Алан Мельцер: “Диний эркинлик ҳимоя қилинмаган жойда экстремизм илдиз отади”

Диний эркинлик инсон ҳуқуқларининг муҳим таркибий қисми саналади. Мазкур ҳуқуқ ҳимоя қилинмаган, кафолатланмаган жойда эса турли бузғунчи ғоялар авж олади. АҚШнинг муваққат ишончли вакили Алан МЕЛЬЦЕРнинг қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган Диний эркинлик: замонавий дунё учун тарих сабоқлари деб аталган мақоласида ҳам айни шу долзарб масала тадқиқ этилган.  

27 октябрь куни Америка Қўшма Штатлари Халқаро диний эркинлик кунини нишонлайди. Бу йил собиқ сенатор, ҳозир эса халқаро диний эркинлик бўйича махсус элчи бўлмиш Сэм Браунбек таклиф этган, 1998 йилги Халқаро эътиқод эркинлигига оид қонун қабул қилинганига 20 йил тўлади.

Диний эркинлик Америка тарихи асосини ташкил этади ва Ер юзидаги ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири саналади. Қарийб 400 йил аввал диний таъқиб туфайли европаликлар кейинчалик Қўшма Штатларга айлантирилган ҳудудга келиб ўрнашган. Турли эътиқод вакиллари бўлган, ўз эътиқоди туфайли қийинчиликларга дуч келган ўша Америка асосчилари диний эркинликни ҳимоя қилишнинг энг яхши воситаси диннинг давлатдан ажратилишида эканини яхши англаган. Худди шундай, айни пайтда биз Ўзбекистон деб биладиган замин ҳам асрлар мобайнида турли динга эътиқод қилувчи, ўзаро уйғунликда ҳаёт кечирувчи зардуштийлар, буддавийлар, яҳудийлар, масиҳийлар ва мусулмонлар учун ватан вазифасини ўтаган. Шу тариқа, диний хилма-хилликка бўлган ҳурмат ҳар икки мамлакатимиз тарихида чуқур илдиз отган қадрият ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев янада кенг диний бағрикенглик ва эркинлик яратиш йўлида ижобий ислоҳотлар дастурини бошлади. У диний маҳбусларга амнистия эълон қилди, янги масжидлар очди ва диний таълим олиш учун имкониятларни кенгайтирди. У Ўзбекистоннинг ўтмишдаги бой исломий меросини замонавий дунёга татбиқ этиш мақсадида таълим ва маънавиятни ривожланитириш ғоясини илгари сурди.

Америка Қўшма Штатлари бундай умидбахш қадамларни олқишлайди. Бу йил ёзда пойтахт Вашингтонда ўтказилган диний эркинликни такомиллаштиришга қаратилган биринчи юқори даражали учрашувда вице-президент Майк Пенс ва давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистонда бу борадаги ўсишни эътироф этди. Бир неча ҳафта аввал Ўзбекистонга ташрифи чоғида элчи Сэм Браунбек Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ҳамда унда минтақадаги етакчи мамлакат ва АҚШнинг етакчи ҳамкори бўлишдай имконият мавжудлигини тан олди.

Бугун Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни барча учун кўпроқ диний эркинлик беришга интилаётганини юқори баҳолайди, негаки бу нафақат мамлакат ва унинг халқи учун тўғри танланган йўл, балки содда қилиб айтганда, қилиниши мумкин бўлган энг тўғри иш ҳамдир.

Бундай ўзгаришлар эътибор қаратишга арзийди, аммо ҳар доим бу ерда ва бутун дунёда, жумладан, менинг мамлакатим АҚШда ҳам, диний эркинлик ва бағрикенгликни илгари суриш учун қилиниши керак бўлган янада кўпроқ ишлар мавжуд. Тарих шундан сабоқ берадики, қаерда диний эркинлик ҳимоя қилинмас экан, ўша ерда беқарорлик ва бузғунчи экстремизм илдиз отишига кўпроқ имконият очилади. Турли дин вакиллари ўз эътиқодларига очиқ амал қиладиган ва ўзаро бўлишадиган, одамлар ўз муқаддас китобларини эркин ўқий ва муҳокама этадиган, ибодатхоналарда эминлик билан йиғила оладиган мамлакат авлодларнинг маънавий алмашув соҳасидаги донолиги оқибатида фаровонликка эришиши, гуллаб-яшнаши мумкин. Шунинг учун ҳам америкаликлар ўз ватанлари ва чет элларда эътиқодларига мувофиқ очиқ, эркин ва тинч яшашни истовчилар билан ёнма-ён туришда давом этмоқда. Турли эътиқод ва турлича сиёсий қарашга эга америкаликлар, ўз жамиятимизнинг нобоп унсурлари қўллайдиган бузғунчи мутаассибликни йўқотиш мақсадида қайғуга тўлган қалблар билан бирлашар эканмиз, бутун дунёдаги диний эркинликни изчил қўллаб-қувватлашда якдилдирлар.

Гарчи тоқатсизлик яна бир карра эътиқод эгалари бўлмиш бегуноҳ кишилар ҳаётига зомин бўлган бўлса ҳам, бугун биз дунёдаги жуда кўп кишилар диний эркинликдан маҳрум эканини ёдда тутамиз. Биз ҳар бир мамлакат халқи ўз виждон-эътиқодига мос равишда тинч яшаш ҳуқуқидан фойдаланишга – эркин ибодат қилиш, ўзлари танлаган йўсинда динни амалда қўллаш, бўлишиш ва ифода этишга ҳамда барча дин вакиллари билан ҳамжиҳат яшашга – лойиқ, деган тушунчага содиқ қоламиз.

Алан МЕЛЬЦЕР,

АҚШнинг муваққат ишончли вакили