Тугаб бораётган 2016 йилда Ўзбекистон илм, фани ва маданияти бир нечта арбобларидан айрилди. Ziyouz.uz портали ушбу йилда вафот этган ўзбекистонлик зиёлиларни хотирлайди.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов (1938-2016)
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида туғилган. Ўрта Осиё политехника институти ва Тошкент халқ хўжалиги институтини муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликлари бўйича тугатган.
Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор (1961-1966) бўлиб ишлаган. 1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтган.
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1983 йилда Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланган. 1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби лавозимида ишлаган. 1989 йилнинг июнидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайланган.
1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланган.
Ислом Каримов 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1995 йил 26 мартда умумхалқ Референдумида Каримовнинг Президентлик ваколати 1997 йилдан 2000 йилгача узайтирилди. 2000 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Ушбу сайловда Ислом Абдуғаниевич Каримов яна Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди.
1994 йили Ислом Каримовга Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги унвони берилган, шунинг билан, иқтисод, фан ва таълимни ривожланиришга қўшган улкан ҳиссаси учун ўндан ортиқ хорижий мамлакатлар университети ва академияларининг фахрий фан доктори, профессори ҳамда академлигига сайланган.
Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Қаҳрамони унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов (1936-2016)
Ўзбекистон халқ шоири (1987), Ўзбекистон Қаҳрамони (1999), драматург ва жамоат арбоби Воҳидов Эркин Воҳидович 1936 йил 28 декабрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факултетини тугатган (1960). «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1960-63; 1975-82), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1963-70), директор (1985-87), «Ёшлик» журнали бош муҳаррири (1982-85) бўлиб ишлаган.
Эркин Воҳидов ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи билан ўзига хос ижодий мактаб яратган.
У И. Гётенинг «Фауст» асарини, С. Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Бундан ташқари Ф. Шиллер, Иқбол, Улфат, Р. Ҳамзатов, Л. Украинка, А. Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.
Эркин Воҳидов асарлари чет эл (немис, француз, рус, инглиз, урду, ҳинд, араб ва б.) ҳамда қардош туркий халқлар тилларида («Олтин девор», «Сайланма», «Нидо» ва б.) нашр этилган. Асарлари («Олтин девор», «Истанбул фожиаси») Ҳамза театри, вилоят театрларида саҳналаштирилган, «Олтин девор» комедияси Покистоннинг Лахор шаҳри театрида қўйилган.
Эркин Воҳидов Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати (Ошкоралик масалалари қўмитаси раиси; 1990-95); 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати ва Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлган.
Эркин Воҳидов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983) эди.
Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов (1941-2016)
Абдулла Орипов (1941.21.3 — Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғи – 2016.5.11 – Хьюстон, Техас штати, АҚШ) — шоир ва жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ шоири (1990). Ўзбекистон Қаҳрамони (1998).
ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1963). «Ёш гвардия» (1963—69), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969—74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974—76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976—82), масъул котиб (1985—88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983—85), 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси (1989 йилдан) бўлиб ишлаган.
Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган ва ўзбек шеъриятига янги, истеъдодли, ўзига хос овозга эга шоирнинг кириб келаётганидан дарак берган. Кўп утмай, «Митти юлдуз» (1965) илк шеърлар тўпламининг нашр этилиши шеърият мухлисларида пайдо бўлган шу дастлабки тасаввурнинг тўғри эканлигини тасдиқлаган. Шундан кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003), “Эзгулик” (2012) сингари шеърий китоблари нашр этилган.
Абдулла Орипов — Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матнини ёзган (1992). У Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган сценарийларнинг аксарияти муаллифи.
Данте «Илоҳий комедия»сининг «Дўзах» қисмини, А. С. Пушкин, Н. А. Некрасов, Т. Г. Шевченко, Л. Украинка, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев ва М. Байжиев асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Ўз навбатида, унинг асарлари ҳам рус, инглиз, болгар, турк, украин, туркман, озарбайжон каби кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.
1990 йилдан Ўзбекистон Олий Кенгаши, 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати бўлган. Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халкаро академиясининг ҳақиқий аъзоси. Сока университети (Япония) профессорри. Ҳамза номидаги (1983) ҳамда Алишер Навоий номидаги (1992) Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати.
Академик Ғани Абдураҳмонов (1925-2016)
Ўзбек тилшунослиги соҳасидаги йирик олим Ғани Абдураҳмонов 1925 йилда Фарғона шаҳрида туғилган. 1946 йили Фарғона давлат педагогика институтини тугатганидан сўнг шу даргоҳда илмий-педагогик фаолиятини бошлаган. 1950 йилда номзодлик, 1962 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1968 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.
Илмий-педагогик ва раҳбарлик фаолиятини биргаликда олиб борган истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Фарғона давлат педагогика институти кафедра мудири ва проректори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти сектор мудири, Фарғона давлат педагогика институти ректори, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири, Тошкент давлат чет тиллари институти, Тошкент давлат педагогика институти ректори, Тил ва адабиёт институти бош илмий ходими, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган.
Юртимизда тилшунослик фани соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш ишига муносиб ҳисса қўшган Ғ.Абдураҳмоновнинг ўзбек адабий тилининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб монография, рисола ва мақолалари, унинг раҳбарлиги остида тайёрланган луғатлар кенг жамоатчиликка яхши маълум. Олимнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.
Ғани Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвони, «Шуҳрат» медали билан мукофотланган.
Академик Саид Шермуҳамедов (1930-2016)
Саид Шермуҳамедов 1930 йил 12 майда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган. 1948-1953 йилларда Самарқанд давлат университетида таълим олган. Ўқишни тугатиб, ушбу университет аспирантурасида таҳсилни давом эттирган. Фалсафа фанининг долзарб масалалари бўйича 1960 йилда номзодлик, 1974 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.
Саид Шермуҳамедов ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институти илмий ходими, илмий котиби, директор ўринбосари, республика маориф вазири, Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти директори, Ўзбекистон Миллий университетининг кафедра мудири каби масъулиятли лавозимларда самарали хизмат қилган ва юртимизда фалсафа фанига доир масалаларни илмий тадқиқ этиш, ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишида фаоллик кўрсатган.
Саид Шермуҳамедовнинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.
Академик Рубен Акопович Сафаров (1930-2016)
Рубен Сафаров 1930 йилда Андижон шаҳрида туғилган. 1953 йили Москва юридик институтини тугатган. 1963 йилда номзодлик, 1982 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.
Ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Рубен Сафаров Андижон вилояти адлия бошқармаси ревизори, “Андижанская правда” газетаси муҳаррири, Давлат матбуот қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, “Правда Востока” газетаси бош муҳаррири лавозимларида самарали меҳнат қилган. Юртимизда тарих ҳамда журналистика соҳасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшган.
Рубен Сафаровнинг раҳбарлигида бир қатор фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган. Академик Р.Сафаров “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.
Академик Абдулаҳад Муҳаммаджонов (1931-2016)
Абдулаҳад Муҳаммаджонов 1931 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1951 йили Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (ҳозирги Шарқ қўлёзмалари маркази) аспирантурасида таҳсил олган. 1955 йилда номзодлик, 1977 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.
Абдулаҳад Муҳаммаджонов ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академиясининг Археология, Тарих институтлари директори, Фанлар академияси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий университети профессори каби лавозимларда самарали меҳнат қилган, юртимизда тарих ва археология фанларининг долзарб назарий ва амалий масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган.
Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданиятини, юртимизда шаклланган суғорма деҳқончилик анъаналарини археологик жиҳатдан ўрганишга бағишланган кўплаб китоб ва монографиялари, мақола ва рисолалари илмий жамоатчиликка яхши маълум.
Абдулаҳад Муҳаммаджонов раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.
Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов (1951-2016)
Ўлмас Саиджонов 1951 йили Китоб туманида туғилган. Қарши давлат педагогика институтини (1974), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган (1981).
1994 йилдан Муҳиддин Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси (1996 йилдан академик ва халқ бадиий жамоалар дирекцияси)нинг директори, айни пайтда, 1996—2001 йиллар «Ўзбекнаво» бирлашмаси директори ўринбосари бўлиб ишлаган.
Кучли, ёрқин ва жозибали овоз соҳиби. Репертуаридан ўзбек мумтоз ашулалари («Феруз», «Гулузорим», «Мустаҳзод», «Гиря» ва б.) ва замонавий бастакорлар асарлари («Онажоним», «Фурқат нидоси», «Темур бобом», «Боғи жаҳоннома», «Беминнат», «Нигорим», «Суратинг» каби) ўрин олган.
2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ЮНЕСКОнинг махсус мукофоти совриндори. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998).
Ўзбекистон халқ артисти Санъат Девонов (1932-2016)
Девонов Санъат Солиҳович 1932 йили Хонқа туманида туғилган. Тошкент давлат санъат институтини тугатган (1973). Хоразм театрида актёр, режиссёр (1946—84), директор (1963—67), 1984—86 йиллар киноактёр студиясининг, 1986—87 йиллар Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрининг ва 1987—93 йиллар Ҳамза театрининг директори бўлиб ишлаган.
Санъат Девонов театрда 150 дан ортиқ роль ўйнаган. Энг яхши роллари: Аскар («Аршин мол олон»), Тоҳир («Тоҳир ва Зуҳра»), Навоий («Навоий Астрободда»), Ҳамлет («Ҳамлет»), Беруний («Абу Райҳон Беруний»), Ибн Сино («Ибн Сино»), Faриб («Ошиқ Ғариб») ва б.
«Ўликлар кечирмайди» (Ў. Умарбеков), «Оналар» (П. Тлегенов), «Лайли ва Мажнун» (Хуршид) кабилар Санъат Девонов саҳналаштирган муваффақиятли спектаклларидан.
Кинодаги асосий роллари: Йўлчи («Қутлуғ қон»), Шариф («Мафтунингман»), Жума («Қизилқум»), Абдуғанибой («Юлдузлар жамоли»), Ризаев («Узоқ-яқин йиллар»), Карвонбоши («Севги ҳақида афсона»), Амир Насрулло («Чўлоқ дарвиш») ва б., шунингдек, телефильмларда («Шашмақом»да хон, «Жалолиддин Мангуберди»да Муҳаммад шоҳ, «Хоразм афсонаси»да Али, «Диёнат»да Бўрибоев, «Илондан қўрқманг»да Тошматов ва б.) ҳам роллар ижро этган.
«Меҳнат шуҳрати» ордени б-н тақдирланган (2001).
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Темур Маҳмудов (1943-2016)
Маҳмудов Темур Аҳмад ўғли 1943 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Мулла Тўйчи ҳофизнинг невараси. Тошкент консерваториясини тугатган (1969). Чанг ижрочилиги сирларини Ф. Содиқов ва А. Одиловлардан ўрганган.
Муқимий театри мусиқа раҳбари (1963—71), Ўзтелерадиокомпаниясида «Мақом» ансамбли созандаси (1973 йилдан), мусиқа раҳбари (1976—2002), Бадиий жамоалар дирекцияси раҳбари ўринбосари (2002 йилдан), айни пайтда М. Уйғур номидаги Тошкент санъат институтида (1982—92) ва Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа коллежида (1992 йилдан) ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Репертуаридан Шашмақомнинг чолғу ва ашула туркумлари, Фарғона—Тошкент мақом йўллари, халқ ва мумтоз чолғу куйлари («Фарғонача рез», «Роҳат», «Гулбаҳор», «Танавор» ва б.), ўзбек бастакорлари асарлари («Ўзбек вальси», «Гулнор» Ф. Содиқов; «Орзудили» М. Мирзаев ва б.) ўрин олган. Бастакор сифатида бир нечта қўшиқ («Ўзбекистоним менинг», «Кўнгил», «Ватан» ва б.)лар ва драматик спектакллар («Нодирабегим», «Фиғон», Ўзбек миллий академик драма театри; «Қора камар», «Паранжи сирлари», А. Ҳидоятов номидаги драма театри) учун мусиқалар ёзган.
Ёзувчи Учқун Назаров (1934-2016)
Ёзувчи, кинодраматург ва кинорежиссёр Учқун Назаров 1934 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент театр ва рассомчилик институтининг режиссёрлик бўлимида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Қўқон шаҳридаги Ҳамза номли драма театрининг бош режиссёри сифатида бошлаб, кейин кинорежиссура билан шуғулланган.
У дастлаб «Одамлар» (1961) ҳикояси билан китобхонларга танилган. Абдулла Қаҳҳор ўша йилларда Ўлмас Умарбековнинг «Бобоёнғоқ» ҳикояси билан Учқун Назаровнинг «Одамлар» ҳикоясини ёшларнинг энг яхши асарлари қаторига қўшган эди. Шундан буён, Учқун Назаровнинг «Ғурур» (1965), «Журъат» (1977), «Садоқат» (1965) номли ҳикоя ва қиссаларидан иборат тўпламлари чоп этилди. Учқун Назаров «Иқрор», «Одамлар», «Ғурур» каби ҳикоялари билан китобхонлар оммасига манзур бўлган. Унинг йирик асари — «Чаён йили» романи ҳам ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди.
У кинорежиссёр, киносценарист сифатида ҳам баракали ижод қилган. Унинг «Сурайё», «Қиз ва йигит», «Шиддат», «Алангали соҳил» ва уч бўлимдан иборат «Қўқон воқеаси» каби бадиий фильмлари томошабинлар эътиборини қозонган. Сўнгги фильми учун унга 1977 йилда Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилган. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ҳамдир.
Ёзувчи Эркин Усмонов (1952-2016)
Эркин Усмонов 1952 йил 10 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат чет тиллар институтини тугатган (1978).
Қурилишда, Ёшлар театрида, «Ўзбектелефильм» студиясида ишлаган. «Мосфильм» қошидаги махсус кавалерия—кино полкида ҳарбий хизматни ўтаган. Қарийб йигирма йил мобайнида Ўзбекистон Радиосининг адабий-драматик эшиттиришлар Бош таҳририятида турли вазифаларда ишлаган. У Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси эди.
Унинг «Гунафша» (1981), «Ўғилдан совға келди» (1984), «Олам нурга тўлади» (1987), «Кулишгани келдик», «Дилингда дардинг бўлса», «Ёстиқдек китобдан уч саҳифа» (1989), «Ҳайратларга тўла дунё» (1995), «Қатортол томонларда» (2007), «Ажал хиёбони» (Сайланма, 2008) сингари ҳикоя ва қиссалари нашр этилган. Шунингдек, у «Онагинам», «Юк кўтарган одам», «Гулливерлар», «Аёл кишининг бахти» каби қисса ва ҳикоялар асосида телевизон ва радиоспектакллар муаллифи ҳамдир.
Карел Чапек, Грин, Паустовский, Анор каби адибларнинг асарларини рус ва инглиз тилларидан ўзбек тилига таржима килган.
Шоир Қамбар Ота (1941-2016)
Қамбар Ота (Ўтаев) 1941 йили Каттақўрғон шаҳрида туғилган. 1961 йили Самарқанд гидромелиорация техникумини, кейин Самарқанд давлат университетининг филология факултетини тамомлаган.
Қамбар Отанинг болалар ва катталар учун мўлжалланган “Китобча ва бузоқча” (1970), “Чинор” (1976), “Бизнинг коинот” (1980), “Ёшлик қувончи” (1974), “Ватан тупроғи” (1976), “Қиёфа” (1981) каби тўпламлари нашр этилган.
Шоир Шафоат Раҳматуллаев (1942-2016)
Шафоат Раҳматуллаев 1942 йил 10 майда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Оккўрғон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат консерваториясини тамомлаган (1965). «Жануб шамоли» (1981), «Умид остонаси» (1988), «Гулоб» (1992), «Оэод сўз» (2003, Сайланма) асарлари нашр этилган.
«Мусиқа услубиёти», «Мусиқа алифбоси» (1991—92), «Бошланғич мусиқа таълими» (2003) каби рисолалар ҳам ёзган. «Шуҳрат» медали (1998) ҳамда «Эл-юрт ҳурмати» (2003) ордени билан тақдирланган.
Ёзувчи Баҳодир Мурод Али (1954-2016)
Баҳодир Мурод Али (Муродалиев) 1954 йил 17 ноябрда Андижон вилоятининг Пахтабод туманига қарашли Эскиқўрғон қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1980). Ижоди 70-йилларда бошланган. Илк китоби — «Оқтўш» (1989). «Кўктўнликлар» (1990) номи китоби нашр этилган. 2016 йили вафот этган.
Ёзувчи Туроб Мақсуд (1957-2016)
Туробжон Мақсудов 1957 йили Жиззахда туиғилган.1972 йили Фарғона педагогика институнини битирган. Турли йилларда туман, вилоят матбуотида фаолият юритган. Биринчи китоби “Қайтмас тўлқинлар” номи билан 1980 йили чоп этилган.
Ёзувчи Жаҳонгир Холмирзаев (1974-2016)
Жаҳонгир Холмирзаев 1974 йил 7 августда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг “Олий адабиёт курси”ни тамомлаган (2001). Унинг “Фақат ҳаёт адабий”, “Ўтган кунларидан”, “Овчи”, “Абараген”, “Совға”, “Ёзувчининг сўнгги кунлари”, “Орзу дарахти” ҳикоялари, “Хуш қол, сеҳрли диёр” қиссаси, “Йигирма йилдан сўнг”, “Сўнгги романтик портрети” эсселари мухлисларга яхши таниш. У Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг кенжа ўғли.
2016 йили ижодкорлар Шукур Содиқ, Муҳаммад Ғаффор (1955-2016) ҳам вафот этишди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мелис Абзалов (1938-2016)
Мелис Абзалов 1938 йил 18 ноябрда Янгийўлда таваллуд топган. Абзалов 1961 йил Тошкент давлат санъат институтини тугатган. 1962 йил «Ўзбекфильм»да ишлашни бошлаган. 1961—1962 йиллар Ёш томошабинлар театрида актёр бўлиб ишлаган. 1962—1965 йиллар «Ўзбекфильм» киностудиясида режиссёр ассистенти, кейинчалик режиссёр ва актёр, 1989 йилдан «Ватан» киностудиясининг бадиий раҳбари бўлиб фаолият юритган.
Абзалов актор сифатида Абдулла («Еттинчи ўқ»), Оллоёрбой («Инсон қушлар ортидан боради»), Эшон Зайнулло («Қўқон воқеаси»), Қорашоҳ («Арслоннинг саргузаштлари») ва бошқа образларни яратган. Режиссёр сифатида «Чинор остидаги дуэл», «Суюнчи», «Келинлар қўзғолони», «Армон», «Майсаранинг иши», «Кўзларим йўлингда», «Ўтган кунлар», «Чимилдиқ» каби фильмларни ишлаган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов (1953-2016)
Бахтиёр Қосимов 1953 йилда актёр ва режиссёр Неъмат Қосимов ҳамда ўқитувчи Сара Қосимовалар оиласида дунёга келган.
У 30 дан ортиқ фильмларда рол ўйнаган. Улар орасида «Тўйлар муборак» (1978), «Ёдгор» (2003), «Ўзимдан ўзимгача» (2009), «Аросат» (2009), «Уқубат» (2009), «Жасур» (2011), «Паризод» (2012), «Сардор-3» (2012), «Боғ» (2013), «Гумроҳлар» (2014), «Фарёд 2» (2014) ва «Ҳаётда…» (2015) каби машҳур фильмлар бор.
Сухандон Абдумўмин Ўтбосаров (1960-2016)
Ўтбосаров Абдумўмин Абдумажитович 1960 йилнинг 24 апрелида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали диктор.
Абдумўмин Ўтбосаров Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканали диктори сифатида фаолият кўрсатган.
Яна кўринг: