Экспертлар Жанубий Кавказ барқарорлигига таҳдид cолаётган омил ҳақида гапирди

ЕХҲТнинг Минск гуруҳи бўйича собиқ ҳамраиси, АҚШ вакили Ричард Ҳогланд Жанубий Кавказ барқарорлигига таҳдид солаётган ҳолат ҳақида гапирди, деб хабар беради “Trend” агентлиги.

Гап шундаки, охирги пайтларда Қорабоғдаги айирмачилик кайфиятидаги гуруҳларнинг провокацияси кучайди. Ўзини алоҳида маъмурий ҳудуд деб даъво қилаётган гуруҳлар ҳарбий машғулотлар ҳам ўтказди.

ЕХҲТнинг Минск гуруҳи бўйича собиқ ҳамраиси Ричард Ҳогландга кўра, суверен давлат ҳудудида “машғулотлар” ўтказиш нафақат провокация, балки ноқонуний хатти-ҳаракат ҳамдир. Қайд этилишича, ҳозирги паллада расмий Ереван расмий Боку билан мулоқот қилиши лозим ва бу жараёнда Россия ва ЕХҲТнинг Минск гуруҳи муҳим роль ўйнаши мумкин.

Қорабоғдаги айирмачилик кайфиятидаги гуруҳларнинг ҳарбий машғулотлар ўтказиши Жанубий Кавказ иқтисодий тараққиётига ҳам таҳдид туғдираётгани айтилмоқда.

Америкалик бошқа бир эксперт Питер Тейс ҳозирги паллада Арманистон 2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама ҳужжат талабларини бажариши мақсадга мувофиқ эканини таъкидлайди.

“Россия Федерацияси Қорабоғда бу каби “ҳарбий манёрлар”га йўл қўймаслиги ва зарур чораларини кўриши мақсадга мувофиқдир. Хусусан, Россия Қорабоққа қурол етказишни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар кўриши лозим”, – дейди  Питер Тейс.

Таҳлилчи Қорабоғда ноқонуний равишда ҳарбий машғулотлар ўтказиш ҳолатига халқаро ташкилотлар, хусусан, Европа Иттифоқи ҳам эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлаган.