Саводсизлик қачон барҳам топилади?
2000 йил жаҳон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида муҳим давр сифатида муҳрланиб қолди. 2008 йили дунё халқларининг Мингйиллик Саммити ўтказилди. Муҳим глобал чақириқларга эътибор қаратилган бу йиғинда 189 мамлакат раҳбари тўпланди. Улар дунёни инсоният яшаши учун яхшироқ масканга айлантириш мажбуриятини ўз зиммаларига олиб, қашшоқликка қарши курашиш, касалликлар тарқалишини камайтириш ва атроф-муҳитни ҳимоялаш каби глобал масалаларда куч-ғайратларини бирлаштиришга келишиб олдилар. Ўтказилган олий йиғинда Мингйиллик Декларацияси қабул қилинди. Унда Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари (МРМ) сифатида маълум бўлган саккизта аниқ мақсадга эришиш энг муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари нима?
Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари – бу жаҳон етакчиларининг қашшоқлик даражасини пасайтириш ва кишилар фаровонлигини ошириш каби глобал масалалар бўйича ўзаро келишиб олган муҳим вазифаларидир. Мазкур вазифалар бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган ҳамда аниқ муддат, вазифа ва кўрсаткичларни талаб этувчи саккиз мақсадни ўз ичига олади. Уларга 2015 йилгача эришиш лозимлиги келишиб олинган. Бу мақсадлар қуйидагилардан иборат:
1. Ўта қашшоқликка ва очликка барҳам бериш;
2. Умумий бошланғич таълимга эришиш;
3. Аёллар ва эркаклар тенглигини рағбатлантириш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш;
4. Болалар ўлимини камайтириш;
5. Оналар саломатлигини яхшилаш;
6. ОИВ/ОИТСга, безгак ва бошқа касалликларга қарши курашиш;
7. Экологик барқарорликни таъминлаш;
8. Ривожланиш мақсадида глобал ҳамкорликни кучайтириш.
Саккизинчи мақсад дастлабки етти мақсадга эришиш воситасидир. У биринчи навбатда ривожланган мамлакатлар олдига вазифалар қўйиб, уларни камбағал мамлакатлар қарзларини камайтириш ҳамда уларнинг ривожланишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чоралар кўришга даъват этади.
Биз мазкур мақсадлар, уларни амалга ошириш вазифалари, бу йўлда қўлга киритилган ютуқлар ва дуч келинаётган муаммолар ҳақида туркум мақолалар бериб боришни ният қилдик. Бунда мазкур масалаларнинг юртимиздаги аҳамияти, ижроси ва ўзига хослиги, Ўзбекистоннинг БМТ аъзоси сифатида Саммит масалалари юзасидан амалга ошираётган ишлари юзасидан ҳам фикр юритилади.
Ўзбекистон «Мингйиллик Маърузаси»ни имзолаган мамлакат сифатида юқорида тилга олинган саккизта мақсадга эришиш бўйича ўз мажбуриятларини бажариб келмоқда. Мамлакатимиз ҳукумати бу мақсадларнинг миллий ривожланишда муҳимлиги ҳамда долзарблигини эътироф этган ҳолда донор ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда юртимизга хос бўлган саккизта миллий вазифани ишлаб чиққан.
Миллий ривожланишнинг саккиз мақсади қуйидагиларни ўз ичига олади:
1-мақсад: Кам таъминланганлик ва қониқарсиз озиқланишни қисқартириш;
2-мақсад: Бошланғич ва умумий ўрта таълим мактабларда таълим сифатини ошириш;
3-мақсад: Аёллар ва эркаклар тенглигини рағбатлантириш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш;
4-мақсад: Болалар ўлимини қисқартириш;
5-мақсад: Оналар саломатлигини яхшилаш;
6-мақсад: ОИВ/ОИТСга, сил касаллигига ва безгакка қарши кураш;
7-мақсад: Экологик барқарорликни таъминлаш;
8-мақсад: Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият ўртасида ривожланиш мақсадидаги глобал ҳамкорлик.
Биз илк мақоламизда Мингйиллик мақсадлари орасида энг муҳими ва дунё халқлари ҳаётига энг катта таъсир кўрсатувчи таълим ва саводхонлик масаласига эътибор қаратмоқчимиз.
Саводсизлик – мингйиллик муаммоси
Сенга бир ҳарф ўқитган устознинг ҳаққини минг хазина бериб ҳам адо қилиш осон эмас, деган Алишер Навоийнинг ҳақлиги кун ўтган сайин янада ойдинлашиб боряпти. Дарҳақиқат, бугун БМТ номли дунё йиғини болакайларга ҳарф танитиш мақсадида йилига миллиардлаб мабла² сарфлаётганига қарамай, ҳануз сайёрамизда яшаётган алифни танимайдиган миллионлаб инсонлар сони камайгани йўқ. Саводли бўлиш шундай олий бахт, саводсизлик эса шундай глобал муаммоки, бу мавзуни БМТ мингйиллик саммитининг асосий масалалари қаторига киритди.
Ҳозир дунё миқёсида мактаб ёшидаги лекин таълим олиш имкониятидан бебаҳра болакайлар сони 73 миллион нафарни ташкил этади. Болалар таълими борасидаги энг ёмон кўрсаткич Африканинг саҳро минтақасидаги давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда сўнгги йилларда амалга оширилган ижобий хатти-ҳаракатлардан кейин ҳам мактабга қатновчи ўқувчилар сони умумий болалар миқдорининг 71 фоизини ташкил этяпти, холос. Минтақанинг 38 миллион фарзанди мактабга бормайди. Жанубий Осиёда мактабга қамраб олинган болалар сони 90 фоиздан зиёд бўлсада, 18 миллион бола ҳануз мактаб нималигини билмайди.
МРМ орасида 2015 йилгача барча болаларнинг умумий бошланғич таълим олишини таъминлаш вазифаси энг муҳим ва долзарб масалалардан бири сифатида белгиланган. Лекин бу мақсадни рўёбга чиқариш осон кечмаяпти. Масалан, Африка мамлакатлари, Ҳиндистон каби ўлкаларда мактабга қатнашни бошлаб, аммо уни тугатмасдан тарк этиш ҳолатлари юқори. БМТ ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ривожланаётган мамлакатлар қишлоқ ҳудудларидаги болаларнинг 25 фоизи мактабни тугатмасдан эрта тарк этади. Шаҳарларда бу кўрсаткич 16 фоиз.
МРМ мақсадлари ичида иккинчи энг муҳим вазифа сифатида қабул қилинган бошланғич таълим масаласи нафақат барчага бошланғич таълим олиш имкониятини яратишни, балки сифатли билим беришни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Барчанинг бошланғич таълим олишига эришилгач, бу муваффақиятни ўрта таълимда давом эттириш лозимлиги таъкидланган. Чунки иккинчи босқичда ҳам аҳвол яхши эмас. Бу ёшдаги дунё болаларининг 55 фоизи ўрта таълим мактабига қатнайди.
2015 йилгача универсал бошланғич таълим мақсадига эришиш учун йилига 11 млрд. доллар ажратиш борасида келишилган бўлсада, ҳозирча йилига фақат 5 млрд. маблағ йиғиляпти холос. Бу ҳолат кўзда тутилган ислоҳот ва лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишига жиддий тўсиқ бўляпти.
Амалга оширилган ишлар
Бурунди, Конго демократик республикаси, Эфиопия, Гана, Кения, Малави, Мозамбик, Танзания ва Уганда мамлакатларида мактабларга бериладиган тўловлар бекор қилингани боис ўқишга қатновчилар сонида кескин ўсиш кузатилди. Масалан, Ганада 2004—2005 йилларда ўқувчилар сони 4,2 миллиондан 5,4 миллионга, Кенияда 1,2 миллиондан 7,2 миллионга ўсди. Лекин ислоҳот ўзининг салбий оқибатларини ҳам намоён этди. Илгари мактаблар таъминоти, ўқитувчилар маошлари тўлов пулларидан қопланган бўлса, энди уларнинг моддий таъминотида етишмовчиликлар рўй бера бошлади.
Гаитида мамлакат ҳукумати, БМТ ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида махсус таълим лойиҳаси амалга оширилди. Унда энг қашшоқ оилаларнинг 4300 нафар фарзанди ўқийдиган 33 та мактабга ўқув қуроллари ва бошқа керакли жиҳозлар етказилди. Бу хайрли иш футбол юлдузлари Роналдо ва Зидан эҳсон қилган 70 000 доллар маблағ эвазига амалга оширилди.
Яна нима қилиш керак?
Қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп. Талаб даражасидаги таълим тизимини яратиш, сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, малакали ўқитувчиларга етарли даражада эга бўлиш борасида муаммолар талайгина. БМТ бу масалаларни аста-секин ҳал этиб бориш мақсадида бюджетдан таълим учун ажратилаётган маблағ миқдорини 15-20 фоизга етказиш, мактаблар учун мавжуд тўлов тизимини бекор қилиш, қашшоқ мамлакатлар учун йилига 11 млрд. доллар ажратиш каби таклифларни олға сурган. Мазкур таклифлар юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, уларни амалга ошириш ишлари давом этмоқда.
Юртимизда бошланғич таълим
Мамлакатимиз саводхонлик борасида дунёнинг етакчи давлатларидан бири ҳисобланади. Ўқувчи ёшидаги болаларнинг 100 фоизи мактабларга жалб этилган. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳам юртимизнинг таълим тизимидаги муваффақиятларига ҳавас қилса, арзийди.
Барча болалар учун умумий бошланғич таълим олиш имконияти тўла яратилган экан, юртимизда БМТнинг Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари доирасидаги вазифалар юзасидан асосий эътибор бошланғич таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган.
Ўзбекистон 1992 йилда «Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция»га қўшилган. Ҳукуматимиз бу ва бошқа халқаро ҳужжатларда назарда тутилган фуқароларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш бўйича мажбуриятларга эга. Айни шу вазифаларни амалга ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва бу борада амалий ишлар давом этмоқда.
Юртимизда аҳолининг умумий саводхонлиги 1991 йилда 97,7 фоиз бўлган бўлса, 2003 йилда бу кўрсаткич 99,3 фоизга етди. Яъни ватандошларимизнинг қарийб барчаси тўла саводхон ҳисобланади. Ўрта-махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга кишилар ҳиссаси аҳолининг 75 фоиздан зиёдини ташкил этади. Бошланғич ва ўрта таълим даражасида қамраб олинган қиз ва ўғил болалар сони орасида амалда фарқнинг йўқлиги ҳам юртимизда аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани амалда тўла таъминланганидан далолат беради.
Ҳукумат 2002 йилдан бошлаб кам таъминланган оила фарзандларига бепул дарсликлар беришни йўлга қўйди. Шунингдек, ҳар йили 1-синф ўқувчилари Президент совғаси сифатида барча дарслик ва ўқув қуролларига бепул эга бўлишади. Жисмоний ёки руҳий ривожланиши чекланган болалар учун махсус мактаблар ташкил этилган.
Имконияти чекланган болалар таълимдан четда қолиб кетмаслиги учун Халқ таълими вазирлиги 2001 йилда «Инклюзив таълим» махсус дастурини ишлаб чиқди ва у ЮНИСEФ ҳамда ЮНEСКО томонидан тўла қўллаб-қувватланди. Натижада ҳозир имконияти чекланган 40000 нафар бола давлат дастури ҳисобига бепул ва тўлиқ таълим олмоқда.
Умуман олганда юртимиз таълим тизими саводхонлик борасидаги муваффақиятлари билан дунёда етакчи ўринлардан бирида туради. Мамлакатимиз Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари доирасида 2015 йилгача барча болаларни умумий бошланғич таълим билан таъминлаш глобал вазифасига мазкур мақсаднинг биринчи йили бўлган 1990 йилдаёқ эришган. Давлатнинг барчани бепул, тенг ҳуқуқли, мажбурий бўлган тўлиқ ўрта таълим билан таъминлаши Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари конституцияларида давлатнинг халқни бепул мажбурий таълим билан таъминлаши ўз ифодасини топмаган. Юртимиз конституциясида мазкур кафолатнинг мавжудлиги таълим тизими ҳукумат эътиборидаги энг муҳим соҳалардан бири эканини кўрсатади.
Қувонарлиси, дунёда миллионлаб болакай бир ҳарф танимасдан ҳазрати Навоий таърифидаги қимматли устозга эҳтиёж сезиб турган бир пайтда юртимизда ҳар бир жажжи ўғил-қиз бепул мактаб таълимини олмоқда.
Беҳзод Мамадиев,
«Маърифат» газетасидан