“Чегараларни қурол ёрдамида ўзгартиришга қаршимиз” – Туркия Россиянинг Украинага қўшин тортишига муносабат билдирди

Туркия  Россия Федерацияси қуролли кучларининг Украинага қарши ҳарбий операциясини номақбул деб ҳисоблайди ва рад этади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида сўз боради.

“Бу ҳужум Минск келишувларини бузиш билан бир қаторда халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши ҳисобланади ҳамда минтақамиз ва бутун дунё хавфсизлигига жиддий таҳдид солади”, – дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилишни зарур деб ҳисоблайдиган Туркия чегараларни қурол ёрдамида ўзгартиришга қарши.

“Биз Россия Федерациясини ушбу адолатсиз ва ноқонуний хатти-ҳаракатларни имкон қадар тезроқ тўхтатишга чақирамиз. Украинанинг сиёсий бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимиз келгусида ҳам давом этади”, – дейилади расмий Анқара баёнотида.

Бир неча кун Туркия ТИВ Россия президенти Владимир Путин томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ Украинага тегишли бўлган Донецк ва Луганск ҳудудларини алоҳида республика сифатида тан олиниши юзасидан ҳам баёнот бериб, бу ҳолатни Украинанинг сиёсий бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузиш деб баҳолаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 24 февраль тонгида Россия қуролли кучлари Украинага бостириб кирди. Бу амалиёт нуфузли халқаро тузилмалар томонидан қораланди. Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россия президенти В.Путиндан Украинадан қўшинни зудлик билан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.