Анна Франк. Чордоқ ҳикоялари (кундаликлар)

Дугонажоним Китти!

Сенга энг инжа сирларимни ишонаман ва мени қўллаб-қувватлайсан деган умиддаман.

Анна Франк

1942 йил, 14 июнь, якшанба

Хатимни туғилган кунимга берилган совғалар орасида сени кўриб қўлимга олган лаҳзадан бошлайман (аслида, сотиб олинган кунингдан кундалик тута бошлагандим, лекин бу ҳисоб эмас.)

12 июнь, яъни жума куни соат олтида уйғондим. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Ахир, бу туғилган куним эди-да! Аммо барвақт туришим мумкин эмас, шунинг учун чорак кам еттигача аранг чидаб ётдим. Охири бўлмади – ошхонага тушдим, мушугим Муржи оёқларимга суйкалиб кутиб олди. Соат еттидан ўтгач, дадажоним ва ойижонимнинг олдиларига бордим. Кейин совғаларимни очиш учун меҳмонхонага кирдим – ана шунда, сен – мен кўрган биринчи совға бўлдинг, ким билади, балки энг яхши совғамдирсан.

Кейин бир даста атиргул, пионгул, кактус беришди. Дадажоним ва ойижонимдан кўк кофта, ўйинчоқ, бир шиша узум шарбати (таъми винога ўхшаркан, ҳа-я, вино узумдан қилинади-ку), бошқотирма, бир қути музқаймоқ, 2.50 гуилдер[1] пул, иккита китобга сертификат ва “Обскур камераси” китоби – хуллас, кўп совғалар олдим. Бувижонимдан эса айни вақтида хат етиб келди. Бу, албатта, тасодиф эди.

Сўнг дугонам Аннали келди, у билан мактабга кетдик. Танаффусда ўқитувчи ва синфдошларимга ширинликлар улашдим. Дарсдан сўнг жисмоний тарбия машғулотига чиққанлигим сабабли уйга соат бешлардан ўтиб кириб келдим.

Туғилган куним бўлганлиги туфайли ўйинни мен танладим. Синфдошларим атрофимда гир айланишиб, “Туғилган кунинг билан!” деган қўшиқни айтишди.

Уйга келганимда Санна Ледерман аллақачон шу ерда экан. Илсе Вагнер, Аннали Ҳослар ва Жаклин Ван Марсенлар ҳам келишди. Аннали ва Санна – энг яқин ўртоқларим. Бизни бирга кўрганлар “Анна, Ҳанна ва Санналар келишяпти”, дейишади.

Жаклин Ван Марсен билан яҳудий лицейига борганимда танишганман. Энди у ҳам яқин дўстим. Илсе – Анналининг дугонаси. Санна бошқа мактабга боради, у ерда ҳам дўстлари кўп. Улар “Голланд эртаклари ва ривоятлари” деган ажойиб китоб совға қилишди, лекин адашиб иккинчи жилдини беришибди, қолган иккита китобимни биринчи жилдига алмаштириб олдим. Ҳелен холам бошқотирма олиб келди, Стефани холам эса чиройли тўғнағич берди. Лени холам “Дези тоққа чиқади” деган қўрқинчли китоб ҳадя қилди.

Бугун тонгда ваннада ётиб олиб, Рин Тин Тиндек кучукчам бўлсайди, деб хаёл қилдим. Бўлганда эди, уни “Рин Тин Тин” деб атардим, мактабга бирга олиб борардим. Ҳаво очиқ бўлса, қоровулхонага – велосипедлар турадиган жойга боғлаб қўярдим.

Анна

1942 йил, 15 июнь, душанба

Зиёфат якшанба куни тушдан кейин бўлди. Синфдошларим орасида машҳур бўлган “Рин Тин Тин” киносини томоша қилдик.

Иккита тўғнағич, иккита китоб ва хатчўп совға қилишди.

Мактабим, синфдошларим ҳақида ҳам икки оғиз гап ёзай.

Бетти Блоэмедаль жуда камбағалга ўхшайди. У Ғарбий Амстердамнинг жинкўчаларидан бирида яшайди, аниқ манзилини ҳеч қайсимиз билмаймиз. Мактабда аъло баҳоларга ўқийди. Жудаям одамови.

Жаклин Ван Марсен энг яхши ўртоғим, лекин у ҳеч қачон яқин дўстим бўлмаган. Бошида у ягона ва энг яқин дўстим бўлади деб ўйлагандим, аммо жуда-жуда адашган эканман.

Анна

 1942 йил, 20 июнь, шанба

Азизам Китти!

Хўп, бошлай қолай. Ҳозир ҳаммаси жойида, тинчлик. Дадам билан ойим ташқарида. Марго дўстлари билан дугонаси Триникига пинг-понг[2] ўйнагани кетган. Охирги пайтларда мен ҳам бу ўйинга қизиқиб қолдим. Ҳатто бешта қиз бирлашиб, бу ўйин бўйича клуб ҳам ташкил қилдик. Уни “Кичкина айиқ- 2” деб номладик. Жуда аҳмоқона ном.

Аслида клубимизга бошқача ном бермоқчи эдик. Тўсатдан “Кичкина айиқ” ғояси чиқиб қолди. Кичкина айиқ юлдуз туркуми бешта юлдуздан иборат деб ўйлаган эдик, лекин еттита юлдуз бор экан, худди Катта айиқдагидек. Кейин “айирув икки” келиб чиқди.

Илсе Вагнернинг пинг-понг автомати бор. Қачон хоҳласак, ҳатто тамаддихоналарда ҳам ўйнайверамиз.

Бешта пинг-понгчи, айниқса, ёзда, музқаймоққа жуда ҳам ўч бўламиз. Ўйин пайти роса терлаймиз, шунданми, ўйинларимиз кўпинча яҳудийларга рухсат бериладиган “Оазис” ёки “Дельфи” музқаймоқ дўконига бориш билан тугайди.

Мана шунақа. Ҳозирча сен билан дўстлик пойдеворини қўйишга эришдик, азизим Китти.

Эртагача хайр!

Аннанг

1942 йил, 21 июнь, якшанба

Азиз дугонам Китти!

Бугун эрталабдан бутун синф зир-зир титраяпти. Чунки ўқувчиларнинг синфдан синфга ўтишига ёки қолишига қарор қиладиган мажлис бўлиши керак. Ярим синф гаров боғлаган. Г.З. билан йиққан пулининг ҳаммасини гаровга тиккан C.Н. ва Жак Кекернутлар устидан кулиб ўтирамиз. Эртадан кечгача “Сен ўтасан”, “Йўқ, ўтолмайман”, “Ҳа, ўтасан”, “Йўқ, ўтолмайман” деганга ўхшаш гаплар. Ҳатто Г.нинг ёлвориб қарашлари-ю менинг ғазаб билан қош чимиришларим ҳам уларни хотиржам қила олмайди.

Менга қолганда, синфнинг салкам чорак қисми бўлган “қўғирчоқчалар” қолдирилиши керак, лекин ўқитувчилар – дунёдаги энг кутилмаган мавжудот. Ўзим ва дугоналарим учун унча хавотир олмаяпман. Биз уддалаймиз. Қўрқиб турганим – фақат математика.

Нима бўлганда ҳам, қўлимиздан келгани – кутиш. Шундай экан, бир-биримизга “бардам бўлайлик”, дея далда беряпмиз.

Ҳамма устозларим билан яхши муносабатдаман. Улар тўққизта: еттита эркак ва иккита аёл. Математика ўқитувчиси эскича фикрлайдиган, кекса жаноб Кисинг мени деб анча сарсон бўлди, чунки жуда кўп гапирардим. Бир нечта огоҳлантиришдан сўнг қўшимча уй вазифа берди – “Вайсақи” мавзусида иншо ёзиш. Вайсақи. Бу ҳақда нимаям ёзса бўлади? Майли, кейин бош қотирарман деб вазифани тезгина дафтаримга ёзиб олгач, сумкага солдим-да, жимгина ўтиришга ҳаракат қилдим.

Ўша оқшом уй вазифаларимни тугатгач, иншо мавзуси ёзилган вараққа кўзим тушди. Мавзу ҳақида ручкамнинг қалпоғини чайнаб, ўйлай кетдим. Бошқа биров айёрлик қилиб, саҳифани тўлдириш учун сўзлар орасини катта-катта очиб ёзган бўларди. Лекин бу ерда муддао – гапириш зарурлигини ишонарли далиллар билан исботлаш. Ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят, ўйимга етдим. Уч саҳифа ёздим. Жаноб Кисинг имзо қўйгач, қониқдим. Иншода гапириш аёлларнинг қонида борлиги, буни назорат қилиш учун қўлимдан келганича ҳаракат қилишим, лекин бу одатни сира ташлай олмаслигим ҳақида фикр юритганман. Онам ҳам ёшлигида мендек сергап бўлган экан. Гапдан ўзимни тийиб туролмайман деб ёзганман. Жаноб Кисинг ўқиб, роса кулди. Иккинчи дарсда гаплашиб ўтирганимда менга яна иншо ёзишни буюрди. Бу сафар иншо мавзуси – “Вайсақи хоним”.

Бутун синф гурра кулди. Вайсақилар ҳақида иншо ёзишдан безган бўлсам ҳам, қўшилиб кулишга мажбур эдим. Энди яна нимадир ўйлаб топиш, кутилмаган нарса яратиш керак эди. Шоира дугонам Санна иншони бошдан-оёқ шеърий шаклда ёзишга ёрдамлашишини айтди. Қувонганимдан ирғишлай бошладим. Кисинг бу кулгили мавзу билан менга ҳазиллашаётган экан, лекин қараб турсин, ўзи кулгига қолади.

Шеъримни тугатдим, чиройли чиқди! Шеър ота оққуш кўп чийиллагани учун уч жўжасини чўқиб ташлагани ҳақида эди. Бахтимга, Кисинг ҳазилни тўғри тушунди. У шеърни бутун синфга ўқиб берди, айрим жойларига ўзи ҳам гап қўшди. Қўшни синфларга ҳам эшиттирди. Шундан сўнг менга гапиришга рухсат этилди, бошқа иншо ҳам ёздирмади. Аксинча, устоз Кисинг билан ҳазиллашадиган бўлиб олдим.

 Дугонанг Анна

 1942 йил, 24 июнь, чоршанба

Дугонажоним Китти!

Жазирама авжига чиқди. Ҳамма терлаб-пишиб юрибди. Иссиқ бўлишига қарамай, кўп жойга боришим керак. Машина қанчалар яхши нарса эканлигини энди тушуняпман, лекин яҳудийларга ундан фойдаланиш раво эмас; бизга шу икки оёқчамиз ҳам етиб-ортади.

Кеча туш пайти Жан Луйкенстратга тиш докториникига бордим. У Стадстиммертуиэндаги мактабимиздан анча узоқ.

Шифохонада ўтирган жойимда ухлаб қолай дебман. Яхшиямки, ичишга сув беришди. Ёрдамчи доктор жудаям меҳрибон экан.

Кунимиз аравага қолган. Аравакаш Жосеф Исраилкейддан илтимос қилгандим, уйга элтиб қўйди.

Мактабга қатнамасам эди! Велосипедимни Пасха таътилида ўғирлатиб қўйдим. Дадам ойимникини яшириш учун насроний дўстига берган.

Худога шукур, яқинда ёзги таътил бошланади. Яна бир ҳафтадан сўнг барча азоблар ниҳоясига етади!

Кеча эрталаб кутилмаган воқеа юз берди. Велосипедлар қаторидан ўтиб кетаётсам, кимдир мени чақирди. Қарасам, мен кечқурун дугонам Вильманикида кўрган келишган бола. У – Вильманинг тоғаваччаси. Вильмани яхши қиз деб ўйлагандим, ҳа, ростданам яхши, лекин нуқул йигитлар ҳақида гапириб, одамни чалғитади.

Олдимга уялибгина келди. Ўзини Ҳелло Силберберг деб таништирди. Унинг нима хоҳлаётганини билмай, бироз ҳайрон қолдим, аммо тезда англаб етдим. Ҳелло мактабгача кузатиб боришга мендан рухсат сўради.

− Йўлимиз бир экан, майли, − дедим.

Бирга кетдик. Ўн олти яшар Ҳелло кулдиришга уста, қувноқ бола экан.

Бугун эрталаб у яна мени кутиб турган экан. Бу ёғи шундай давом этади, чоғи…

Анна

1942 йил, 1 июль, чоршанба

Азизам Китти!

Рости, шу кунгача ёзишга вақтим бўлмади. Пайшанбада кун бўйи дўстларим билан бўлдим, жумада ишим кўп эди. Ўтган ҳафта Ҳелло билан яқиндан танишиб олдик. Ҳелсенкирчендан бобосиникида яшагани келибди. Ота-онаси Бельгияда истиқомат қиларкан, ўзи у ерга боришнинг йўлини қилолмаётган экан. Севган қизимнинг исми Урсула, деди. Танийман, ширингина, лекин ўлгудай одамови. Мени кўргандан кейин Ҳелло Урсуланинг ёнида жуда зерикишини тушуниб етди. Шундай қилиб, унинг кайфиятини кўтарадиган бўлдим.

Жак шанба куни бизникида тунаб, якшанба куни Анналиникига кетди, мен зерикиб ўлай дедим.

Ҳелло шомда келиши керак эди. Соат олтиларда қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтардим. У:

− Бу – Ҳелмуз Силберберг. Илтимос, Аннани чақириб беринг, − деди.

− Вой, Ҳелло! Бу мен, Аннаман.

− Салом, Анна! Қалайсан?

− Яхши, раҳмат.

− Узр, кечқурун боролмайман, лекин сенга гапим бор, шунинг учун ҳозир борсам бўладими?

− Ҳа, яхши, келавер!

− Бўпти, ҳозир етиб бораман. Кўришгунча.

Гўшакни қўйдим, тезда уст-бошимни алмаштириб, сочимни турмакладим. Асабийлашдим, деразани очиб, йўлини пойладим. Ниҳоят, у кўринди. Қўнғироқ босишини кутдим. Эшикни очишим билан гапира кетди:

− Анна, бувимнинг айтишича, мен билан учрашишга ёшлик қилар экансан. Лоуэнбахларникига боришим керак эмиш, лекин Урсула билан энди учрашмаслигимни билсанг керак.

− Йўқ, билмасдим. Нима бўлди? Уришиб қолдингларми?

− Йўқ-йўқ. Урсулага бир-биримизга мос эмаслигимизни, лекин у уйимга бемалол бораверишини айтдим. Аслида Урсула бошқа биров билан учраш­япти, деб ўйловдим. Аниқласам, ундай эмас экан. Амаким узр сўрашинг керак, деди. Хуллас, орани очди қилдим. Лекин бу – сабаблардан фақат биттаси. Энди бувим сен билан эмас, Урсула билан учрашишимни хоҳлаяпти, аммо мен истамайман. Баъзида кексалар сен билан ҳисоблашишмайди.

Ойим улғайсам, кимга турмушга чиқишимни сўрайди. Аммо икки дунёда ҳам Питерни назарда тутмайди, чунки ўзим бу фикридан қайтарганман. Ҳеч кимни Питердай севмайман! Туйғуларини сездирмаслик учун бошқалар билан учрашиб юради деб ўзимни овутаман. Балки у Ҳелло билан севишишган деб ўйлар, асло ундай эмас. Ҳелло шунчаки дўст ёки ойимнинг таъбири билан айтганда – кавалер.

Аннанг

1942 йил, 5 июль, якшанба

Жума куни яҳудий театридаги сўнгги қўнғироқ кечаси кутилганидек ўтди.

Табелим унчалик ёмон эмасди. Битта “уч” баҳо, алгебрадан “уч ярим”, битта “тўрт+“ ва “тўрт–” дан бошқа ҳаммаси “яхши”. Оиламдагилар баҳоимдан ташвишланишмайди. Соғ-саломат, бахтли бўлсам ва шикоят қилмасам, бас, шунинг ўзи кифоя, қолган нарсалар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетаверади. Ўзим эса, аксинча, нотавон ўқувчи бўлишни истамайман.

Мени яҳудий лицейига шарт билан қабул қилишган. Еттинчи синфни ҳам Монтессори мактабида битиришим керак эди, аммо яҳудий болалар яҳудий мактабига бориши керак бўлгач, жаноб Элт узоқ қистовлардан сўнг Лиэс Ҳослар билан мени қабул қилишга рози бўлди.

Кейинги пайтларда дадам кўпинча уйда. Ишхонада қиладиган иши йўқ: Жаноб Клеиман 1941 йилда очилган “Опекта”ни “Гиэс энд Ко”га алмаштирди. Жаноб Куглер ҳиссадор бўлиб қўшилди.

Бир-икки кун илгари хиёбонни айланиб юрганимизда дадам яшириниш ҳақида гап очди. Дунёдан узилиб яшаш биз учун анча қийин бўлишини айтди. Бу гапни нега ҳозир айтаётганини сўрадим.

− Анна, − дея гап бошлади дадам. − Бир йилдан бери кийим-кечак ва жиҳозларимизни бошқаларникига ташиб юрганимизни биласан. Немислар талон-торож қилмасин деймиз. Ўзимиз ҳам уларнинг чангалига тушишни истамаймиз. Шунинг учун сургун қилмасларидан аввал ўз хоҳишимиз билан кетамиз.

− Лекин қачон, дада?

Дадам шунчалар жиддий оҳангда гапирдики, тўсатдан қўрқиб кетдим:

− Ташвишланма. Ҳар нарсанинг тадоригини кўриб қўямиз. Имкон борида беташвиш ҳаётингдан баҳра ол.

Мана шунақа гаплар. Қанийди, шу совуқ гаплар иложи борича кечроқ амалга ошса.

Эшик тақиллади. Ана, Ҳелло келди! Бўлди, шу ерда тугатаман.

 Аннанг

 1942 йил, 8 июль, чоршанба

Азизам Китти!

Якшанба тонгидан бери йиллар ўтиб кетгандек. Шунча воқеа юз бердики, гўё дунё тўсатдан ағдар-тўнтар бўлганга ўхшайди. Лекин кўриб турганингдек, Китти, ҳали ҳам тирикман. Бу энг муҳими, дейди дадам. Тирик ва соппа-соғман, лекин қаерда, қандай қилиб? Буларни сўрама. Бирорта сўзимга ҳам тушунмаётган бўлсанг керак. Кел, яхшиси, якшанба тушдан кейин нима бўлганидан бошлай қолай.

Соат учда (Ҳелло кетган, лекин қайтиб келиши керак эди) эшик қўнғироғи жиринглади. Айвонда қуёш нурида тобланиб, эринибгина китоб ўқиб ётгандим. Марго ошхона эшиги олдида пайдо бўлди, ранги қув ўчганди.

− Дадамга эсэсдан чақирув хати келибди, − пичирлади у. − Ойим жаноб ван Дан билан кўришгани кетди (жаноб ван Дан – дадамнинг ҳамкори, қалин дўсти.)

Қотиб қолдим. Чақирув? Бунинг нималигини ҳамма билади. Концлагер, бир кишилик камера кўз ўнгимдан ўтди. Дадамни шундай хавфга қандай юборамиз?

− Албатта, дадам бормайди, − деди Марго ойимни кутиб, меҳмонхонада ўтирганимизда. − Ойим жаноб ван Дандан яширин жойимизга эртага кўчиб ўтиш ҳақида сўраб келади. Ван Данлар биз билан кетишяпти. Ҳаммаси бўлиб етти кишимиз.

Орага сукунат чўкди. Биз гапиролмасдик. Дадамнинг ҳеч нарсадан бехабар яҳудий касалхонасига кимнидир кўришга кетгани, ойимни узоқ кутиш, жазирама, саросима − буларнинг бари бизни ўйлантириб қўйди.

Тўсатдан эшик қўнғироғи яна жиринглади.

− Бу Ҳелло, − дедим.

− Эшикни очма! − дея қичқирди Марго мени тўхтатиш учун. Биз пастда ойим ва жаноб ван Даннинг Ҳеллога гапираётганларини эшитдик, кейин икковлари кириб келиб, эшикни ёпиб қўйишди. Ҳар сафар эшик қўнғироғи жиринглаганда Марго билан оёқ учида пастга тушиб, дадамми, йўқми, пойлаб келардик.

Бошқа ҳеч кимни уйга киритмадик. Марго билан хонадан чиқиб кетдик. Ойим ва жаноб ван Дан ёлғиз гаплашишмоқчи эдилар-да.

Опам билан ётоқхонада ўтирганимизда чақирув қоғози дадамга эмас, ўзига келганини айтди. Шу лаҳза иккинчи марта даҳшатга тушиб, йиғлай бошладим. Марго ўн олти ёшда − кўринишдан у тенги қизларни ўз ихтиёрлари билан жўнатишади. Лекин худога шукур, у кетмас экан: ойим буни ўзича айтди, балки дадам яшириниш ҳақида гапирганда, шуни назарда тутгандир.

Яшириниш… Қаерда яширинамиз? Шаҳардами? Қишлоқдами? Уйдами? Ёки кулбадами? Қачон, қаерда, қандай?..

Буларни сўрашим мумкин эмас, аммо шу саволлар барибир миямда айланаверарди. Марго билан энг зарур нарсаларимизни мактаб сумкамизга жойлай бошладик. Биринчи олган нарсам кундалик бўлди, кейин рўмолча, дарсликлар, тароқ ва бир-иккита эски хат. Яшириниш хаёли билан бўлиб, сумкага ҳар хил керак-нокерак нарсаларни солиб ташлабман. Лекин ачинмайман, чунки мен учун хотиралар кўйлаклардан-да қадрлироқ!

Ниҳоят, дадам уйга соат бешда кириб келди. Жаноб Клеиманга телефон қилиб, бугун келишини сўрадик. Жаноб ван Дан Миэпни олиб кетгани жўнади. Миэп кечроқ кийим-кечак олиб келишини айтди-ю қайтиб кетди.

Уйимиз сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди; ҳеч биримизнинг томоғимиздан овқат ўтмади. Ҳаво ҳали ҳам иссиқ, ҳамма нарса ғалати эди…

Миэп билан Жан Гиз соат ўн бирларда келишди. Миэп дадамнинг корхонасида 1933 йилдан бери ишлаб, ўзи ҳам, эри ҳам биз билан дўстлашиб кетган. Яна бир марта оёқ кийимлар, пайпоқлар, китоблару ички кийимлар Миэпнинг сумкаси ва Жаннинг чуқур чўнтакларига жойланди.

Ўн бир яримда улар ҳам кетишди.

Ҳолдан тойгандим, ўз ётоғимда охирги марта тунаётган бўлсам-да, дарров ухлаб қолдим. Тонгги соат беш яримда ойим ўрнимдан турғазмагунча ухлайверибман.

Яхшиямки, ҳаво якшанбадагидек иссиқ эмас; туни билан илиқ ёмғир шивалабди. Тўртовимиз ҳам бу кечаси совуқда ухлайдиган кишилардек қават-қават кийиниб олгандик. Буни иложи борича кўпроқ кийим олиш учун қилдик. Бизнинг ўрнимизда бирорта ҳам яҳудий кийим тўла жомадон кўтариб юришга журъат қилолмасди. Мен иккитадан ичкийим, кўйлак, устидан юбка, жакет, плаш, иккитадан пайпоқ, оғир оёқ кийим, шапка, шарф ва яна алланималарни кийиб олдим. Уйдан чиқмасимдан нафасим бўғилаётганди, лекин аҳволимни ҳеч ким сўраб ўтирмади.

Марго сумкасини дарсликларга тўлдириб, велосипед олиб келиш учун йўл олди. Миэп уни бошлаб кетди.

Барибир борадиган жойимизни тасаввур қилолмасдим, чунки унинг қаерлигини билмасдим.

Соат етти яримда биз ҳам эшикни ёпдик; мушугим Муржи уйда қоладиган ягона тирик жон, у билан видолашдим. Қолдирган хатимизга кўра, биз жаноб Голдсмитникига кетяпмиз, мушукни қўшнилар асраб олишади.

Тартибга солинмаган ётоқлар, столда йиғиштирилмаган дастурхон, мушукка қолдирилган бир бўлак гўшт − буларнинг ҳаммаси шошилинч кетгандек таассурот қолдирарди. Лекин таассуротлар билан ишимиз йўқ эди. Фақат шу ердан чиқиб, омон-эсон манзилга етиб олсак, бас.

Шошиляпман. Қолганини эртага ёзаман.

Аннанг

 1942 йил, 9 июль, пайшанба

Азизам Китти!

Шундай қилиб, дадам, ойим ва мен жала остида, ҳар биримиз биттадан мактаб сумка, оғзигача ҳар хил нарсалар билан лиқ тўла бозор халталарини кўтарганча кетардик. Саҳармардонда ишга отланган одамлар бизга ачиниб қарашарди; уларга қараб, нафлари тегмаётганидан афсусланишаётганини пайқаса бўларди; ахир, биз кийимимизга сариқ матодан мажбуран тиккан ва узоқдан ҳам кўзга яққол ташланиб турадиган олти қиррали катта юлдуз кўп нарсаларни англатарди…

Кўчада кетарканмиз, дадам билан ойим аслида режа қандай бўлганини айтгандай бўлишди. Бир неча ойлардан бери жиҳозларимизни ташиб, уйимизни бўшатаётгандик. 16 июлда яширинишга келишилган экан. Маргога чақирув хати келгани учун режа ўн кун олдинга кўчирилган, бу эса тартибсиз хоналарни эпақага келтириш керак дегани эди.

Яширин жой дадамнинг ишхонасида жойлашган экан. Келинг, яхшиси, аниқроқ тушунтириб берай.

Дадамнинг офисида ишчилар кўп эмас, фақат жаноб Куглер, жаноб Клеиман, Миэп ва Бэп Воскуижл деган йигирма уч яшар машинкачи қиз бор, холос. Бирортасининг ҳам келишимиздан хабари йўқ экан. Бэпнинг отаси жаноб Воскуижл иккита ёрдамчиси билан омборда ишлайди, улар ҳам келишимиздан бехабар экан.

Бинонинг кўриниши мана бундай. Биринчи қаватдаги бир неча қисмга бўлинган катта омбор ишхона ва дўкон вазифасини ўтайди. Масалан, омборда тегирмон ҳам бор, у ерда хантал, саримсоқпиёз, қоғоз парчалари аралашиб ётарди.

Омбор эшигидан кейин офисга кириш учун ҳам эшик бор. Офис эшиги ортида эса зина. Зина тепасида деразасига қора рангда “Офис” деб ёзилган яна бир эшик бор.

Офис беҳад катта, жуда ёруғ ва лиқ тўла моллар. Бэп, Миэп ва жаноб Клеиман кундузи шу ерда ишлашади. Сейф, омбор ва жавон жойлашган айвондан ўтиб кичкина, қоронғи, майда-чуйдалар билан тўлиб-тошган орқа офисга кирилади. Бу хонадан жаноб Куглер ва жаноб ван Дан фойдаланишган, лекин жаноб Куглер унда вақтинча турибди. Унинг офисига йўлакдан ҳам кирса бўлади, лекин у ердаги ойна эшик ичкаридан очилади-ю, ташқаридан очилиши қийин. Агар жаноб Куглернинг хонасидан чиқиб, узун, тор йўлак орқали кўмир баки олдидан ўтгач, тўрт қадам юрилса, шахсий офисга кирилади. Бу ердан бутун бино кўриниб туради. Жиҳозлар пишиқ қизғиш ёғочдан ясалган, линонеумли полга шолчалар ташланган. Радио, чиройли лампа – ҳамма нарса асл. Кейинги эшикдан кенг ошхонага кирилади, у ерда сув иситкич, иккита газ плита, орқасида эса ваннахона бор. Бу – иккинчи қават.

Йўлакдаги ёғоч зинадан учинчи қаватга кўтариламиз. Зина тепасида озгина жой бор, икки тарафида ҳам эшик. Чап томондагиси уйнинг олд тарафидаги омборга олиб чиқади. Австрияча баланд, айланма зиналар уйнинг олд томонидан ҳам ўтган, ундан кейин кўчага очиладиган яна бир эшик бор.

Ўнг томондаги эшикдан уйнинг орқасидаги “Сирли бино”га ўтилади. Оч кулранг эшик ортида шунча хона борлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Эшикдан бир қадам қўйсанг, бас, ичкаридасан. Тўғрингда яна баланд, бурама зиналар. Чап томондаги торгина йўлакдан Франклар уйи­нинг меҳмонхонаси ва ётоқхонасига чиқилади. Кейинги хона кичикроқ, икки ёш хонимнинг дарсхонаси ва ётоқхонаси. Зинадан чап томонда йўлакли, деразаси йўқ ваннахона. Бурчакдаги эшикдан ҳожатхонага ва Марго иккимизнинг хонамизга чиқилади. Зинадан тепага чиқиб, ўртадаги эшик очилса, бу эски уйдаги катта, кенг хонани кўриб, ажабланиб қолади киши. Хонада печка (шукурки, бу жаноб Куглернинг лабораторияси бўлган экан) ва раковина турибди. Бу ван Данларнинг ошхонаси ва ётоқхонаси. Шу билан бирга, умумий меҳмонхона, тамаддихона ва дарсхона ҳам бор.

Бурчакдаги торгина хона – Питерники. Уйнинг олд тарафида бўлгани каби бу ерда ҳам чордоқ ва омборхона бор.

Бори – шу.

Мана, сени ажойиб уйчамиз билан ҳам таништирдим!

Аннанг

1942 йил, 10 июль, жума

Азизам Китти!

Уйимизни таърифлаб сени зериктириб қўйган бўлсам керак. Барибир, чала қолган ҳикоямни тугатиб қўяй.

Принсенграхтдаги 263-уйга етиб келганимиздан сўнг Миэп бизни узун йўлакдан бошлаб, ёғоч зинадан юқори қаватга – уйимизга олиб чиқди. Эшикни ёпиб, бизни ёлғиз қолдирди. Марго анча олдин велосипедда келиб, бизни кутиб турган экан. Барча хоналар ҳар хил нарсага тўлиб-тошган. Сўнгги ойларда корхонага жўнатилган картон қутилар полга, диванларга териб ташланган. Кичкина хона шифтгача тўшаклар билан тўлдирилган. Бу тун озода ётоқда ухлашни хоҳласак, уйни тозалаш керак.

Ойим билан Марго, роса силлалари қуриган экан, бирдан ухлаб қолишди. Лекин дадам иккимиз супур-сидирга киришдик.

Кечгача қутиларни бўшатиб, омборга жойладик, чиқиндиларни тўдаладик. Охири ҳолдан тойиб, каравотларда чўзилиб қолдик.

Кун бўйи иссиқ овқат емадик, лекин бизга фарқи йўқ эди; ойим билан Марго чарчашган, иштаҳалари йўқ. Дадам билан мен эса жуда банд эдик.

Сешанба тонгида кеча тугалланмаган ишимизни давом эттирдик. Бэп билан Миэп купонимизни олиб, дўконга кетишди. Дадам ёруғни тўсадиган пардаларимизни тузатди. Ошхона полини ҳам қиртишлаб тозаладик.

Шундай қилиб, азондан шомгача банд бўлдик. Чоршанбагача ҳаётимда рўй берган улкан ўзгариш ҳақида ўйлашга фурсатим бўлмади. Кейин “Сирли бино”га келганимиздан буён сенга илк бора буларни айтишга, нималар бўлганини ва яна нималар бўлишини ўйлашга имкон топдим.

Аннанг

1942 йил, 11 июль, шанба

Азизам Китти!

Дадам, ойим ва Марго ҳар ўн беш дақиқада бонг урадиган Уэстрторен соати шовқинига ҳали ҳам кўника олишмаяпти. Лекин менга бу товуш жуда ёқди; айниқса, унинг тундаги овози кишига умид ва ишонч беради.

Яширин ҳаёт ҳақидаги фикрларимни билгинг келаётгандир. Менимча, бу ерда ҳеч қачон ўзимни уйдагидек ҳис қилолмасам керак, аммо бу ундан нафратланаман, дегани эмас. Яшашимиз таътилга ўхшаб кетади. Ҳаётни яшириниб кузатиш ғалати экан, аммо на илож.

Чордоқ – бекиниш учун энг яхши жой. Хоналар зах, қинғир-қийшиқ бўлиши мумкин, лекин бутун Амстердамда, йўқ, бутун Голландияда бундан қулай жой бўлмаса керак.

Бугунгача бўм-бўш деворларимиз жуда файзсиз эди. Дадамга раҳмат − у ажойиб плакатимни, кино юлдузлари суратлари тўпламимни олдиндан олиб келган экан − ёпиштиришга бир қути елим ҳам келтирган, деворларни плакатлар билан қоплашим мумкин. Ҳозир деворларга анча кўрк кириб қолди. Ван Данлар келганда, айвон ва болохонадаги ёғоч ғарамларни ҳам тартибга соламиз.

Марго билан ойим бир амаллаб ўзларига келишди. Кеча ойим анча тузук бўлиб, нўхат шўрва пишираётганди, кейин гапга берилиб кетиб, овқатни эсдан чиқарибди. Нўхатлар қорайиб, куйиб кетибди, қанча ишқаламасин, қозондан ажратиб бўлмади.

Оқшом тўртовимиз шахсий офисга бориб, радиода Англия хабарларини тингладик. Биров эшитиб қолади деб шунчалар қўрқдимки, дадамга “юқорига олиб чиқиб қўйинг” деб роса ялиндим. Ойим хавотиримни тушуниб, мени олиб кетди.

Нимаики қилмайлик, одамларнинг эшитиб қолишидан ҳадиксираймиз.

Биринчи кун ишни парда тикишдан бошладик. Рости, уларни парда деб бўлмайди, фабриканинг жуда қаттиқ, ҳар хил шаклдаги латта-путталарини дадам билан уқувсизларча бир-бирига улаб, тикиб чиқдик. Бу “санъат асари” деразаларга тортилди, энди эркинликка чиққунимизча осилиб туради.

Ўнг томонимизда – “Зандам” фирмаларидан бири, “Кег” компаниясининг шохобчаси, чап томонимизда – мебель устахонаси. У ерда ишлайдиганлар кириб-чиқиб туришмаса ҳам, овозимиз девордан эшитилиши мумкин. Марго қаттиқ шамоллаган бўлса-да, кундузи йўталишни ман қилдик, кўп миқдорда кодеин ичиряпмиз.

Сешанба куни ван Данлар келишади, бу кунни орзиқиб кутяпман. Улар билан ҳаётимиз жуда қизиқ ўтади, зерикмаймиз. Кўрдингми, оқшомлари, тунлари сокинлик мени қанчалар асабийлаштиради, ёрдамчиларимиздан бири шу ерда ётиб қолиши учун ҳамма нарсага тайёр эдим.

Бу ер унчалик ҳам ёмон эмас, ўзимиз овқат пиширишимиз, дадамнинг офисида радио тинглашимиз мумкин. Жаноб Клеиман, Миэп ва Бэп Воскуижл ҳам бизга жуда кўп ёрдам қилишди. Аллақачон ровоч, қулупнай, олчадан қишга мураббо тайёрлаб ҳам қўйдик, энди бу ерда роса зериксак керак. Ўқиш учун бир дунё китоб ҳам бор, ҳар хил ўйинчоқлар сотиб оламиз. Лекин ҳатто деразадан қарай олмаймиз, ташқарига чиқиб бўлмайди. Бунинг устига эшитиб қолмасликлари учун овозимизни ҳам чиқармаслигимиз керак, оёқ учида юрамиз.

Кеча юмушимиз роса кўп бўлди. Жаноб Куглер мураббо тайёрлаши учун икки қути олчани данагидан ажратишга тўғри келди. Бўш қутилардан жавон ясаймиз.

Кимдир мени чақиряпти.

Аннанг

1942 йил 2 сентябрда қўшилган қайд

Ташқарига чиқа олмаслигимиз мени шунчалар қаттиқ ранжитяптики, буни сўз билан изоҳлай олмайман. Яширин жойимиз фош бўлишидан ва бизни отиб ташлашларидан жуда-жуда қўрқаман!

Бу, албатта, юракни эзади.

1942 йил, 12 июль, якшанба

Мана шу ой туғилган куним бўлганлиги сабабли ҳамма менга яхши муносабатда бўлди, лекин шундай бўлса-да, кундан-кунга ўзимни ойим ва Маргодан узоқлашиб бораётгандай ҳис этяпман.

Бугун қаттиқ ишладим, мақташди, фақат беш дақиқа ўтар-ўтмас менга дам беришди.

Мен ва Маргога бўлаётган муносабатнинг фарқини пайқаш осон. Масалан, Марго чангютгични бузиб қўйди, шунинг учун ҳаммамиз кун бўйи чироқсиз қолдик. Ойим: “Хўш, Марго, иш қилишни билмаслигинг кўриниб турибди; бўлмаса, шлангни силтармидинг”, деди. Марго нимадир деб ўзини оқлади, муаммо ўз ечимини топди. Лекин бугун тушдан кейин ойимнинг бозор-ўчар рўйхатидаги нарсаларни қайта ёзмоқчи бўлдим, чунки ёзувини сира ўқиб бўлмайди, у эса рухсат бермади. Яна бақириб берди, бунга бутун оила аралаша кетди.

Онам ва Марго билан умуман чиқиша олмайман, буни ўтган бир неча ҳафта ичида янада аниқроқ сездим. Улар биргаликда шунчалар ҳиссиётга берилишадики, асти қўяверинг! Мен эса фақат ёлғизлигимда ўйга чўмаман. Улар доим тўртовимиз нақадар яхши яшаётганимиз, бир-биримизга нақадар мос эканлигимизни таъкидлашади. Мен ундай деб ўйламайман. Гарчи ойим билан Маргонинг тарафини олса-да, дадам – оилада мени тушунадиган ягона киши.

Ойим билан Маргонинг яна бир одатига сира тоқат қилолмайман. Улар доим бегоналарни деб қандай кўз ёш тўкканимни, ҳиссиётларга берилишимни гапириб юришади. Бунга чидаб бўлмайди. Баъзида мушугим Муржи ҳақида ҳам гапириб қолишади, бунга сира тоқат қилолмайман. Муржи яқин дўстим эди. Мен уни куннинг ҳар дақиқасида қўмсайман, у ҳақда нималар ўйлашимни ҳеч ким билмайди; қачон Муржи ҳақида хаёл сурсам, кўзларим ёшга тўлади. Муржи шунчалар ёқимтой, уни шунчалар яхши кўраманки, ёнимизга қайтиб келишини орзиқиб кутаман.

Бир олам орзуларим бор, лекин ҳақиқат шуки, биз уруш тугагунча шу ерда яшашга мажбурмиз. Ҳатто ташқарига ҳам чиқа олмаймиз, меҳмонларимиз эса фақат Миэп, унинг эри Жан, Бэп Воскуижл, жаноб Воскуижл, жаноб Куглер, жаноб Клеиман ва Клеиман хоним (гарчи у бизникига бирор марта келмаган бўлса-да). Чунки бизникига келишга қўрқади.

1942 йили, сентябрда қўшилган қайд

Дадам бирам яхшики! У мени ниҳоятда яхши тушунади. Баъзида дилдан гаплашсагу йиғлаб юбормасам, деб орзу қиламан. Лекин ҳаммасига сабаб – ёш эканлигим кундек равшан. Ҳар доим ёзиб ўтирсам дейман, аммо бундан тез зерикаман.

Шу дамгача бутун ўй-хаёлларимни кундалигимга ишондим. Ҳали кейин­чалик баланд овозда ўқишим мумкин бўлган анча шахсий нарсаларни ёзишим кераклигига сира кўника олмаяпман.

Келажакда ҳиссиётларга камроқ берилиб, кўп вақтимни ҳақиқатни анг­лашга бағишламоқчиман.

Анна

1942 йил, 14 август, жума

Азизам Китти!

Бир ой давомида сени соғинтириб қўйдим, лекин ҳаётимиз шу қадар осойишта ўтмоқдаки, ҳар куни ёзишга арзигулик янгилик тополмайман.

Ван Данлар 13 июлда келишди. Ўн тўртинчида келишар деб кутгандик. Лекин немислар ўн учинчидан ўн олтинчи июлгача ҳар ёққа чақирув хати жўнатавериб, ҳаммани ваҳимага солаётган экан. Шунинг учун кеч бўлмасин деб, ҳарна бир кун бўлса ҳам, эртароқ йўлга чиқишибди.

Питер ван Дан эрталаб тўққиз яримда етиб келди (биз нонушта қилаётгандик). Питер деганлари одамови, тортинчоқ, ўн олтига қадам қўйган йигитча. Ота-онаси эса ярим соатдан кейин келишди.

Ван Дан хоним катта шляпа қутисида тувак кўтариб олганди.

− Тувагимсиз ўзимни уйдагидек ҳис қилолмайман, − деди у. Тувак диван остидан жой эгаллаган биринчи буюм бўлди. Жаноб ван Дан эса йиғма стол қўлтиқлаб олганди.

Илк бор бирга овқатландик. Уч кун ўтиб эса еттовимиз ҳам катта оилага айланганимизни ҳис қила бошладик. Табиийки, улар дунёдан узилиб қолганимиз ҳақида кўп гапиришди. Биз уйимиз ва жаноб Голдсмитга нима бўлганига жуда қизиқаётгандик. Жаноб ван Дан ҳаммасини гапириб берди:

− Душанба куни эрталаб тўққизда жаноб Голдсмит қўнғироқ қилиб, кела оласизми, деб сўради. Етиб борсам, у хуноб бўлиб ўтирибди. Сизлар ташлаб кетган хатни кўрсатди. Хатдаги илтимосларингга кўра, мушукни қўшниларга топширадиган бўлди, унинг фикрига қўшилдим. Жаноб Голд­смит уйни тинтув қилишади деб хавотирлангани учун ҳамма хоналарни бирма-бир қараб чиқдик, очиқ қолган дастурхонни йиғиштирдик. Тасодифан стол устида Франк хонимнинг ён дафтарчасига кўзим тушди, унда Маастрихтдаги аллақандай манзил ёзилганди. Франк хоним уни атайлаб ташлаб кетганини билсам ҳам, ўзимни гўё ҳайрон қолгандек, қўрқиб кетгандек тутдим. Жаноб Голдсмитдан бу далилий ашёни ёқиб юборишини илтимос қила бошладим. Аввал ўзимни гўлликка солаётгандим, кейин шу ёзувни кўриб миямга зўр фикр келди. “Жаноб Голдсмит, − дедим, − ўлай агар, мана шу манзил кимникилигини биламан. Бундан ярим йилча олдин ишхонага мансабдор бир зобит келганди. Жаноб Франкнинг болаликдаги дўсти, чамамда. Керак бўлса, ёрдам беришини айтганди. Ўша зобит Маастрихтда яшарди. Менимча, шу зобит сўзида туриб, Франкларни Бельгия орқали Швейцарияга қочирмоқчи, шекилли. Франкларнинг ёр-биродарлари сўраб келишса, буни айтиб қўйишнинг зарари йўқ. Албатта, Маастрихт ҳақида ҳеч нарса деб ўтирманг”. Шундан кейин кетдим. Бу гап таниш-билишларга тарқаб кетди, кейин уни ўзим ҳам кўпчиликнинг оғзидан эшитдим.

Бу гапларни эшитиб роса кулдик, лекин жаноб ван Дандан танишларимиз тарқатган миш-мишларни эшитганимизда ичакларимиз узилай деди. Масалан, даҳамиздаги бир оиланинг айтишича, биз тонг-саҳарда уйлари ёнидан велосипедда ўтиб кетибмиз, яна бир аёл ярим кечаси ҳарбий машинага ўтириб кетганимизни ўз кўзи билан кўрганмиш.

Анна

1942 йил, 21 август, жума

Азизам Китти!

Бекинган бошпанамиз ростдан ҳам сирли бўлиб қолди. Яширилган велосипедларни қидириб, ҳамма уйларни тинтиб чиқишаётгани учун жаноб Куглер бошпанамиз эшигига китоб жавони ўрнатди. Бу айланма жавон биз учун эшик вазифасини бажаряпти. Жавонни жаноб Воскуижл ясабди, унга яширинадиган бошпанамиз ҳақида айтганимиздан буён анча ёрдами тегди.

Энди пастга тушиш учун аввал эгилиб, кейин сакрашимиз керак. Паст эшикка урилавериб, уч кунда пешоналаримиз кўкариб, моматалоқ бўлиб кетди. Зарбани бироз енгиллатиш учун Питер эшик тепасига чўтка қоқиб қўйди. Кўрамиз, нафи тегармикан!

Дадам менга дарс ўтмоқчи, лекин аввал ҳамма китобларни сотиб олишимиз керак. Кўп дарс тайёрламаяпман. Сентябргача ўзимга таътил эълон қилдим.

Бу ердаги ҳаётимизда айтарли ҳеч нарса ўзгармаяпти. Питер бугун бошини ювди. Шу ҳам арзигулик янгиликми? Жаноб ван Дан билан чиқишиб кетдим. Аммо ойимнинг менга худди ёш боладек муносабатда бўлиши асабларимни бузади. Қолган ҳаммаси изга тушиб боряпти. Менимча, Питер сира ҳам ўзгармаган. Кун бўйи каравотда чўзилиб ётадиган, ўлгудек дангаса бола. Озгина дурадгорлик қилгандек бўлади-да, яна чўзилиб олади. Қандай аҳмоғ-а!

Бугун тонгда ойим менга яна насиҳат қила бошлади. Ҳамма нарсага қарашларимиз бир-бирига зид. Дадам шундай яхшики: баъзида жаҳл қилади, бироқ бу узоғи билан беш дақиқага чўзилиши мумкин, холос.

Бугун ҳаво ажойиб бўлди, лекин шундай иссиқ ҳавода чордоқда ётишдан бошқа чорамиз йўқ.

Аннанг

1942 йил, 21 сентябрда қўшилган қайд

Охирги пайтларда жаноб ван Дан менга тобора яхшироқ муомала қиляпти, бундан жуда хурсандман.

1942 йил, 2 сентябрь, чоршанба

Азизам Китти!

Жаноб ван Дан хотини билан қаттиқ жанжаллашиб қолди. Дадам билан ойим бир-бирларига ҳатто овозларини кўтариб гаплашганини ҳам эслолмайман. Бунақа жанжални эса умримда кўрмаганман. У аслида арзимаган нарсадан чиқди. Ҳа, майли, ҳамма ўзича ҳақ, ҳеч кимни айблаб бўлмайди.

Бечора Питерга қийин, икки ўт орасида қолиб кетган, лекин ўта нозик, дангаса бўлгани учун ҳеч ким уни жиддий қабул қилмайди. Кеча, масалан, тили кўкариб кетганига роса хавотирланди. Бу кишибилмас касаллик қанча тез пайдо бўлган бўлса, шунча тез ўтиб кетди. Бугун қалин шарф боғлаб олибди, елкаси санчаётганмиш. “Ҳазрати олийлари” юрак, буйрак, ўпка оғриғидан ҳам азият чекадилар. Шунақа нозикларки! (Тўғри таъриф, шундай эмасми?)

Ойим билан ван Дан хоним унчалик чиқиша олишмаяпти. Келишмовчиликларга сабаблар бир талай. Бир кичик мисол. Ван Дан хоним умумий жавонимиздан ўзининг чойшабларини олиб қўйибди, фақат учтагина қолдирган. Ўзича ойимнинг чойшаблари ҳаммага етади деб ўйлаяпти. Ойим ҳам худди шундай қилганини билса, роса ҳайрон қолади. Бундан ташқари, ван Дан хоним унинг чинни идишларидан фойдаланаётганимизга хуноб бўляпти. Идишларимизни қаерга яширганимизни билиб олмоқчи; уларни хоним ўйлагандан анча яқинроқда, айвондаги картон қутиларга жойлаб, устидан “Опекта” эълон қоғозларини ёпиб қўйганмиз. Биз шу ерда эканмиз, идишларимиз унинг қўлига тушмайди. Ўзим ҳам жуда ношудман-да! Кеча ван Дан хонимнинг битта косасини синдириб қўйдим.

− Эҳтиёт бўлсанг-чи! − деди у жиғибийрон бўлиб. − Бор-йўғим шу эди-ку!

Китти, билсанг эди, уйимиздаги икки хоним голланд тилини шу қадар бузиб гапиришадики (жанобларни айтмай қўя қолай, жуда қаттиқ ранжишади). Агар уларнинг гапиришларини эшитсанг эди, кулавериб, қотиб қолардинг. Хатоларини тузатмай ҳам қўйдик, бунинг фойдаси йўқ. Уларнинг гапларини ёзсам ҳам, айнан эмас, адабий тилда ёзаман.

Ўтган ҳафта бир хил ҳаётимиз мароми бироз бузилди. Бунга сабаб – Питер ва аёллар ҳақидаги китоб. Изоҳ берай. Марго ва Питерга жаноб Клеиман берган деярли ҳамма китобларни ўқиш мумкин. Лекин бу жиддий китобни катталар ўзларига олишди. Бу эса дарров Питернинг эътиборини тортди. Уларда қанақа тақиқланган нарсалар ёзилган экан? Ойиси пастда гаплашиб турганда Питер китобни билдирмасдан олиб, хонасига кириб кетди. Икки кун ҳаммаси жойида эди. Ван Дан хоним буни биларди, лекин жаноб ван Дан хабар топмагунча, ҳеч нарса демади. Унинг жаҳли чиқиб, китобни тортиб олди, шу билан масала тамом деб ўйловди. Лекин ўғлининг қизиқиб қолганига эътибор бермабди. Питер отасининг важоҳатига парво ҳам қилмади, ўша қизиқарли китобни охиригача ўқиб қўйишнинг бошқа йўлларини қидира бошлади. Шу орада ван Дан хоним ойимдан маслаҳат сўради. Ойим айнан шу китоб Маргога тўғри келади деб ўйламасди, лекин бошқа китобларни ўқишнинг зарари йўқ деб биларди.

− Кўряпсизми, − дея гап бошлади ойим. − Марго билан Питернинг орасидаги фарқ жуда катта. Биринчидан, Марго қиз бола, қизлар ўғил болалардан кўра тезроқ вояга етади. Иккинчидан, у жуда кўп жиддий китоблар ўқиган, шунинг учун уни тақиқланадиган нарсалар кўп қизиқтирмайди. Учинчидан, Марго анча нозиктабиат, тўрт йил яхши мактабда ўқигани учун фикрлаши ҳам анча дуруст.

Ван Дан хоним ойимнинг фикрига қўшилди, лекин қоидага кўра, катталар учун ёзилган китобларни болаларнинг ўқишига рухсат бериш нотўғри деди.

Питер ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб, китоб билан ишлари бўлмай қоладиган пайтни пойларди. Кечқурун етти яримда офисда ҳаммамиз радио эшитиб ўтирардик, у эса “хазина”сини яна жавондан ўғирлаб кетди. Соат саккиз яримда жойига қўйиши керак эди, аммо китобга шунчалар шўнғиб кетибдики, вақтни унутибди, меҳмонхонага отаси билан бир пайтда кириб келди. Шу пайт бақир-чақир бошланди, охири китоб стол устида қолди, Питер эса хонасига чиқиб кетди.

Кечки овқат пайтида Питер хонасидан чиқмади. Ҳеч ким у ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмади; у оч ухлаб қолишга мажбур эди. Биз эса чақчақлашиб овқатланавердик, шу пайт қўрқинчли ҳуштак овози эшитилди. Ҳаммамиз бир-биримизга тикилиб қолдик, ҳаммамизниинг юзимизда бир хил қўрқув!

Кейин қувурдан Питернинг: “Пастга тушиб бўпман!” – деган овози эшитилди.

Жаноб ван Дан ўрнидан ирғиб турди, сочиғи ҳам полга тушиб кетди, қизариб-бўзариб: “Буниси энди ошиб тушди!” – дея бақирди.

Юз бериши мумкин бўлган воқеадан хавотир олган дадам унинг қўлини ушлаб олди, икковлари юқорига чиқиб кетишди. Сўкиш, уришишдан кейин Питерни қамаб қўйишди, биз эса овқатланишда давом этдик.

Ван Дан хоним арзандасига бир бўлак нон бермоқчи бўлди, лекин жаноб ван Дан ҳеч юмшамади:

− Агар кечирим сўрамаса, айвонда ухлайди!

Биз ялина бошладик, оч ухлашнинг ўзи етарли жазо эди. Питер шамоллаб қолса-чи? Шифокор чақира олмаймиз-ку.

Питер кечирим сўрамади, хонасига қайтиб чиқди. Шундан кейин жаноб ван Дан ўғлини тинч қўйди, лекин эртаси тонгда Питер ўз хонасида ухлаганини сезди. Кейин соат еттида яна айвонга чиқиб кетди. Дадам бир-икки оғиз яхши гапирган эди, пастга тушди. Уч кун ота-бола бир-бирига ёвқараш қилиб, жим юришди, кейин ҳаммаси жойига тушиб кетди.

Аннанг

1942 йил, 21 сентябрь, душанба

Азизам Китти!

Дадам билан оилавий шажарамизни тузяпмиз. У ҳар бир аждодимиз ҳақида эринмай гапириб беради.

Дарс тайёрлашни бошладим. Француз тилини берилиб ўрганяпман, ҳар куни бештадан нотўғри феъл ёдлайман. Мактабда ўрганганларимнинг кўпи ёдимдан чиқибди. Питер эса инглиз тилига берилиб кетди. Бир-иккита дарсликларим етиб келди, дафтар-қаламлар йиғиб қўйганман. Дадам голланд тилини ўргатишимни истаяпти. Ўзи менга француз тилидан ва қолган фанлардан ёрдам беради. Лекин унинг голландча хато гаплари одамни ҳайратга солади!

Баъзида Англия радиосида голланд тилидаги янгиликларни тинглайман. Яқинда шаҳзода Бернард ва малика Жулиана январда фарзандли бўлишларини эълон қилишди. Менимча, бу ажойиб янгилик. Қироллик оиласига бунчалар қизиқишимни бу ерда ҳеч ким тушунмайди.

Кеча гаплашиб ўтирганимизда, ҳамма мени аҳмоққа чиқариб қўйди. Эртаси куниёқ берилиб дарс тайёрлашга киришдим. Ўн тўрт, ўн бешга кирсам ҳам, синфдан синфга қолавермайман-ку! Менга деярли ҳеч қандай китоб ўқиш мумкин эмаслиги ҳақида ҳам гаплашдик. Ҳозир ойим “Жаноб­лар, аёллар ва хизматкорлар” деган китоб ўқияпти, менга, албатта, буниям ўқиш мумкин эмас (Маргога эса мумкин!) Аввал, доно опажонимга ўхшаб ақлан етилишим керак эмиш. Яна фалсафа, психология ва физиологиядан умуман бехабар эканлигим ҳам муҳокама қилинди. Бу сўзларни кейин луғатдан кўриб олдим. Ҳақиқатан ҳам, улар ҳақида ҳеч вақони билмайман. Ҳа, майли, келаси йил ақллироқ бўларман!

Буни қараки, қишда кийишга биттагина енги узун кўйлагим, учта кофтам бор экан, холос. Дадам жунли, оқ свитер тўқишимга рухсат берди; унчалик чиройли эмас, лекин иссиқ, шунинг ўзи етади. Кийим-кечакларимизнинг кўпи дўстларимизникида қолган, уруш тугамагунча уларни ололмаймиз (бутун турган бўлса, албатта). Ван Дан хоним ҳақида бир нарса ёзиб бўлувдим ҳамки, ўзи келиб қолди. Қўрқиб, дафтарни ёпиб олдим.

− Ҳой, Анна, битта кўрсат дафтарингни!

− Йўқ, хоним.

− Охирги бетини кўрсата қол!

− Йўқ, охирги бетини ҳам кўрсата олмайман.

Қўрқувдан жон-поним чиқиб кетди. Ахир, охирги бетда у ҳақда нохуш гаплар ёзилган эди-да.

Ҳар куни нимадир юз беряпти, аммо бунинг ҳаммасини ёзишдан чарчадим, эриняпман.

Аннанг

1942 йил, 25 сентябрь, жума

Дугонажоним Китти!

Дадамнинг жаноб Дрехер деган етмишга кириб қолган бир таниши бор. Касал, камбағал, қулоғи ҳам том битган. Ўзидан йигирма етти ёш кичик хотини ҳам бор. У ҳам ночор, лекин қўл ва оёқларини тақинчоқлар билан безаб юради. Улар яхши кунларидан ёдгорлик. Хуллас, ўша жаноб Дрехер дадамнинг бошига кўп нохушликлар солган. Доим дадамнинг сабр билан ўша қари нусхага нималарнидир тушунтиришига қойил қолардим. Ҳали уйда яшаган пайтларимизда ойим дадамга телефоннинг олдига ҳар уч дақиқада “Ҳа, жаноб Дрехер” ва “Йўқ, жаноб Дрехер” деб турадиган граммофон қўйишни маслаҳат берган. Чолга нима фарқи бор, у барибир дадамнинг узундан-узоқ жавобларини яхши эшитмайди.

Бугун жаноб Дрехер ишхонага қўнғироқ қилиб, жаноб Куглерни уйига чақирди. Жаноб Куглернинг шашти паст эди, Миэпни жўнатаман дея жавоб берди. Миэп эса учрашувни бекор қилди. Дрехер хоним уч марта қўнғироқ қилди, Миэп чиқиб кетган киши бўлиб, Бэпнинг овозига тақлид қилишига тўғри келди. Пастдаги ишхонада ҳам, чордоғимизда ҳам гур-гур кулги кўтарилди. Энди ҳар сафар телефон жиринглаганда Бэп: “Бу жаноб Дрехер”, – дейди, Миэп кулиб қўяди, бундай беодобликдан мижозлар ҳам ҳайратда. Тасаввур қилолмайсан-а? Бу дунёдаги энг яхши ишхона бўлса керак. Бошлиқларга котибалар шундай ҳазил қилишса-я!

Баъзан оқшомлари гаплашгани ван Данларнинг хонасига кириб тураман. Куядори ҳидли пишириқ еймиз (пишириқлар сақланган жавонга қурт-қумурсқа тушмаслиги учун куядори сепилган), вақтимиз чоғ ўтади. Яқинда Питер ҳақида гаплашдик. Питер ёноқларимдан чимчилашини, бу эса менга умуман ёқмаслигини айтдим. Улар катталарга хос тарзда Питерни акадек яхши кўра олиш-олмаслигимни сўрашди, у мени худди синглисидек яхши кўрармиш! Ичимда “Йўқ, йўқ!” десам ҳам, уларга “Йўғ-е!” дедим. Бир тасаввур қилиб кўр! Яна Питернинг, қизлар билан кўп гаплашмаганлиги учунмикан, уятчанлигини қўшиб қўйдим.

Айтишим жоизки, “Чорбоғ комиссияси” (эркаклар) жуда кашфиётчи! Қара-я, улар нарсаларимизни сақлаб турган “Опекта”нинг бошлиғи жаноб Броксга қандай қилиб хат жўнатиш йўлини ўйлаб топишибди. Улар шимолий Зеландияда[3] яшайдиган бир мижозга хат жўнатишади, конвертга ишхонанинг манзили ёзилган бўлади. Манзилни дадамнинг ўзи ёзади. Жавоб келгач, дадам конвертга ўзи ёзган хатни жойлаб қўяди.

Шу йўл билан жаноб Брокс биздан хат олади, манзилимиз қаердалигини эса барибир билмайди. Улар ўша ерни Бельгияга яқин бўлганлиги учун танлашди (у ёқда рухсатномасиз ҳам хат юборса бўлади). Лекин Зеландияга махсус рухсатсиз бориш мумкин эмас. Жаноб Броксга ўхшаган оддий савдогарга рухсат тегиши амримаҳол.

Кеча дадам яна бир қизиқ иш қилди. Чарчаб ухлаб қолган эди, оёқлари музлаб кетибди, пайпоғимни кийдириб қўйдим. Беш дақиқа ўтар-ўтмас пайпоқни ечиб, полга отди. Чироқ кўзига тушаётган экан, бошини кўрпага буркаб олди. Чироқни ўчирганимиздан кейин секин кўрпадан бошини чиқарди. Қизиғ-а!

Кейин Питер Маргони нега “бувижон” дейиши ҳақида гап кетди. Шу пайт дадамнинг: “Кампирлардек ўтиравергани учун”, деган бўғиқ овози эшитилди.

Ван Данларнинг мушуги Муши борган сари менга яқинлашяпти, аммо ҳали ҳам ундан қўрқиб турибман.

Аннанг

1942 йил, 27 сентябрь, якшанба

Азизам Китти!

Бугун ойим билан тортишиб қолдик, лекин йиғлаб юборганим алам қиляпти. Ҳеч ўзимни босолмадим. Дадам доим яхши муносабатда бўлади, у мени яхшироқ тушунади. Бундай пайтларда ойимни ёмон кўриб кетаман. Ойимга тамомила бегонаман; у энг оддий нарсалар ҳақидаги фикримни ҳам билмайди.

Биз хизматкорлар ҳақида гаплашаётгандик. Уларни ҳозир “уй ишларига кўмакчи” деб аташ урф бўлган. Ойим уруш тугаса, уларни бундай аташмайди, деди. Бу фикрга қўшилмадим. Шу пайт у келажак ҳақида хонимлардек ўйлашимдан ўпкалади. Ундай эмасман, ҳавойи қасрлар қуриш, менимча, ёмон эмас, буни жиддий қабул қилмасам бўлди-да. Яхшиямки, дадам мени ҳимоя қилади. У бўлмаганда, буларга бир дақиқа ҳам чидай олмасдим. Марго билан ҳам келиша олмайман. Оиламизда ван Данларникидек жанжаллар бўлмаса ҳам, бу ерда яшашим жуда оғир. Ойим билан Маргонинг табиати мендан жуда-жуда узоқ. Ўз ойимдан кўра дугоналаримни яхшироқ тушунаман. Бу уят эмасми?

Ван Дан хонимнинг кайфияти йўқ. Яна аввалгидек ўз нарсаларини қулфлаб қўйяпти. Лекин бизнинг шароитда нарсалар умумий ишлатилиши керак-ку! Ойим унга ўхшаб нарсаларини яширмаётгани ёмон-да. Ван Данларга ўхшаган одамлар фақат ўз болаларини ўстириб, бошқаларга ёрдам бермай завқланишади. Маргога бунинг кераги йўқ, у шундоқ ҳам мулойим, ақлли, менинг камчиликларим эса икковимизга ҳам етади. Ван Данлар неча марталаб дастурхон устида танбеҳ беришади, ойим билан дадам доим тарафимни олишади. Дастурхон устида кўп гапирмай, катталарга луқма ташламай ўтиришни қанчалар ўргатишмасин, барибир, қулоғимга кирмайди. Агар дадам бунчалар сабрли бўлмаганда, қачондир ота-онамни бахтли қила олишим ҳақидаги умидим аллақачон пучга чиқарди.

Баъзи сабзавотлар ёқмагани учун ўрнига фақат картошка ейман, бу эса, албатта, ван Данларга ёқмайди. Айниқса, ван Дан хоним эркалигимни ҳазм қилолмайди.

− Қани, Анна, сабзавотлардан ҳам ол, − дейди у.

− Йўқ, раҳмат, хоним. Шу сабзавотлар ҳам етиб ортади.

− Сабзавотлар фойдали, ойинг ҳам шундай дейди. Қани, олақол, − дея туриб олади у. Бу ҳолат дадам тарафимни олмагунча давом этаверади. Кейин ван Дан хоним қуюшқондан чиқади:

− Сизлар бизнинг уйга бир боришинглар керак. Бизда болалар рисоладагидек тарбияланади. Анна жудаям эрка, мен бунга йўл қўймасдим. У қизим бўлганда эди…

Суҳбат доим шундай бошланиб, шундай тугайди: “Анна қизим бўлганда эди…” Худога шукур, унинг қизи эмасман.

Фарзанд тарбиялаш масаласига келсак, кеча ван Дан хонимнинг нав­батдаги қисқа “нутқи”дан сўнг орага жимлик чўкди. Кейин дадам жавоб берди:

− Менимча, Анна жуда яхши тарбияланган. Нима бўлганда ҳам, у сизнинг ақл ўргатишларингизга жавоб бермаяпти-ку. Сабзавотларга келадиган бўлсак, гап эгасини топади.

Ван Дан хоним мағлуб бўлди. “Гап эгасини топади” деган ибора хонимнинг ўзига қаратилган, чунки у киши оқшомлари нўхат ҳам, карам ҳам емайди, қорнини безовта қилармиш. Мен ҳам шундай баҳона топсам бўларди. Нақадар бемаънилик, шундайми? Нима бўлганда ҳам, у мени турткилайверишини қўяр деб умид қиламан. Ван Дан хонимнинг дарров қизариб кетишини кўрсанг эди, бирам кулгили! Мен эса ҳечам қизармайман, бу эса уни ўлгудек хуноб қилади.

Аннанг

1942 йил, 29 сентябрь, сешанба

Сирли чордоғимизда жуда ғалати воқеалар юз берди! Ўзинг тассавур қилиб кўр. Ваннамиз йўқ, тоғорада чўмиламиз, иссиқ сув эса фақат пастдаги офисда бор. Чўмилиш учун еттовимиз ҳам навбатда турамиз. Ҳаммамиз ҳар хилмиз, турли даражада уятчанмиз, шунинг учун чўмилишга ҳамма ҳар хил жойни танлаган. Питер эшиги ойнаванд бўлса ҳам, ошхонада ювинади. Чўмилишдан олдин ҳаммага ярим соат ошхонага яқин йўламасликни битталаб тайинлаб чиқади. Унга шу огоҳлантиришнинг ўзи етарли. Жаноб ван Дан ўз хонасида чўмилади, тепага сув ташишдан ҳам эринмайди. Ван Дан хоним ҳали бирор марта ҳам чўмилгани йўқ, ҳануз яхшироқ жой қидириб юрибди. Дадам шахсий кабинетида, ойим ошхонадаги плитанинг орқасида ювинади. Марго иккимиз ишхонанинг залини танлаганмиз. Шанба тушдан кейин пардаларни ёпамиз-да, чўмилаверамиз. Деразадан мўралаб, ўтган-кетганларни томоша қиламиз.

Бир ҳафта олдин менга бу жой умуман ёқмай қолди, чўмилишга бошқа жой қидира бошладим. Питер ҳожатхонада ювинишни маслаҳат берди. Жуда зўр фикр, ўтириб чўмилиш мумкин, чироқ ҳам бор. Бировнинг ёрдамисиз ишлатилган сувни оқизиб юбора оламан, энг яхшиси, биров кўриб қолади деб қўрқмайсан. Янги “ванна”дан илк бор якшанба куни фойдаландим, ҳайрон қолишинг турган гап, лекин менга бу жой ёқди.

Чоршанба куни пастдаги иссиқхонага сантехник келди. Кабинетдаги сув қувурлари қишда музлаб қолмаслиги учун йўлакка кўчирди. Сантехникнинг “ташрифи”, албатта, биз учун ёқимсиз кечди. Кун бўйи сув ишлатмаганимиз майлику-я, лекин ҳожатхонага ҳам киролмаганимиз ёмон бўлди. Бу муаммони қандай ечганимизни айтиб берай; буни ёзишга арзимайди деб ўйлашинг мумкин. Аммо бундай масалаларда жудаям уятчан эмасман. Сантехникнинг “ташрифи” мобайнида бизга тувакларимиз холис хизмат қилди. Бироқ энг даҳшатлиси, кун бўйи қимирламай, овоз чиқармай ўтирдик, шундоқ ҳам доим пичирлашиб юрамиз, лекин буниси мендек вайсақи учун анча қийин кечди. Уч кун бир жойда жим ўтираверганимдан орқаларим оғриб кетди. Яхши ҳамки, машқлар анча ёрдам берди.

Аннанг

1942 йил, 1 октябрь, пайшанба

Азизам Китти!

Кеча жудаям қўрқиб кетдим. Соат саккизда эшик тўсатдан тақиллаб қолди. Хаёлимга биринчи бўлиб “бизни олиб кетишади” деган фикр келди. Кимни назарда тутаётганимни биласан. Лекин ҳамма почтальон ёки шунчаки ўтиб кетаётган йўловчи деб ўйлади, шундан кейин мен ҳам бироз ўзимга келдим.

Бу ерда кунлар жуда сокин ўтади. Жаноб Левинсохн пастдаги ошхонада Куглернинг қўлида ишлаяпти, унинг яҳудийлар учун кичкинагина дорихонаси бор, ўзи кимёгар. Бу бинони беш бармоғидек билади, бирор кун чорбоққа кириб қолади деб ҳаммамиз юрагимизни ҳовучлаб яшаяпмиз. Ахир, бу ерда унинг эски лабораторияси жойлашган-ку! Сичқонга ўхшаб секин тимирскиланиб юрамиз. Вайсақи Аннанинг соатлаб бир жойда мум тишлаб ўтириши уч ой илгари кимнинг ҳам хаёлига келарди, аммо бечора нима ҳам қилсин?

1942 йил, 9 октябрь

Азизам Китти!

Бугун фақат салбий янгиликлар эшитдим. Кўплаб яҳудий ёр-биродарларимизни тўда-тўда қилиб лагерларга ҳайдаб кетишаётган экан. Гестапо уларни ҳайвондан баттар қийнаб, Вестерборкка пода ташийдиган вагонларда жўнатаётган экан. Вестерборк Дрентедаги[4] энг катта лагерь. Миэп у ердан қочиб кетган киши ҳақида гапириб берди. Вестерборк жуда даҳшатли бўлса керак. Одамларга ейишга ҳеч вақо беришмасмиш. Сув эса кунига фақат бир соат тарқатиларкан, минглаб одамларга бир жўмрак ва битта ҳожатхона. Аёл, эркак – ҳаммаси бир жойда ётиб туришармиш, аёллар ва болаларнинг ҳам сочи қириб ташланармиш. Қочиш деярли имконсиз экан; уларни яҳудий қиёфасидан, қирилган бошидан пайқаб қолишаркан. Голландияда аҳвол шунчалар ёмон бўлса, немислар яҳудийларни жўнатаётган одам оёғи етмаган жойларда аҳвол қандай экан-а? Кўпчиликни ўлдириб юборишса керак. Британия радиосининг айтишича, уларни газлашаётганмиш. Балки бу тезроқ ўлдириш усулидир.

Уларга ачиниб кетяпман. Миэп бу даҳшатли воқеаларни шу қадар куйиниб гапириб бердики, асти қўяверасан. Ўзи ҳам жуда хафа. Масалан, бошқа бир куни унинг остонасида бир кекса яҳудий кампир гестапо машинасини кутаётган экан. Боёқиш осмонни ёритган прожекторлар ва инглизларнинг самолётларига қарата отилаётган ўқ овозларидан даҳшатга тушиб ўтирган эмиш. Шундай бўлса ҳам, Миэп уни уйига киритишга журъат қила олмабди. Бунга кимнинг ҳам ҳадди сиғарди дейсиз. Жазолашга келганда немислардан ваҳшийси йўқ.

Бэп ҳам ғамга ботган. Унинг қаллиғи Германияга хизматга жўнатилган. Ҳар сафар самолётлар учиб ўтганда, бомба бориб Бертруднинг бошига тушади деб хавотирланади. “Бомбаларнинг ҳаммаси унинг бошига тушолмайди, биттаси ҳам етиб ортади”, дея тутуруқсиз ҳазил қилиб бўлардими бу вазиятда? Бертруд Германия учун ишлашга мажбур қилинган ягона одам эмас, албатта. Ҳар куни вагон-вагон навқирон йигитлар жўнатилади. Баъзилари поезд кичикроқ бекатда тўхтаганда қочишга ҳаракат қилишади. Фақат бир-иккитаси сездирмасдан қочишга, яширин жой топишга муваффақ бўлишади.

Эзгин ҳисоботим ҳали тугамади. “Асирлар” деган сўзни ҳеч эшитганмисан? Бу исёнчиларга энг охирги жазо. Менимча, у даҳшатли нарса! Оддий фуқаролар − бегуноҳ одамлар − қатлни кутиш учун қамоққа олиб кетилади. Гестапо исёнчини топа олмаса, бешта асирни деворга тираб қаторлаштиради. Эртаси куни уларнинг “тасодифан ўлганлиги” ҳақидаги хабарни газеталарда ўқийсан.

Нима ҳам дердим, бу немислар жуда “инсонпарвар” халқ-да! Мен ҳам шулардан бириман! Йўқ, ундай эмас! Гитлер жаноблари бизни анча олдин рўйхатдан ўчириб ташлаган. Шунга қарамай, ер юзида немислар учун яҳудийлардек даҳшатли душман йўқ.

Аннанг

1942 йил, 14 октябрь, чоршанба

Азизам Китти!

Жудаям бандман. Кеча “Беқиёс Нивемиз” деган китобнинг бир бобини таржима қилдим, янги сўзларни луғат дафтаримга ёзиб қўйдим. Кейин математикадан қийин бир масалани ечдим, француз тилидан уч бетлик грамматик машқни таржима қилдим, тарихни ўқидим. Математикани кўрарга кўзим йўқ. Дадам ҳам шундай дейди. Математикани дадамдан дурустроқ биламан, лекин аслида икковимиз ҳам битта масалани эплаб ечолмаймиз, шунинг учун Маргони ёрдамга чақиришга мажбурмиз.

Стенографияни ҳам катта қизиқиш билан ўрганаяпман. Учовимиздан мен каттароқ натижаларга эришяпман. “Бўрон” асарини ўқиб чиқдим. Яхши китоб экан, лекин барибир “Юп те Ҳул”га етмайди. Иккита китобда ҳам бир хил сўзларни учратиш мумкин, икковиниям бир киши ёзган-да. Кисси ван Марксвелд – ажойиб ёзувчи, катта бўлсам, болаларимга унинг ҳамма китобини ўқиб чиқишга рухсат бераман. Бундан ташқари, Корнернинг кўплаб пьесаларини мутолаа қилдим. Менга унинг ёзиш усули ёқади. Масалан, “Ҳедвиг”, “Бременлик жиян”, “Хизматкор”, “Яшил домино” каби асарларини ўқиб чиқдим.

Ойим ва Марго билан ярашиб олдим. Шундай бўлгани анча яхши. Кеча оқшом Марго билан ётоғимда бирга ухладик. Роса сиқилиб қолдим, ҳа, майли, шуниси билан қизиқ бўлди-да. У кундалигимни баъзида ўқиб туришга рухсат сўради. “Баъзи жойларинигина ўқийсан”, дедим. Уникини ўқишга ҳам рухсат сўрадим. У ҳам бериб турадиган бўлди.

Гап келажакка келиб тақалди. Ундан келажакда ким бўлмоқчилигини сўрадим. Ҳали билмаслигини айтиб қутулди. Менимча, бу ўқитувчиликка ўхшаган бирор иш бўлса керак, лекин аниғини билмайман. Бунчалик қизиқувчан бўлиш ҳам ярамайди.

Бугун тонгда Питерни ётоғидан чиқардим-да, ўзим ётиб олдим. Унинг тепа сочи тикка бўлди, менга эса барибир эди. Баъзида мен билан дўстлашишга ҳаракат қилаётгандек туюлади. Нима бўлсаям, кеча оқшом битта олма бердим.

Бир сафар Маргодан хунукманми-йўқми, деб сўраган эдим, жуда ёқимтойлигимни, кўзларим чиройли эканлигини айтди. Бироз ноаниқ жавоб, шундайми? Майли, кўришгунча!

P.S. Бугун тонгда ҳаммамиз тарозида вазнимизни ўлчадик. Марго 60 кг, ойим 62 кг, дадам 70 кг, мен 44 кг, Питер 67 кг, ван Дан хоним 54 кг, жаноб ван Дан 75 кг чиқдик. Қара-я, бу ердаги уч ой ҳаётимиз давомида саккиз ярим килога тўлишибман. Кўп-а?

1942 йил, 20 октябрь, сешанба

Азизам Китти!

Ваҳима босилганига икки соат ўтган бўлсаям, ҳалигача қўлим қалтираяпти. Биз турган бинода бешта ўт ўчирувчи мослама бор. Ишхонадагилар эса мана шу мосламаларни қувватлагани уста келишини айтишни унутиб қўйишибди. Натижада биз хабарсиз қолдик. Пастда болғанинг тақиллаган овозини эшитмагунимизча жимжитликка риоя қилмабмиз. Дарров уста эканлигини билдим, тушликка бизникига чиққан Бэпни пастга тушма, дея огоҳлантирдим. Дадам билан мен уста қачон кетаркан, деб қулоқларимизни динг қилиб турдик. Ўн беш дақиқадан сўнг у ишини тугатиб, болғасини эшик-жавонимизга қўйди, балки бизга шундай туюлгандир. Қўрқувдан ҳаммамизнинг рангимиз қув ўчганди. Балки бирор нарсани эшитиб қолиб, сирли жавонимизни текшириб кўрмоқчидир? Шундай деб ўйладик, у эшикни тақиллатишда давом этар, ўзига тортар, итарарди.

Тасодифий бир киши бизни топиб оладими дея юрагим қинидан чиқди. Энди ҳаммаси тамом деб ўйладим. Шу пайт жаноб Куглернинг “Очсанглар-чи, бу менман” деган овози эшитилди. Дарров эшикни очдик. Нима бўлди экан?

Буни қараки, эшигимиз қотиб қолибди. Уста келади деб огоҳлантириш учун ҳеч ким кира олмабди. Уста кетгандан сўнг жаноб Клеиман Бэпни олиб кетгани келибди, аммо жавонни очолмабди. Қандай енгил тортганимни тасаввур қилолмайсан. Хаёлимда сирли чордоғимизга кирмоқчи бўлаётган киши тобора катталашиб борар, бора-бора у нафақат улкан, балки дунёдаги энг ваҳший фашистга айланганди. Худога шукур, ундай эмас экан, ҳаммаси жойида.

Аннанг

1942 йил, 29 октябрь, пайшанба

Азиз дугонам Китти!

Қаттиқ хавотирдаман. Дадам оғриб қолди. Қалтирайди, иситмаси баланд. Бир тасаввур қил, биз ҳатто шифокор ҳам чақира олмаймиз! Ойим уни яхшилаб ўраб ташлади. Терлагандан кейин иситмаси тушар…

Бугун Миэп келиб, ван Данларнинг Жанубий Амстелланда жойлашган уйидаги ҳамма жиҳозлар олиб кетилганини айтди. Ван Дан хонимга буни ҳали айтганимиз йўқ. Ўзи сўнгги пайтларда асабий бўлиб қолган, ҳамма жиҳозлари-ю чиннилари қолиб кетганлиги ҳақидаги дод-войларини эшитишга сира тоқатимиз йўқ. Энди дод-войдан нима фойда?

Дадам Ҳеббел ва бошқа таниқли немис ёзувчиларининг асарларини ўқишимни истаяпти. Ростини айтсам, немисча матнларни ҳозир анча равон ўқияпман, лекин сўзларни ичимда ўқиш ўрнига нуқул пичирлайман. Бу ҳам ўтиб кетади. Дадам катта китоб жавонидан Гёте ва Шиллернинг китобларини олиб тушди, ҳар оқшом менга ўқиб бермоқчи. Мутолаани “Дон Карлос”дан бошладик. Дадамдан ўрнак олиб, ойим ҳам дуолар ёзилган китобини тутқазди. Одобсизлик бўлмасин, дея бир-иккита дуоларни ўқиб кўрдим. Эшитилиши жуда чиройли, лекин ҳеч вақони тушунмадим. Нега энди ойим мени диндор қилмоқчи?

Эртага печка ёқилади. Мўри анчадан бери тозаланмаган, ҳаммаёқ тутаб кетса керак.

Аннанг

1942 йил, 2 ноябрь, душанба

Азизам Китти!

Жума куни Бэп бизникида тунашга қолди. Маза қилдик, лекин вино ичгани учун Бэп яхши ухлай олмади. Бошқа айтарли янгилик йўқ. Кеча бошим қаттиқ оғриб, эртароқ ухлаб қолдим.

Марго яна асабимни ўйнаяпти.

Бугун фирманинг картотекаларини тартибга келтира бошладим. Тортмадан тушиб кетиб, тўзиган экан. Бир ўзим қийналиб кетдим. Марго билан Питердан ёрдам сўрадим. Аммо улар эринишди, мен ҳам ишни йиғиштириб қўйдим. Бир ўзим шунча ишни қилиб эсимни ебманми!

Анна Франк

P.S. Муҳим янгиликни айтиш хаёлимдан кўтарилибди. Яқинда ростдан ҳам вояга етаман…. Буни сезиб турибман. Бу ердаги шароитнинг ёмонлиги чатоқ бўлди-да.

1944 йил, 22 январда Анна ёзган изоҳ

Бундай нарсаларни энди ёза олмайман.

Бир ярим йил ўтиб кундалигимни ўқияпман-у, бу болаларча беғуборликдан ҳайратга тушяпман. Ич-ичимдан энди беғубор бўла олмаслигимни билиб турсам-да, яна ўша болаликка қайтгим келади. Ойим, дадам, Марго ҳақидаги гапларни худди кечагина ёзгандек бўляпман. Лекин бунчалар шахсий мавзуларда ҳам бемалол ёзаверганимдан ўзим ҳам уялиб кетяпман. Ёзганларим одоб доирасидан чиқиб кетган.

Битикларим ичида ҳозир менга энг яқини бу – уйимни, мушугим Муржини қўмсашим ҳақидагилари. Бу ерда қанчадан бери яшаётган бўлсам, шунча пайтдан бери билиб-билмай ишончга, муҳаббатга, меҳрга интилдим. Улар эса доим мен билан.

1942 йил, 5 ноябрь, пайшанба

Азизам Китти!

Ниҳоят Буюк Британия Африкадаги жангларда бир-икки муваффақиятга эришди. Сталинград ҳам ҳали таслим бўлмади. Уйдагилар хурсанд. Бугун тонгда мириқиб чой ичдик. Қолган ҳаммаси – ўша-ўша.

Бу ҳафта фақат мутолаа билан бандман, майли, шунисига ҳам шукур. Охирги пайтларда ойим билан муносабатим яхшиланиб боряпти, лекин ҳеч қачон яқин бўлолмаймиз деб ўйлайман. Дадам эса негадир туйғуларини ошкор қилмаяпти, аммо у мен учун доим севимли бўлиб қолаверади.

Бир-икки кун олдин печкани ёқдик, хона ҳалиям тутаб ётибди. Бундан кўра, иситкичлар дуруст, аммо иложи йўқ-да.

Ярамас Марго, уни бошқача атаб бўлмайди, охирги кунларда жиғимга тегиб юрибди.

Анна Франк

1942 йил, 9 ноябрь, душанба

Азизам Китти!

Кеча Питер ўн олти ёшга тўлди. Соат саккизда унинг хонасига чиқдим, совғаларини томоша қилдик. Унга “Монополия” ўйини, соқол оладиган устара ва зажигалка совға қилишибди. Кўп чеккани учун эмас, аксинча, умуман чекмайди – шунчаки, зажигалка жуда қимматли совға-да!

Энг катта хушхабарни жаноб ван Дандан эшитдик. Инглизлар Тунис, Жазоир, Касабланка ва Оранни олишибди. “Бу ниҳоянинг боши” деяётганди ҳамма, лекин Буюк Британия бош вазири Черчилл: “Бу ниҳоя эмас. Бу ҳатто унинг бошланиши ҳам эмас”, – деди. Ҳа, қувонишга яна бир сабаб бор. Россиянинг Сталинград деган шаҳри уч ойдан бери қамалда, аммо ҳали ҳам немисларга таслим бўлмади.

Энди чордоғимиздаги кундалик ташвишлардан бири – озиқ-овқат ҳақида гапириб берай. Нонни ҳар куни жаноб Клеиманнинг таниши бўлган ажойиб новвой етказиб беради. Уйдагидан камроқ еяпмиз, аммо шунинг ўзи ҳам етади. Чайқов бозоридан озиқ-овқат талони ҳам сотиб оламиз. Нарх тобора кўтарилиб боряпти. Муҳрланган шу бир парча қоғоз 27 гуилдердан 33 гуилдерга чиқибди! Консервадан ташқари, 150 кило ловия ҳам ғамлаб қўйганмиз. Фақат бир ўзимизга эмас, албатта, ишчилар ҳам ейишади. Қопларни йўлакдаги устунларга осиб қўйгандик, бироқ юк оғирлигидан қоплар сўкила бошлабди. Кейин уларни чордоққа ташиб чиқишдек “шарафли” вазифа Питерга топширилди. Бешта қопни эсон-омон олиб чиқди, охиргисига келганда, қоп йиртилиб кетди, йигирма беш кило ловия пастга ёмғир бўлиб сочилди. Ишчилар том босиб қолди деб ўйлашгани аниқ. Пастда мен тургандим, ҳаммаси устимга тушди. Питер қотиб қолганди, кейин мени кўриб кулиб юборди – гўё ловия денгизида сузардим. Кейин бирданига йиғиштира бошладик. Ловия кичкина нарса эмасми, ҳар тешикка кириб кетган. Кейинчалик бирор дона топиб олсак ҳам, тантанали равишда ван Дан хонимга топширардик.

Дарвоқе, айтиш хаёлимдан кўтарилибди – дадам тузалиб қолди.

Аннанг

P.S. Ҳозиргина радиодан Жазоир таслим бўлгани, Касабланка, Марокаш ва Оран икки-уч кун илгари тўлиғича инглизлар қўлига ўтганлиги эълон қилинди. Фақат Тунис қолди.

1942 йил, 10 ноябрь, сешанба

Азизам Китти!

Ажойиб янгилик! Яширин чордоғимизга саккизинчи киши келиб қўшилади! Ҳа, бу рост. Албатта, яна бир кишига бемалол бошпана ҳам, овқат ҳам топилади. Фақат жаноб Куглер ва жаноб Клеиманни ортиқча уринтиришни истамагандик. Яҳудийлар бошига тушаётган савдоларни кўриб турган дадам ўз фикрини айтди. Улар ҳам “етти киши нима-ю, саккизта бўлдингиз нима” дея маъқуллашди. Шундан кейин ҳамма танишларимизга яна бир киши кераклигини айтиб чиқдик. Бу иш қийин бўлмади. Дадам ван Данларнинг қариндошларини рад этгач, Альфред Дюссел деган тиш докторини топдик. У ўзидан бироз ёшроқ, ёқимтойгина насроний аёл билан яшаркан. Расман никоҳдан ўтишмаган, лекин бунинг аҳамияти йўқ. Жуда босиқ йигит дейишди, гарчи яхши танимасак ҳам, хушмуомала бўлса керак, деб ўйлаяпмиз.

Миэп уни яхши танийди, зарур нарсаларни тайёрлаб қўйиши мумкин. У келгач, Марго билан менинг хонамда ётади. Марго эса дадам билан ойимнинг хонасидаги йиғма каравотда ухлайди.

Дюсселдан тишимиз ковакларини ёпиш учун бирор нарса олиб келишни илтимос қиламиз.

Аннанг

1942 йил, 12 ноябрь, пайшанба

Азизам Китти!

Миэп жаноб Дюсселникига борганини айтиш учун келди. Остона ҳатлаган заҳоти Дюссел бирор яширин жойни биласанми, деб сўрабди. Миэп жавоб берганда, унинг қувончи ичига сиғмай кетибди. Миэп Дюсселга иложи борича тезроқ, шанба куни яшириниши кераклигини тайинлабди. Аммо доктор бунчалар тез кетолмас, чунки ҳали иккита мижозини кўриб қўйиши, кейин кассани топшириши лозим экан.

Орқага суриб, яхши иш қилмабди. У эркинликда қанча кўп юрса, бизни сотиб қўйиши ёки ўзининг қўлга тушиш хавфи шунча катта бўлади. Миэп шанба куни кўчишга кўндирмоқчи бўлибди. У эса душанба куни деб туриб олибди.

Дарров кела қолмай, аҳмоқлик қиляпти. Борди-ю, қўлга тушиб қолса борми, на кассаси, на мижозлари ёрдам бера олади. Қизиқ, нега орқага суряпти? Менимча, дадам бунга рози бўлиб, хато қилди-ёв, чамамда.

Бошқа янгилик йўқ.

Аннанг

1942 йил, 17 ноябрь, сешанба

Дугонажоним Китти!

Жаноб Дюссел келди. Ҳаммаси силлиқ кўчди. Миэпнинг буйруғига кўра, соат ўн бирда почта ёнига келибди. У ерда бир жаноб уни айтилган вақтда, айтилган жойда кутарди. Жаноб Клеиман олдига келиб, у кутган жаноб кела олмаслигини, жанобни Миэпнинг ишхонасида кутишларини айтибди. Жаноб Клеиман ишхонага трамвайда, жаноб Дюссел эса пиёда жўнабди. Соат ўн бирдан йигирма дақиқа ўтганда, жаноб Дюссел ишхонага келди. Миэп ундан пальтосини олти қиррали сариқ юлдуз кўринмайдиган қилиб илишини илтимос қилди. Фаррош кетгунича жаноб Клеиман унга у-бу иш буюриб турди. Кейин шахсий кабинетни бўшатиш керак, деб уни бошқа хонага таклиф қилди. Жавонни итариб, унинг орқасидаги яширин эшикдан ҳудудимизга киришди. Жаноб Дюссел ҳайратдан қотиб қолганди. Бу пайт еттовимиз оиламизнинг саккизинчи аъзосини дастурхон ёзиб, қаҳва ва коньяк билан кутиб турардик. Жаноб Дюссел стулга ўтириб, тили айланмай, бизга тикилиб қолди, худди бор гапни юзимиздан уқиб оладигандек. Кейин боёқиш немисча, голландча аралаштириб тутила-тутила:

– Ахир… сизлар Бельгияда эдинглар-ку? Офицер, машина келмадими? Қочиб кетолмабсизлар-да? – деди.

Биз унга ҳаммасини тушунтириб бердик. Қочиш ҳақидаги миш-мишлар, офицер, машина – ҳаммасини ўзимиз ўйлаб топиб, немисларни чалғитганмиз. Жаноб Дюссел ажойиб ғоямиздан ҳайратда, бир сўз деёлмай, фақат шинамгина чордоғимизни кўздан кечирарди. Ҳаммамиз бирга тушлик қилдик. Бироз дам олиб, биз билан чой ичгач, Миэп олдиндан олиб келган нарсаларини жойлаштирди.

Жаноб Дюссел, айниқса, “Сирли чордоғимиз қонун-қоидалари”ни қўлига тутқазганимиздан кейин (муаллиф – жаноб ван Дан) бу ерга дарров мослашиб олди.

Қонун-қоидалар матни:

Сирли чордоқ жойлашуви ва унга элтувчи йўллар:

Яҳудийлар ва ёр-биродарлар учун махсус яширин бино йил давомида очиқ. У гўзал ва сокин боғда, Амстердамнинг қоқ марказида жойлашган. Манзилга 13- ва 17-трамвайларда ёки велосипедда келиш мумкин. Немислар томонидан бундай транспорт ман қилинган кишилар эса пиёда келишлари керак.

Жиҳозланган ва жиҳозланмаган хоналар йил давомида очиқ.

Нархи: Текин.

Озиқ-овқат: Ёғсиз, қуввати паст.

Сув: девор ташқарисида ҳам, ичкарида ҳам оқиб турибди (афсуски, ҳаммом йўқ).

Озиқ-овқат сақланиши учун битта омбор, иккита катта, замонавий сейф.

Лондон, Нью-Йорк, Тель-Авив ва бошқа кўплаб шаҳарларнинг тўлқинларини тутувчи радиони ҳар куни кеч соат олтидан кейин ишлатиш мумкин. Барча радио тўлқинларини тинглаш мумкин. Фақат классик куйлар қўйиладиган немис тўлқинини эшитиш ман этилади. Ер шарининг қаеридан бўлмасин, немислар узатаётган хабарларни тинглаш, бошқаларга гапириб бериш қатъиян ман этилади.

Уйқу пайти: кечқурун ўндан эрталаб етти яримгача. Якшанба кунлари эрталаб ўн яримгача. Фавқулодда ҳолатларда қўшимча дам олиш соатлари эълон қилинади, умумий хавфсизлик учун унга риоя қилиш мажбурий!!!

Бўш вақтларда: ташқарига чиқиш ҳаммага вақтинча қатъиян ман этилади.

Тиллар: барча маданийлашган одамлар тилида гаплашиш мумкин, демак, немис тилида гаплашиш ман этилади.

Мутолаа: немис адабиётини ўқиш мумкин эмас, илмий ва мумтоз адабиётлардан ташқари, албатта. Бошқа адабиётларни ўқиш ихтиёрий.

Бадантарбия: ҳар куни.

Куйлаш: фақат паст овозда, кечқурун соат олтидан кейин.

Кино: томошага шароит йўқ.

Дарслар: ҳафтада бир марта стенография дарси. Француз ва инглиз тиллари, математика ва тарих билан сутканинг исталган пайтида шуғулланиш мумкин. “Ўқитувчи”ларга голланд тилини ўргатгани учун ҳақ тўлансин.

Майда уй ҳайвонлари учун алоҳида парвариш.

Овқатланиш пайти: нонушта соат тўққизда. Якшанба ва байрам кунлари соат ўн бир яримда.

Тушлик: енгил таом. Соат 1:15 − 1:45.

Кечки овқат: иссиқ ёки яхна таом бўлиши мумкин.

Ҳомийларимизга ҳурмат ва миннатдорчилик сифатида: ишхонадаги юмушларни бажаришга тайёр бўлиш.

Чўмилиш: тоғора якшанба кунлари соат тўққиздан кейин хизматингизга тайёр. Ҳожатхонада, ошхонада, шахсий кабинетда ёки асосий офисда чўмилиш мумкин.

Спиртли ичимликлар: фақат тиббий мақсадда ишлатилади.

Тамом.

Аннанг

1942 йил, 19 ноябрь, пайшанба

Дугонам Китти!

Жаноб Дюссел, ўйлаганимиздек, жуда хушмуомала киши экан. Албатта, у мен билан бир хонада ухлашга қаршилик қилмади, лекин ростини айтсам, бировнинг нарсаларимни ишлатиши менга ёқмайди. Аммо яхши нарса учун нимадандир воз кечиш керак. Мен ҳам кичкинагина қурбонлик қилаётганимдан мамнунман. “Бир кишининг бўлса ҳам, ҳаётини асраб қололсак, қийинчиликларнинг аҳамияти йўқ”, − дейди дадам. Ҳа, у тамомила ҳақ.

Биринчи куни жаноб Дюссел мени саволларга кўмиб ташлади. Қачон фаррош келади? Қачон ювиниш мумкин? Ҳожатга қачон чиқилади? Кулгили туюлиши мумкин, аммо яширинишда бу масалалар у қадар осон эмас. Кундузи баландроқ овозда гапиролмаймиз. Пастдагилар эшитиб қолиши мумкин. Фаррошми, бошқасими келганда, янада эҳтиёт бўлиш керак. Буларни ётиғи билан жаноб Альфредга тушунтирдим, бироқ унинг хотираси пастлигидан роса ҳайрон қолдим. У ҳамма нарсани икки мартадан сўраса ҳам, эсида қолмас экан. Балки кейинроқ ҳаммаси жойига тушиб кетар. Яшириниш ва биз билан учрашувдан сўнг у ҳали ўзига келмаган. Жаноб Дюссел биз узилиб қолган ташқи дунё ҳақида кўп нарсалар гапириб берди. Янгиликлар жуда ачинарли эди. Сон-саноқсиз дўстларимиз, танишларимиз номаълум, аммо даҳшатли жойларга сургун қилинибди. Ҳар тунда яшил, кулранг ҳарбий машиналар изғиб юраркан. Ҳар бир эшикни қоқиб, яҳудийлар борми, дея текшириб чиқишаркан. Агар шундай бўлса, дарҳол бутун оилани олиб кетишаркан. Вақтида яшириниб олмасанг, қочиш имконсиз. Полиция баъзида яҳудийлар яшайдиган манзил рўйхати билан чиқиб, фақат ўша эшикларни тақиллатишади. Баъзан ҳар бир одам учун гаров пули сўрашади. Худди қулдорлик замонига қайтгандекмиз. Лекин ҳозир ҳазилнинг мавриди эмас, ҳаммаси жуда жиддий.

Кечалари дераза бурчагидан мўралаб, ўнлаб, юзлаб бегуноҳ одамларни, чириллаб йиғлаётган гўдакларни бир-икки ярамас полициячи қийнаб, азоб­лаб, йиқилгунича дўппослаб ҳайдаб кетишаётганини кузатаман. Ҳеч кимга шафқат йўқ. Касалми ёки соғми, ёшми ёки қарими, болами ёки ҳомиладор аёлми − ҳаммалари ўлим водийси томон ҳайдалади. Биз жуда бахтлимиз, шинамгина жойда, бу даҳшатлардан узоқда яшаяпмиз. Ўзимиздан ташвишланмасак ҳам бўлади, аммо яқинларимиздан, азизларимиздан жуда хавотирдамиз, афсуски, ёрдам беришга ожизмиз. Мен иссиққина тўшакда ухлаяпман, қаерлардадир дўстларим чарчоқдан йиқилиб қолишгандир ёки уларни тепкилаб қулатишгандир.

Ҳозир яқин дўстларим аллақандай разиллар қўлида қолиб, яшаш учун курашишга мажбурлигини ўйласам, ўзим ҳам қўрқиб кетаман. Уларга бу азоб фақат яҳудий бўлганликлари учун берилаяпти!

Дугонанг Анна

1942 йил, 21 ноябрь, шанба

Азизам Китти!

Электр энергиясини кўп ишлатиб юборибмиз. Мана энди чироқсиз ўтирибмиз. Ўйламасдан исроф қилаверсак, чироқни ўчириб ташлашади. Ўн тўрт кун чироқсиз ўтирамиз энди, жудаям “ёқимли”, шундай эмасми? Ким билсин, балки унчалик чўзилмас! Соат тўрт-тўрт яримлардан кейин сира китоб ўқиб бўлмайди, қоронғи тушиб қолади. Шунинг учун вақтимизни ҳар хил бемаъни машғулотлар билан ўтказамиз. Қоронғида бадантарбия қиламиз, инглиз, француз тилида гаплашамиз, ўқиган китобларимизни муҳокама қиламиз − бироз ўтиб, ҳаммаси жонга тегади.

Кеча ўзимга янги овунчоқ топдим, чироқлари ёниқ қўшниларимизни дурбинда кузатаман. Кундузи пардаларни очолмаймиз, аммо кечаси қия очиб қўйсак ҳам бўлади. Қўшниларни кузатиш қизиқ бўлишини сира билмас эканман. Бир-иккита оила овқатланишаётганини, бошқалари кино кўришаётганини, бир тиш доктори қўрқоқ кампирнинг тишини олаётганини кўрдим.

Жаноб Дюссел болалар билан яхши чиқишади, уларни яхши кўради деб эшитгандим. Лекин ҳадеб одоб-ахлоқдан ваъз ўқийверадиганлар хилидан экан. Жаноб билан бир хонада туриш “бахти” менга насиб қилди. Бундан ташқари, чордоқдаги ёш авлоднинг энг қулоқсиз ва беадаби эканман, танбеҳ ва маърузаларнинг энг катта ҳиссаси ҳам каминага тўғри келади. Мен эса унинг гапларини эшитмаганликка олиб туришга мажбурман. Жаноб Дюссел ойимга ҳисоб бериб, чақиб турмаганда ҳам майли эди. Унинг маърузасидан кейин ойимдан бир дунё танбеҳ эшитаман. “Омадим чопиб” ван Дан хоним ҳам эшитиб қолса борми, беш дақиқа ўтар-ўтмас, унинг сўзларидан ҳам бенасиб қолмайман.

Ишонавер, оиладаги тарбиячилар диққат марказида бўлиш унчалар ҳам ёқимли эмас.

Кечалари гуноҳларим, камчиликларим ҳақида ўйлаб ётиб, чалкашиб кетаман. Кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмай қоламан. Кейин ўзгаришни, истаганимдан бошқача бўлишни, ўзимни бошқача тутишни ўйлаб, ғалати бир ҳиссиёт билан ухлаб қоламан.

Дугонажон, сенинг ҳам миянгни ғовлатиб юбордим. Кечирасан, ёзганларимнинг устидан чизиб ташлашга одатланмаганман, ҳозирги вазиятда эса, варақни йиртиб, увол қилолмайман. Ягона маслаҳатим – юқоридаги ҳозиргина ёзганларимни ўқиб ўтирма, тушунишга ҳаракат ҳам қилма, барибир чалкашиб кетасан.

Анна

1942 йил, 7 декабрь, душанба

Азизам Китти!

Ҳанука[5] ва авлиё Николас куни бу йил устма-уст келди; орасида бир кунгина фарқ бор. Ҳанукани дабдабали нишонламадик, майда-чуйда совғалар улашиб, шам ёқдик, холос. Шам танқис бўлганлиги учун ўн дақиқадан кейин ўчириб қўйдигу, барибир қўшиқ айтиб, вақтимизни чоғ ўтказдик. Бундан ташқари жаноб ван Дан тахтадан шамдон ясади. Шанба кунги авлиё Николас байрамини эса зўр нишонладик. Кечки овқат пайти Бэп ва Миэп ичимизни қиздириб, дадам билан шивирлашиб ўтиришди. Соат саккизда пастга тушдик, қоронғи йўлакда юрагим қинидан чиқаёзди. Юқорида қолмаганимга минг пушаймон едим. Кейин орадаги деразасиз хонага кирдик. У ерда бемалол чироқ ёқса бўлади. Чироқ ёнгач, дадам шкафни очди. Ҳаммамиз: “Вой, қандай зўр!” − деб юбордик. Ўртада Қора Питнинг[6] ниқоби туширилган чиройли қоғозга ўралган сават турарди. Саватни олиб чордоққа чиқиб кетдик. Сават ичида ҳаммамизга кичкина совға бор эди. Совғаларга қўшиб барчамизга алоҳида табрик шеър ёзилган. Бунақа шеърларни билсанг керак, ёзиб ўтиришим шарт эмас. Менга қўғирчоқ, дадамга лавҳ ва яна кўп нарсалар совға қилишди. Ҳа, ажойиб иш бўлди, ҳеч қайсимиз илгари авлиё Николас кунини нишонламагандик, мана энди байрам қилдик.

Анна

P.S. Биз ҳам совға тайёрлагандик: яхши кунлардан қолган у-бу майда-чуйдалар. Устига-устак Бэп ва Миэп озгина пулдан бош тортишмайди. Дадамнинг лавҳини, жаноб ван Даннинг кулдонини, жаноб Дюсселнинг рамкасини жаноб Воскуижлнинг ўзи ясаган экан. Нақадар доно, қўли гул инсон!

1943 йил, 13 январь, чоршанба

Дугонам Китти!

Ташқарида даҳшатли воқеалар юз бермоқда. Бечора одамларни истаган вақтида уйларидан судраб олиб кетишяпти. Фақат кийим-кечак солинган сумка билан ҳамён олишга рухсат этилади, холос. Уларни ҳам, барибир, йўлда ўғирлатиб қўйишади. Оилалар бўлиниб кетади, эр-хотинлар, она-болалар бир-биридан айриладилар. Болалар мактабдан қайтишганда, қарашсаки, ота-оналари йўқ, қаергадир олиб кетилган. Аёллар бозордан қайтишганда уйлари, бор бисотлари сотиб юборилган бўлади.

Голландияда насронийлар ҳам юрак ҳовучлаб яшашяпти, чунки уларнинг ўғиллари Германияга жўнатилган. Ҳамма қўрқувда. Ҳар тун Голландия устидан Германияни бомбардимон қилиш учун самолётлар учиб ўтади. Ҳар соат Россия ва Африкада минглаб инсонлар ҳалок бўляпти. Кулфат ҳеч кимни четлаб ўтмаяпти, бутун дунё уришмоқда. Иттифоқчиларимиз муваффақиятга эришаётган бўлсалар ҳам, урушнинг ниҳояси кўринмайди.

Бизга келсак, миллионлаб одамлардан кўра бахтлироқмиз. Бу ер тинч, бехавотир, овқатни ўз пулимизга оляпмиз. Шу қадар худбинмизки, “урушдан кейинги” ҳаётимиз ҳақида гапирганимизда, янги кийим-кечаклар сотиб олишни хаёл қиламиз, аслида бунинг ўрнига, бир тийин бўлса ҳам тежаб, муҳтожларга ёрдам беришни ўйлашимиз керак.

Кўчада болалар юпун кийиниб, ёғоч бошмоқларда югуриб юришибди. На пальтолари, на телпаклари, на пайпоқлари ва на бир ёрдам бера оладиган кишилари бор. Оч қоринларини сабзи билан алдаб, совуқ уйларидан янада совуқроқ кўчага чиқишади, музлаб ётган синфхоналарга киришади. Голландияда аҳвол шунчалар аянчли бўлиб қолдики, кўчаларда тўда-тўда болалар ўткинчиларга бир бўлак бўлса-да, нон тиланиб мўлтирашади.

Уруш келтирган аянчли кулфатлар ҳақида соатлаб гапиришим мумкин, фақат дилим хуфтон бўлгани қолади. Иложи борича, овозимизни ҳам чиқармай, жимгина уруш тугашини кутишдан бошқа чорамиз йўқ. Яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам кутишяпти – бутун дунё кутяпти.

Кўпчилик эса ўлимини кутиб ётибди.

Аннанг

1943 йил, 30 январь, шанба

Азизам Китти!

Ақлдан озай деяпман, лекин буни кўрсата олмайман. Додласам, оёқларим билан ер тепкиласам, ойимнинг елкасини чангаллаб, яхшигина силкитсам, тўйиб-тўйиб йиғласам!

Кундан-кун ойим бераётган дашномлар, писандали қарашлар, айбловлар таранг тортилган ёйдан отилган ўқлар каби юрагимга санчиляпти. Уларни суғуриб олишнинг эса иложи йўқ. Ойим, Марго, ван Данлар ва ҳатто дадамга ҳам: “Тинч қўйинглар! Бир кечагина йиғидан ёстиғим нам бўлмасдан, кўзим шишмасдан, бошим оғримасдан ухлай! Ҳаммаси жонимга тегди, тўйиб кетдим!” дея бақирсам. Лекин бундай қила олмайман. Уларга ўзлари руҳимга сингдирган изтироб, яраларни кўрсатмайман. Ачинишларига, меҳрибончилик қилишларига ҳам тоқатим йўқ. Бундан баттарроқ бақиргим келади.

Гапирсам, мақтанчоқ дейишади, жим турсам беўхшовман, жавоб берсам – сурбет, яхши ғоям бўлса – айёр, чарчасам – дангаса, бир бўлак ортиқча есам – худбин, аҳмоқ, қўрқоқ, ҳисоб-китобчиман. Кун бўйи нақадар бетавфиқлигим ҳақида танбеҳ эшитаман, парво қилмагандек бўлиб, кулиб кетавераман-у, аслида, юрагимга тошдек ботади. Худо бошқача яратганида эди, бунчалар турткилашмасди. Лекин бу − имконсиз. Феъл-атворни ўзгартириб бўлмайди, аммо имоним комил, унча ҳам ёмон одам эмасман. Ҳамманинг кўнглини олиш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан, улар буни миллион йилда ҳам билишмайди. Юқорига чиқиб, тўйиб-тўйиб йиғлайман, дардимни ҳеч ким билмасин дейман.

Ойим ҳадеб ниқтайвергач, бир неча марта “Нима дейишингизнинг аҳамияти йўқ. Нега мендан қўл ювиб қўя қолмайсиз-а, барибир, ўзгармайман”, деганман. Онам гап қайтарма, дерди-да, бир-икки кун менга умуман эътибор бермай юрарди. Кейин ҳеч нарса бўлмагандек, яна гаплашиб кетаверарди.

Бир куни мўмин-қобил бўлиб, эртаси куни уришқоқ бўлолмайман-ку! Яхшиси, ўртамиёна бўлақолай. Ҳамма хаёлларимни сир тутаман, балки биров жиғимга тегса, мен ҳам шундай қиларман. Қанийди, қўлимдан келса…

Анна

1943 йил, 5 февраль, жума

Азизам Китти!

Жанжалларимиз ҳақида ёзмай қўйган бўлсам ҳам, ўзгариш йўқ. Бошида жаноб Дюссел даҳанаки жангларимизни жиддий қабул қилганди, ҳозир эса кўникиб қолди, тарафкашлик ҳам қилмайди.

Марго билан Питерни ёш деб ҳам бўлмайди; икковлари ҳам камгап. Мен бўлсам уларнинг ғирт тескарисиман, шунинг учун “Марго ва Питердан ўрнак олсанг-чи”, деган дашномларни эшитавериб, қулоғим қотиб кетди.

Маргога ўхшашга сира ҳам хоҳишим йўқлигидан, рости, хурсанд бўламан. Иродаси жуда бўш, ҳаракатчан эмас; уни бирор нарсага кўндириш осон, ҳеч қачон ўз фикрида турмайди. Мен эса қатъийроқ бўламан! Лекин бу режаларимни сир сақлаб тураман. Режаларимни билишса, устимдан роса кулишади! Овқат пайти игна устида ўтиргандек бўлавераман. Яхшиямки, пастдан меҳмонлар тушликка чиқиб туришади, шунда жанжал тўхтайди.

Бугун тушлик пайти жаноб ван Дан Маргонинг кам овқат ейишидан шикоят қила бошлади. “Қоматингни сақлаяпсан, шекилли”, – дея пичинг ҳам қилди. Доим Маргонинг тарафини оладиган ойим эса овозини баландлатиб: “Тутуруқсиз гапларингизга чидаб бўлмайди”, – деди. Ван Дан хоним шолғомдай қизариб кетди. Жаноб ван Дан эса бир сўз деёлмай анграйиб қолди.

Бир-икки кун илгари ван Дан хоним ҳаммамизни яна бир кулдирди. Хоним ўзларининг ёшлик йилларини эсладилар, дадаларига меҳрлари бўлакча бўлган эмиш, хушторлар изларидан қувиб юрганмиш.

− Биласизларми, дадам бирор йигит сенга қўл югуртира бошласа, жаноб, мен сиз ўйлаган хонимлардан эмасман, дея жавоб бер, деб тайинлаган, − хоним бу сўзларни шу қадар берилиб айтдиларки, ҳаммамиз хандон отиб кулиб юбордик.

Жуда-жуда камгап Питер ҳам гоҳида қизиқ-қизиқ ишлар қилиб юради. Кўпинча чет тиллардаги сўзларни маъносини билмай ишлатади. Бир куни ишхонада келди-кетди кўпайди, ҳожатхонага киролмай қолдик. Питер эса чидай олмай ваннага кириб кетди. Кейин эшикка “Мерси, бадбўй ҳид”, деб ёзиб қўйибди, аслида “Пардон, бадбўй ҳид” демоқчи бўлган-у, ўзи билмаган ҳолда “раҳмат” айтиб қўйган.

Аннанг

1943 йил, 27 февраль, шанба

Дугонажоним Китти!

Дадам ҳар куни иттифоқчиларнинг ҳужумини кутяпти. Черчиллнинг ўпкаси шамоллаганди, ҳозир анча тузалиб қолибди. Ҳинд озодлиги курашчиси Ганди, мана, нечанчи марта очлик эълон қилди.

Ван Дан хоним ўзини хавф-хатарга тик қарайдиган жасур деяпти. Бироқ отишмалардан энг кўп қўрқадиган ким? Петронелла ван Дан хоним-да!

Жан епископнинг диндорларга йўлланган мактубини олиб келди. Жуда гўзал, руҳлантирувчи сўзлар экан: “Нидерландия фуқаролари, ватандошлар, ўрнингиздан туриб, ҳозироқ ҳаракатни бошланг! Ҳар биримиз ватанимиз, халқимиз ва динимиз эрки учун курашишга ўз қуролларимизни танлайлик! Қўллаб-қувватланг, ёрдамларингизни дариғ тутманг. Ҳозироқ қўзғалинг!”

Минбардан туриб бундай оташин сўзларни айтиш осон. Бунинг фойдаси борми? Яҳудийларга ёрдам беришга анча кеч.

Биласанми, яқинда нима бўлди? Хўжайин жаноб Куглер ва Клеиманни огоҳлантирмай, бинони бошқа кишига сотиб юборибди. Бир куни янги хўжайин муҳандис билан келиб қолишди. Худога шукур, жаноб Клеиман шу ерда эди. У жанобларга чордоқдан ташқари ҳамма жойни кўрсатди. Чордоқ калити уйда қолиб кетди, деб баҳона қилди, улар ҳам ортиқча савол беришмади. Чордоқни кўраман деб қайтиб келмаса яхши эди. Келса, бошимизга оғир савдо тушади!

Дадам Марго иккимизга орқасига ёзилмаган картотекалар ажратиб берди. Унга ўқиган китобларимизнинг номини, муаллифини, ўқиган санамизни ёзиб борамиз. “Brotel” ва “kokket” деган иккита сўз ўргандим. Янги сўзлар учун алоҳида дафтар тутдим.

Сариёғ ва маргаринни тақсимлашнинг янги йўлини топдик. Ҳар бир одамнинг улуши нонга суртиб берилади. Адолатсизлик: ван Данлар нонушта пайти биздан бир ярим баравар кўпроқ сариёғ ейишади. Ота-онам эса шу арзимаган нарсани деб жанжал чиқмасин дейди. Андишанинг отини қўрқоқ қўймаслик керак-да, бунақаларга худди ўзларидек жавоб қайтариш лозим.

Анна

1943 йил, 10 март, чоршанба

Азизам Китти!

Кеча оқшом “қисқа туташув” бўлди. Кўчада кун ботгунча отишмалар бўляпти. Ҳалиям учиб юрган самолётлару отишмалардан қўрқаман. Ҳар тун дадамнинг қучоғига кириб оламан. Балки бу кулгилидир, бошингга тушганда билардинг! Ўқ овозлари шу қадар қулоқни қоматга келтирадики, ҳатто ўз овозингни ҳам эшитолмайсан. Ваҳимачи “Биэвербрук хоним” эса кўз ёши қилиб, заиф овозда:

– О, бу – даҳшат! Овозига чидаб бўлмайди, – дейди. Бу эса “Жуда қўрқяпман” деган гап. Шам ёруғида қоронғидагидек қўрқинчли эмас. Титраб-қақшаб дадамга:

– Шамни ёқинг, – дея ялиндим. У эса парво қилмади: чироқ ёқиш мумкин эмасди. Тўсатдан пулемётлар ўқ уза бошлади, бу оддий милтиқлардан бешбаттар. Ойим ўрнидан турди-да, дадамнинг жаҳли чиқишига қарамай шам ёқди.

– Анна собиқ аскар эмас, ҳарқалай, − дея изоҳ бериб қўйди, холос.

Ван Дан хонимнинг яна нималардан қўрқиши ҳақида гапириб бердимми? Сирли чордоғимизда содир бўлаётган сўнгги саргузаштлардан сени бохабар қилиш учун уларни ҳам айтишим керак. Бир куни кечаси ван Дан хоним айвонда оёқ товушларини эшитибди, ўғри деб ўйлаб, эрини уйғотибди. Жаноб турганда эса ҳаммаёқ жимиб қолибди, у фақат хотинининг юрак уришини эшитибди, холос.

− Вой, Путти! (У эрини шундай чақиради) Колбасаларимизни, қуритилган ловиямизни ўғирлашди! Питер-чи? Питер жойидамикан?

− Питерни ўғирлашмаганлари аниқ. Тинчгина ухлайлик! Бўлар-бўлмасга ваҳима қилма!

Ишониб бўлмайди, лекин ван Дан хоним тун бўйи киприк қоқмади. Бир-икки кундан кейин бутун ван Дан оиласининг уйқусини арвоҳлар шовқини бузди. Питер фонус билан айвонга чиқиб кетди, нима кўрганини биласанми? Кўршапалак тўдасини! Ўғриларимиз кимлигини билгач, мушугимиз Мушини айвонга чиқариб қўйдик, шундан кейин кутилмаган меҳмонларни сира кўрмадик… Бир икки кун олдин эса (соат етти ярим, ҳали кун ботмаганди) Питер бир-иккита эски газета оламан деб айвонга чиқди, нарвондан кўтарилаётганда дастани қўйиб юборибди. Қўрққанидан тахта бўлиб қолибди, катта кўршапалак қўлини тишлаб олибди. Олдимизга оқариб-бўзариб, оёқ-қўллари қалтираб, кийими қонга беланиб кириб келди. Албатта, қўрқади-да, қонингни сўриб олса.

Анна

1943 йил, 18 март, пайшанба

Азизам Китти!

Туркия урушга кирибди. Ҳамма ҳаяжонда. Радио хабарларини интиқиб кутяпмиз.

1943 йил, 19 март, жума

Азизам Китти!

Қувончимиз бор-йўғи бир соатга чўзилди. Туркия ҳали урушга кирмабди. Туркия Бош вазири шунчаки бетараф ҳолатдан чиқиш керак, дебди. Дам майдонидаги газетачи эса “Туркия Англия томонида!” дея роса қичқирди, натижада газеталари бирданига талаш бўлиб кетди. Шу гап бизнинг ҳам қулоғимизга етиб келганди.

Минг гуилдерлик банкнотлар яроқсиз деб эълон қилинди. Бу чайқов бозоридагиларга, чайқовчиларга ва ҳатто яшириниб юрганларга ҳам қаттиқ зарба бўлди. Минг гуилдерлик банкнотни алмаштириш учун аввал бу пул қандай қилиб қўлингга тушиб қолганини тушунтириш лозим. У билан фақат солиқ тўлаш мумкин, шу ҳам келаси ҳафтагача. Беш юз гуилдерлик пулларни ҳам муомаладан олиб ташлашади. Корхонада ҳам минг гуилдерликлар йиғилиб қолган, лекин солиқларни аллақачон тўлашган.

Жаноб Дюсселга эски, тепкили тиш аппарати жўнатишди. Тез орада, тишларим жиддий текширувдан ўтадиганга ўхшайди.

Жаноб Дюссел чордоқ қоидаларига сира бўйсунмайди. Шарлоттага хат ёзгани майлику-я, ҳамма таниш-билишлари билан ҳам ёзишма қилади. “Голланд тили ўқитувчимиз” Марго унинг хатоларини тузатиб беради. Дадам хат ёзишни ман қилди. Марго ҳам ёрдамлашмай қўйди. Энди ёзишмалар тўхтади-ёв.

Фюрер оддий аскарлар билан кўришди. Суҳбатни радиодан эшитдик, жуда аянчли. Савол-жавоб тахминан қуйидагича эди:

− Исмим Генрих Шеннель.

− Қаерда жанг қилдинг?

− Сталинград яқинида.

− Жароҳатинг қандай?

− Оёғим музлаб, чап қўлим синган.

Мана радиодаги ясама эшиттиришлардан бири. Аскар ўз яраларидан ғурурланар, гўё қанча кўп бўлса, шунча яхшидек. Биттаси фюрернинг қўлини сиққанидан ҳаяжонланиб, тили айланмади (қўли омон қолганига шукур қилсин)!

Жаноб Дюсселнинг совунини бехосдан тушириб юбордим, тағин босиб ҳам олдим. Дадамдан совун пулини тўлашни илтимос қилдим, ахир, боёқиш Альфред бир ойда битта совун олиш имкониятига эга-да.

Анна

1943 йил, 25 март, пайшанба

Азизам Китти!

Ойим, дадам, Марго ва мен кеча оқшом бирга берилиб суҳбатлашиб ўтирган эдик, бирдан Питер кириб, дадамнинг қулоғига алланималар деб шивирлади. “Омбордаги бочка ағнаб кетди. Эшик олдида кимдир юрибди”, деган гапларини эшитиб қолдим. Марго ҳам эшитди, лекин докадек оқариб кетганимни кўриб, тинчлантиришга урина бошлади. Дадам билан Питер пастга тушишди. Бир-икки дақиқадан кейин радио тинглаётган ван Дан хоним келиб, дадам радиони ўчириб, оёқ учида тепага чиқишимизни тайинлаганини етказди. Секин юраман деганда нима бўлишини биласан-ку, аксига олиб, иккита зинапоя қаттиқ қарсиллади. Пича ўтиб, ранг-қути ўчиб дадам билан Питер кириб келишди. Улар зинапоя тагига жойлашиб, кута бошлашибди. Жимжитлик эмиш.

Кейин бирдан икки марта қарсиллаган овозни эшитишибди, худди иккита эшик ичкаридан ёпилгандек. Дадам тепага югурибди, Питер эса жаноб Дюсселни огоҳлантирибди. У ҳам роса ивирсиб, ниҳоят тепага чиқибди.

Ҳаммамиз оёқ учида ван Данларнинг юқоридаги хонасига кирдик. Жаноб ван Даннинг тоби йўқ, кун бўйи тўшакда эди. Унинг бошида тизилиб олиб, пичирлаб гумонларимизни айта бошладик. Ҳар сафар жаноб ван Дан қаттиқроқ йўталиб юборганда, хотини билан менинг юрагимиз қинидан чиқиб кетай дерди. Ниҳоят, кимнингдир калласи ишлаб кетиб, беморга кодеин ичирди, йўтал таққа тўхтади.

Узоқ кутдик… жимжит. Кейин ўғрилар қадам товушини эшитиб қочишди, деган хулосага келдик. Пастда эса радио Англия тўлқинида турибди, атрофига стуллар тизиб қўйилган. Агар ўғрилар эшикни бузишган бўлишса-ю, сигнализация ишлаб кетиб, полиция етиб келса, аҳволимизга маймунлар йиғлайди. Шундай қилиб, жаноб ван Дан кийиниб, дадам ва Питер билан бирга болға кўтариб пастга тушиб кетишди. Биз эса тепада қолдик. Беш дақиқа гўё бир асрдек чўзилди, сўнг улар қайтиб, ҳеч қандай хавф йўқлигини айтишди. Ҳарқалай, жўмракни очмасликка, ҳожатхонадан сув оқизмасликка келишиб олдик, аммо бундай ҳаяжондан кейин ҳаммада “зарурат” пайдо бўлади, албатта.

Ташвиш қўша-қўша келади, деганлари бор гап экан. Биринчидан, Уэстрторен куранти бонг урмай қўйди, у мени доим тинчлантириб турарди. Иккинчидан, жаноб Воскуижл эртароқ кетди. Бэпга калитни бердимикан, у эшикни қулфладими ёки эсидан чиқдими, буни ҳам билолмасдик. Ҳозир бу гап унчалик ваҳимали эмасдир, лекин ўша тун игнанинг устида ётгандек бўлдик.

Шубҳаларга қарамай, кўнглимиз хотиржам эди. Соат саккиздан то ўн яримгача ҳаммаёқ тинч бўлди. Бу ҳақда қанча кўп ўйласак, ўғрининг эшик бузиб кириши шунчалар имконсиз кўринарди. Чунки ҳали кун ботмаган, кўчада одамлар юришарди.

Албатта, шовқин қўшни бинодан эшитилган бўлиши мумкин, улар ҳали ишни тугатишмаганди. Деворларимиз қоғоздек юпқалигидан ҳар қандай товуш ваҳимали туюлади. Хавфсираган пайтда тасаввур ҳам одамни кўп чалғитади.

Ҳаммамиз ётдик, лекин мижжа қоқмадик. Дадам, ойим, жаноб Дюссел умуман ухлашмади, мен зўрға мизғиб олдим десам, муболаға бўлмайди. Тонгда эркаклар эшикни текширгани пастга тушишди, ҳаммаси жойида экан! Албатта, унча ёқимли бўлмаган бу воқеани дўстларимизга ошириб-тошириб гапириб бердик. Бундай воқеалар ўтиб кетгач, кулиб эслаш мароқли. Ёлғиз Бэп бизни тушунади.

Аннанг

1943 йил, 27 март, шанба

Азизам Китти!

Стенография сабоқларини тугатдик, энди тез ўқиш ва ёзиш устида ишлаяпмиз. Қанчалар зеҳнлимиз-а! Эрмакларим ҳақида батафсил тўхталай (дарсларни шундай атайман, чунки бу ерда дарслар фақат кун ўтиши учун тайёрланади).

Менга мифология жуда ёқади, айниқса, юнон ва Рим илоҳлари. Ҳамма буни шунчаки ўткинчи қизиқиш деб ўйлайди, ўсмир қиз афсоналарни ёқтиришига ким ҳам ишонади дейсан. Майли, биринчи бўлақолай!

Жаноб ван Даннинг тоби йўқ, томоғи оғриб қолибди. Арзимас нарса учун пашшадан фил ясайди. Томоғини мойчечак сувида чайқайди, ўраниб олади, компресс қилади, устига-устак кайфияти чатоқ!

Немис мансабдорларидан бири Раутер нутқ сўзлади. “1 июлгача Германия босиб олган ҳудудлардаги яҳудийлар мамлакатни тарк этиши лозим. Утрехт провинцияси 1 апрелдан 1 майгача яҳудийлардан тозаланади”. (Яҳудийлар суваракми?) “1 май ва 1 июнь оралиғида эса шимолий ва жанубий Голландия яҳудийлари мамлакатни тарк этишлари шарт.”

Бечора одамларни қатл майдонига подадек ҳайдаб боришяпти. Майли, бу мавзуда бошқа гапирмайман. Ўз хаёлларимдан ўзим ҳам даҳшатга тушяпман!

Яхши янгилик ҳам бор. Немис идорасини босқинчиларга қарши курашаётганлар ёқиб юборишибди. Бир-икки кундан кейин рўйхатга олиш маркази ҳам олов ичида қолди. Немис аскарлари кийимини кийиб олган кишилар соқчиларни ёриб ўтиб, муҳим ҳужжатларни йўқ қилишган.

Аннанг

1943 йил, 1 апрель, пайшанба

Дугонажоним Китти!

Ҳозир ҳазилнинг вақти эмас (санага қара). Бугун “ғам келса, қўша келади” деган мақолга яна бир бор иқрор бўлдим.

Биринчидан, кеча меҳрибонимиз жаноб Куглернинг ошқозонидаги яра яна очилиб кетибди, энди уч ҳафта қимирламай ётади. Ошқозони анчадан бери безовта қилади, лекин даво йўқ. Иккинчидан, Бэп шамоллаб қолибди. Учинчидан, келаси ҳафта жаноб Воскуижл касалхонага ётади. Унинг ҳам ошқозонидаги ярани, операция қилиш керак. Тўртинчидан, “Опекта” шартномасини муҳокама қилиш учун франкфуртлик ҳамкорлар келишади. Дадам жаноб Клеиманга ҳаммасини ипидан-игнасигача тушунтирган эди. Энди жаноб Куглерга уларни бошидан изоҳлашга вақт йўқ.

Ҳамкорлар етиб келишди. Дадам муҳокама қандай ўтади, дея ҳаяжондан ич-этини еяпти. “Мен ҳам пастга тушолганимда эди”, дея афсусланарди.

− Полга ётиб, қулоғингизни динг қилинг, шахсий кабинетдаги ҳамма гап эшитилиб туради, − дея маслаҳат бердик.

Унинг чеҳраси ёришди, эртаси куни соат ўн яримда Марго билан (биттадан иккита қулоқ афзалроқ) полда ўз ўринларини эгаллашди. Муҳокама тушда ҳам тугай демасди, букчайиб ётаверганидан дадамнинг бели қотиб қолди. Соат икки яримда овозлар меҳмонхонадан эшитила бошлади. Дадамнинг ўрнини мен эгалладим. Лекин суҳбат шунақанги зерикарли эдики, совуқ, қаттиқ линолиумда ухлаб қолибман. Марго эшитиб қолишади, деб мени уйғотишга қўрқибди. Ярим соат маза қилиб мизғиб олибман, уйғонганимда эса муҳим мунозаранинг бирорта сўзини ҳам эслолмадим. Яхшиямки, Марго эшитиб олган экан.

Аннанг

1943 йил, 27 апрель, сешанба

Азизам Китти!

Чордоғимиз ҳануз жанжаллардан қақшамоқда. Ҳамманинг кимдандир жаҳли чиққан: ойим ва мен, жаноб ван Дан ва дадам, ойим ва ван Дан хоним. Аянчли манзара, шундай эмасми? Аннанинг қусурлари яна бир бор муҳокама қилинди.

Немис меҳмонларимиз шанба куни қайтишди. Соат олтигача ишлашди. Ҳаммамиз қимирлашга журъат этолмай ўтирдик. Биномизда ёки қўшни бинода ҳеч ким ишламаса, ҳар бир босган қадамимиз шахсий кабинетда эшитилиб туради. Ўтираверганимдан яна оёқларим увишиб кетди.

Жаноб Воскуижл касалхонага ётибди, лекин жаноб Клеиман ишга чиқди. Бу сафар ошқозони тезда тузалибди. Немис рўйхатхонасини йўқ қилишга ўт ўчирувчиларнинг ҳам ҳиссаси қўшилибди. Улар оловни ўчирамиз деб, бутун бинони сувга бўктиришибди. Зап иш бўлибди-да!

“Карлтон” меҳмонхонаси вайрон бўлибди, иккита инглиз самолёти тўғри немис зобитлари клубига бомба ташлабди. Вижзелстрат ва Сингл кўчалари ёниб кул бўлган. Немис шаҳарларини бомбардимон қилиш авжига чиқмоқда. Тузукроқ ухлолмаганимдан қовоқларим салқиб, кўзларим қизариб кетган.

Иштаҳамнинг ҳам мазаси йўқ. Нонуштамиз қуритилган нону қаҳва кукунидан иборат бўлиб қолди. Икки ҳафтадан бери тушликка исмалоқ ёки ширин таъмли картошка қўшилган карамли салат еймиз. Озиш ниятинг бўлса, чорбоғимизга келавер! Юқоридагилар нолишгани-нолишган, биз эса чидаб турибмиз. 1940 йилда жангга кетган голландларни энди меҳнат лагерларига жўнатишди. Гаров боғлайман, бу – босқин бошланиб қолса, эҳтиёт чораси!

Анна

1943 йил, 2 май, якшанба

Бу ердаги ҳаётимизни бошқа яҳудийларникига солиштирганда биз, жаннатда яшаяпмиз. Ҳаёт яна ўз изига тушиб кетса, ҳайронман қандай кўникиб кетарканмиз. Ҳозир шунчалар ивирсиб кетганмизки, аввалги саранжом-саришталикдан, тозаликдан асар ҳам қолмаган. Масалан, келганимиздан бери ҳали стол устидаги клеёнкани алмаштирмадик. Ишлатилаверганидан рангида ранг қолмаган. Тозалашга роса ҳаракат қилдим, аммо дазмолимиз илма-тешик бўлиб кетган, қанча тозаламай, барибир, фойдаси йўқ. Ван Данлар қишдан битта кўрпа-тўшак билан чиқишди: бу ерда уни ювишга шароит йўқ.

Дадам кийган шимнинг оҳори тўкилган, бўйинбоғи ҳам титилиб қолган. Бугун эса ойимнинг корсети узилиб кетди, энди тузатиб бўлмайди. Марго икки ўлчам кичкина ичкийим кийиб юрибди. Қиш бўйи ойим икковлари учта свитерни алмашиб кийишди. Свитерларим кичкиналигидан аранг қорнимни ёпади. Ҳеч ақлим етмайди, менинг ичкийимимдан тортиб, дадамнинг устарасигача ҳаммаси эски-тускилигига ҳайрон қоламан. Бу аҳволда урушдан кейинги яхши ҳаётимизга яна қайта олармиканмиз?

Сирли чордоқ фуқароларининг уруш ҳақидаги фикрлари:

Жаноб ван Дан. Бу жаноб сиёсатни ҳаммадан яхши тушунади деган тўхтамга келдик. Ҳарқалай, унинг тахминича, бу ерда 1943 йилнинг охиригача ўтирар эканмиз. Бу анча узоқ муддат бўлса-да, чидай оламиз. Аммо фақат азоб-уқубат келтирган бу уруш бир кун келиб тугашига ким бизни ишонтира олади? Унгача бизга ёки ёрдамлашаётган дўстларимизга бирор кор-ҳол бўлмаслигига-чи? Ҳеч ким! Шу сабаб ҳаммамиз ҳар куни хавотирдамиз. Кутяпмиз, умид қиляпмиз, қўрқяпмиз: бино ичида, ташқарисида бирор овоз эшитсак, газетада бирор хабар ўқисак, юрак ҳовучлаб қоламиз, ёрдамчиларимиз ҳам яширинишга мажбур бўлишлари мумкин.

Шу кунларда ҳамманинг оғзида яшириниш ҳақидаги гап-сўзлар. Албатта, яширинганлар сонини билмаймиз; аммо улар умумий аҳоли сонига нисбатан жуда кам, шубҳам йўқ, уруш тугагач, қанчадан-қанча оилалар яҳудийларни, насронийларни ўз уйларига яширишни исташганини билиб ҳайратланамиз. Қанчадан-қанча одамлар сохта ҳужжатлар билан юришгандир.

Ван Дан хоним. Бу гўзал (ўзининг фикрича) хоним қалбаки паспорт олиш жуда осон деб эшитибди, шундан бери ҳаммамизга битта паспорт сотиб олайлик дегани-деган. Худди дадам билан жаноб ван Дан пулни ердан супуриб олишадигандек гапиради-я.

Ван Дан хоним доим аҳмоқона нарсаларни гапириб юради, эрининг эса бундан фиғони фалакка чиқади. Ҳайрон қолмаса ҳам бўлади, чунки хоним бир куни “Ҳаммаси тугагач, насронийликни қабул қиламан” деса, бошқа куни “Эсимни таниганимдан бери Қуддусга боришни орзу қиламан. Яҳудийлар орасида яшасамгина роҳат топаман!” деб қолади.

Дадам. У жудаям некбин инсон, лекин бунга доим сабаб топилади.

Жаноб Дюссел. Жаноб, одатда, бўлмағур нарсалар ҳақида гапиради. “Ҳазрати олийлари”га қаршилик билдиришдан олдин эса яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Альфред Дюсселнинг уйида унинг ҳар бир гапи – қонун, аммо бу Анна Франкка тўғри келмайди.

Чордоғимизнинг қолган аъзолари уруш ҳақида нима деб ўйлашларининг сира қизиғи йўқ. Сиёсатни фақат шу тўртовлари тушунишади, холос. Аслида, фақат икки киши, лекин ван Дан хоним ва Дюссел ҳам ўзларини шу қаторга қўшишади.

Анна

1943 йил, 18 май, сешанба

Дугонажоним Китти!

Яқинда немис ва инглиз учувчиларининг ҳаводаги тўқнашувига гувоҳ бўлдим. Афсуски, инглизларнинг самолёти ёниб кетди, иккита учувчи парашютда сакради. Хальфвег кўчасида яшайдиган сутчимиз йўл ёқасида тўртта канадалик аскарни кўрибди. Биттаси голландчада бемалол гаплашар экан. Аскар ундан чақмоқтош сўрабди. Кейин эса аслида олтита бўлишганини, учувчи ёниб кетганини, битта аскар яшириниб олганини айтибди. Немис хавфсизлик полицияси тирик қолган тўрт аскарни олиб кетгани келибди. Бошларига шундай кулфат тушса ҳам, хотиржам юришларига ҳайронман.

Ҳаво жуда иссиқ бўлишига қарамай, чиқиндиларни ёқиб юбориш учун ҳар куни каминни ишлатяпмиз. Чиқиндини қувурга ташлолмаймиз, ишчилар кўриб қолиши мумкин. Бир марта эҳтиётсизлик қилдингми, тамом, ҳаммаси тугайди!

Барча талабалар “Немисларнинг янги тузумини қўллаб-қувватлаш ҳақида”ги ҳужжатга имзо қўйишлари шарт. Саксон фоиз талаба ўз виждонига қарши боролмай, имзо қўймаган, энди эса жазо муқаррар. Имзо чекишдан бош тортган ҳар қандай талаба меҳнат лагерларига сургун қилиниши турган гап. Агар ёшлар бу тахлит Германияга сургун қилинаверса, Голландиянинг келажаги нима бўлади?

Кеча тунда отишмалар шу қадар баланд бўлдики, ойим деразаларни ёпиб қўйди; дадам билан бирга ётгандим. Дабдурустдан ван Дан хоним додлаб ўрнидан сапчиб тургани эшитилди. Мушук тишлаб олган бўлса-я? Шундан кейин бомба портлабди, ётоғим устига қулагандек бўлди. “Чироқни ёқинг! Чироқни ёқинг!” дея додлаб юбордим. Дадам лампани ёқди. Энди ўт-олов ичида қолсак керак деб ўйловдим, худога шукур, ҳеч нарса бўлмади. Нима бўлди экан, дея ҳаммамиз тепага отилдик. Эр-хотин очиқ деразадан аланга кўришибди. Жаноб ван Дан яқин ўртада ёнғин бўляпти деб ўйласа, хотини уйимиз ёняпти деб ўйлабди. Бомба портлаганда эса қўрқувдан аъзойи бадани қалтирай бошлабди. Жаноб Дюссел чекиб олай деб юқорида қолди, биз эса жой-жойимизга қайтдик. Ван Дан хоним паноҳ излаб Дюсселнинг хонасига отилди. Дюссел жаноблари хонимни “Келақол, болажоним!” дея қаршилади. Кулавериб ичакларимиз узилай деди, отишмалар ҳам бир зумда хаёлимиздан кўтарилган, қўрқувимиз тарқаб кетганди.

Дугонанг Анна

1943 йил, 15 июнь, сешанба

Азизам Китти!

Қанчадан-қанча воқеалар содир бўлди, лекин баъзида узундан-узоқ хатларим билан зериктириб қўйдимми дейман. Шунинг учун янгилик­ларни қисқача ёзиб ўтаман. Жаноб Воскуижл ниҳоят жарроҳлик столига ётибди, шифокорлар ичини ёриб кўрибди-ю, ярасини олиб ташлашмабди, у саратонга чалинган экан. Касаллик шунчалар оғирлашиб кетибдики, операциядан фойда йўқмиш. Кесилган жойини қайтиб тикишибди, уч ҳафта касалхонада яхши парвариш қилиб, кейин уйига рухсат беришибди. Лекин шифокорлар катта хатога йўл қўйиб, боёқишга дардини очиқ-ойдин айтиб қўйишибди. У энди ишлай олмайди, уйда саккиз боласи қуршовида ўлимини кутиб ўтирибди. Жаноб Воскуижлга жуда ачинаман, ташқарига чиқа олмаслигимдан эса хунобим ортади; бўлмаса, ҳар куни уни кўргани борардим. Энди ташқарида, ишхонада нима бўлаётганидан доим хабардор қилиб турадиган дўстимиз билан бошқа кўриша олмаслигимиз биз учун ҳақиқий фожиа бўлди. Хавфсизлик масалаларига келганда жаноб Воскуижл беқиёс ёрдамчимиз, ҳомийимиз эди. Уни жуда соғинамиз.

Келгуси ой радиони янги бошлиқларга топширишимиз керак. Жаноб Клеиман радиомиз ўрнига бозордан кичкина радиоприёмник топиб келаркан. “Филипп” радиосини кичкина приёникка алмаштираётганимиз алам қиляпти-да. Ҳечқиси йўқ, битта радиони деб ҳаммада шубҳа уйғота олмаймиз-ку! Кичкина радиони эса юқорига ўрнатамиз. Ноқонуний яҳудийлар ноқонуний талонга яшаётганда, ноқонуний приёмник бўлса, нима қипти?

Бутун мамлакат бўйлаб ҳамма “эркаклик шаъни”ни бир четга суриб, эски радио топиш илинжида. Бу бор гап: ташқаридан эшитилаётган овозлар кундан-кун баттар тус олгани сайин, радионинг ёқимли овози бизга нажот бағишлайди. Ўз-ўзимизга “Руҳни чўктирмайлик, ҳаммаси яхши бўлади!” дея такрорлаймиз.

Анна

1943 йил, 11 июль, якшанба

Бир неча бор такрорланган бола тарбияси масаласига яна мурожаат этар эканман, айтишим жоизки, қўлимдан келганча меҳрибон бўлишга, чиройимни очиб юришга ҳаракат қиляпман. Фақат дашномлар ёмғири бошимдан ёғмаса бўлгани. Умуман, жининг суймайдиганларга яхши муомалада бўлиш жуда қийин, айниқса, иккиюзламачилик қилганингда қийналиб кетасан. Аммо иккиюзламачилик қилиб, эски одатимга биноан, рост гапирганимдан кўра кўпроқ нарсага эришяпман (менинг фикрим билан аслида кимнинг нима иши бор?). Албатта, бу ролимни адолатсизлик бўлган пайтда ўйнай олмайман. Кейин яна ҳамма камида бир ой қўполлигимдан нолийди. Баъзида аяшса бўларди, шундайми? Яхшиямки, аразчи эмасман, бўлмаса, таъна-маломатлардан бошим чиқмасди. Одатда жанжалларнинг кулгили томонини излаб топаман, бошқаларни уришишаётганда майлику-я, ўзимга дашном беришаётганда ҳам шундай қиламан. Бу анча қийин кечади. Бундан ташқари стенография машғулотларини (чуқур ўйлаб кўрган ҳолда) йиғиштириб қўйишга қарор қилдим. Биринчидан, бошқа дарсларим ҳам қалашиб ётибди, иккинчидан, кўзим толиқиб қоляпти. Кўз нурим заифлашиб, яқиндан кўришим сустлашиб қолган. Аллақачон кўзойнак тақа бошлашим керак эди (ғирт овсарга ўхшаб қоламан!). Лекин ўзингга маълум – яширинганмиз…

Кеча ҳамма тинмай Аннанинг кўзлари ҳақида гапирди, чунки ойим мени Клеиман хонимга қўшилиб, шифокорга борсин, дея маслаҳат берганди. Буни эшитибоқ оёқларим бўшашиб кетди, ахир, ҳазил гапми? Ташқарига чиқиш! Бир ўйлаб кўр, кўчага чиқсам-а! Ақлимга сиғдиролмайман. Бошида қўрқиб кетдим, кейин қувончим ичимга сиғмади. Бироқ бу унчалик осон эмас; ҳамма ҳам дарров рози бўлмади, аммо Миэп ўша заҳотиёқ олиб чиқишга тайёр эди. Мен эса кулранг пальтомни жавондан чиқариб, кийиб олдим. Жудаям кичик келиб қолибди, худди синглимнинг пальтосини кийгандекман. Пальтони кенгайтирдик, лекин барибир тугмасини ўтказа олмаяпман. Қандай қарорга келишаркан-а? Менимча, улар бирор тўхтамга келишга улгуришмайди.

Британия Сицилияни эгаллабди, дадам уруш тез орада тугашини башорат қиляпти.

Бэп Марго иккимизга жуда кўп ёзув-чизувли иш беряпти. Икковимиз ҳам бу ишга сидқидилдан киришдик, ҳарна анча ёрдам бўлади. Олди-сотди дафтарини ҳамма ҳам тўлдира олади, аммо биз буни алоҳида эътибор билан бажаряпмиз.

Миэп шунчалар кўп нарса ташиб келяптики, эшакка ўхшаб қолган. Деярли ҳар куни сабзавот, озиқ-овқат тўлатилган халталарни велосипедига осиб келади. Ҳар шанба кутубхонадан бешта китоб ҳам келтиради. Шанбани доим ёш бола совға кутгандек интизорлик билан кутамиз. Бизга ўхшаб яшириниб ўтирганларга китоб нақадар муҳимлигини оддий одамлар билишмайди. Дарс тайёрлаб, китоб ўқиб, радио эшитиб, бир амаллаб қош қорайтирамиз.

Дугонанг Анна

1943 йил, 19 июль, душанба

Китти!

Якшанба куни Шимолий Амстердам қаттиқ бомбардимон қилинди. Ҳаммаёқ вайрон бўлган. Кўчалар харобага айланган, мурдаларни йиғишга анча вақт кетса керак. Бугунгача икки юз киши вафот этибди, яраланганлар эса сон-саноқсиз; госпиталлар лиқ тўла. Ёш болалар вайроналар остидан ота-оналарининг жасадларини қидириб юришган экан. Узоқдан эшитилаётган ваҳимали отишмалар янада каттароқ кулфат келтиришини ўйласам, аъзойи баданим титраб кетади.

1943 йил 23 июль, жума

Азиз дугонам Китти!

Ҳисобчи опажоним учун Бэп дафтарлар, аниқроғи, журналлар топиб келди. Бошқачалари ҳам сотиляпти, лекин қандай ва қанчага етишини сўрама. Ҳаммасининг устига “Талон шарт эмас!” деб ёзилган. Талонсиз олиш мумкин бўлган ҳамма нарсага ўхшаб улар ҳам мутлақо яроқсиз. Ўн икки варақли, зич катаклари кулранг қоғозда зўрға кўринади.

Марго ҳуснихат билан шуғулланмоқчи. Унга, албатта, шуғулланишини тавсия этдим. Ойим кўзларим сабабли менга рухсат бермайди, менимча, бу бемаънилик. Аслида, нимаики қилмай, натижа барибир бир хил. Китти, сен сира уруш кўрмагансан, хатларимга қарамай, яширин ҳаёт ҳақида деярли ҳеч нарса билмайсан. Сенга озодлигимизнинг илк кунида ҳамма нима қилмоқчилигини сўзлаб берай.

Марго ва жаноб ван Даннинг хоҳиши бир хил, иссиқ, буғланиб турган ҳаммомни орзу қилишяпти. Ван Дан хоним ширинлик истайди, жаноб Дюссел эса Шарлоттасининг олдига югуради. Дадам жаноб Воскуижлдан хабар олади, Питер шаҳар айланади, менга келсак, хурсандлигимдан довдираб қолардим. Ҳаммасидан ҳам кўпроқ, ўз уйимда бўлсам, эркин нафас олсам, уй вазифаларимга кимдир ёрдам берса дейман. Аниқроғи, мактабга қайтишни истайман!

Бэп мева-чева олиб келаман деди. Нархлари “жуда арзон”: ярим кило узум – 2.50 гуилдер, ярим кило қорағат – 70 цент, бир дона шафтоли – 50 цент, ярим кило қовун – 75 цент. Ҳар ҳафта газеталарда “Нархларни туширинг!” деб жар солишлари бекорга эмас экан.

Анна

1943 йил, 26 июль, душанба

Азиз дугонам Китти!

Кеча яна бир ваҳима кўтарилди, ҳалигача ўзимизга келолмаяпмиз. Аслида, бу ерда тинч ўтган бирор кун борми ўзи, деб ўйларсан. Тонгда сирена овозини эшитдик, лекин эътибор бермадик. Бу фақат душман самолёти яқинлашиб қолганини билдирарди. Бошим қаттиқ оғриб, нонуштадан кейин бир соатча чўзилдим, сўнг соат иккида офисга тушдим.

Соат икки яримда Марго ёзув-чизувини тугатиб, дафтарларини йиғиштираётганда яна сирена чалина бошлади. Икковимиз ҳам юқорига ўқдек отилдик. Беш дақиқа ўтар-ўтмас отишмалар шунчалик кучайдики, ҳамма йўлакка йиғилиб олди. Уй ларзага келар, бомбалар эса портлашда давом этарди. Сафар халтамни жон-жаҳдим билан чангаллаб олдим, қочиш учун эмас, шунчаки, яшириниш учун. Биламан, бу ердан чиқиб кетолмаймиз, шундай бўлган тақдирда ҳам, кўчага чиқишимиз билан бомбага йўлиққандан ҳам баттарроқ бўламиз. Ярим соатлардан сўнг тўполон тинди, чордоғимиз яна жонланди. Питер чордоқнинг олд томонидаги кузатув постидан тушди, Жаноб Дюссел офисда ўтирди, ван Дан хоним шахсий офисдан чиқмади, жаноб ван Дан билан биз болохонада туриб томлардан ўрлаётган тутунни томоша қилдик. Ҳаммаёқ бурқсийди, гўё бутун шаҳар олов ичида қолгандек. Бироқ, шукурки, биз учун даҳшатлар тугади, ҳаммамиз ишимизга қайтдик. Энди дастурхон атрофига йиғилган ҳам эдикки, яна сирена чинқирди. Ўқ товушлари, ҳарбий самолёт овозлари!

Иштаҳамиз ғиппа бўғилди, шаҳарнинг нариги тарафида яна кимларнингдир устига бомба тушаётганди, ўқлар ёғилаётганди.

Британия янгиликларига кўра, Скипхол аэропорти портлатилибди. Самолётлар гоҳ пасаяр, гоҳ баландлар, моторлар тинмай гурилларди. Жуда-жуда қўрқинчли эди. Ҳар сафар: “Ана, бомба бошимизга тушяпти, ана, ҳозир портлайди!” деб ўйлардим.

Ўлай агар, соат тўққизда тўшакка кирганимда ҳам оёқларим қалтирарди. Ярим кечада яна уйғониб кетдим: самолётлар! Жаноб Дюссел ечинаётган экан, эътибор ҳам бермай туриб кетдим, илк ўқ узилганидаёқ уйқум қочди. Дадамнинг олдида соат биргача ётдим, ўзимнинг ётоғимда соат бир яримгача аранг чидаб, иккида яна дадамнинг пинжига кирдим. Лекин самолётлар сира чекинишмасди. Ниҳоят жанг тугаб, ўз жойимга қайтиб бордим. Соат икки яримда ухлаб қолибман.

Соат етти. Ўрнимдан сакраб турдим, дадам жаноб ван Дан билан гап­лашаётган эди. Хаёлимга биринчи бўлиб ўғри келди. Жаноб ван Даннинг “ҳаммаси” дегани қулоғимга чалинди, ҳамма нарсамизни ўғирлашибди деб ўйладим. Бироқ адашибман, бу ажойиб янгилик экан, ойлар давомида, балки уруш бошлангандан бери эшитган энг ажойиб янгилигимиз эди. Кечаги даҳшатлардан сўнг охири хушхабар эшитдик, у бизда… умид уйғотди! Уруш тугашига, тинчликка умид уйғотди!

Жаноб Куглер келиб, “Фоккер” авиасозлик корхонаси қаттиқ ҳужумга учраганини айтиб кетди. Бу пайт яна бир марта огоҳлантирувчи сирена чалинди. Рости, мана шу сирена деганлари ҳиқилдоғимга келди. Кеча амаллаб ухлаган эдим, кўзларим юмилиб кетяпти. Аммо Италия ҳақидаги янгилик, шу йил охиригача уруш тугайди, деган умид сабаб кўзларимизга уйқу келмаяпти…

Аннанг

1943 йил, 29 июль, пайшанба

Азизам Китти!

Ван Дан хоним, жаноб Дюссел ва мен идиш юваётгандик. Мен чурқ этмасдим. Ўзим учун ҳам ноодатий бўлган бу ҳолатни улар ҳам сезишди, ҳар хил саволлардан қутулиш учун унча муҳим бўлмаган мавзуда гапира бошладим. “Рўпара уйдаги Генри” китоби тайёр мавзу бўлади, деб ўйловдим, лекин қаттиқ адашибман; бу сафар ван Дан хоним билан эмас, жаноб Дюссел билан қаттиқ айтишиб қолдим. Жаноб Дюссел “шу китобни ўқинглар, у ҳақиқий санъат асари” деб Марго иккимизга тавсия қилган эди. Бизнингча, у сира ундай эмас. Кичкина бола яхши тасвирланган, лекин қолганлари… айтмай қўя қолай. Идиш юваётганимизда шуни вайсаб қўйдим, жаноб Дюссел эса тутақиб кетди: “Эркак кишининг психологоясини қайдан ҳам тушунардинг?! Ёш болани тушуниш осон! Бунақа китобларни ўқишга ёшлик қиласан! Йигирмага тўлган кишининг ҳам бунга тиши ўтмайди!” Ундай бўлса, нега бизга ўқинглар, дея тавсия қилди?

Ван Дан хоним ва жаноб Дюссел икковлашиб мени ҳақорат қила кетишди: “Ёшингга мос келмайдиган кўп нарсаларни биласан. Сенинг тарбиянг бузуқ. Кейин, улғайганингда, ҳеч нарсанинг қизиғи қолмайди. Буни йигирма йил олдин ўқиганман дейсан! Тирранча, севиб, эрга тегиш ниятинг бўлса, шошил! Ҳаммасини аллақачон биласан-ку! Фақат амалиёт етишмайди-да!”

Қай аҳволга тушганимни бир тасаввур қил. Оғир-босиқлик билан:

– Сизнингча, тарбиям бузуқдир, аммо ҳамма ҳам бундай ўйламайди! – дея жавоб берганимга ўзим ҳам ҳайронман.

Бола тарбияси ҳақида гапиришни уларга чиқарган! Улар болаларни ота-онасига қарши қайрашдан бошқасини билмайди. Менинг ёшимдаги қизлар билан жиддий мавзуларда суҳбатлашмаслик эса мақсадларига мувофиқ. Бундай тарбиянинг натижасини кейинроқ кўрамиз. Дарвоқе, икковлари ҳам шундай тарбия кўрган-ку! Қанийди, устимдан аёвсизларча кулган бу икки махлуқнинг юзига шапалоқ тортиб юборсам! Бу ерда яна қанча қолишимизни аниқ билганимда эди, қачон шу касофатлардан қутуламан, деб қувончимдан кун санаб юрардим. Афсуски, улар билан битта чордоқда яна қанча яшашимизни ҳам билмайман.

Ван Дан хоним ҳақида соатлаб гапириш мумкин! Унинг “ёмон аёл” деган номга тўлақонли “ҳақи” бор! Хоним манман, худбин, айёр, ҳисоб-китобчи, доим норози юрадиган мавжудот. Устига-устак кўз сузади, қош қоқади − чидаб бўлмайди! Ван Дан хоним ҳақида бутун бошли китоб ёзишим мумкин, ким билсин, бир кун келиб ёзарман ҳам. Бегоналар, айниқса, эркаклар олдида у ниқобини тақади; мулойим, хушмуомала хонимга айланади-қолади. Биринчи марта кўрган одам у ҳақда, албатта, ёмон хаёлга бормайди.

Ойимнинг фикрича, у ҳақда гапириш – шунчаки вақтни сувга оқизиш. Марго эса уни одам ўрнида кўрмайди. Дадамнинг айтишича, у алвасти (кўринишдан ҳам, ичдан ҳам!). Учовларининг ҳам фикрига қўшиламан, аслида хонимнинг қусурлари саноқсиз. Шунчалар кўпки, бир-иккитасини муҳокама қилишнинг фойдаси йўқ, шу сабаб, бошламай қўя қолай!

Анна

P.S. Дугонажон, юқоридагиларни ёзаётганимда жаҳлдан тушмаганимни инобатга олишингни сўрайман.

1943 йил, 3 август, сешанба

Азизам Китти!

Сиёсий майдондаги ишларимиз жойида. Италияда “Фашистлар партияси” бекор қилинибди. Кўп жойларда аҳоли фашистларга қарши жанг қилмоқда, ҳатто армия ҳам ёрдамга келибди. Нега ҳали ҳам Англия билан уруш қилишда давом этишяпти? Ўтган ҳафта чиройли радиомизни олиб қўйишди. Жаноб Дюссел жаноб Куглер радиони белгиланган кунида топшириб келганига ғазабланди. Назаримда, Дюссел кундан-кунга тубанлашиб кетяпти, менинг ўлчамимда у аллақачон нолдан ҳам пастроқда турибди. Сиёсат, тарих ва география ҳақидаги гаплари шу қадар кулгилики, қайтаришга журъат қилолмайман: Гитлернинг номи тарихдан ўчиб кетади; Роттердамдаги порт Ҳамбургдагидан каттароқ; инглизлар ғирт каллаварам, улар Италияни таг-туги билан портлатиб юборишлари керак ва ҳоказо.

Амстердам учинчи марта бомбардимон қилинди. Тишимни тишимга қўйиб, дадил туришга қарор қилдим. “Майли, портлайверсин! Ажали етган ўлади!” дея катта кетган ван Дан хоним орамизда энг қўрқоғи экан. Бугун тонгда япроққа ўхшаб титраб, йиғлаб берди. Бир ҳафта олдин ярашиб олган эри уни тинчлантирди. Бу манзарани кўриб бирам таъсирландимки!

Мушук боқишнинг яхши томони билан бирга ёмон томонлари ҳам борлигининг яққол гувоҳи бўлдик. Ҳамма ерни бурга босиб кетди, кундан-кун аҳвол ёмонлашяпти. Жаноб Клеиман ҳар бир тирқишга сариқ кукун сепиб чиқди, бурга эса йўқолмади. Ҳаммамиз асабийлашамиз; бурга чаққанини сездикми, тамом, сакраб туриб машқ қиламиз, шунда қўл-оёқларимизни яхшилаб кўздан кечириш мумкин.

Ҳаммамиз кам ҳаракатликдан эгилиб-букилолмай қолибмиз. Жисмоний машқларни давом эттирсак бўларкан.

Анна

1943 йил, 4 август, чоршанба

Азизам Китти!

Мана яширинганимизга ҳам бир йилдан ошиб қолди, ҳаётимиз ҳақида анча нарса биласан. Шундай бўлса-да, сенга ҳамма нарсани баён этолмайман. Бу ерда ҳаёт ҳам, одамлар ҳам бошқача. Аммо ҳаётимизни янада яхшироқ билишинг учун баъзи-баъзида бир кунимизни тасвирлаб тураман. Оқшом ва тундан бошлай қолай.

Соат тўққиз. Уйқудан олдин чордоқда доим ағдар-тўнтар бўлади. Стуллар кўтарилади, каравотлар ташқарига чиқарилади, кўрпалар ёйилади − ҳамма нарса кундузги жойидан қўзғатилади. Атиги беш қаричлик диванда ухлайман, узунроқ қилиш учун бир-иккита стул қўшамиз. Кўрпа, чойшаб, ёстиқлар жаноб Дюсселнинг каравотида йиғилади.

Қўшни хонадан қарсиллаган овоз эшитилди: Маргонинг йиғма каравоти ёйилди. Бироз бўлса ҳам, юмшоқроқ бўлиши учун қават-қават матраслар, ёстиқлар тўшалади. Юқоридан қаттиқ шовқин эшитилди: ван Дан хонимнинг каравоти дераза томон сурилди – “зоти олиялари” кечаси тоза ҳаводан баҳра олишлари керак.

Соат тўққизда Питер ювиниб бўлади, энди менинг навбатим. Оёғимдан тортиб сочимнинг учигача тозалаб юваман, баъзида раковина тешигидан қўнғиз чиқади (фақат баъзида, яъни ҳаво жудаям исиб кетганда). Тишимни чўткалайман, сочимни жингалак қиламан, тирноқларимни текислайман, юқори лабим устидаги мўйларни тераман − бу парвариш оз эмас, кўп эмас, ярим соатга чўзилади.

Тўққиз ярим. Халатимни кияман. Бир қўлимда совун, тувак, соч тўғнағичлари, ичкийимларим, бошқасида пахта кўтариб, тезда ҳаммомдан чиқаман. Кейин кирган киши эса раковина тешигини “безаб турган” соч толаларимни олишга чақиради.

Соат ўн. Пардаларни ёпиб, бир-биримизга хайрли тун тилаймиз. Кейинги ўн беш дақиқа давомида каравотлар ғичирлаб, синган пружиналар қисирлайди, кейин юқоридагилар яна жанжал бошлаб қолишмаса, тинчгина уйқуга кетамиз.

Ўн бир ярим. Ваннахона эшиги ғичирлади. Хонага чироқнинг қия нури тушади. Катта оёқ кийим, ундан-да кенг пальто ичида йўқолиб кетгудек бўлиб жаноб Дюссел жаноб Куглернинг кабинетидан қайтяпти, ишларини тугатибди. Ўн дақиқача тимирскиланади, қоғоз шитирлайди (шахсий озиқ-овқатларини ўраб қўйяпти), ётоғини тузатади. Кейин унинг шарпаси яна йўқолади, ҳожатхонадан ғалати овози эшитилади, холос.

Соат тахминан уч ярим. Эҳтиёж сабаб уйғонаман, диваним остидаги тувакка ўтираман. Атрофига томмаслиги учун остига резина гиламча тўшалган. Бу пайт доим нафасимни ичимга ютаман, чунки тувакдаги овоз худди тоғдан оқиб тушаётган шаршарага ўхшайди. Тувак жойига қўйилади, Марго “жулдур!” деб атайдиган оқ тунги кўйлак яна тўшакка шўнғийди. Чорак соат ухламай, ҳамма нарсага қулоқ солиб ётаман. Пастга ўғри тушмабдимикан, юқоридагилар ухлашяптими, қўшни хонадагилар уйғоқми ёки донг қотишдими? Бунинг кулгили жойи йўқ, айниқса, гап жаноб Дюссел ҳақида кетганда. Аввал жаноб қуруқликка чиқиб қолган балиқдек нафас оладилар, тўққиз ёки ўн марта. Кейин лаблар яланади, чўлпиллаган овоз эшитилади, сўнг ёстиқ эзилиб, жаноб гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ағдариладилар. Бу жараён камида уч марта қайтарилади. Ва, ниҳоят, “ҳазрати олийлари” уйқуга кетадилар.

Баъзида соат бирдан тўртгача отишмалар тинмайди. Олдиндан хабардор бўлмасам ҳам, сакраб туриб кетаман. Аммо, барибир, уйқум очилмайди. Алаҳсираб, французча нотўғри феълларни такрорлайман ёки юқоридагиларнинг охирги жанжалини эслайман. Уйқум тарқагачгина отишма аллақачон тугаганини, хонамга олиб киришганини пайқайман. Лекин одатда уйғониб кетаман. Халатим ва шиппагимни илдириб, дастрўмол билан ёстиқни чангаллаганча дадамнинг олдига югураман. Худди “Туғилган кун” шеърида Марго тасвирлагандек:

Отишмалар бошланиб,
Эшик қия очилиб,
Қўлида ёстиқ, рўмол
Пайдо бўлар қизалоқ…

Катта каравотда унча қўрқмайман, отишмалар товуши қулоқни қоматга келтирмаса бўлгани!

Соат олтидан қирқ беш дақиқа ўтди. “Жиринг-жиринг”… Соатнинг жирингидан, хоҳлайсанми, йўқми, уйғониб кетасан. “Чиқ”… ван Дан хоним уни ўчирди. “Ғачир-ғучур”… Жаноб ван Дан ўрнидан турди, ваннада сув шилдирайди.

Еттидан ўн беш дақиқа ўтди. Эшик яна ғичирлайди. Дюсселнинг ювиниш навбати келди. Ниҳоят, ёлғиз қоламан, пардаларни очаман… Чордоғимизда янги кун бошланди.

Анна

1943 йил, 5 август, пайшанба

Азизам Китти!

Бугун туш пайти ҳақида гаплашамиз.

Соат ўн икки ярим. Ҳаммамиз анча енгил тортиб нафас оламиз: ўтмиши жуда қоронғи бўлган жаноб ван Марен ва жаноб де Кок тушлик қилгани уйларига кетишди. Юқоридан чангютгич овози эшитиляпти – ван Дан хоним битта-ю битта севимли гиламини тозалаяпти.

Марго дарсликларни қўлтиқлаб “секин ўзлаштираётган”ларга қўшимча сабоқ беришга чоғланяпти, менимча. Бу талаба – жаноб Дюссел. Дадам бироз бўлса-да, ёлғиз қолиш учун Диккенс мутолаасига киришди. Ойим яна бир уй бекасига ёрдам бериш учун тепага чиқиб кетди. Мен эса ваннахонани йиғиштираман, ўзимга ҳам қараб оламан.

Ўн иккидан қирқ дақиқа ўтди. Меҳмонларимиз бирма-бир кириб келади: жаноб Гиэз, кейин жаноб Клеиман ёки Куглер, Бэп, баъзан ҳатто Миэп ҳам келади.

Соат бир. Радио атрофида йиғилиб “БиБиСи” янгиликларини тинглаймиз. Фақат мана шу пайт ҳеч ким бир-бирига халал бермайди, чунки ҳатто жаноб ван Дан ҳам радиобошловчига қаршилик қилолмайди-да.

Ўн учдан ўн беш дақиқа ўтди. Тушлик тарқатилди. Пастдагилар бир коса шўрва, агар бўлса, ширинлик билан меҳмондорчиликка чиқишади. Жаноб Гиэз стол олдидаги диванда, тиззасида мушук, газета ўқиб ўтиради. Агар бу нарсалардан бирортаси бўлмаса, ўзини ноқулай ҳис қилади. Жаноб Клеиман шаҳардаги сўнгги янгиликлардан сўзлайди, бу ишда у устаси фаранг. Жаноб Куглер шошиб келиб, эшикни бир марта чертади. Қўлларини ишқалаб кириб келади, хушчақчақ ёки хомуш, камгап: бу унинг кайфиятига боғлиқ.

Бирдан қирқ беш дақиқа ўтди. Дастурхон йиғиштирилиб, ҳамма ўз ишига шўнғийди. Марго билан ойим идиш-товоқ ювади. Ван Данлар диванда дам олишади, Питер юқорига чиқиб кетади. Дадам ва жаноб Дюссел ҳам мизғиб олишади. Анна эса уй вазифаларини бажаради.

Кейинги соатда ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит бўлиб қолади; ҳамма ухлайди, ҳеч ким бир-бирига халал бермайди. Кўринишидан жаноб Дюссел овқат ҳақида туш кўряпти. Аммо вақтимни унинг турқига қараб ўтиришга сарфламайман. Ҳар дақиқа ғанимат: ҳадемай соат тўрт бўлади, жаноб Дюссел столни қачон бўшатаркан, дея соат милига тикилганча тепамда қаққайиб туриб олади.

Қадрдонинг Анна

1943 йил, 10 сентябрь, жума

Ҳар сафар сенга хат ёзганимда яхшисидан кўра ёмон воқеалар кўпроқ содир бўлади. Аммо бу сафар ажойиб ҳодиса юз берди.

Чоршанба куни, яъни 8 сентябрда соат еттидаги “Янгиликлар”дан хушхабар эшитдик: “Уруш бошлангандан буён юз берган энг яхши воқеалардан бири: Италия озод қилинди!” Италия тамоман эгалланибди! Англиядаги голланд хабарлари соат саккиздан ўн беш дақиқа ўтганда, сухандоннинг: “Тингловчилар, бир соату ўн беш дақиқа олдин кундалик янгиликни ёзиб тугатган ҳам эдикки, Италиянинг озод этилгани ҳақидаги хушхабарни эшитдим. Ростини айтсам, илгарилари ҳеч қачон бугунгидек мароқ билан ёзганларимни чиқинди челагига ташламаганман”, деган янгилиги билан бошланди.

Америка миллий мадҳияси, “Қиролни Тангри асрасин” ва Россиянинг “Интернационал”и янгради. Голландия эшиттириши ҳар доимгидек баландпарвоз бўлмаса-да, қалбга яқин эди.

Британия Непалга аскарларини туширди. Шимолий Италияни немислар эгаллашди. Ярашув ҳақидаги шартнома Британия аскарлари Италияга тушган 3 сентябрь – жума куни имзоланди. Немислар барча газеталарда Бадольо[7] ва Италия қиролининг сотқинлиги ҳақида ёзиб, қарғашяпти.

Афсуски, шумхабар ҳам бор. Жаноб Клеиманни нақадар ардоқлашимиз ўзингга маълум. Ўзи касал, тузукроқ овқат ея олмаслигига қарамай, ўта жасур, юзидан табассум аримайди.

− Жаноб Клеиман келганда қуёш чарақлаб кетади, − деганди ойим. Унинг гапи тўппа-тўғри.

Боёқишнинг касали оғирлашиб, ошқозонини операция қилдиришига тўғри келяпти. Госпиталда камида тўрт ҳафта даволанади. Биз билан худди дўконга чиқиб кетаётгандек бамайлихотир хайрлашганини кўрсанг эди…

Аннанг

1943 йил, 16 сентябрь, пайшанба

Азиз дугонам Китти!

Чордоғимиздаги ўзаро муносабатлар кун сайин ёмонлашиб бормоқда. Овқатланаётганда оғиз жуфтлаб бирор гап айтишга ҳаддимиз сиғмайди (оғзимиз фақат овқат ейиш учун очилади), чунки нимаики гапирсанг ҳам ё шубҳалар гирдобига тушасан ёки кимдир айтганларингни нотўғри тушунади. Жаноб Воскуижл баъзан бизни кўргани келади. Минг афсус, аҳволини яхши деб бўлмайди. Оиласига ҳам осон тутма, ҳар нарсага: “Менга нима фарқи бор! Барибир ўламан!” қабилида қарайди. Бизнинг асабларимиз дош бермаяпти-ку, оиласининг аҳволи не кечаётган экан?

Қўрқув ва асаббузарликка қарши ҳар куни юрак дори ичяпман, бироқ қани нафи тегса, баттар қиляпти. Кулги ҳар қандай доридан афзал, аммо биз кулишни ҳам унутиб қўйгандекмиз. Барча ғам-ташвишлар сабабли юзим салқиб, оғзим қийшайиб қоляптимикан деб қўрқаман. Бошқаларнинг ҳам аҳволи танг. Ҳамма қаҳратон қишдек совуқ қўрқувлар ичида яшаяпти.

Ташвиш устига ташвиш юклаётган ҳолатлардан бири шуки, омбор ишчиси жаноб ван Марен чордоғимиздан шубҳалана бошлабди. Миэп лабораторияга серқатнов, Бэп архивга, жаноб Клеиман асосий омборга чиқиб туради. Жаноб Куглер эса бинонинг орқа қисми “Опекта” фирмасига эмас, қўшни компанияга тегишли дейди. Шубҳали нарсани пайқаш учун бироз фаросат билан ўйланса, бас, шунинг ўзи етарли. Жаноб ван Мареннинг гумонларига эътибор ҳам бермаган бўлардик, бироқ унинг ўтмиши бироз тушунарсизроқ-да.

Бир куни жаноб Куглер янада эҳтиёткорлик қилмоқчи бўлди, соат ўн иккидан йигирма дақиқа ўтганда пальтосини кийиб дорихонага йўл олди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас, ўғрига ўхшаб қўрқа-писа бизни кўргани чиқди. Бирдан ўн беш дақиқа ўтганда кетишга чоғланди. Йўлда Бэпни учратибди, у жаноб ван Марен ишхонада эканлигини айтибди. Жаноб Куглер таъби тирриқ бўлиб, биз билан бир яримгача ўтирди. Кейин туфлисини ечиб, пайпоқчан (шамоллаганига қарамай) айвондаги зинадан туша бошлади, зина ғичирламасин дея ўн беш дақиқа имиллаб пастга тушди, шундай қилиб ташқаридан офисга кирарди.

Бу пайт Бэп жаноб ван Марендан бир амаллаб қутулибди-да, жаноб Куг­лерни олиб кетгани келибди. Лекин жаноб аллақачон кетиб бўлган, ҳалиям оёқ учида пастга тушаётганди. Директор кўчада туфлисини кияётганини кўрган ўткинчилар нима деб ўйлашди экан?

Туфлисиз, пайпоқчан!

Анна

1943 йил, 17 октябрь, якшанба

Азизам Китти!

Худога шукур, жаноб Клеиман қайтиб келди. Ранги бироз синиқ, аммо ван Данларнинг нарсаларини сотишга ғайрат қиляпти. Афсуски, ван Данларнинг пули тугаб қолди. Жаноб охирги юз гуилдерини ертўлада йўқотиб қўйибди. Бу ҳали ҳам ҳаммамиз учун муаммолар туғдиряпти: душанба тонгида ертўлада юз гуилдер қандай йўқолиб қолганига ҳайронмиз. Шубҳа оралади. Нима бўлганда ҳам пул йўқолган. Ўғри ким?

Дарвоқе, иқтисодий етишмовчилик ҳақида гапираётгандим. Улар пулдан қисилиб қолишди; хонимнинг бир дунё латта-путталари, пальтолари, оёқ кийимлари бор, бироқ улардан ажралишга кўзи қиймайди. Жаноб ван Даннинг костюми умуман сотишга ярамайди, Питернинг велосипеди ҳам ўтмади. Қарабсанки, ван Дан хоним мўйнали пальтосидан воз кечишга мажбур. Унингча, харажатларимизни фирма тўлаши керак, бу жуда кулгили.

Ҳозиргина шу масала юзасидан рўй берган қаттиқ жанжал ярашув билан ниҳоясига етди.

Охирги ой ичида бу ерда бўлган жанжаллару тўс-тўполонлардан бошим айланиб кетди. Дадам лабларини буриштириб юрибди, ҳар сафар исмини эшитганда, яна бирор жанжални бостириш кераклигидан қўрқиб туради. Ойим хуноби чиқаверганидан ёноқлари қизаради. Марго бош оғриғидан, Дюссел уйқусизликдан нолийди. Ван Дан хоним кун бўйи дод-вой қилади, ростини айтсам, хотирам заифлашиб қоляпти. Баъзида ким ким билан уришгани, ким ким билан ярашиб олгани хаёлимдан кўтарилади.

Чалғишнинг ягона йўли – ўқиш, сўнгги пайтларда жуда кўп дарс тайёрлаяпман.

Аннанг

1943 йил, 29 октябрь, жума

Дугонам Китти!

Жаноб Клеиманнинг яна тоби қочди; ошқозони унга бир дадиқа ҳам тинчлик бермайди. Қонашдан тўхтаганми, йўқми, ҳатто шуни ҳам билмайди. Мазаси йўқлигини, уйга кетаётганини айтгани бизникига кирди, биринчи марта унинг кайфияти тушкун ҳолда эди.

Ван Данлар яна бир улкан жанжални бошдан кечиришди: муаммо эса ўша-ўша − пул. Жанобнинг пальтосини ва костюмини сотишмоқчи эди, бироқ нарх-навони осмонга кўтаришгани учун харидор топилмади.

Бир-икки кун илгари жаноб Клеиман мўйнафуруш дўсти ҳақида гапириб қолди. Жаноб ван Дан хотинининг пальтосини сотиш пайига тушди. Пальто қуён терисидан тикилган, хоним уни оз эмас, кўп эмас, ўн етти йил кийган. Шундай бўлса-да, 350 гуилдерга сотишга муваффақ бўлди. Пулни урушдан кейин бирор қимматбаҳо кийим сотиб олиш учун яшириб қўймоқчи эди. Жаноб ван Дан пул ҳозир рўзғорга зарурлигини тушунтираман, дея эсдан оғаёзди.

Юқорида юз берган дод-войлар, бақир-чақирлар, депсинишлару сўкинишларни тасаввур қила олмайсан. Даҳшат! Бизнинг оила нафасини ичига ютганча зинага тизилиб олди, агар зарур бўлса, уларни ажратиб оламиз деб ўйладик. Уруш-жанжаллардан шу қадар чарчадимки, асабий бўлиб қолдим, кечалари ҳеч бўлмаганда ярим соат холи қолсам ҳам хурсанд бўламан, йиғлайвериб ёстиғимни ҳўл қилганимча уйқуга кетаман.

Иштаҳам йўқлигини ҳисобга олмасак, аҳволим яхши. “Вой, тавба, рангингда ранг қолмабди!” деган гапни қайта-қайта эшитавераман. Тан олишим керак, оғзимга бир луқма овқат солиш учун ҳамма қўлидан келганича ҳаракат қиляпти: витаминлар, балиқ ёғи, кальций беришяпти.

Ташқарида ҳатто қуш сайрамаяпти, уйда жимжитлик, бу ўлик сукунат мени ҳам тобора ўз домига тортиб бораётганга ўхшайди. Бундай пайтларда дадам, ойим, Марго менга аҳамият беришмайди. Хоналарда тентирайман, зинадан юқорига чиқаман, пастга тушаман. Гўё қаноти қайрилган, қоронғуликда қафасга урилиб-туртилаётган чолиқушидекман. Қалбим “ташқарига чиқариб юборинг, тоза ҳаводан нафас олай, мириқиб кулай!” дея унсиз йиғлайди. Бу фарёдга жавоб бермай, ўрнимга ётаман. Уйқуда жимжитлик ҳам, қўрқув ҳам йўқолади, вақт тезроқ ўтади. Ахир, уни йўқ қилиш иложсиз-да.

Анна

1943 йил, 8 ноябрь, душанба

Дугонажоним Китти!

Барча мактубларимни бир ўтиришда ўқиб чиқсанг, улар турли хил кайфиятларда ёзилганини пайқайсан. Бу ерда кайфиятимга шунчалар боғлиқ бўлиб қолганимдан ўзимнинг ҳам жаҳлим чиқади, бир мен эмас, ҳамма шундай аҳволда. Агар бирор асар менга таъсир қилса, ўз туйғуларимни яширишим керак, акс ҳолда атрофдагиларим жуда тўлқинланиб кетибди деган хаёлга боришади. Жудаям чигал руҳий ҳолатга тушиб қолганимни сезгандирсан. Нега бу ҳолга тушганимни ўзим ҳам тушунмаяпман. Менимча, ҳар қадамимда таъқиб қиладиган қўрқоқлигим сабабдир. Бугун оқшом Бэп ҳали бизникидалигида эшик қўнғироғи узоқ жиринглади. Қўрққанимдан рангим докадек оқарди, юрагим гупиллаб ура бошлади, ошқозонимда капалак учиб юргандек туюлди.

Кечалари дадамсиз, ойимсиз ёлғиз ўзим қамоқхонада ётганимни тасаввур қиламан. Тушларимда чордоғимиз ёниб кетади, ярим кечада бизни олиб кетгани келишади, даҳшатга тушиб, кўрпага бурканиб оламан. Ҳамма нарсани худди ҳақиқатда юз бераётгандек аниқ-тиниқ кўраман. Тез орада худди шу аҳволга тушишимизни ўйлаш эса даҳшат!

Миэп кўпинча осуда ҳаётимизга ҳавас қилишини айтади. Балки у ҳақдир, аммо қўрқувларимизни ҳисобга олмаётгани аниқ. Ҳаётимиз яна изига тушиб кетишини сира тасаввур қила олмайман. “Урушдан кейин” дея гапираману, бу сўзларим ҳеч қачон рўёбга чиқмайдиган, саробдек туюлади.

Чордоқнинг саккиз фуқароси қора булутлар ҳалқаси ўраб олган бир парча мовий осмон остида яшаётгандекмиз. Мовий осмон осойишта, бироқ қора булутлар ҳалқаси тобора торайиб бизни янада жипслаштиряпти. Зулмат ва хатар исканжасида бир-биримизга тобора қаттиқроқ ёпишаётгандекмиз. Пастда жанг кетмоқда, тепадаги мовий осмон эса осойишта. Лекин бизни қора булутлар чулғаб олган, тепага ҳам чиқолмаймиз, пастга ҳам тушолмаймиз. Булутлар бизни йўқ қилишга чоғланган, аммо ҳозирча буни уддалай олмаётган баланд девор каби қаршимизда турибди. “Эй, ҳалқа, кенгайиб бизни қўйиб юбор” дея ёлвориб қичқиришдан ўзга чорам қолмади.

Анна

1943 йил, 11 ноябрь, пайшанба

Азизам Китти!

Бу мактубни “Авторучкамнинг ёрқин хотирасига бағишлов” деб атайман.

Авторучкам мен учун жуда бебаҳо хазина эди; унинг узун пероси бор, перо билан жуда чиройли ёзганим учун уни шу қадар қадрлардим. Авторучка менга узоқ хизмат қилди, бу ҳақда қуйида гапириб ўтаман. Тўққиз ёшимда бу ручка бувим истиқомат қиладиган Ахен шаҳридан аввал пахтага ўралиб, кейин қутига жойланган ҳолда етиб келди, қути устига “Ягона нусхада” деб ёзилганди. Февраль изғирини ҳукмрон эди. Шамоллаб, тўшакда ётган бўлсам-да, ручкани дугоналаримга кўз-кўз қилиб чиқдим. Мен, Анна Франк, авторучкага эгалик қилаётганимдан фахрланардим.

Ўн ёшимда ручкани мактабга олиб бордим, ҳайратланарлиси, ўқитувчи у билан ёзишимга рухсат берди. Ўн бир ёшимда эса хазина яна четга олиб қўйилди, чунки олтинчи синф ўқитувчим фақат мактаб ручка ва сиёҳларини ишлатишга рухсат берганди. Ўн икки ёшимда яҳудийлар лицейида ўқишни давом эттира бошлаганимда, авторучкага қаламдонимдан муносиб жой топилди. Қаламдоним қулфланарди. Ўн уч ёшимда авторучкани чордоғимизга олиб келдим. Биргаликда саноқсиз хатлару иншолар ёздик. Шундай қилиб, ўн тўрт ёшимгача ручкам мен билан бахтли ҳаёт кечирди…

Жума оқшоми, соат бешлар бўлиб қолганди. Ёзиш учун энди стол қаршисида ўтиргандим ҳамки, дадам билан Маргонинг лотин тили машғулотига жой бўшатишга тўғри келди. Авторучка ўша жойда қолиб кетди, мен эса столнинг бир бурчагида ловия тозалаб ўтиришга маҳкум этилдим. Қирқ беш дақиқа ўтганда енгилгина супир-сидир қилиб, чиқиндиларни ловия пўчоқлари билан бирга газетага солдим-да, каминга ташлаб юбордим. Сўнгги кунларда каминимиз унчалик яхши ёнмаётганди, бу сафар олов кучайганини мароқ билан томоша қилдим.

Лотин тили дарси тугади, мен эса ёзувимни давом эттириш учун стол қаршисига ўтирардим. Аммо авторучкам ғойиб бўлган эди. Ҳамма ерни қараб, қидириб чиқдим. Марго ҳам, дадам, ойим ҳам, ҳатто жаноб Дюссел ҳам қидирди. Бироқ авторучка ҳеч қаерда йўқ эди.

− Балки ахлатга қўшиб каминда ёқиб юборгандирсан, − деди Марго.

− Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! − жавоб бердим мен.

Шу кеча ручка топилмагач, ҳаммамиз ростдан ҳам ёниб кетгандир деган шубҳага бордик, чунки каминдаги олов роса кучайганди ўшанда. Шубҳаларимиз эртаси куни ўз тасдиғини топди, дадам камин кулини тозалаётганда, ручка қопқоғига кўзи тушибди.

− Ручканинг қолгани эриб кетган, − деди у.

Фақат бир нарса тасалли беряпти, ручкам куйдирилди. Мен ҳам ўлимимдан кейин бирор кун жасадимнинг куйдирилишини истайман.

Анна

1943 йил, 17 ноябрь, чоршанба

Дугонам Китти!

Шу кунларда бўлган воқеалардан бутун чордоғимиз ташвишда. Бэп дифтерия билан оғриб қолди, унга олти ҳафта арантин қўйилди, энди ишга чиқолмайди. Усиз озиқ-овқат масаласи анча танглашиб қолади, уни қанчалар соғинишимизни эса айтмаса ҳам бўлади.

Жаноб Клеиман ҳали ҳам бетоб, уч ҳафтадан буён фақат суюқ атала ичаётган экан. Жаноб Куглер ишга кўмилиб қолди.

Марго лотин тилидан уйга вазифаларини ўқитувчига жўнатади, у эса текшириб қайтариб юборади. Курсга Бэпнинг номидан ёзилган. Ўқитувчи жуда хушмуомала ва ақлли. Шундай иқтидорли ўқувчиси борлигидан роса хурсанд бўлаётгандир.

Дюсселни жин урибди, негалигини ҳеч биримиз билмаймиз. У ван Данлар билан умуман гаплашмай қўйди. Буни ҳаммамиз сездик. Бу ҳол бир неча кун давом этди, кейин ойим уни ван Дан хонимнинг феъл-атвори ёмонлигидан огоҳлантириб қўйди. Дюссел уларнинг ўзи биринчи бўлиб гаплашмай қўйишганини, ўзи эса бу ҳолатни бузмаслигини айтди. Кеча – 16 ноябрда Дюсселнинг кўчиб келганига бир йил тўлди. Шу муносабат билан у ойимга бир даста гул совға қилди. Дюссел бу ҳодисани зиёфат билан ювиши керак деб юрган ван Дан хоним эса қуруқ қолди.

Ўн олтинчи куни Дюсселдан табриклайми, ҳамдардлик билдирайми деб сўраганимда, унисини ҳам бунисини ҳам қабул қилишини айтганди. Яраштирувчи вазифасини ўз бўйнига олган ойим ҳеч қандай натижага эриша олмади.

Дюссел эсини еб қўйган десам, муболаға бўлмайди. Хотираси жуда паст, умуман ўз фикрига эга эмас. Ҳозиргина эшитган янгиликларимизнинг бошдан-оёқ тескарисини қайта гапириб беради. Бирортамиз уни танқид қилсак, бўм-бўш ваъдаларни қалаштириб ташлайди. Ақли ғиж-ғиж, ишга келганда эса, пуч!

Анна

1943 йил, 22 декабрь, чоршанба

Азизам Китти!

Қаттиқ шамоллаб қолганим сабабли бугунгача сенга хат ёза олмадим. Бу ерда касал бўлиш – даҳшатнинг ўзгинаси. Ҳар йўталганимда кўрпага бурканар, йўталимни тутиб, туришга уринардим. Кўпинча буни уддалай олмас, асалли сут, йўтал қолдирадиган дорилар ичардим. Йўталимни даволаш учун қилмаган ишимиз қолмади: терлатиш, буғлатиш, нам, қуруқ компресс, томоқ артиш, кун бўйи ётиш, иссиқ ичимликлар, лимонад, устига-устак ҳар икки соатда термометрли текширув. Шундай тузалиб кетиш мумкинми? Энг ёмони эса Дюссел доктор-доктор ўйнашга киришди, ёғли бошини очиқ кўкрагимга тутганда роса қитиғим келади, уялганимдан шолғомдек қизариб кетаман. У ўттиз йил илгари мактабга қатнаб, шифокор даражасига эришган бўлса ҳам, ўзимни жуда ноқулай ҳис қиламан. Нега энди у менинг кўкрагимга бош қўяди? Ахир, йигитим эмас-ку!

Нима бўлганда ҳам у юрак уришимни барибир эшитмайди; аввал қулоғини яхшилаб тозалаб олиши керак.

Етар, касаллик мавзусини бас қиламан. Ҳозир яна соппа-соғман. Бўйим бир сантиметрга чўзилиб, бир килога тўлишибман. Рангим синиққан бўлса ҳам, дарс тайёрлашга чоғланиб турибман. Бошпанамиз анча тинчиб қолди, ҳеч ким жанжаллашмаяпти. Олти ойдан бери уйимиз бунчалар сокин бўлмаган.

Бэп ҳали ҳам карантинда, лекин тез орада келиб қолади.

Рождествога ўсимлик ёғи, ширинлик, мураббо учун талон оламиз. Ҳанука байрамида жаноб Дюссел ван Дан хоним ва ойимга торт совға қилди. Тортни Миэпга пиширтирган, бояқиш шунча юмуш устига пишир-куйдир ҳам қилган! Марго билан менга тангадан ясалган ажойиб тўғнағич совға қилишди. Миэп билан Бэпга атаб мен ҳам Рождество совғаси тайёрлаб қўйдим. Бир ой давомида қандсиз бўтқа едим. Йиғилган қандлардан жаноб Клеиман тахтачада жуда гўзал нақш ясаб берди.

Ҳавонинг авзойи бузуқ, камин милтиллаб ёняпти, ҳамма оғир овқат сабабли ошқозонидан нолияпти.

Фронтда жимжитлик, ҳамманинг руҳи тушган.

Аннанг

1943 йил, 24 декабрь, жума

Азизам Китти!

Бу ерда кайфиятнинг ҳамма нарсага таъсир қилиши ҳақида кўп ёзганман, охирги пайтларда бу нарса менга жуда сезиляпти. Гётенинг “Бахт чўққисидан тушкунлик қаърига” деган сўзлари айнан шунга мос келади. Ўзимни бошқа яҳудий болаларга таққосласам, бахт чўққисига чиқаман. Жаноб Клеиман меҳмонга келиб, “Ёппи” хоккей клуби, мактаб спектакллари, каноэда сузишлар, дўстлари билан тушки чойхўрлик ҳақида гапирганда эса тушкунлик қаърига чўкаман. “Ёппи”ларга ҳасад қилмайман, аммо мириқиб кулгим, кўнгилхушлик қилгим келяпти. Бунинг устига, қиш ўртасида, Рождество ва янги йил арафасида қамалиб ўтиришимиз алам қиляпти.

Аслида буларни ёзишим ғирт нонкўрлик, лекин ҳамма нарсани ичимда сақлай олмайман. Шунинг учун бошда айтган сўзларимни яна қайтараман: қоғоз одамлардан сабрлироқ.

Кимдир ташқаридан кийимларига қор тушган, совуқдан яноқлари қизариб кириб келиши билан бошимни кўрпага буркаб, “Биз қачон тоза ҳаводан нафас оларканмиз?” деган хаёлдан чалғишга уринаман. Қанчалар уринмай, қанчалар совуққон бўлишга тиришмай, бу хаёллар мени сира тинч қўймайди. Тўрт девор ичида бир ярим йилдан ортиқ ўтирсанг, сабр косанг ҳам тўлар экан, ишонавер. Нақадар ношукур, беқарор бўлса-да, туйғулардан воз кечиб бўлмайди. Велосипед учсам, рақсга тушсам, ҳуштак чалиб, дунёни томоша қилсам, ўзимни ёш ва эркин ҳис этсам дейман. Аммо буларни баралла айта олмайман. Тасаввур қил, саккиз киши ўзимизга ачиниб, хўмрайиб юрсак, нима бўлади? Бундан нима фойда? Баъзан ўйлаб қоламан: бирор киши мени тушунармикан, ношукурлигимни кечириб, яҳудийманми, бошқами, эркинликка, қувончга муҳтож ўсмир қиз қалбини кўра олармикан? Билмайман, бирор киши билан ҳасратлашолмайман, ҳа, йиғлаб юбораман дея қўрқаман. Дардкашинг бўлса, кўз ёш ғамни енгиллатади.

Барча қарашлариму ақидаларимга қарамай, ҳар кун, ҳар соат мени тушунувчи она етишмаётганини сезиб тураман. Шунинг учун ҳар қадамимда, ҳар бир хатимда ўз болаларимга ўзим истагандек она бўлишим ҳақида ўйлайман. Тасаввуримдаги она атрофдагиларга парво қилмайди, аммо мени жиддий қабул қилади. Нимани назарда тутаётганимни тушунтиришга ожизман, лекин “она” деган сўз ҳаммасига ягона изоҳ. Биласанми, нимани одат қилиб олдим? Ойимни киноя билан “ойижонгинам” деб атайман, яъни нокомил она. Яхшиямки, ўзи буни сезмайди, билиб қолса, роса хафа бўлади. Майли, бугунга етар.

Бугун ёзганларим мени “тушкунлик қаъри”дан чиқариб олди.

Аннанг

1943 йил, 27 декабрь, душанба

Жума оқшоми, умримда илк маротаба Рождество совғаси олдим. Жаноб Клеиман, Куглер, қизлар тўсатдан келиб, ажойиб совғалар беришди. Миэп жуда ширин торт пиширибди, устида “1944 йил, Тинчлик” деб ёзилган, Бэп урушдан олдинги пайтлардагидек мазали пишириқлар олиб келди. Питер, Марго ва менга бир қутидан йогурт, катталарга эса бир шишадан пиво насиб қилди. Ҳаммаси дид билан жуда чиройли гулқоғозларга ўралган, лентабандлар тақилганди.

Рождество ҳам кўз юмиб-очгунча ўтиб кетди.

Анна

1943 йил, 30 декабрь, пайшанба

Дугонажоним Китти!

Сўнгги катта жанжаллардан кейин бошпанамиз анча тинчиб қолди. Дюссел билан юқоридагилар, хоним билан жаноб ўртасидаги муносабат ўнглангандек. Лекин барибир, қора булутлар сузиб юрибди, ҳаммаси… овқат туфайли. Ван Дан хоним кулгили гап айтиб қолди. Нонуштага камроқ картошка қовуриб, қолганини куннинг кейинги қисмида ер эканмиз. Ойим ҳам, Дюссел ҳам, қолганлар ҳам бунга рози бўлишмади. Ёғ ҳам тенг бўлинмаётгандек. Ойим бунга нуқта қўймоқчи. Воқеа қизиқ жойига етса, сенга ҳаммасини гапириб бераман.

Сўнгги бир неча ойдан бери гўштни бўлаяпмиз (уларники ёғли, бизники ёғсиз), шўрва (улар ичишади, биз эса йўқ), картошка (уларники тозаланган, бизники эса тозаланмаган). Харидлар ҳам алоҳида, энди қовурилган картошка ҳам бўлинади. Қанийди, бутунлай ажралиб кетсак!

Аннанг

P.S. Бэп мен учун қироллик оиласи суратини олиб келди. Юлиана жуда ёш кўринади, қиролича ҳам. Уч жажжи малика ҳам жуда чиройли экан. Бэп мен ҳақимда ўйлаши жуда ажойиб, шундайми?

1944 йил, 2 январь, якшанба

Азизам Китти!

Бугун тонгда бекорчиликдан кундалигимни варақлаб, она мавзусида жуда аёвсиз хатлар ёзганимни кўриб ўзим ҳам ҳайратдан донг қотдим. Ўзимга ўзим: “Анна, наҳотки нафратга тўла хатларни сен ёзган бўлсанг? Бунга қандай қўлинг борди?!” дея саволлар бердим.

Дафтарни очиб қўйиб, нега бунчалар ғазаб ва нафратга тўлганимдан, нега туйғуларимни сенга ишониб баён этганимдан ажабланиб ўтирдим. Ўтган йилги Аннани тушунишга, уни кечиришга уриндим. Ўз туйғуларимга изоҳ ва сабаб топмагунимча виждоним тинчимайди.

Кайфиятимнинг тез ўзгариши кўзимни кўр қилиб қўйди, ҳамма воқеаларни фақат ўз томонимдан кузатар, бошқаларни ҳам ҳисобга олиб, бамайлихотир ўйламай, дарров ҳис-туйғуларга берилар, оқибатда, ҳаммани ранжитар, хафа қилардим.

Ўз қобиғимга ўралиб олганман, қувончимни ҳам, дардимни ҳам, аламимни ҳам кундаликка тўкиб соламан. Кундалик мен учун хотира дафтарига айлангани сабабли катта аҳамиятга эга, аммо кўп варақларини шунчаки йиртиб ташлаш керак.

Онамдан жаҳлим чиққанди, ҳозир ҳам шундай бўлиб туради. Тўғри, у мени тушунмасди, лекин мен ҳам уни тушунишга сира уринмадим. У мени севади, меҳр кўрсатгиси келади. Мен эса уни неча маротаба мушкул вазиятда қолдирдим, шу сабабдан у асабийлашар, озорланарди. Оқибатда муносабатларимиз совуқлашиб борарди.

Мен, аҳмоқ, буларни юрагимга жуда яқин олиб, унга баттар ҳурматсизлик қилардим, яна озор берардим. Бора-бора кўнглимизда гина-кудрат тўпланиб қолди. Бу жараён иккимиз учун ҳам қийин кечди. Нималар бўлаётганини кўришни истамас, ўзимга ачинардим, буни ҳам тушуниш мумкин.

Қоғоздаги гаплар шунчаки аламзадаликдан. Ёзмаганимда ҳам барибир хонамга қамалиб олиб, бир-икки зарда қилардим, ойимнинг ортидан ҳақоратлардим.

Ойимни кўз ёш тўкишга мажбур қилган пайтларим ўтиб кетди. Энди анча ақлим кириб қолди, ойим ҳам илгаригидек асабийлашмаяпти. Жаҳлимиз чиққанда иккимиз ҳам тилимизни тишлаяпмиз, ташқаридан қараганда муносабатларимиз ўнглангандек. Аммо бир нарса сира қўлимдан келмайди: ойимни чин фарзанддек сира сева олмайман.

Жаҳлимни ойимга сочиб хафа қилишдан кўра, дардимни қоғозга тўкиб соламан дея виждонимни тинчитаяпман.

Аннанг

1944 йил, 15 январь, шанба

Азизам Китти!

Уруш-жанжалларимизни икир-чикиригача тасвирлашимга не ҳожат? Гўшт, ёғни бўлиб, картошкани ҳам алоҳида қовураётганимиз ҳаммасини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди-ку. Энди соат тўртлардан кейин озгина арпа нон еб оляпмиз, кечки овқатгача қорин пиёз пўсти бўлиб кетяпти.

Ойимнинг туғилган куни яқинлашиб қолди. Жаноб Куглер олдиндан қўшимча шакар совға қилди, ван Данларнинг ҳасади келди, чунки ван Дан хоним туғилган кунига совға олмаган эди-да. Бақир-чақир, кўзёшлар, аччиқ-чучук гаплар тафсилоти билан сени зерктирмай. Аммо бу жанжаллар қанчалик жонимизга текканини тасаввур қилиб кўр!

Ойим яқин орада рўёбга чиқмайдиган ният тилади: ван Данларни икки ҳафта умуман кўрмаслик. Ҳайронман, ёнма-ён яшаган одамлар доим жанжаллашиб, бир-биридан совиб кетармикан? Ёки шунчаки бизнинг омадимиз чопмадими? Овқат пайти Дюссел ўзига гўштли овқатни мўл солиб, бизга деярли ҳеч вақо қолдирмайди, менинг иштаҳам шу заҳоти бўғилади. Ўрнимдан сапчиб туриб, уни стулдан тепиб ағдаргим, ташқарига улоқтиргим келади. Наҳотки, кўпчилик шунай зиқна, худбин бўлса?

Бу ерга келганимдан буён инсон психологиясини чуқур эгалладим, бироқ бу ҳам жонимга тегди. Питер ҳам шундай дейди. Жанжалларимизга, эркинлик ва тоза ҳавога зориқишимизга қарамай, уруш давом этяпти, шунинг учун одамга ўхшаб яшашга ҳаракат қилишимиз керак. Мен ҳануз мулоҳаза қиляпман, лекин бу ерда кўпроқ қолиб кетсак, қуриган ловияга ўхшаб бужмайиб қолишим тайин. Қуриб кетсин, мен яна бироз ўсмирлигимча қолишни истайман!

Анна

1944 йил, 19 январь, чоршанба

Азизам Китти!

Менга нима жин урганини ўзим тушунмай қолдим, аммо ўша тушдан кейин ўзим ўзимга ўхшамай қолдим. Кеча Питерни яна тушимда кўрдим, унинг кўзлари яна менга тикиларди, лекин бу сафарги туш илгаригисидек аниқ, гўзал эмасди.

Биласан, доим дадам билан Маргонинг муносабатига ҳасад қилганман. Ҳозир бу ҳасаддан асар ҳам қолмади; дадам арзимаган нарсага менга асабийлашиб, жаҳл қилганда ҳали ҳам оғринаман, лекин доим “Сизни айблай олмайман. Болалар, ўсмирлар руҳияти ҳақида кўп гапирасиз, аммо улар тўғрисидаги энг оддий нарсаларни билмайсиз!” дея ўйлаб овунаман. Дадамнинг қўллаб-қувватлашини, қучоқлаши-ю ўпичларини жуда соғиндим. Фақат ўзим ҳақимда ўйлашим ғашингни келтирмаяптими? Одобли ва меҳрибон бўлишим учун аввал уларни кечиришим лозимми? Мен ойимни ҳам кечираман, бироқ ҳар сафар менга танбеҳ бериб, устимдан кулганда зўрға ўзимни босиб тураман. Биламан, ўйлаганимдек инсон эмасман; ўзи қачондир шундай бўлармиканман?

Анна Франк

P.S Ойимнинг туғилган кунига ишхонадагилар худди урушдан олдинги пайтлардагидек шоколадли торт совға қилишди. Ажойиб кун бўлди! Аммо ҳозир бундай нарсаларни ўйлаб ўтиролмайман.

1944 йил, 22 январь, шанба

Дугонажоним Китти!

Нега одамлар асл қиёфаларини шунчалар яширишини айта оласанми? Мен нега ўзгалар олдида ўзимни мутлақо бошқача тутаман? Нега одамлар бир-бирларига ишонишмайди? Биламан, бунинг сабаби бўлиши керак, аммо ўз яқинларингга ҳам ишона олмаслигинг жуда ёмон. Ўша тушдан кейин гўё анча улғайиб, энди бирмунча мустақил бўлгандекман. Ван Данлар ҳақидаги фикрим ҳам ўзгарди десам, ҳайрон қоларсан. Барча баҳсларимизга фақат ўз оилам томонидан қарамай қўйдим. Бундай кескин ўзгаришнинг сабаби нима? Биласанми, агар ойим бошқача бўлганда, ҳақиқий она бўлганда муносабатларимиз ҳам батамом бошқача бўлишини англаб етдим. Ван Дан хонимнинг феъли оғирроқ, лекин ойим ҳам ўжар, ўжар бўлмаганида, жанжалларнинг ярми бартараф бўларди. Ван Дан хонимнинг яхши тарафи ҳам бор, у билан суҳбатлашиш мумкин. У худбин, зиқна, тошбағир бўлиши мумкин, лекин жиғига тегмасанг, фикридан қайтариш осон. Бу усул ҳар доим ҳам иш беравермайди, аммо сабр қилсанг, у билан келишиш мумкин.

Бола тарбияси, эркалатмаслик, озиқ-овқат ҳақидаги барча-барча тортишувларимиз одамларнинг фақат ёмон томонини эмас, фазилатларини кўра билганимизда, дўстона муносабатда бўлганимизда мутлақо бошқача тус оларди. Нима дейишингни аниқ биламан, Китти.

− Анна, бу гаплар ростдан сендан чиқяптими? Тепадагилардан қанча нохуш дашномлар эшитгансан, шунча адолатсизликларни кўра-била туриб, наҳотки, шу фикр сенинг оғзингдан чиқса?

Ҳа, бу сўзларни мен айтаяпман. Ҳозир барига тоза нигоҳ билан, ўз фикрим билан қараяпман. “Ҳамманики ўзига, ой кўринар кўзига”, деган нақлдагидек ота-онамнинг тарафини олмаяпман. Ван Данларни синаб кўриб, қай масалада ҳақ, қайсисида ҳаддан ошганликларини билиб олмоқчиман. Агар улар ноҳақ бўлишса, доим ота-онам тарафга ўтишим мумкин, ҳақ бўлишса, оиламнинг фикрини ҳам ўзгартиришга уриниб кўраман. Агар бу қўлимдан келмаса, ўз фикрим ва қароримда қатъий туриб оламан. Ван Дан хоним билан муаммоли масалаларда гаплашишга имкон топаман, “билағон” деган лақабимга қарамай, доим бетараф қоламан.

Албатта, оилам ҳақида ёмон гапирмайман, доим уни ҳимоя қиламан, аммо бундан буён ғийбатлардан йироқ тураман. Бугунгача барча жанжалларимизда ван Данларни айблардим, бироқ хатонинг каттаси биздан ўтган экан. Бир масалада ҳақ бўлганмиз, аммо зиёли одамлар (биз ўзимизни айнан шу сафга қўшамиз!) бошқалар билан муомала қилиш ҳақида яхшироқ тассавурга эга бўлишимиз керак. Умид қиламанки, энди вазиятни анча тушуниб қолдим.

Аннанг

1944 йил, 28 январь, жума

Бир неча ҳафтадан буён қироллик оиласи шажараси, генеологик жадвалига қизиқиб қолдим. Изланишни бошладингми, тарих ичига шўнғиб кетавераркансан, янада қизиқроқ кашфиётлар чиқиб келавераркан.

Ўқишга келганда анча илғорман, радиода “Би Би Си” эшиттиришларини бемалол тушуняпман. Якшанба кунлари анча кенгайган юлдузлар альбомини варақлайман. Жаноб Куглер ҳар душанба куни “Кино ва театр” журналини келтириб, мени роса хурсанд қилади. Чордоғимизда яшовчилар эса, бу каби қизиқишдан анча йироқ, улар учун бу пулни кўкка совуриш. Шундай бўлса-да, бир йил ўтса ҳам, кинолардаги барча актёрларни бирма-бир санай олишимга ҳайрон қолишади. Ойим яқинда бир гап айтиб қолди. Кейинчалик умуман кинога тушмасам ҳам бўлар экан, чунки барча сценарийларни, юлдузларни, фильмларни ёддан биламан.

Сочимни янгича турмак қилиб чиқсам, уларнинг юзида истеҳзо пайқайман. Аниқ биламанки, кимдир соч турмагини қайси актрисаникига ўхшатганимни сўраб қолади. Ўзим ўйлаб топдим, дея жавоб бераман, улар ҳам менга ишонишади. Турмак эса ярим соат ҳам турмайди. Бу пайтга келиб, уларнинг минғир-синғири ҳиқилдоғимга келади, ҳожатхонага бориб сочимни ёйиб юбораман.

Аннанг

1944 йил, 28 январь, жума

Дугонажон!

Бугун тонгда ўйлаб қолдим, ҳадеб эскирган, меъдамга теккан гапларни ёзавериб, уларни кавшашга мажбур сигирдек қилиб қўймадиммикан сени? Албатта, Аннадан бирор янгилик эшитишга ошиқаётгандирсан?

Сенинг ҳолингни яхши тушунаман, ҳар куни бир хил гап эшитавериш ҳиқилдоғингга келган. Лекин мен бечоранинг аҳволини ҳам тушун. Агар дастурхон бошида бирортамиз таом, сиёсатдан гап очсак, ойим ёки жаноб Дюссел минг марталаб айтилган болалик хотираларини чайнашади. Кейин Дюссел пойга отлари, Шарлоттасининг кийим-кечаклари, қайиқдаги саёҳатлар, тўрт ёшида сузиб кетганлар, суяклари зирқираши-ю мижозларининг қуёнюраклиги ҳақида вайсай бошлайди.

Бирортамиз гап бошладикми, бошқалар тугатиб қўйишади. Латифа айтилмасдан туриб қандай тугаши маълум, оқибатда айтаётган одамнинг ўзи кулади, холос. Ўзимиз таниган сутчи, турмакчи, қассобларни қартайиб қолгандек тасаввур қиламиз, уларни сочидан тортиб, тирноғининг учигача муҳокама қилиб бўлганмиз. Йўқ, бу чордоқда мунозарага арзийдиган бирор янгилик топишнинг иложи йўқ.

Катталар жаноб Клеиман ва Миэпдан эшитганларини ҳар сафар ўзларидан қўшиб-чатиб гапиришгани-гапиришган. Шу сабабли “нотиқ”нинг гапини тузатмай, гап талашмай дея кўпинча қўлларимни стол тагида мушт қилиб, аранг чидайман. Катталар қандай ҳато қилишмасин, тасаввурларига эрк беришмасин, Аннага ўхшаган кичкиналарнинг ақл ўргатишга ҳаққи йўқ. Жан ва жаноб Клеиман яширинганлар ҳақида гапиришни хуш кўришади. Бизникидек вазиятга тушганлар ҳақида билишни исташимизни, уларга ҳамдардлигимизни, ғамларига шерик бўлишимизни, қамоқдан чиққанлар учун қувонишимизни тушуниб туришади.

Беркиниш узундан-узоқ иш соатларидан сўнг уйга қайтадиган хўжайинини камин қаршисида кутиб турган шиппак каби одатий ҳол бўлиб қолди. “Озод Нидерландия” каби кўплаб яширин гуруҳлар тузилган, паспортларни сохталаштиришади, яширинганларга молиявий ёрдам беришади, яширин жойлар ташкил қилишади, яширинган ёш насронийларни иш билан таъминлашади. Мурувватпеша, сахий одамлар бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзларига хавф орттираётганларига қойил қолиш керак. Бизга ғамхўрлик қилаётганлар бунга ёрқин мисол бўла олади, улар бизга жуда кўп ёрдам беришди, озодликка чиққунимизча бизни ташлаб қўйишмайди деб умид қиламан. Бизни тутиб олишса, уларга ҳам жазо муқаррар. Бироқ ҳеч бирлари бизга юк бўлаяпсизлар, оғирларингни ташлаяпсизлар, дея бирор марта юзимизга солишмади. Ҳар куни келиб эркаклар билан иш, сиёсат ҳақида, аёллар билан озиқ-овқат, уруш қийинчиликлари, биз болалар билан эса китоб, газеталар тўғрисида суҳбатлашишади. Доим ҳушчақчақ бўлишга тиришишади, туғилган кун, байрамларда совға, гуллар кўтариб келишади, илтимосларни ерда қолдиришмайди. Бир нарсани ёдда тутишимиз керак; бошқалар жангда, немисларга қарши урушда қаҳрамонлик кўрсатишаётган бўлса, ёрдамчиларимиз ҳар кунги далда ва ғамхўрликлари билан улкан мардлик намунасига айланишган.

Ғалати гап-сўзлар болалаб кетган. Шу гапларнинг айримлари ҳақиқат экан. Масалан, жаноб Клеиманнинг айтишича, шу ҳафта Гелдерленд вилоятида яширинганлар ва полициячилар ўртасида футбол матчи бўлиб ўтибди. Хилверсумда янги талонлар чиқарилибди, яширинганлар текин талон олишини бошлиқлар таъминлаб беришибди (чайқов бозордан талонни 60 гуилдерга сотиб оласан). Гап-сўзлар немислар қулоғига етиб бормасин, эҳтиёт бўлиш керак…

Дугонанг Анна

Инглиз тилидан Мунира Менглиева таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 5-6-сонлар

____________________________

[1] Гуилдер – пул бирлиги.

[2] Пинг-понг – ўйин номи.

[3] Зеландия – Дания таркибидаги энг йирик орол.

[4] Дренте – Голландиянинг шимоли-шарқидаги вилоят.

[5] Ҳанука – қиш фаслида нишонланадиган яҳудийлар байрами.

[6] Қора Пит – Авлиё Николас куни совға улашувчи персонаж.

[7] Пьетро Бадольо (1871–1956) – италиялик ҳарбий қўмондон. 1943–44 йилларда Италия премьер-министри бўлган. Иттифоқчилар билан сулҳ тузган.