Меҳмет Челик: “Ражаб Тойиб Эрдўғон 15 июлга қадар FETÖга қарши ёлғиз курашган эди”

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон мамлакат учун кучли таҳдид туғдирган FETÖ террорчи ташкилоти қаршига ёлғиз курашишга мажбур бўлган эди. Бу ҳақда Daily Sabah газетаси сиёсий шарҳловчиси Меҳмет Челик Марказий Осиё ва Озарбайжон журналистлари билан 19 октябрь куни Истанбулда ўтган учрашувда маълум қилди.

“15 июль кунги давлат тўнтаришига уриниш бизни воқеликка теранроқ назар солишга ундади. Ўша кунга қадар Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон FETÖ террорчи ташкилоти таҳдидига қарши ёлғиз курашишга мажбур бўлган эди. Буни Туркия Қуролли кучларининг собиқ қўмондони Илкер Башбуғ ҳам эътироф этди. Мухолифат ҳам мамлакат барқарорлигига жиддий таҳдид туғилиб турган бир паллада фаоллик кўрсатмади. 15 июль кунги исён эса давлат раҳбариятининг FETÖ террорчи ташкилоти хусусидаги хавотирлари тўғри эканини кўрсатди”, – деди халқаро масалаларда бир қатор сиёсий тадқиқотлар ёзган Меҳмет Челик.

Daily Sabah газетаси сиёсий шарҳловчисининг қайд этишича, FETÖ террорчи ташкилотини фош этишга дастлабки уринишлар 2009 йилда бошланган эди, аммо террорчи ташкилот давлат ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ўз тарафдорларини яширин равишда жойлагани боис унга қарши кураш анча мушкул кечган.

“FETÖ аслида дунё геосиёсатидаги қудратли кучлар қўлида қўғирчоқ, холос. Агар муқояса қилиш мумкин бўлса, ташқи кучларни буюртмачи ташкилот, FETÖ террорчи тизимини эса пудратчи ширкат деб аташ мумкин. Ташқи ғанимларга Туркиянинг барқарорлиги, тараққиёти ва суверен сиёсат юритаётгани маъқул келмаётир. Шу боис улар FETÖ гуруҳидан фойдаланишга уринмоқда”, – дейди Daily Sabah газетаси сиёсий шарҳловчиси.

19 октябрь куни маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари билан учрашувда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳам FETÖ террорчи ташкилоти таҳдидига алоҳида тўхталди.

Туркия раҳбарига кўра, мамлакат миллий хавфсизликни сақлаш борасидаги стратегиясини ўзгартирди ва мудофаадан муаммоларни ҳал этиш босқичига ўтди.

“Бундан буён биз таҳдидларга ошиғич жавоб берамиз. Агар терроризм хатари туғилса, террорчилар ҳаракатга тушгунга қадар кутиб ўтирмаймиз.  Улар қаерда бўлса, ўша ерда йўқ қиламиз”, – деган Туркия етакчиси.

Ражаб Тойиб Эрдўғон 15 июль куни мамлакат яхлитлиги, барқарорлиги ва демократия ҳимояси йўлида қаҳрамонлик намунасини кўрсатган турк халқига яна бир бор миннатдорлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 июль куни Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берди. Туркия раҳбариятига кўра, мазкур жиноят АҚШда яшаётган Фатҳулла Гулен ва унинг террорчи ташкилоти томонидан уюштирилган. Расмий Анқара АҚШдан Фатҳулла Гуленни Туркияга экстрадиция қилишни сўраб мурожаат йўллаган.

Давлат тўнтаришига уриниш вақтида 240 дан ошиқ киши ҳалок бўлган, 1500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳарбий исён халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Марказий Осиё ва Озарбойжон журналистларининг Daily Sabah таҳририятига ташрифи Туркия Бош вазири ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси шафелигидаги “Тарих ва миллий бирликни англаш” дастури доирасида ташкил этилди.

Собир Салим