Меморандум имзолаш маросими. Фото: АҚШ элчихонаси
7 ноябрь куни Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC), АҚШ Соғлиқни сақлаш ва жамоатчиликка хизмат кўрсатиш департаменти ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Тошкент тиббиёт академияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Соҳа бўйича таълим ва илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилувчи ҳужжатни имзолаш маросимида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм иштирок этди.
“CDC ва Ўзбекистоннинг нуфузли тиббиёт академияси ўртасида меморандум имзоланиши Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасида соғлиқни сақлаш ва саломатлик принципларини илгари суришда ривожланиб бораётган ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир”, – деди АҚШ элчиси.
Ўтган икки йил ичида СDC’нинг Ўзбекистондаги идораси Тошкент тиббиёт академиясига “Халқаро тадқиқотлар ва тиббиётда ахлоқий меъёрлар” номли ўқув дастури ишлаб чиқишда техник кўмак берди. Ушбу лойиҳа доирасида атланталик мутахассислар бир гуруҳ катта илмий ходимлар учун халқаро тадқиқот ва ахлоқ нормаларига риоя қилиш бўйича тренинг ўтказди. Янги ишлаб чиқилган ўқув дастуридан эса Тошкент тиббиёт академияси ва унинг мамлакатдаги саккизта филиалидаги 50 та магистрлик курсида фойдаланилади.
CDC ва Тиббиёт академияси ўртасидаги бундай ҳамкорлик пировардида Ўзбекистоннинг илмий тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш, икки мамлакат учун муҳим бўлган дастурлар ишлаб чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда олимларга халқаро миқёсда илмий тадқиқот олиб бориш ва натижаларни нашр этишга имкон беради.
CDC бош қароргоҳи. Атланта, Жоржия. Фото: “Reuters”
Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (Centers for Disease Control and Prevention, CDC) соғлиқни сақлаш соҳасидаги федерал идора саналади. Қароргоҳи Атланта шаҳрида жойлашган муассаса тизимида 15 мингга яқин ходим фаолият юритади. Марказ нафақат АҚШ, халқаро миқёсда ҳам касалликларга қарши курашда жонбозлик кўрсатиб келмоқда.