Эчки, эшак ва ҳўкизнинг бошидан кeчирганлари

Қадим замонда бир чол-у кампирнинг бир эчкиси бўлган экан. Бу чолу кампир эчкининг сутини сотиб кун кўрар экан. Бироқ улар эчкига яхши овқат бермай, икки маҳал соғишар экан.
Кунлардан бир куни эчки ўтлаб юриб, отаси айтган кўкалам тоғ эсига тушибди. Эчкининг отаси айтган эканки: “Болам, мабодо қийналиб қолсанг, ўша ёққа борсанг, жуда маза қиладиган жой. Кўм-кўк ўтлар кўп, тиниқ сувлар шилдираб оқиб туради”. Эчки эгасидан жуда хафа бўлиб кетибди. Эчки “Ҳайё-ҳайт” деб йўлга чиқибди.
У йўлда кетаётса, бир эшак учраб қолибди. Эшак эчкига:
— Йўл бўлсин, эчкивой, — дебди. Эчки эшакка бошидан ўтганларини айтиб берибди. Эшак буни эшитиб:
— Менинг ҳам эгам ҳар куни буғдой янчитиб, бир кун ҳам қорнимни тўйғизмайди, — дебди. Майли, эчкивой, мен ҳам сенга ҳамроҳ бўлай.
Иккови бирга йўлга тушибдилар. Эчки билан эшак йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юриб, чарчаб, бир-бирлари билан ҳасратлашиб кетаётган эканлар, бирдан олдиларидан ҳўкиз чиқиб қолибди. Ҳўкиз, эчки ва эшакни кўриб, ҳол-аҳвол сўрашибди. Эшак билан эчки бошларидан ўтганларини ҳўкизга бирма-бир айтиб берибдилар. Ҳўкиз эшак ва эчкига қараб, ўзининг қийналганларини айтиб берибди:
— Менинг эгам ҳар куни кун чиқишидан кун ботишигача ўлгудай ишлатади, — дебди. Ҳўкиз, эшак билан эчки айтган тоққа мен ҳам бораман, деб уларга шерик бўлиб йўлга тушибди.
Эшак, эчки ва ҳўкиз бирга йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, гўзал тоққа етиб боришибди. Улар тоғдаги ўтлардан тўйганича еб, кейин бир чинорнинг тагидаги чалдиворхонага бориб ётишибди. Кечаси ҳар хил ҳайвонлар келиб, эшикни бузиб кирмоқчи бўлишибди, кириша олмай қайтиб кетишибди. Шундан кейин ҳамма ухлабди. Эчки тушида эгасини кўрибди. Эгаси эчкига қараб: “Қаёққа йўқ бўлиб кетдинг? Энди ўша йўқ бўлган кунларингнинг ҳақини берасан”, деб эчкига қараб бир таёқни кўтариб келибди. Эчки қўрққанидан, “ма-ма, ма-ма”, деб ўрнидан туриб кетибди. Қараса, туши экан. Ҳўкиз билан эшак эчкига қараб:
— Нега уйғондинг? — дебди.
Эчки: — Мен тушимда эгамни кўрдим. У мени урмоқчи бўлиб келаётганда қўрқиб, маъраб юборибман, — дебди. Буни эшак билан ҳўкиз эшитиб, роса кулишибди.
Кечқурун ҳўкиз: — Мен ичкарида жуда иссиқлаб кетдим, ташқарида ётаман, — дебди. Ҳўкиз ўша тун ташқарида ётибди. Эшак билан эчки эрта билан ўринларидан туриб қарашса, ҳўкиз совуқда қотиб қолибди. Эчки ҳўкизни уйғотиб, бирор жойга олиб бориб иситайлик деб, теварак-атрофга қараса, бир жойда тут кўринибди. Улар шу тут кўринган жойга боришса, бу илонлар подшоси турадиган жой экан. Улар илонлар подшоси олдига ассалому алайкум, деб кириб боришибди. Илонлар подшосига қараб: — Биз сиздан ёрдам сўраб келдик, — дейишибди. Эчки илонга қараб: — Бизнинг уйимизга ҳар куни йиртқич ҳайвонлар келишиб тинчитишмайди, — дебди. Илон вазирига: — Биронта илонга буюр. У буларнинг эшигининг тагида қоровул бўлиб туришсин, — дебди. Илонлардан бири қоровул бўлиб тураверибди.
Бир куни йиртқич ҳайвонлар келиб қолибди. Буни илон кўриб, биттасининг думига, иккинчисининг бўйнига яқинлашибди, кейин у икковини бўғиб олибди. Буни кўрган ҳайвонлар тирақайлаб қочиб кетишибди. Шу-шу йиртқич ҳайвонлар сира ҳам бу ерга қадам босмайдиган бўлибдилар. Эчки, эшак ва ҳўкиз мурод-мақсадларига етибдилар.