АҚШда Ислом: кeча ва бугун

АҚШда мусулмонларнинг учдан икки қисмини муҳожирлар ва уларнинг авлодлари ташкил қилади. Маълумотларга кўра, АҚШга мусулмонлар оқимининг дастлабки тўлқини 1830-1851 йиллар орасида етиб келган. Негаки шу пайтда қора танли кишиларни қул сифатида Африка қитъасидан АҚШга олиб боришган.

Сурия, Фаластин, Иордания ва Ливан давлатлари аҳолиси ҳам Янги материкка қараб йўл олган. АҚШга кўчиб келган мусулмонлар Мидвест, Мичиган, Детройт, Чикаго каби саноатлашган штатлар марказларида ўзларининг жамоатларини ташкил этганлар. Айни мана шу мусулмонлар гуруҳи Шимолий Америкада илк масжидга асос солган. АҚШда масжидлар қуриш ва бошқа шунга ўхшаш ишларни мусулмонлар ўз ташаббус ва маблағлари ҳисобига амалга оширадилар.

1947-1960 йиллар орасида АҚШга эмигрант сифатида келган мусулмонлар орасида Яқин Шарқ аҳолисидан ташқари Ҳиндистон, Покистон, Шарқий Европа ва собиқ Совет Иттифоқидан келганлар ҳам кўпчиликни ташкил этган. Уларнинг бир қисми маҳаллий бошқарувчиларнинг фарзандлари, қолганлари эса муҳожирлар бўлган.
1967 йилдан кейинги давр мусулмон эмиграциясининг учинчи фасли ҳисобланади. Бу вақт давомида Покистон, Араб давлатлари ва Эроннинг кўп миқдордаги аҳолиси АҚШга кўчиб келди. Уларнинг аксарияти, аввалгиларидан фарқ қилган ҳолда, ўқимишли ёки бирор бир ҳунар соҳиби бўлган. Учинчи давр мусулмон эмигрантлари кўпчилиги Яман, Миср, Туркия, Туркистон (Марказий Осиё назарда тутилаяпти), Кувайт, Саудия Арабистони, Ироқ, Афғонистон каби мамлакатлари фуқаролари эди. Энг сўнгги эмигрантлар эса асосан Судан, Уганда, Гвинея-Бисау, Бермида ва собиқ Югославия мамлакатларидан келаётганлиги қайд этилади.

Аввалида АҚШ исломий жамиятининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти фақатгина мазкур жамоа доирасидаги масалаларни қамраб оларди. Ташқи дунёга унчалик эътибор берилмасди. Секин-аста мусулмон жамоалари тўпланадиган масжидларда бошқа диний конфессиялар билан алоқалар ўрнатила бошланди. Мусулмон кишиларга ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида бошқа дин вакиллари билан ёнма-ён туриб иш олиб бориш эркинлиги берилади.

Фаластин ерларининг Исроил томонидан босиб олиниши оқибатида мусулмонлар эмиграциясининг кейинги вакилларида экстремистик кайфият кучлилиги кузатилган. Ана шу экстремистик кайфиятдаги мусулмонлар АҚШ муҳитида «ўзгариб бораётган» биродарларини диний эътиқод доирасида «тарбиялаш»га бел боғлаганлар. Улар АҚШга ўзлари билан бирга турли хил фатволар олиб келишган ва ўша фатволар орқали тушунтириш ишларини олиб борганлар. Манбаларда айтилишича, уларнинг бу ишлари бошқа дин ва миллат вакилларининг манфаатларига зарар етказмаган ҳолда олиб борилган. 20-асрнинг учинчи чорагигача АҚШ мусулмонлари маҳаллий аҳолининг яшаш тарзи билан унчалик ҳам чиқиша олмасди. Кунлик белгиланган иш жадваллари беш маҳал намозни адо этишга имкон бермаган. Умумий овқатланиш масканларидаги тартиб ҳам улар учун, айниқса, Рамазон ойи давомида ноқулайликлар туғдирган. АҚШ жамиятидаги жинсий эркинлик мусулмон кишилари учун хавф ҳисобланади. АҚШ мусулмонлари шариат қоидаларини ўзлари учун ҳаёт йўриқномасига айлантиришга ҳаракат қилишади.

Маълумотлар шуни кўрсатадики, ҳозиргача АҚШдаги бошқа дин ва миллат вакиллари Ислом дини ҳақида кам маълумот билишади. Гарчи бу борада мусулмон ташкилотлари ва алоҳида диндорлар томонидан қатор тадбирлар — учрашувлар, диний бағрикенглик кечалари ва бошқа йиғинлар уюштирилаётган бўлсада, исломга қарши қарашлар баъзида учраб туради.

АҚШ мусулмонларининг 11 сентябр воқеаларидан кейинги ҳолати ҳақида қизиқмайдиган киши топилмаса керак. Шу маънода таъкидламоқчимизки, АҚШда мусулмонларга нисбатан баъзи бир хорижий ОАВ орқали тарқатилган маълумотлардагидек, ҳақоратли муносабатда бўлишмаган. Тўғри, воқеалар ортида Усама бин Лодин ва «Ал-Қоида» гуруҳи турганлиги эълон қилингач, шу пайтгача Ислом дини ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлмаган АҚШ оммасида турли хил норозилик, айрим ҳолларда экстремистик кайфият туғилган бўлиши табиий. Шунинг учун бўлса керак, мусулмонларга шубҳа билан қараш ҳолатлари АҚШда ҳали ҳам қайд этилади. Бундан улар хўрланаяпти, деган маъно чиқариш эса динлар ўртасида нифоқ чиқарувчиларга хос ярамас бир ишдир. Бостон миллий радиоси (WБУР) да диний масалаларни ёритувчи журналист Моника ҳам шу фикрларни тасдиқлади. Умуман, АҚШга қилган сафаримиз давомида биз шу нарсага амин бўлдикки, АҚШ мусулмонлари бошқа дин ва миллат вакиллари қатори мамлакатда жорий қилинган ҳуқуқ ва эркинликлардан баҳраманд бўлаяптилар.

АҚШдаги диний ташкилотлар ҳақида икки оғиз сўз. Қайд этиб ўтганимиздек, эмиграциянинг давом этиши натижасида АҚШ мусулмонлари сони ортиб борган ва уларни бирлаштириб турадиган, қолаверса, бошқа диний жамоалар билан алоқаларини мувофиқлаштириб борувчи ташкилотларга эҳтиёж туғилган. Ана шундай ташкилотлар тузилди. Бу ташкилотларнинг бошини бирлаштириб турувчи Ислом Ташкилотлари федерацияси ҳам тузилди. Бош қароргоҳи Детройтда жойлашган ушбу ташкилот ҳозирда АҚШ ва Канададаги Ислом Ассоциациялари федерацияси сифатида иш юритади.

Шунингдек, 1963 йилда талаба-ёшларни бирлаштирувчи Мусулмон талабалари уюшмаси тузилди. Ёшларни Ислом руҳида тарбиялаш ва динимиз бағрикенглигини улар онгига сингдириш, ўз ўрнида ғайриисломий унсурлар (масалан, АҚШда бесоқолбозлик баъзи бир расмий доиралар томонидан қонунийлаштирилаяпти. Бу нафақат Исломда, балки бошқа бошқа динларда ҳам қаттиқ қораланадиган ҳайвоний иллат ҳисобланади. Айни мана шу иллат мусулмон ёшлари учун хавф туғдириши мумкин, дея баҳоланади) дан ҳимоя қилиш ҳам ташкилот ваколатига киради. Хулоса қилиб айтганда, МТУ ҳозирги кунда АҚШдаги энг нуфузли исломий ташкилотлардан бири. Ташкилот кўмаги билан Шимолий Америка Мусулмон ёшлари ташкилоти, АҚШ Мусулмон олимлари ва муҳандислари ташкилоти, Исломий Таълимот маркази, Исломий Тиббиёт уюшмаси, АҚШ Мусулмонлари миссияси ва бошқа ташкилотлар тузилди.

АҚШ мусулмонлари ўзларининг сиёсий ташкилотларига ҳам эгадирлар. Шимолий Исломия жамияти ташкилоти ана шуларнинг етакчиси ҳисобланади. Бу ташкилот АҚШлик мусулмонларни сиёсий фаолликка чақирди. Мамлакатда бўлаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни кузатиб боради ва ана шу сиёсий жараёнлар ҳақидаги мусулмон аҳоли фикрини ифодалашга ҳаракат қилади. Айни дамда АҚШда президентлик учун овоз бери? бўлиб ўтдмоқда. Маълумотларга кўра, аксарият АҚШ мусулмонлари бу йилги президентлик сайловларида демократларни қўллаб овоз бермоқчи. Ўтган сайловда 72% мусулмонлар Жорж Буш учун овоз беришган.
Хулоса қилиб айтганда, АҚШда Ислом дини жадал суръатлар билан ўсиб бораяпти. АҚШ мусулмонлари демократия маҳсули — эркин ҳаёт ва озодликдан мамнунлар. Улар бу шароитни ўз юртларида учратиши амри маҳол, албатта. Лекин тор доирада бўлса ҳам, АҚШда 11 сентябр воқеаларидан кейин мусулмонларга нисбатан салбий қараш ҳоллари кузатилган. Аввал таъкидлаганимиздек, бу каби ҳолларга тушунмовчилик сифатида қаралса тўғри бўларди. Чунки бу воқеалар жуда тор доирада ва Ислом моҳиятини тушуниб етмаслик оқибатида юз берган. Муҳими, айни пайтда АҚШ жамияти терроризм иллатининг муқаддас Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқлигига тушуниб етмоқда.

Мақоламиз сўнгида АҚШ Давлат Департаментидан олинган қуйидаги статистик маълумотларни эътиборингизга ҳавола этсак:
— Ислом АҚШда энг ривожланаётган динлардан бирига айланди. 2010 йилга бориб АҚШ мусулмонлари сони мамлакатдаги яҳудийлар миқдоридан ошиб кетади ва Ислом дини АҚШда христиан динидан кейинги энг катта динга айланади.
— АҚШ мусулмонлари дунёнинг беш қитъасидаги турли маданият вакилларидан ташкил топган. Энг сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, АҚШ мусулмонларининг 76%ни эмигрантлар, 22%ни эса уларнинг АҚШда туғилган фарзандлари ташкил этаркан.
— АҚШ мусулмонларининг этноҳудудий келиб чиқиши қуйидагича: 26% — яқин шарқлик араблар, 24,4% — жанубий осиёликлар, 23,8 % — африкаликлар, 11,6 % — араб бўлмаган яқин шарқликлар, 6,4% — шарқий осиёликлар.
— Йилнинг Британика қомусида ёзилишича, 2000 йил ўрталарида АҚШ мусулмонлари 4 175 000 та эди. Шуларнинг 1 650 000 нафари Африкадан келиб қолган мусулмонлардан иборат. АҚШда 1990-1995 йиллар орасида ҳар йили келиб чиқиши африкалик бўлган фуқароларнинг ўртача 17 500 нафари Исломни қабул қилган.
— АҚШ мусулмонларининг 32%и Шарқий соҳилларда, 25,3%и мамлакат жанубида, 24,3%и марказий ҳудудлар ва Буюк Кўллар минтақасида ва 18,2%и ғарбий штатларда яшайди.
— Бугун АҚШда 2000 тача масжид, шунингдек қатор исломий мактаблар фаолият юритаяпти.

Отабек ОМОНҚУЛОВ,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси