КИТОБ КЕРАКДИР
Суврат асли нурни сийратдан олур,
Сийрат эса илму ҳикматдан олур,
Одамдан эзгулик, муҳаббат қолур,
Саодат сайлига савоб керакдир,
Кўнгилнинг майлига китоб керакдир.
Китоб – дил боғида гулнинг рангидир,
Китоб – оташ ичра дилнинг рангидир,
У – қалбнинг камоли, ақл жангидир,
Кўкни кўзлаганга хитоб керакдир,
Ўзни излаганга китоб керакдир.
Ўқиган, уққанга эли эргашгай,
Оқил йўлга чиқса йўли эргашгай,
Жаннатдай жилмайиб чўли эргашгай,
Савол юз очганда жавоб керакдир,
Жавоб жарангига китоб керакдир.
Китоб – бу осмоннинг ўзига нарвон,
Китоб – бу жаҳоннинг кўзига нарвон,
Тирик тарихларнинг сўзига нарвон,
Тунда талпинганга моҳтоб керакдир,
Кундай кулай десанг китоб керакдир.
Олам оламлигин билмоқ учун ҳам,
Одам одамлигин билмоқ учун ҳам,
Қилни қирқ тилимга тилмоқ учун ҳам,
Тиғни тутгувчига шитоб керакдир,
Туғни тутгувчига китоб керакдир.
Маҳмуд Тоир