БМТ: Қашшоқлик билан курашиш — олий мақсад

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби Кофи Аннан ўзининг дунё раҳбарларига қилган мурожаатини қуйидаги сўзлар билан бошлади: “Мен дунё мамлакатлари раҳбарларини Ер куррасида қашшоқлик билан энг юқори даражада курашишга даъват этаман.

Бу дегани, ҳеч бўлмаса 2015 йилга қадар 1 млрд. ўта қашшоқ аҳоли сонини камайтиришимиз керак.” Кўплаб мамлакатларда одамлар ниҳоятда ночор аҳволда, пана-пастқам, ҳеч қандай шароитлари бўлмаган ҳужраларда яшайди. Бошқалар эса иложи борича арзон ижара пули тўланадиган маҳаллаларни танлашади. Сабаби уларнинг бошқа иложи ва имконияти йўқ. Кам даромад, ҳеч қандай таълимга эга бўлмаслик, устига-устак соғлиқларида кўплаб муаммолари бор инсонлар ўз ҳаётларини яхшилай олмайди.

Охирги пайтларгача камбағаллик ва қашшоқликни фақатгина маблағ, яъни пул билан боғлашар эди. Эндиликда шахснинг топиш-тутишига қўшимча унинг маълумоти, соғлиғи, танлаш ва тайинлаш ҳуқуқи, эркинлиги ҳам қўшилди. Энг асосийси, сўнгги йилларда одамларнинг соғлиги салбий тарафга ўзгармоқда. Бу эса ўз навбатида кишиларни тўлиқ кун ишлашига тўсқинлик қилиб, маошининг камайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Вужудга келаётган касалликка совуққонлик билан қараш, кўп ҳолларда нохушликларни даволашга маблағ топа олмаслик оила раҳбарларини боши берк кўчага киритиб қўяди ва бошқа оила аъзоларини янада қийин аҳволга солиб қўяди.

Ўрта ёки умумтаълимга эга бўлмаганлар, қўлида ҳеч қандай ҳунари йўқ фуқаролар, биринчилардан бўлиб камбағал ва қашшоқлар синфига киради. Чунки аксарият ҳолларда уларга жуда оз миқдорда маош тўланади ёки умуман ишсизлик ҳолатига тушиб қолишади. Бу ҳалқа келажак сари боғланиб кетаверади. Зотан, ушбу оилаларда болаларни ўқитишга, уларга илм ёки ҳунар ўргатишга маблағ топилмайди. Оила бошлиқларининг унда-бунда топадиган пуллари фақатгина зўрға егуликка етади.

Кўплаб мамлакатларда камбағалларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда. Баъзи ота-оналар ёш қиз ва ўғилларини ҳаддан ташқари барвақт ишлашга мажбур қилишади. Мактабга бориш ва таълим олиш ҳақида гап ҳам бўлмайди.

Африканинг кўплаб ҳудудларида айнан қашшоқлик турли хил юқумли касалликларга, жумладан, ОИТСга олиб келаяпти, деб таъкидламоқда дунёнинг етакчи шифокорлари. Ушбу давоси йўқ касаллик жадал равишда кўпайиб, ижтимоий ва иқтисодий инқирозга олиб бормоқда. Рақамларга қараганда 1999 йилнинг охирида Ер юзида чамаси 34 млн. киши ОИТСга дучор бўлган. 2010 йилгача эса таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, шу хасталик туфайли Африка қитъасининг ўзида 40 млн. бола етим қолиши мумкин.

БМТнинг кузатишича, 38 энг камбағал мамлакатлардан 20 таси ёки уруш ҳолатида ёки урушдан эндигина чиққан минтақалар. Энг кўп ночор аҳволда яшовчилар Жанубий Осиё минтақасида қайд этилган. Камбағалларнинг энг юқори қисми Африканинг Сахара чўлига яқин ҳудудларида кузатилган. Умум аҳолининг роппа-роса 46,3 фоизи катта қийинчиликларда кун кечирмоқда. Тахминан 1 млрд. одам умуман ҳеч қандай таълим ва маълумотга эга эмас. 1 млрд.дан ошиқроғи эса тоза ичимлик сувини истеъмол қилиш имкониятидан бебаҳра.

Салкам 840 млн. киши тўйиб овқатланолмайди. Шу рақамнинг учдан бир қисми тахминан 5 ёшгача бўлган болалар очликдан турли хил касалликларга дучор бўлишади. Ер шарининг 20 фоиз бой аҳолиси ёки ривожланган мамлакатлар фуқароларининг 86 фоизи ички ялпи маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятига эга. Аммо қолган қисми ривожланаётган ва уруш ҳолатидаги давлатлар фуқаролари худди шу кўрсаткичнинг фақат 1 фоизидан фойдалана олади.

Жаҳоннинг бой 3 кишисининг айланма маблағи 48 камбағал мамлакатларнинг ички ялпи маҳсулотига тенг. Ер юзида ҳар 7 сония ичида бир бола очликдан ёки тўйиб овқатланмаслик натижасида вужудга келадиган касалликлардан нобуд бўлади. Танзания давлатининг охирги йиллардаги қарзларини қайтариши учун сарфлаган пули, бошланғич таълим ва соғлиқни сақлашга ишлатадиган маблағидан 9 баравар кўп. Гандурас давлатининг қарзлари эса, унинг экспорт салоҳиятидан 208 фоиз ортиқ. Гандурас ҳар йиллик бюджетининг 55 фоизини қарзларга тўлашга мажбур.

1999 йилда Халқаро валюта фонди ва дунё банки қарздор мамлакатлар кредитларини тўлаш учун имтиёзли ставкаларни қабул қилиш ва ўта қарзи кўпайиб кетган мамлакатлар қарзларининг маълум қисмини кечиш тўғрисида дастур қабул қилди. Ушбу рўйхатга 41 мамлакат киритилиб, қарз миқдоридан келиб чиққан ҳолда 70 фоизгача бўлган маблағни кечиб юборишга қарор қилинди. Шунда кўрсаткич 170 млрд. долларни ташкил қилиши кўзда тутилган эди. Бироқ шу вақтгача юқорида кўрсатилган мамлакатларнинг фақат баъзиларигина ушбу имкониятларни қўлга кирита олди.

Лекин дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам бу борада кўплаб муаммолар вужудга келган. Масалан, АҚШда 2001 йил март ойларидаги расмий ҳисоб-китобларга қараганда, АҚШ аҳолисининг 32,9 миллиони қашшоқ дея тан олинган. 2002 йилга келиб эса, уларнинг сони 34,6 млн кишини ташкил қилган. Ўз кунини қийинчилик билан кўраётган АҚШ аҳолисининг 12,5 миллиони қашшоқлик даражасидан бирозгина юқори туради ва кам таъминланган аҳоли қатламига киради.

Коста-Рика, Куба, Шри-Ланка, Ветнам ҳамда Ҳиндистоннинг Керала штатида вазиятни яхшилаш учун талайгина ишлар қилинди. Юқорида қайд этилган мамлакатларда болалар ўлими сезиларли даражада қисқарди. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояга катта эътибор қаратилди. Болаларнинг 50 фоиздан ортиқроғи бошланғич таълим мактабларига чиқа бошлади.

Худди шу иқтисодга эга давлатлар қаторида бу катта ютуқ ҳисобланади. Мисол тариқасида Ҳинд океанида жойлашган Маврики оролини қайд этиш мумкин. Бу кичкина давлат охирги йиллар ичида ҳарбий харажатларни ярмига қисқартириб, тежаб қолинган пулларни бошланғич ва ўрта таълимга, соғлиқни сақлашга сарфламоқда. Натижада орол фуқароларининг 98 фоизи тиббий кўрикдан тез-тез ўтиб туриб, шифохоналарда даволанмоқда. Аҳолининг 97 фоизи эса тоза ичимлик сувини истеъмол қиладиган бўлди.

Албатта, жараён ижобий кўрсаткичлар сари йўналмоқда. Бироқ, дунёда бу борада ҳали қилинадиган ишлар талайгина.

Сарвар Файзуллаев
(БМТнинг «Минг йиллик ҳисоботи» асосида тайёрланди.)