Эрон элчиси: “Самарқанддаги учрашув икки давлат муносабатларида бурилиш нуқта бўлади”

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Қуйида эътиборингизга Эроннинг мамлакатимиздаги элчиси Ҳамид Наййирободийнинг мақоласи ҳавола этилмоқда. Мақолада ушбу ташрифнинг аҳамияти, умуман, икки давлат ҳамкорлиги истиқболлари хусусида сўз боради.

 

Сўнгги икки йил ичида икки дўст ва биродар давлат – Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар барча соҳалар ва турли йўналишларда ривожланиб бормоқда. Икки давлатнинг олий раҳбарияти ўртасида турли даражадаги самарали учрашувлар амалга ошди. Ҳатто коронавирус пандемияси даврида ҳам алоқалар узилиб қолмасдан, икки мамлакат мутасаддилари ва мутахассислари ўртасида телефон мулоқотлари ва видеоконференция шаклидаги учрашувлар кўринишида давом этди.

Сиёсий алоқалар икки давлат ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилиши ҳамда ташқи ишлар вазирларининг Тошкентдаги учрашуви билан жонланиб, бошқа соҳалардаги алоқаларнинг жонланиши учун туртки бўлиб хизмат қилди.

Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг олтинчи раунди олти йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосарининг Теҳронга ташрифи давомида ўтказилди. Бундан буён икки давлат ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг йилида бир мартадан мунтазам тарзда ўтказиб борилиши режалаштирилмоқда.

Икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўн йиллик танаффусдан кейин Тошкентда учрашиб, икки томонлама музокараларни амалга оширдилар. Бу учрашув Эрон ва Ўзбекистон муносабатларини кўпгина соҳаларда ривожлантириш учун бир дебоча бўлиб хизмат қилди.

2022 йил 20-21 февраль кунлари Теҳрон шаҳрида Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, уч вазир, бир неча вазир ўринбосарлари, вазирликлар бошқармалари бошлиқлари ҳамда турли уюшмалар ва компаниялар раҳбарларидан ташкил топган олтмиш кишидан иборат юқори даражали делегация иштирок этди. Бу икки давлат муносабатлари тарихида Эрон Ислом Республикасига ташриф буюрган энг йирик Ўзбекистон делегацияси бўлди.

Ўзбекистон делегацияси ушбу ташриф давомида Эрон Ислом Республикаси раҳбарияти, жумладан президент, президентнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, президентнинг фан ва технологиялар бўйича ўринбосари, саноат, кон ва савдо вазири, қишлоқ хўжалиги вазири ва бошқалар билан учрашди, Эрон савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган Эрон–Ўзбекистон бизнес форумида иштирок этди. Ҳукуматлараро комиссиянинг ўн тўртинчи мажлиси якунлари бўйича турли соҳаларга оид бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Мазкур ҳужжатлар икки мамлакатнинг турли соҳалардаги алоқалари ривожи учун замин тайёрлашга хизмат қилади.

Икки давлатнинг муҳтарам президентлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган саммитлари доирасидаги учрашувларда икки мамлакат алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида урғу бериб, барча тегишли вазирликлар ва идораларга бу борадаги керакли кўрсатмаларни бердилар. Ҳозирги пайтда барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги йўл хариталари тайёрланмоқда.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида ривожланиб бораётган алоқаларга хос бўлган хусусиятларидан бири ушбу алоқаларнинг диверсификациялаштирилганидир. Бугунги кунда икки мамлакат яхши сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатлар, транспорт соҳасидаги алоқалар, минтақавий ва халқаро масалалардаги ҳамкорликдан ташқари парламентлараро алоқалар, олий таълим, маданият, санъат ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам бошлаб юборган. Эрон ва Ўзбекистон ўртасида маданият, туризм ҳамда фан ва технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг имзоланиши мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда ўзига хос янги ҳодиса бўлиб, ўзаро алоқаларда ўзгариш ясайди.

Ушбу муҳим ҳужжатлардан бири Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумидир. Бу ҳужжат икки мамлакатда ўзаро маданият ҳафталарини ўтказиш имкониятини яратади. Шунга кўра жорий йил охиригача бўлган муддат ичида Ўзбекистоннинг айрим шаҳарлари, жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада Эрон Ислом Республикаси маданият ҳафтаси тантанали ва ўзига хос бир тарзда ўтказилиши мўлжалланмоқда.

Эрон ва Ўзбекистон ўртасида Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг тузилиши мамлакатимизнинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларидаги янги бир ҳодиса бўлиб, Эрон ушбу минтақа давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон билан шундай комиссияни тузди. Ушбу комиссияни тузиш тўғрисидаги ҳужжат Эрон Ислом Республикаси Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхонийнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланди. Ушбу соҳадаги ҳамкорлик бошқа соҳалардаги ҳамкорликка ҳам ижобий таъсир кўрсата олади.

Эрон ва Ўзбекистон ўртасида парламентлараро муносабатлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам яқинда – икки йил олдин бошланди, жумладан, ҳар иккала давлатда парламентлараро дўстлик гуруҳлари тузилди. 2022 йилнинг 12-14 июль кунлари Эрон Ислом Республикаси Исломий кенгаш мажлиси раиси биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрди. Эрон парламенти раҳбари бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда илиқ кутиб олинди. Келгуси бир неча ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси спикери ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Эрон Ислом Республикаси Исломий кенгаш мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи раисининг Эронга ташриф буюриши кутилмоқда. Парламентлараро ҳамкорлик алоқалари, жумладан, парламентлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳалардаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши учун замин ярата олади.

Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий соҳадаги алоқалар ҳам ривожланиб бормоқда. Ўтган 2021 йили Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айрибошлаш ҳажми олдинги йилга нисбатан 73 фоизга ошиб, 431 млн АҚШ долларини ташкил этди. Бироқ бу ҳажм икки халқ ўртасидаги қардошлик ришталарига ва икки мамлакатда мавжуд иқтисодий потенциалга мос эмас. Шунга кўра бу йўлда ташланиши кутилаётган илк қадам икки мамлакатнинг ўзаро йиллик савдо айрибошлаш ҳажмини яқин келажакда 2 млрд еврога етказишни мақсад қилиб қўйишидан иборат бўлади.

Икки мамлакат бозори ва потенциаллари билан яқиндан таништириш мақсадида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисларининг ҳамда қўшма кўргазмаларнинг мунтазам тарзда ўтказиб турилиши, Энг кўп қулайлик режими асосида савдо ҳамкорлиги тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, Савдо имтиёзлари тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш устидаги ишларни ниҳоясига етказиб, уни имзолашга тайёрлаш, икки мамлакат хусусий секторлари компаниялари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, икки давлат ўртасида визасиз режим ўрнатиш ва фуқароларнинг ўзаро борди-келдиларини осонлаштириш, комбинациялашган ташувларни ривожлантириш, эркин савдо режимини ўрнатиш томон ҳаракат қилиш, турли соҳалардаги алоқаларнинг ривожланиш жараёнини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва эҳтимолий тўсиқларни бартараф қилиш бу йўлдаги таъсирчан ва самарали чора-тадбирлардан бўлиши мумкин.

Ҳозирда натижага йўналтирилган амалий ишларни қилиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда, хусусан, савдо-иқтисодий алоқалардаги эҳтимолий тўсиқларни олиб ташлаш вақти келди. Ўтган икки йил давомида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси ўтказилишидан ташқари икки мамлакат тадбиркорларининг Эрон ва Ўзбекистон бозори ва имкониятлари билан яқинроқ танишишлари учун чора-тадбирлар амалга оширилди. Жорий йилнинг 9-11 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуасининг 3-павильонида Эрон ишлаб чиқариш ва саноат ютуқлари биринчи ихтисослаштирилган кўргазмаси бўлиб ўтди. 20 июль куни эса Эрон Ислом Республикаси президентининг илм-фан ва технологиялар бўйича ўринбосари Сурено Сатторийнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Эроннинг 30 та инновацион компанияси иштирокида Ўзбекистон – Эрон фан ва инновация форуми ўтказилди. Булар икки халқнинг фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлигининг ривожланиши, икки ўртадаги алоқаларнинг чуқурлашиши ва маданий боғлиқликларнинг кенгайишига хизмат қилади. Ҳозирги кунда Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистонда инновация марказлари очиши ҳамда бу соҳада биргаликдаги қадамлар ташлаши учун шарт-шароитлар муҳайё.

Бахтимизга икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятлари бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади. Эрон йўналиши – Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг қулай йўлдир. Икки мамлакатнинг бир юз йигирма миллион кишили бозори, шунингдек, Эрон ва Ўзбекистонда мавжуд бўлган маҳсулотлар ва товарларнинг хилма-хиллиги икки мамлакат тадбиркорлари учун нодир имкониятдир.

Эрон ва Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий масалалардаги қарашлари ва позициялари бир-бирига жудаям яқин. Икки давлат раҳбарларининг хоҳиш-иродаси ўзаро алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган. Бу омилларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади ҳамда бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадимиз – ўзаро йиллик савдо айрибошлаш ҳажмини 2 млрд еврога етказишимизга ёрдам бера олади.

Шунга кўра, икки мамлакат барча, жумладан, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ўта ёруғ истиқболларга эгадир. Эрон Ислом Республикаси президентининг жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида иштирок этиши, икки давлат президентларининг йигирма йиллик танаффусдан кейинги расмий ташриф доирасида икки томонлама учрашуви, ушбу учрашув якунлари бўйича турли соҳаларга оид муҳим ҳужжатларнинг имзоланиши Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳар томонлама муносабатларда катта сакраш ва бурилиш нуқтаси ясаши кутилмоқда.

Биз икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама муносабатларининг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда ушбу алоқаларни ривожлантириш орқали дунёда дўстлик ва биродарликнинг муносиб ва яхши бир намунасини ярата оламиз.

Ҳамид Наййирободий,

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги

фавқулодда ва мухтор элчиси

Мавзуга доир мақола:

Ҳамид Наййирободий: “Эрон ва Ўзбекистон савдо айланмасини икки миллиард еврога етказиш имкони мавжуд”.  11.02.2022