Давут Гази Бенли: “Турку ўзбек эт билан тирноқ каби…”

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик алоқалари жадал равнақ топмоқда. Туркия миллий байрами – Республика куни тантана қилинаётган кезларда мазкур мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси Матбуот маслаҳатчиси Давут Гази Бенли билан суҳбатлашдик.

– Жаноб Давут Гази Бенли, суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати хусусида сўзлаб берсангиз. 

– Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жанобларининг 2016 йил ноябрда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи қардош мамлакатлар ҳамкорлигида янги саҳифа очди. Кейинги икки йил ичида ҳамкорлигимиз барча соҳаларда – ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маданий-гуманитар жабҳада ривожланмоқда.

Бугун Туркия ва Ўзбекистон стратегик ҳамкор саналади. Ўзбек халқида “орасидан қил ўтмайди” деган ибора бор. Бу, одатда, жуда яқин инсонларга нисбатан ишлатилади. Турк ва ўзбек халқига нисбатан ҳам айни шу иборани ишлатиш мумкин. Чиндан ҳам, турку ўзбек эт билан тирноқ кабидир.

Туркия халқи Ўзбекистонни “ота юрт” дея улуғлайди, ўзгача қадрлайди. Қолаверса, бу қадимий ўлка бизнинг эътиқодимиз марказларидан бири саналади. Макка ва Мадина шаҳарларидан сўнг биринчи галда илм-фан ўчоғи, ислом маркази бўлмиш Бухоро ва Самарқандни ёдга олишимиз ҳам бежиз эмас.

Халқларимизнинг тили, маданияти, илдизи, эътиқоди, ҳатто мазҳаби бир! Мендан Туркия учун энг қадрли мамлакат қайси десангиз, аввало Ўзбекистон номини тилга оламан.

Ҳар бир турк Ўзбекистонга келишни, ушбу муаззам юртни зиёрат қилишни орзу қилади, десам муболаға бўлмайди. Зеро, биз фарзандларимизни кичиклигиданоқ ота юртига меҳр-муҳаббат ва эҳтиром руҳида тарбиялаймиз. Биргина мисол: мактабларимизда нафақат ўзбек, балки бутун туркий оламнинг буюк мутафаккири Алишер Навоий ижоди кенг ўргатилади.

Кейинги 10-15 йил ичида Туркия халқи сайёҳ сифатида хорижий мамлакатларга кўп сафарга чиқмоқда. Халқимиз дунёнинг бошқа мамлакатлари, алалхусус, Ўзбекистонни албатта зиёрат қилишини истаймиз.

Ўзбекистонда фаолият юритаётганимга тўрт ой бўлди. Тошкентга юборилаётганимни эшитган дўст-қадрдонларим мени қизғин қутлаб, “Сиз Ўзбекистонда эканингиз айни муддао, имкон ва фурсатдан фойдаланиб биз ҳам ота юрт зиёратига борамиз!” дея тилаклар билдирган эдилар. Демоқчиманки, Туркияда Ўзбекистонга сафар қилишга иштиёқмандлар жуда ҳам кўп.

Бу ўринда туризм соҳасида ҳали фойдаланилмаган имкониятларимиз мавжудлигини таъкидлашни истардим. Ҳозирча Туркиядан Ўзбекистонга бир йилда ўртача 30 минг сайёҳ келмоқда. Ушбу кўрсаткични бемалол 100-200 мингга етказиш мумкин. Бунинг учун эса авиачипта нархини арзонлаштириш лозим бўлади. Ўйлайманки, барча соҳалар қаторида туризм бўйича ҳам ўзаро ҳамкорлигимизнинг истиқболи порлоқ.

– Ўзбекистон ҳақидаги дастлабки таассуротларингиз билан бўлишсангиз.

– Албатта, Ўзбекистонга келгунга қадар бу муаззам диёр ҳақида жуда кўп маълумотга эга эдим. Аммо бу ерга келгач, Ўзбекистон тасаввуримдагидан ҳам қудратли ва замонавий давлат эканига амин бўлдим. Менга, масалан, шаҳарларнинг тозалиги манзур бўлди. Кўча-кўйлар ораста, бирор хас-чўп кўрмайсиз. Қолаверса, шаҳарлар яшилликка бурканган. Бунёдкор халқингиз чўл бағрида обод шаҳарлар қурганига таҳсинлар айтдим. Бунёдкорлик, тозалик ўзбек халқининг зеҳниятига, қон-қонига сингиб кетган фазилатлар эканига ишонч ҳосил қилдим.

Туркияда атроф-муҳит тозалиги, шаҳарларни режалаштириш борасида айрим муаммолар бор. Менимча, Туркиядаги шаҳар ҳокимлари бу жиҳатдан Ўзбекистон тажрибасини ўрганса арзийди.

Давут Гази Бенли узоқ йиллар Туркия бошқарув идораларида турли масъул лавозимларда фаолият юритган.

– Сиз хизмат вазифангизга кўра оммавий ахборот воситалари вакиллари билан яқин ҳамкорликда фаолият юритасиз. Айтинг-чи, икки давлат ҳамкорлигини мустаҳкамлашда журналистларнинг ўрни қандай?

– Мен журналистларни дўстлик элчилари деб атаган бўлар эдим. Оммавий ахборот воситалари ходимлари мақола, эшиттириш ва кўрсатувлари билан халқларни янада яқинлаштиришга катта ҳисса қўшадилар. Зеро, халқлар бир-бирини қанча яқиндан билса, ўзаро биродарлик, қардошлик шунча мустаҳкамланади.

Хабарингиз бор, биз Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакилларини Туркияга турли тадбир ва танишув дастурларига мунтазам юбормоқдамиз. Ўз навбатида, Туркия журналистлари ҳам Ўзбекистонга тез-тез келмоқдалар. Бу борадаги робиталар янада мустаҳкамланишига ишончим комил.

– Сиз узоқ йиллар Туркия Бош вазири ҳузуридаги Вақф жамғармалари бошқармасида Халқаро алоқалар бўлими раҳбари лавозимида фаолият юритгансиз. Жорий йил апрель ойида Ўзбекистонда ҳам “Вақф” жамғармаси ташкил этилди. Мамлакатларимизнинг вақф борасидаги ҳамкорлиги истиқболини қандай баҳолайсиз?

– Жуда долзарб масалани кўтардингиз. Жорий йил 16 апрелда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жанобларининг фармони билан “Вақф” жамғармаси тузилиши тарихий воқеа бўлди. Бундан шахсан мен жуда мутаассир бўлдим. Ахир, Ўзбекистонда 100 йиллик танаффусдан кейин илк бор  вақф тузилмаси ташкил этилди-да! (Ўзбекистонда кўп асрлар давомида вақф тизими ишлаб келган. Афсуски, 1930 йилда совет ҳокимияти Ўзбекистонда вақф мулкларини мусодара қилди ва шу тариқа мазкур тизимга барҳам берилди.)

Туркия вақф борасида жуда бой тажрибага эга. Усмонийлар давлатида 500 йил давомида вақф тизими муваффақиятли ишлаб келган. Хавфсизлик ва адлия идораларидан бошқа барча давлат тузилмалари вақф тизимига эга эди. Бугун бутун дунё ҳайрат ила томоша қиладиган Туркиядаги кўҳна меъморий обидалар ҳам вақф маблағлари асосида қурилган. Биз буни “вақф тамаддуни” деб атаймиз.

Туркияда ҳозирга қадар кўп асрлик вақф анъаналари амал қилиб келмоқда. Ўрни келганда айтиш жоиз, ўз даврида АҚШ ва Европа давлатлари ҳам Усмонийлар давлати вақф тажрибасини пухта ўрганиб, ўзида татбиқ этган.

Бугун Туркияда вақф тизими учинчи сектор сифатида жамият тараққиётида муҳим ўрин тутади. Мен фаолият юритган Вақфлар бош бошқармасининг йиллик айланмаси 500 миллион АҚШ долларидан ошади. Бундан ташқари, Туркия ватандошлари вақф сифатида ажратадиган йиллик маблағ 1 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади.

Вақф маблағлари таълим масканлари ва толиби илмларни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, тарихий меъморий обидаларни муҳофаза этиш ва бошқа қатор эзгу мақсадларда сарфланади. Боболаримиздан мерос тарихий обидаларни қайта тиклаш ва муҳофаза этиш жуда катта харажат талаб этади. Масалан, биргина Сулаймония жомеъ масжиди реставрацияси учун 25 миллион доллар кетади.

Тарихан вақф тизими таълимни ривожлантиришда ҳал қилувчи ўрин тутган. Бугун ҳам мазкур анъана давом этмоқда. Туркиядаги Билкент, Коч, Сабанчи каби 100 дан ортиқ университетлар айнан вақф маблағи ҳисобига фаолият юритади.

Ўн кунча аввал Бухорода ўтказилган халқаро анжуманда қатнашиб, вақф соҳасида Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги имкониятлари мавзусида тақдимот ўтказдим. Менимча, қардош мамлакатларимиз вақф борасида ҳам ҳамкорлик қилиши лозим.

– Сиз фаолиятингиз давомида Европа Иттифоқига алоқадор дастурларда ҳам ишлагансиз. Туркиянинг мазкур тузилмага кириш жараёни ярим асрдан буён чўзилиб келмоқда. Мамлакатнинг ЕИга кириши бугун қанчалик муҳим саналади?

– Аслида Туркия ва Европа интеграция муносабатлари илдизи XIX асрнинг биринчи ярмига бориб тақалади. XX асрда ўрталарида Европа давлатлари бирлашмаси пайдо бўлганидан кейин эса бу масала яна кун тартибига чиқди. Туркияга Европа Иттифоқига қўшилиш борасида 1967 йили мурожаат қилган. Мана, 51 йилдан буён музокаралар давом этмоқда.

ЕИга қўшилиш жараёнидан Туркия фақат ютди. Хабарингиз бор, ЕИ аъзо бўлишга талабгор давлатларга маълум талаблар қўяди. Биз ҳам ана шу талабларни ижро этиш асносида озиқ-овқатдан тортиб саноатгача – турли соҳаларда юксак стандартларни жорий этишга муваффақ бўлди.  Яъни Туркиянинг кейинги йилларда юксак суръатда тараққий этишида ЕИга аъзо бўлиш жараёни ҳам муайян даражада ижобий роль ўйнади.

Менимча, бугун Туркиянинг ЕИга киришига ҳожат қолмади. Айни вақтда Туркия иқтисодий тараққиёт бўйича ЕИга аъзо давлатларнинг анча-мунчасидан илгарилаб кетди. Биргина мисол: Туркияда ЯИМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткичи 11-12 минг АҚШ долларига етди.

Агар 25 йил олдин Туркияда референдум ўтказилса эди, халқ ЕИга киришни қўллаб-қувватлар эди. Аммо ҳозир умумхалқ овоз бериши ўтказилса, кўпчилик бунга қарши овоз бериши аниқ.

Шарқу Ғарб мамлакатларини кезган Давут Гази Бенли сафар таассуротларини “Дунё нима дейди” (Dünya Dedikleri) номли китобида жамлаган.

– Сизни нафақат бошқарув идораларида масъул лавозимларда ишлаган мансабдор, айни чоқда, бир неча китоблари чоп этилган адиб, дея таърифлашади. Хусусан, “Дунё нима дейди” (Dünya Dedikleri) номли саёҳатномангиз туркиялик китобхонлар орасида анча машҳур. Ўзбекистон ҳақида ҳам китоб ёзиш ниятингиз борми?

– Касбий фаолиятим давомида дунёнинг етмишдан ортиқ давлатида бўлдим. Сиз номини зикр этган китобда ҳам Шарқу Ғарб ўлкаларига сафарлар асносида туғилган таассуротларим жамланган. Ижодкор инсон, қалам аҳли ёзишдан асло воз кеча олмайди. Камина ижодий анъанамга содиқ қолиб, Ўзбекистон ҳақида ҳам саёҳатнома ёзиш ниятидаман. Айни вақтда ёндафтаримга қисқа қайдлар ёзиб боряпман. Фурсати келгач, таассуротларимни батафсил қоғозга тушираман. Қувонарлиси, Ўзбекистон ҳақидаги китобга Туркиядаги нашриётлар орасида ҳозирданоқ талабгорлар бор.

Дунё кезиш асносида шундай хулосага келдим: Аллоҳ таоло одамзодни бу дунёга уруш-жанжал қилиш учун эмас, ўзаро дўст-биродар бўлиб яшаш учун юборган. Бу жиҳатдан, Ўзбекистонда турли миллат ва эътиқод вакиллари бир оиладек аҳил-иноқ яшаётганини кўриб, бениҳоя хурсанд бўлдим. Турк ва ўзбек қардошлиги бундан-да мустаҳкам бўлишига тилакдошман.

Собир Салим суҳбатлашди