Америка сайловдан кейин

Доно кузатувчилар, соҳиби зако таҳлилчиларнинг тахминлари, демократларнинг баландпарвоз даъволари чиппакка чиқди. АҚШ президентлиги учун ўтказилган сайловда республикачилар етакчиси Жорж Буш ғалаба қозонди. Демократлар вакили Жон Керри ўз мағлубиятини тан олди.

1. Жорж Буш иккинчи муддатга Оқ уй раҳбари бўлиб қолди

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Жорж Буш 28 штатда ғолиб чиқиб, жами 58 миллион 385 минг 601 та (51 фоиз) овоз олганди. Керри эса 20 та штатда ғолиб деб топилиб, 54 миллион 865 минг 161 та (48,5 фоиз) овоз йиғишга муваффақ бўлганди. Якуний хулоса Огаё штатидаги сайлов натижасига боғлиқ бўлиб қолганди. Бироқ демократлар вакили Огаё натижалари эълон қилинишини ҳам кутмасдан мағлубиятга учраганини эътироф этди ва Жорж Бушни улкан ғалаба билан табриклади.

2. Парламент сайловида ҳам омад республикачиларга кулиб боқди

Америкада президент сайлови билан бир вақтда мамлакат Сенатининг учдан бир қисми, Конгресс Вакиллар палатасидаги 109 ўрин учун ҳам овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Қизиқарли суръатда ўтган парламент сайловларида ҳам омад республикачилар тарафида бўлди. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ парламенти қуйидаги таркиб ва тартибда шаклланди:
Сенат: республикачилар партияси — 53 киши, демократлар — 51 киши, мустақил номзод — 1 киши;
Вакиллар палатаси: республикачилар партияси — 227 ўрин, демократлар — 199 ўрин, мустақил номзод — 1 ўрин.

3. Ҳукуматда эса жиддий ўзгаришлар кутиляпти

«Вашингтон пост» газетасининг ёзишига қараганда, иккинчи муддатга президент этиб сайланган Жорж Буш ўз маъмуриятида бир қатор ўзгаришлар қилишни режалаштирмоқда.
Яқин кунларда АҚШ Давлат котиби (Ташқи ишлар вазири) лавозимида хизмат қилган Колин Пауэлл истеъфога чиқади. «Вашингтон пост» тахминига кўра, унинг вазирлик портфельи айни пайтда АҚШнинг БМТдаги вакили сифатида ишлаб келаётган Жон Денфортга насиб этади. Шунингдек, Давлат котиби лавозимига сенаторлар Сем Нунн ва Ричард Лугар ҳам тайин қилиниши мумкин.
«Вашингтон пост»нинг Пентагондаги ишончли манбаларга таяниб ёзишича, Мудофаа вазири Доналд Рамсфелднинг раҳбарлик соатлари ҳам охирлаб бормоқда. Ироқ урушида даврида асирларга нисбатан ҳақоратли муносабат масаласида катта хатога йўл қўйган вазир ўрнини ўтган тўрт йил давомида миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида Бушга садоқат билан хизмат қилган Кондолиза Райс эгаллайди. Бу муҳим лавозимга ҳам Райс хонимдан ташқари бир неча номзоддаъвогар бор.
Ваколат муддати тугаши билан яқин кунларда АҚШ Бош прокурори Жон Эшкрофт нафақага чиқади. Бу масъул лавозимга унинг ўринбосари Ларри Томпсон ёки Алберто Гонсалес бўлиши кутилмоқда. Ушбу икки номзоддан қайси бири прокурорликка тайин этилган тақдирда ҳам бу Америка тарихида кузатилмаган воқеа сифатида ёдда қолади. Чунки шу пайтгача АҚШ Бош прокурори курсисини қора танли фуқаро (Томпсон) ёки Лотин Америкаси вакили эгалламаган.