2004 йилги Нобeль мукофоти соҳиблари

Нобель мукофотини барча яхши билади. Йилда бир маротаба эълон қилинадиган ушбу соврин Ер куррасида қилинган оламшумул кашфиётлар ва ихтиролар учун берилади. Алфред Нобелнинг васиятига кўра, тақдимот фаолияти 1895 йилнинг 27 ноябрьида бошланди.

Дунё бўйича энг катта пул мукофоти ҳам айни Нобел ташкилий қўмитаси томонидан тақдим этилади. Ушбу соврин 5 йўналиш бўйича ажратилади. Булар — физика, кимё, физиология ва тиббиёт, адабиёт ва она заминда тинчликни мустаҳкамлашдаги меҳнатлари учун. Тинчлик учун кураш йўналиши ичига экология ва табиатни муҳофаза қилишга доир лойиҳалар ҳам киритилади. Биринчи пуллик мукофотлар миқдори 1901 йилда 150 минг швед кронини ташкил қилар эди. 2001 йилдан бошлаб мукофотлар миқдори 10 млн швед кронаси, яъни 1 миллион доллар миқдорида тўланади.Бу йил ҳам мукофот ўз эгаларини топиб, дунё илмий ва адабий ривожига ҳисса қўшаётган шахсларга топширилди.

АДАБИЁТ

Элфрида Елинек — дунё адабиётининг ривожига қўшган алоҳида ўрни учун. Унинг қаламига мансуб новеллалар ва песалар ўзига хос мусиқий тарзда ифода этилиб, баъзи инсонларнинг бир-бирларига бўлган жирканч муносабатларини оригинал тарзда очиб берган, дея изоҳланди. Бироқ австриялик ёзувчи Элфрида Елинек мукофотни олиш учун Стокголмга боришдан бош тортди. Унинг айтишича, охирги вақтларда соғлиги бирор ерларга боришга йўл қўймаяпти. Унинг назарида ундан кўра Нобел мукофотига кўпроқ ёзувчи Петер Хондке лойиқ эди. Мукофот таъсис этилгандан буён адабиёт йўналишида фақатгина 10 нафар аёл киши ушбу ютуқни қўлга киритган эди. Пул миқдори 1,1 млн евро деб белгилаб берилди.

ИҚТИСОДИЁТ

Иқтисодиёт йўналишида икки шахс — булар норвегиялик Финн Кюдланд ва америкалик банкир Эдвард Прескотт-га насиб этди. Улар иқтисоди-ётда янги назария яратиб ва шу билан бизнесни янги иқтисодий поғонага кўтарадиган лойиҳа устида бош қотириб, ғолиб чиқишди.

ТИНЧЛИК УЧУН КУРАШ

Ер куррасида тинчликни мустаҳкамлаш ва она заминни асрашга қўшган алоҳида ўрни учун мукофот 64 ёшли кениялик аёл Вангари Маатаига тақдим этилди. Ушбу йўналиш бўйича жуда кўплаб дастур ва лойиҳалар Нобел мукофоти ташкилий қўмитасига топширилган эди. Ҳаттоки тақдимотдан олдин кўплаб социологлар умуман бошқа кишиларнинг исм-шарифларини кўрсатишган. Бирламчи тахминларга кўра, соврин МАГАТE бош директори Муҳаммад ал-Барадейга топширилиш эҳтимоли ҳам бор эди. Бироқ ташкилий қўмита бу гал мукофотни африкалик эколог, жаҳонда тинчлик учун фаол курашаётган аёлга топширди. Вангари Маатаининг айтишича, у буни умуман кутмаган эди. Ушбу қарор 21 сентябрда ўз тасдиғини топди.

Нобел мукофоти ташкилий қўмитасининг матбуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, жорий йилдаги мукофотни қўлга киритиш учун 194 номзоднинг лойиҳалари кўрсатилган бўлиб, улардан эллигини ташкилотлар ташкил қилди. Жамғарма қоидаларига кўра, ҳеч қайси ташкилот, жамғарма ёки шахснинг номи маросимдан олдин ошкор қилинмайди. Шу сабабдан сўнгги кунгача жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари бу йилги энг юксак мукофот соҳиби кимлигини билишмас эди.
Африканинг Кения давлатида яшаб, фаолият кўрсатаётган Вангари хоним биринчилардан бўлиб 1977 йилда «Яшил камар» дея номланган экологик ҳаракатга асос солди. Чамаси, ўн йиллардан кейин ижтимоий экологик ҳаракат Кения чегараларидан чиқиб кетиб, бутун минтақада ўзининг эзгу мақсадларини тарқата бошлади. Ҳаракатнинг асосий мақсади Кения ва бутун Африка қитъасида имкон қадар кўпроқ дарахт экиш ва кўкаламзорлаштиришни тарғиб қилишдир. Айниқса, Кения давлати учун бу жуда муҳим вазифа эди. Чунки бирламчи кўкаламзорлаштириш дарёлар муҳофазаси учун алоҳида аҳамиятга эга бўлса, мамлакат аҳолисининг 90 фоизи ўтин ёқиш билан қозонини қайнатар эди.

«Яшил камар» табиатни муҳофаза қилиш ҳаракати чорак аср ичида 25 миллиондан зиёдроқ дарахт эккан. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Нобел соҳибаси Кенияда биринчилардан бўлиб докторлик диссертациясини ёқлаган ва профессор даражасини қўлга киритган. Унга бир неча бор суиқасдлар уюштирилган бўлсада, ўз мақсади ва йўлидан қайтмаган.

2002 йилда Кения президентлигига бўлган сайловларда қатнашган. Нобел мукофоти фаолиятида айни шу йўналиш бўйича Вангари Маатаи ўн биринчи аёлдир. Унга ажратилган пул мукофоти 1,3 млн. еврони ташкил қилди.

ТИББИЁТ ВА ФИЗИОЛОГИЯ

Британиялик ва америкалик олимлар генетик регуляция, яъни инсон организмидаги ҳужайраларнинг ривожланиши ҳамда ўзини ўзи муҳофаза қилиш устида узоқ йиллар меҳнат қилишди. Ушбу тадқиқотчилар ОИТС, саратон ва бошқа ҳозирча бедаво касалликларнинг инсон организмида бўлган ҳаётини ёритиб беришга ўз ҳиссасини қўшди. Генетик ва физиологлар, британиялик олимлар Сидни Бреннер, Жон Салстон ва америкалик олим Роберт Хорвитслар олий мукофотга сазовор бўлишди.

КИМЁ

Швеция қироллик академияси кимё йўналиши бўйича совринларни икки исроиллик биохимик ва бир америкалик биохимик меҳнатлари учун ажратди. Авраам Герцҳко ва Аарон Сихановерлар Исроилнинг Хайф шаҳридаги Технион институти биохимиклари. Ирвин Роуз эса, америкалик биохимик, Калифорния университетида фаолият кўрсатади.

Ушбу олимларнинг ихтиролари 1980 йилларда амалга оширилган эди. Орадан бир неча ўн йиллар ўтгач, бу олимларнинг меҳнати ўз мевасини берди. Унинг аҳамияти етук олимлар томонидан тан олинди. Ихтиронинг моҳияти шундаки, тирик организм ҳужайралари ўлик, яъни кераксиз бўлган оқсиллардан воз кечади. Булар ҳаммаси организм иммунитетига катта таъсир кўрсатади. Олимлар кўп йиллик меҳнатлари мобайнида инсон организмини ҳимоялаш ва саратон касаллигига қарши бирмунча ёрдам берадиган доривор препаратлар яратишди. 2000 йилда олимлар Алберт Ласкер мукофотига сазовор бўлишган эди.

ФИЗИКА

АҚШлик физиклар ўз мукофотларини 30 йил мобайнида кутишди. Улар Девид Гроос, Девид Полицер ва Френк Вилчек. Уларнинг ядро физикасидаги тадқиқотлари эндигина эътиборга сазовор бўлди. Учовлон олим АҚШнинг турли университетларида фаолият юритишади. Уларга ажратилган пул мукофоти 1,1 млн еврони ташкил қилди. Худди шундай ҳолат рус олими Петр Капитса билан ҳам содир бўлган эди. Рус физиги гелийнинг ўта ўтказгичлиги учун мукофотни ихтиро қилганидан 40 йил кейин олган.

Жаҳон илми ва маданияти ривожида Нобел мукофотининг ўрни беқиёс. Жамғарма томонидан кўрсатиладиган моддий рағбат изланишларни жадал давом эттиришга имконият беради.

Сарвар Сайёр ўғли тайёрлади.