин қизғин ўтганини учинчи турдан кейин ҳам президент номи аниқланмаганидан билиш мумкин.

Шундан кейин республика қонунчилигига биноан, давлат раҳбари учун марказий ва маҳаллий кенгаш депутатларидан ташкил топган сайловчиларнинг махсус ҳайъати овоз берди. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, социал-демократлар партияси вакили Европарламент депутати Тоомас Хендрик Илвес 174 овоз билан ғалабага эришди. Унинг асосий рақиби, ҳозирга қадар давлат раҳбари вазифасини бажарган Арнолд Рютел эса депутатларнинг 162 та овозини тўплади. Кўриб турганингиздек, номзодлар ўртасида фарқ у қадар катта бўлмади. Боз устига, депутатлар якуний қарорга тўртинчи уринишда келишгани ҳам республикада яққол фаворит йўқлигидан далолат беради.

Аслида Тоомас Илвесни чорак эстон, чорак швед ва ярим америкалик дейиш мумкин. Хорижда дунёга келган давлат раҳбарининг асосий ҳаёт йиллари ҳам ўзга юртларда ўтган…

Тоомас Хендрик Илвес 1953 йилнинг 26 декабрьида Швеция пойтахти Стокголм шаҳрида эстон муҳожири оиласида дунёга келди. 1960 йилларда Илвеслар оиласи АҚШга кўчиб келди. Шу тариқа бўлажак президент Американинг нуфузли олийгоҳларидан Колумбия ва Пенсилвания университетларини тамомлади. Университет таҳсилидан кейин Илвес Канадада эстон тили ва адабиётидан дарс берди, «Озод Европа» радиосида ишлади. Кейинроқ катта сиёсатга кириб келган Тоомас Илвес мамлакатининг Шимолий Америка давлатлари билан алоқаларига масъул бўлди: Эстониянинг АҚШ, Канада ва Мексикада элчиси вазифасида хизмат қилди. Маълум муддат Эстония ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсатган дипломат 2004 йили Европарламент депутатлигига сайланди. Маълумотларга қараганда, Эстония раҳбари инглиз, швед тилларини мукаммал билади. Президентнинг шахсий эътирофига кўра, у рус тилидан бехабар…

Сайлов жараёнида Тоомас Илвесга асосий рақиб бўлган Арнолд Рютел бир неча йиллардан буён Эстонияга раҳбарлик қилиб келган. Халқ орасида яхши ном қозонган президент ўтган йилдаги оилавий можаро туфайли мисқоллаб йиққан обрў-эътиборидан мосуво бўлди. Гап шундаки, Арнолд Рютел билан бирга истиқомат қилган невараси президент йўқлиги пайтида давлат томонидан берилган расмий қароргоҳга ўз дугоналарини йиққан. Одамлар бир неча чақирим наридан фақат томоша қиладиган сирли бинога кириб олган ёш-яланглар кўнгилларига келган номаъқулчиликларни қилишган. Тасодиф билан Эстония телевидениеси ходимлари қўлига тушиб қолган ўсмирларнинг «байрам тантанаси» ёзилган видеотасвир бутун мамлакатга намойиш этилган, давлат тимсоли саналган президент қароргоҳидаги номаъқулчилик қайноқ қонли эстонларнинг жаҳлини чиқарди. Арнолд Рютел халқидан расман кечирим сўраган бўлсада, охир-оқибат беадаб неваранинг қилғилиғи давлат раҳбарига қимматга тушди.

Бундан ташқари, охирги пайтларда оммавий ахборот воситалари 78 ёшли президентнинг коммунистик ўтмиши ва ёши ҳам бир жойга бориб қолгани тўғрисида бот-бот ёзишаётган эди. Мухолифлар эса президентни сиёсий мустақилликка эга эмасликда айблашаётганди. Хуллас, ана шуларнинг бари бир бўлиб швециялик америкача тарбия кўрган эстонга омад келтирди.

Тоомас Илвес дастлабки берган баёнотиданоқ Эстония Европа йўналишида илгарилашини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Эстония Европанинг қудратли мафкура генераторига айланиши даркор. Сўнгги йиллардаги дипломатлик фаолияти давомида Европа тузини ичган президент Россия билан алоқаларни ҳам айнан ана шу қоида асосида олиб бормоқчи. Тоомас Илвеснинг таъкидлашича, Эстониянинг Москва сари бундай кейинги йўли Брюссел орқали ўтади (Бу ерда Европа Иттифоқининг маркази Белгия пойтахти Брюссел шаҳрида эканини эслаб ўтиш ўринли. Эстония раҳбари катта сиёсатга хос баландпарвоз хитоби билан республиканинг асосий ҳамкори ЕИ экани, агар Россия билан ҳамкорлик зарурати бўлса, бу Иттифоқ билан келишувга кўра амалга оширилишига урғу бермоқда).

Хабарингиз бор, Эстония 2004 йилнинг майида Литва, Латвия каби Болтиқбўйи мамлакатлари сафида Европа Иттифоқига аъзо бўлиб кирди. Айни шу йили мамлакат НАТОга ҳам қабул қилинди. Шу тариқа Эстония ўз сиёсий концептсиясини Европа ғоясига таянган ҳолда янгилади. Мамлакат «Европа уйи»нинг иссиқ бағрига жуда тез ўрганганини ўтган йилги референдум натижалари тасдиқлади. Европа Иттифоқи Конституциясини қабул қилиш масаласида ўтказилган референдумда эстонияликлар бир овоздан ягона қонунчиликни ёқлашди. Ҳолбуки, Франция, Нидерландия каби ЕИ бинокорлари бўлган давлатлар аҳолиси ҳам ягона Конституция ташаббусига қарши чиққанди…

Ҳозирданоқ Россия сиёсатдонлари Эстониянинг янги раҳбарини танқид қилишга астойдил киришганлар. Аксарият Москва кузатувчилари Тоомас Илвес Россия билан алоқаларни бош берк кўчага олиб киришидан хавотирда. Шунингдек, Илвесга мухолиф кучлар дипломатнинг асосий иш даври хорижда ўтганига ишора қилиб, уни эстон халқи ҳаётидан бехабарликда айблашмоқда. Яна айримлар эса Тоомас Илвес махфий суръатда АҚШ фуқаролигига эгалиги ва айни пайтда у Марказий разведка бошқармаси агенти экани тўғрисида шов-шувли миш-мишларни тарқатмоқдалар.

Европаликлар фикри эса аксинча: «Арнолд Рютел гарчи Эстониянинг ЕИга киришига бош-қош бўлган эсада, улкан миқёсдаги ҳамкорликни давом эттиролмади. Европа сиёсати борасида катта тажрибага эга бўлган Тоомас Илвес эса ана шу жиддий вазифанинг уддасидан чиқади». Бу Европа расмий ва норасмий доиралари бир овоздан бераётган баҳо.

Ана шу ижобий баҳонинг дастлабки амалий ифодаси: яқиндагина Канада давлати ЕИ давлатлари орасида биринчи бўлиб Эстония билан виза режимини бекор қилди. Эндиликда эстонияликлар президентлари бир пайтлар ўқитувчилик қилган ва элчи бўлиб ишлаган шимол давлатига бемалол расмий муҳрсиз боришлари мумкин.

Европа яхши ҳамкор топганидан шод бўлиб турган бир пайтда Москва воқеаларнинг бундай ривожидан рози эмас. Чунки ўн йилдан ошиқ вақтдан буён Россия ва Эстония ўртасида муҳокама қилинаётган чегара тўғрисидаги битим ҳозиргача қабул қилинмади. Бундан ташқари, Эстония аҳолисининг 12 фоизини ташкил этаётган русийзабон ишчиларга ҳали ҳам республика фуқаролиги берилмаган. Боиси, рус миллатига мансуб мазкур аҳоли гуруҳи эстон тилини билмайди…

Қачонлардан бери даҳанаки тортишувларга сабаб бўлаётган бронзадан ясалган аскар монументи борасида эса яна тўхтатилиб ўтиш ортиқча.

Хуллас, Россия ва Эстония жиддий гаплашиб оладиган масалалар талайгина. Мазкур масалалар собиқ коммунист, оз бўлса ҳам, Россия билан ҳамкорлик тарафдори бўлган Арнолд Рютел даврида ҳал бўлмади. Эндиликда — Москва томон йўллар олис Брюссел орқали ўтадиган Тоомас Илвес даврида очиқ қолаётган саволларга қандай жавоб топиш мумкинлиги ҳақида эса бир нарса дейиш қийин.

Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият» газетасидан олинди