Усмон Азим: “Адабиётни ҳалол одамлар яратади” (2013)

– Кўз тегмасин, энг сермаҳсул ижодкорлардан бирисиз. Шеър ихлосмандлари орасида ҳатто “Усмон Азим шеърларини қоралама қилиб ўтирмай, тўппа-тўғри компьютерда ёзаверар экан” деган “замонавий ривоятлар” юради. Яна сиз ҳақингизда “шеър ёзиш техникасини пухта эгаллаб олгандан кейин ёзаверади-да”, дейишади. Наҳотки, мунтазам ижод жараёни учун фақат шеър ёзиш техникасининг ўзи кифоя қилса?

– Энди… Жуда содда қилиб айтсам, ҳамма ҳам иш битиришнинг қулай йўлларини излайди. Кемалар баҳри муҳитларни кесиб, ойлаб сузган манзилларга тайёралар бир неча соатларда етаяпти. Ижодкор ҳам ишининг ижоддан холи тарафларини тезроқ битириш йўлларини излаган-да! Биласиз, Алишер Навоий ҳазратларининг ҳузурида ёзганларини оққа кўчиргувчи хаттотлар хизмат қилган. Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”ини рафиқаcи Софья Андреевна, адашмасам, етти марта бошдан-оёқ кўчириб чиққан. Толстой Дос­тоевскийнинг меҳнаткаш рафиқаси ҳақида “шундай хотини бўлса, ҳамма ҳам катта ёзувчи бўлар эди” деган гапни айтган. Раҳматликлар “йўқ, ҳаммасини ўзим қойиллатаман!” демаган-ку! Хуллас, реал кўмакчилари ва имкониятлари бор ижодкорларгина ўзларининг истеъдодларини тўлиқ намойиш эта олганлар. Имкониятлари йўқлар эса, Худо берган истеъдод азобини қоғозга етказолмай, дардларини ўзлари билан тупроққа олиб кетаверган. Бу ҳол жуда ачинарли – дунёнинг бешафқат, адолатсиз бир ўйинидир. Ўйланг, бундай имкониятлари бўлганида, Махмур ёки Гулханий каби истеъдодлардан эҳтимол буюк асарлар қолган бўларди. Пошшо хизматини ор билган, саройдан наридаги азобли ҳаётни рўй-рост ёзишга журъат этган бу шоирлар ўзлари билан қоғозга туширолмаган кўп нарсаларни олиб кетганлар. Ўша пайт учун имконияти беҳад Амирийнинг жимжимадор шеърлардан иборат девони эса эъзозланиб, гўзал китоблар ҳолига келтирилган. Мана, сизга имкониятларнинг таққоси. Шу сабабли, Шарқда шоирлар ўзига тўқ одамлар бўлган. Аҳволи ночорлар эса бирор-бир маърифатпарвар ҳукмдорнинг саройига тиқилишга мажбур бўлганлар. Бу йўлга киролмаганлар эса қоғозга тушмаган илҳом селида оқиб, саросар кетганлар, йўқликка юз тутганлар.

Яқингача, техник воситалар етишмагани сабабли ёзувчилик иши жуда-жуда сермашаққат меҳнат эди. Илҳомли ва завқли ёзиш жараёнидан кейин қора меҳнат бошланар, бу меҳнатни эса ёрдамчиларсиз ҳамма ҳам кўтара олмасди.

Аммо дунё ўзгараяпти. Замон бир жойида тургани йўқ. Ижодкорларга ҳам мадад бўлгувчи кўмакчилар пайдо бўлмоқда. Мана, бизнинг замонда ёзувчига компьютерлар ёрдамга келди. Мен ижод ишига нима ёрдам берса, “Аллоҳнинг инъоми” деб, миннатдорчилик билан қабул этганман ва шу сабаб, бу янгиликни жуда тез қабул қилдим. Чунки компьютер пайдо бўлгунча, анча қийналганман. Менинг ёзишим жараёни аллақандай талвасали – бир фикр ортидан бир фикр жуда тез алмашади. Ҳозир ёзганим сатрнинг, сўзнинг ўрнига, ўзимча дурустроқ деганим бошқа сатр­лар, сўзлар шошқин бир тарзда оқиб келади. Ёзилган фикрлар ўрнини кутилмаган фикрлар эгаллайди… Бу ўзгаришлар бутун саҳифа бўйлаб сачраган кўйи давом этади. Қоғоз бир дамда ўчирилган сўзлар, ўрни алмашган сатрлар туфайли бўялиб, бир-икки кундан ке­йин ўзим ҳам ўқиб чиқолмайдиган кўриниш олади. Бунинг устига, ёзиш жараёнида вужуди руҳимни қамраб олган ғужур таъсирида ручкани жуда ҳам қаттиқ ушлайман. Натижада, ўн-ўн беш дақиқа ўтмасдан қўлларимга оғриқ киради. Бармоқларим зирқирайди… Бу ёзишда каттароқ асарларни удда қилиш жуда азобли иш. Ҳа, яна анчагина пала-партишлигим бор…

Мен бу тарзда ёзиш жараёнимга ўзгартириш киритиш лозимлигини доим ҳис қилганман. Чунки каминага фақат ёзиш жараёнининг ўзи қизиқ ва қоғозга тушганни қайта кўчириш, бировга машинкалатиш каби алоҳида уқув талаб қиладиган ишлар ҳамма вақт зерикарли эди. Мен ҳамма вақтимни ёзишга бағишламоқчи бўлганман. Ичимда эса, сезишимча, мудом ёзадиган гапим кўпдай туюлган. Уларни ёзиб қолиш имкониятини ахтарганман. Дастлаб, илк ҳикояларимни (“Ғоз”, “Сиз билмайдиган замонларда” ва ҳоказо) машинкада ёздим. Ва насрни бу тарзда ёзиш мумкинлигини ўзимга исботлаган бўлдим.

Компьютер чиққач эса, имкониятларини бировлардан сўраб билганим сайин, унга қизиқишим оша бошлади. Бу мўъжиза айнан мен учун яратилгандай туюлди.

Орадан олти-етти йил ўтиб, бир бало қилиб, пул тўплаб, ишлатилган бир компьютер сотиб олдим ва ўғлим, унинг нималарга қодирлигини менга намойиш этганда, ҳайратга тушдим. Қарийб тонг отгунча, комьютерда қандай ёзиб, қандай таҳрир қилишни ўрганиб чиқдим. Унинг руҳимга мос мошин эканлиги шундоқ аён – бу техника, аниқ, менга Парвардигорнинг инъоми эди. Ва ўша кундан бошлаб, шеърни ҳеч иккиланмасдан компьютерда ёза бошлаганман. “Куз”, “Юрак”, “Фонус”, “Жимлик”, “Адибнинг умри” каби китобларим шу тарзда ёзилган. Мен шеъримни ишлаш учун, таҳрир учун чексиз имконият берган Парвардигордан миннатдорман. Ҳа, айтгандай, мен бу мўъжизадан фақат ёзув ускунаси сифатида фойдаланаман ва унда бошқа бир амалларни амалга оширишни билмайман. Масалан, интернетга кириш менга қоронғу бир йўл. Рости, бунга қизиқмаганман. Мен мудом ичимдагини ёзиб улгуришим кераклигини англаганман, холос.

“Шеър техникасини ўзлаштиргандан кейин ёза­ве­ради-да” дейдиганлар ҳақида. Бу – ижоднинг моҳиятини билмайдиганларнинг гапи. Янгиликни ил­ғашни истамайдиган эринчоқ писандаси. Ҳа­вас­корнинг – тагида ночорлик ётган – беписанд лафзи. Чунки шеър техникаси ўрганилмайди. Шоир бўладиган одам болалигидаёқ кўнглига учиб кирган аллақандай оҳангларни шеърий сатрларга айлантиришни ўз-ўзидан билади. Бу нарса унинг вужудида бўлади. Назаримда, шеър техникасини атайлаб ўрганган шоир бўлмаса керак. Шеърнинг қандай бўлишини, оҳангини, шаклини ичингда яралган оҳанг белгилаб беради. Бетиним изланиш, кўнгил ва руҳни тоза сақлаш; мутолаа, ҳаётга ва жамиятга муносабат; бу дунёдан ҳайратланиш, таъсирчанлик (булар – дунёни ҳис этишдаги турфа антенналар) шоирнинг ёзишига мунтазам туртки бўладиган воситалардир. Мен ижодда “узлуксиз илҳом” мақомига кўтарилиш ҳақида илгари ёзганман. Муҳими, мана шу мақомга етиб олиш…

– Ўз юрагига шафқат қилмаган ижодкоргина чинакам шоир бўлади. Чунки дунё шеъриятининг энг гўзал, энг унутилмас намуналари мана шу шафқатсизликнинг меваларидир. Айтинг-чи, сиз айтган “шеъриятнинг пичоғини қалбга санчиб” яшаш шоирдан қандай фидойиликни талаб қилади?

– Ўзининг истеъдодини хор қилмасликни, унинг қарғишига қолмасликни, умрини ўзи яхши кўрган ишига бағишлашни, меҳнат қила билишни, илҳом билан ҳамнафас яшашни ўрганишни ва бунинг устига, шеърга ўхшаб яшашга интилишни ҳам талаб этади. Мана бу шеърдагидай:

Мен ёлғон ёздимми шеърда атайлаб,
Ёхуд мартаба деб гапимдан қайтдим?
Ёхуд сўз келганда – жонни авайлаб –
Нодон шеваларда мадҳия айтдим?
Қара, куйиб битган жонимга, қара,
Сўзимга қарагин: ушласанг – олов.
Оташин туйғулар – умримни қамраб –
Аланга ичига отар – беаёв.
Бўғзимга ёпишган дунё билан баҳс,
Ҳаётни ичаман – оғудир асру…
Мен – умрим тонгидан – шеър ёзишнимас,
Шеърдай яшамоқни этганман орзу.

Менинг Шоирларга (бу сўзни кенгроқ маънода ўқинг) талабим жуда катта. Чунки бизнинг маърифатли халқимизда Шоирга мудом шоирликдан каттароқ талаблар билан қаралган. Чунки улар ҳамиша муаллимлик вазифаларини ҳам бўйинларига олганлар. Халқнинг оғир кунларида улар эрку озодлик учун курашга бошчилик қилганлар. Уларнинг кичкина одам бўлишга ҳақлари йўқ.

– Шу пайтгача нашр этилган катта-кичик китобларингизни кўздан кечирган ўқувчи ижодингизда “Алпомиш” достони муҳим ўрин тутишини англайди. Достон таъсирида гўзал шеър­лар, бахшиёналар, кейинчалик кинодостон ва ҳикоялар ёздингиз. “Сиз билмайдиган замонларда” ва “Ғоз” номли ҳикояларни ўқий туриб, бахши тугаллаган жойда достонни шоир давом эттириши ҳам мумкин экан деб ўйладим. Назаримда, Усмон Азим юрагида унинг ўз достони, ўз “Алпомиш”и бор ва у шоир ҳаёти қадар давомийдир…

– Алпомиш ҳақидаги ўқиганларингизга “Алпомишнинг қайтиши” ва яқинда Миллий театр саҳ­на­лаштиришни бошлаган “Тонг отган тарафларда” пьесаларини қўшиб қўйсангиз, рўйхат тўлиқроқ бўлади. “Алпомиш” достони менинг жон-қонимга сингиган. Ўзим қўнғиротларданман. Бунинг устига бойсунликман. Болалигимдан мен бу достонни бахшилардан эшитиб, китобдан ўқиб катта бўлганман. Менга Алпомишнинг невараси эканимни кўп таъкидлашган. Ҳозир ҳам Алпомишнинг қони томиримда гупириб турганини ҳар лаҳза ҳис этаман. Ёзиш учун, ҳаётга тик қараш учун Алпомиш бўлиш кераклигини ҳам аниқ биламан. Ҳақиқий Адабиётни фақат ва фақат мард, ҳалол одамлар яратади деб ўйлайман. Фақат Адабиётнинг эмас, ҳаётнинг ҳамма жабҳасида Алпомиш кераклигини туяман…

– Одатда, шоирлар ёши улғайгани сайин мумтоз жанрларга мурожаат эта бошлайди. Ғазаллар, мухаммаслар дегандек… Сизда эса, аксинча, анъанавий шеърдан сал узоқлашиб, модернга яқинроқ услубда ёзаяпсиз. Сўнгги йилларда нашр этилган “Куз” ва “Фонус” номли шеърий тўпламларингизни ўқиб, шундай хулосага келиш мумкин.

– Мен Худо кўнглимга қандай солса, шундай ёзаман. Анъанавий ёзишни ҳам, замонавий ёзишни маълум бир даражада удда қиламан. Шоир фақат бу тарзда ёзиши лозим деб туриб оладиган нодонлардан узоқроқ юраман. Улар фақат қўлидан келадиган бир услубни мақташга киришадилар. Менинг назаримда эса, шоир шеъриятдаги ҳамма йўналишни ўзлаштирган бўлиши керак. Бу унинг ижодида ранг-барангликка олиб келади.

“Модерн” ҳақида. Бу сўз кўпинча ўзига бино қўйиш учун ишлатиляпти. Бу сўздан мени озод этишингизни сўрайман. Мен “изм-изм”лардан тўйган одамман. Қариганимда қандайдир “дернчи” бўлишдан Худо сақласин. Бу сўзни бўйнимга олиб, кимнинг олдига бораман? “Жаҳон адабиёти” журналида яқинда гапириб беришди. Ўзини қайсидир бир йўналишнинг йўлбошчиси деб эълон қилган шоирга таржима учун шеърлар беришган экан, у бир неча кундан кейин шеър­ларни қайтариб олиб келиб шундай дебди: “Қофияли шеърлар экан, таржима қилолмайман. Агар бўлса, қофиясиз шеърлардан беринглар!..” Шуми шоир? Эшитган қу­лоққа эриш туюлади.

Сиз шеърларимда кўраётган янгиликлар ҳақида айтсам, мен янгиликка ўч одамман. Руҳу қалбим жуда ёш. Ютоқиб, ҳаприқиб яшайман. Биргина вужудимда жуда кўп шоир бор. Уларнинг ҳаммасини куйлатгим келади.

– Шеър шеърдан туғилади, деган фикр бор. Қолаверса, ҳар қандай ижодкорнинг ўз илҳомчиси бўлади. Шу маънода сермаҳсул шоир Усмон Азимнинг илҳомчилари ҳазилакам ижодкорлар бўлмаса керак? Кутубхонангизда сиз қайта-қайта мурожаат қиладиган китоблар борми ва улар қайсилар?

– Бу саволга аниқ жавоб беролмайман. Мен маълум бир гуруҳ адибу шоирларнинг ижоди билан боғланиб қолмаганман. Ўрганган адибларим ниҳоятда кўп. Алишер Навоийдан тортиб Қодир бахшигача, Ҳомердан тортиб, дейлик, замонавий ғарб ёзувчиларигача, турк шоирларидан тортиб мумтоз япону хитой шеъриятигача, рус адабиётидан Америка қитъаси адабиётигача… Мен асосан ўқувчиман.

– Китоблардан озми-кўпми ўқиганмиз: Аб­дураҳмон Жомий, Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий каби шоирлар ўз замонасининг ахлоқ бобида беназир кишилари бўлган. Шоир ва шоҳ Ҳусайн Бойқаро “Рисола” асарида Алишер Навоийнинг ахлоқ бобидаги комиллигига баҳо бериб, ҳатто уни фариштага тенглаштиради. Ундан кейинги замонларда ҳам ижод аҳли ахлоқ борасида бошқаларга ўрнак бўлгани аниқ. Хўш, бугун-чи? Бугун шоир деса, кўпчилик сал телбанамо, кўпинча сал ширакайф юрадиган, уст-боши ҳаминқадар одамни тасаввур қилиши одамга алам қилади. Наҳотки, ижод аҳли бирлашиб бу муносабатни ўзгартира олмаса? Умуман, ижодкор ахлоқи ҳақида қандай фикрдасиз?

– Мен ижодкор қиёфасини, ёки сиз айтгандай, “ахлоқ”ини ёзганларидан излайман. Дуппа-дуруст одамларнинг манфаат ва мукофотлар йўлида, қилпанглаб ижод қилишлари мени уялтиради. Адабиёт бузуқ аёлдай сотилмаслиги керак. Адабиётнинг Парвардигор томонидан берилган вазифаси борлигини ҳис қилмоғимиз зарур. Ахир, шунинг учун ҳам истеъдодлар дунёга келгани келган. Шоирнинг қандай ки­йиниши ҳақидаги гап эса жуда баҳсли. Масалан, дейлик, Машраб, ёхуд Махмур қандай кийинган экан? Ҳозирги шоирларнинг кийинишига келсак, менинг даврамдаги одамлар жуда қойилмақом кийинишади. Албатта, ғарб ижодкорларининг эркин ва одми кийиниши тобора бизда ҳам расм бўлиб бормоқда…

Аммо, тан олишимиз керак, кийиниш ҳам инсоннинг жамиятдаги ўрнини белгилаб беради. Эҳтимол ёзганига муносиб қалам ҳақи тўланмайдиган (ёки умуман тўланмайдиган) шоирларнинг яхшироқ кийинишга моддий рағбатлари етмас. Бу жуда ўйлаб кўриладиган масала. Ҳукумат қарори бўлишидан қатъий назар, наш­риётлар муаллифларга кўрсатилган қалам ҳақини тўлашдан шу кунгача бош тортиб келяптилар. Келинг, аввал ишни биргалашиб шундан бошлайлик.

– Шарқ шеъриятида азалдан инсон ру­ҳия­тидаги эврилишларни табиат манзараларига уйғун равишда тасвирлаш анъанаси мавжуд. Бунга сизнинг ижодингиз яққол мисолдир. Баҳор, ёз, куз ва қиш манзаралари тасвирланган кўплаб шеърларингиз бор ва улар бир-бирини так­рорламайди. Назаримда, энг кўп шеърларингиз куз ҳақида. Тийрамоҳнинг илк кунларида қоғозга тушган, ҳали ҳеч ким ўқимаган шеър журналхонлар учун ажойиб совға бўлар эди.

– Сўнгги ёзган шеърим мана бу…

МАКТУБ

Кўчанг бошида бир тол бор эди. Борми? Хабар бергин.
Мени кўрмоққа зор эрди. Ҳануз зорми? Хабар бергин.
 
Ҳолинг сўрсам, оғиб қисмат хатарларга кетар бўлди.
Фақат толнинг ҳолидин, ёр, хабар берсанг, етар бўлди.
 
Яшнаганми? Кўкарганми? Бўйи неча қулоч ўлди?
Ёки ўзга иморатга менингдек бир оғоч ўлди?..

Суҳбатдош: Гулноз Мўминова

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 9-сон.