Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон мамлакатнинг янги бош вазири Бинали Йилдиримга ҳукуматни шакллантиришни топширди.
22 май куни Адолат ва тараққиёт партиясининг навбатдан ташқари машваратида Туркия транспорт, кемачилик ва алоқа вазири Бинали Йилдирим партиянинг янги раиси этиб сайланди. Туркия матбуоти хабарига кўра, 1470 делегатнинг 1405 нафари Б.Йилдирим номзодини қўллаб-қувватлаган.
Шу куннинг ўзида Туркия президенти бош вазир Аҳмад Довудўғлининг истеъфосини қабул қилди.
Янги бош вазир яқин муддатда мамлакатнинг 65-ҳукуматини шакллантириши лозим.
Б.Йилдирим 1955 йилда туғилган. Истанбул техника университетини тамомлаган. Узоқ йиллар кемачилик ва йўловчи транспорти хизматида фаолият олиб борган. 2002 йили Адолат ва тараққиёт партиясидан мамлакат парламенти депутатлигига сайланган. Кейинги 13 йил ичида транспорт вазирлигига раҳбарлик қилиб келган.
Кузатувчиларга кўра, 61 ёшли Б.Йилдирим президент Эрдўғоннинг ҳаммаслак сафдошларидан бири саналади.
Туркиянинг бир палатали парламенти – Буюк миллий мажлис 4 йилга сайланадиган 550 депутатдан ташкил топади. Қонунчиликка мувофиқ, сайловда кўпчилик овозни олган партия ижроия ҳокимияти, яъни Вазирлар Кенгашини тузишга ҳақли. 330 та депутатлик мандатини ютган партия эса конституциявий кўпчилик ҳисобланиб, конституциявий ислоҳотлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилдан бош вазир лавозимида фаолият юритиб келган Аҳмад Довудўғли ўтган ҳафта партия ҳамда ҳукумат етакчилигини тарк этишини маълум қилган эди. “Партия бирлигини сақлаб қолиш учун шундай қилган маъқул”, – деган Довудўғли. Собиқ бош вазир парламент депутати сифатида фаолият юритади.
ОАВ хабарига кўра, Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳамда Аҳмад Довудўғли ўртасида айрим сиёсий масалалар борасида турфа нуқтаи назарлар пайдо бўлган ва бу ҳол Довудўғлининг истеъфосига сабаб бўлган. Аммо Аҳмад Довудўғлининг ўзи президент Эрдўғон билан биродарона муносабат сақланиб қолишини таъкидлаган.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Аҳмет Довудўғли: “Парламент сайловида демократия ғалаба қозонди”. 03.11.2015