Абдулла Орипов. Ҳаёт кўринишлари (видео)

ҲАЁТ КЎРИНИШЛАРИ

Лабларида ажиб ним кулги,
Қараб турар болакай бесас.
Тағин уни койима, чунки
Жужуқ ҳали гапира билмас.

Тирикликдан нолима тақир,
Янтоқ босган, тиканзор йўли.
Мухлисни ҳам айблама, ахир
Очилмаган атаган гули.

Ўпкалайсан шифокордан гоҳ,
Унга оғир, оғир аслида.
Ажал деган доғули ҳамроҳ
Доим турар рўпарасида.

Сени қийнар дўстлар фироғи,
Уларнинг ҳам кўнгли доғланган.
Юролмаслар, чунки оёғи
Иш занжири билан боғланган.

Ранжимагин муҳаббатингдан,
Билмай туриб ўксимоқ нечун?
У кундузи шод юрган билан,
Юм-юм йиғлар тунлар сен учун.

Бир зот борки, тирикдирсан то
Юрагингда яшар шукуҳи.
Дуо қилиб чарчамас асло,
У – муштипар онанинг руҳи.
07.11.2014

Абдулла Орипов