Туркия транспорт ва инфратузилма вазирлигининг мега лойиҳаларидан бири саналган, Дарданел бўғозининг икки қирғоғини боғловчи 1915 Чаноққалъа осма кўприги қурилиши ниҳоясига етай деб қолди, деб хабар беради “Онадўли” ахборот агентлиги.
“Чаноққалъа бўғозининг маржони” деб таърифланган лойиҳа доирасида Осиё ва Европа қисмидаги қурилиш майдонларида 559 нафар муҳандис, 4 минг 62 ходим, 550 қурилиш машинаси ҳамда юзлаб мутасаддилар ишламоқда.
Лойиҳага кўра, осма кўприк, иккита ёндош виадук, иккита темир-бетон йўлак, 6 та ерости ўтказкич, 6 та гидрокўприк, 43 та ерусти ўтиш йўлаги, 40 та ерости ўтиш йўлаги, 236 та турли ўлчамдаги сув ўтказгич, 12 та чорраҳа, 4 та автомобил йўлларига хизмат кўрсатиш объектлари, 2 та техник хизмат кўрсатиш маркази ва 5 та йўл ҳақи йиғиш станцияси қурилди.
Осма кўприк ва автомагистрал йўналишида қурилиш давом этмоқда. 1915 Чаноққалъа осма кўприги миноралари жойлашган жойда денгиз тубини чуқурлаштириш ишлари якунланди. Минора пойдевори жойлашган ҳудудда денгиз тубида тупроқни яхшилаш учун диаметри 2,5 метр бўлган 368 та пўлат қозиқ (165 таси Осиё, 203 таси Европа томонда) ўрнатилди.
“Рамзлар кўприги” деб аталган ва замонавий муҳандислик ютуқлари билан ажралиб турувчи 2023 метрли ушбу иншоот дунёнинг энг узун кўприги саналади. Қолаверса, у дунёдаги илк икки қаватли кўприк ўлароқ тарихга кирмоқда.
Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Адил Караисмаилоғлунинг сўзларига кўра, Чаноққалъа маржонини олишга саноқли кунлар қолди.
Эслатиб ўтамиз, 1915 Чаноққалъа осма кўприги лойиҳаси Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан ишлаб чиқилган.