Умарали Норматов: “Ҳозирги кунда адабиётни Интернетсиз тасаввур этиш қийин” (2011)

ЎзМУ профессори Умарали Норматов билан суҳбат

— Ўзбек адабиёти учун кейинги йиллар чинакам жонланиш даври бўлди. Давлатимиз томонидан адабиётга, маънавиятга жуда катта эътибор берилмоқда. Хусусан, Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, ижодкорларни рағбатлантириш, уларга қулай шарт-шароит яратиш борасида талай ишлар амалга оширилди. Бундай ўзгаришларнинг самараси, Сизнингча, нималарда кўринаётир?

— Ўтган йили “Литературная газета”нинг 27 октябр – 2 ноябр сонларида Александр Титовнинг “Адабиёт кераксиз бўлиб қолдими?” сарлавҳали мақоласи босилди. Уни Мирпўлат Мирзо она тилимизга ўгириб “Жаҳон адабиёти” саҳифаларида эълон этди.

Мақола муаллифи Россиядек улкан мамлакатда бир тизимдан иккинчи бир тизимга — бозор иқтисоди муносабатларига ўтиш асносида адабиётни ўз ҳолига ташлаб қўйиш қанчалик аянчли ҳолга олиб келганлиги ҳақида куюниб ёзади. Очиғи, бу йилларда бизда ҳам осон бўлгани йўқ. Аммо фарқли жиҳати шундаки, истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ маънавият, адабиёт, санъат масалалари мамлакат раҳабарияти эътиборида бўлди. Шахсан Президентимизнинг ўзи ижод аҳли вакиллари билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, уларнинг дил розларини тинглаб, мушкул вазиятдан чиқиш чораларини ахтарди. Ўзим ҳам шундай гурунгларнинг иккитасида қатнашиб, ҳамкасблар қатори бир дунё таассурот олганман, Президентимизнинг самимий маслаҳатлари гурунг аҳли руҳини қанчалар кўтарганига шахсан ўзим гувоҳман.

Энг мушкул – ўтиш даври ортда қолди, мамлакатимизда жаҳоннинг энг тараққий этган давлатлари билан ҳар жиҳатдан бўйлашиш ҳаракати бошланган паллага келиб Президентимизнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласи чоп этилди. Рисоланинг Ёзувчилар уюшмасидаги тақдимотида айтган эдим: бу – ҳозирча ХХI асрда жаҳоннинг бирорта ҳам мамлакатида учрамаган ҳодиса. Рисоладаги ғоят тез ўзгариб бораётган, глобаллашув, информатика замонида сўз санъатининг фақат мамлакатимиз эмас, башариятнинг ҳозирги куни, келажак тақдиридаги роли, ўрни хусусида топиб айтилган мардона сўзлар ижод аҳлини беҳад руҳлантириб юборди. Қисқа фурсат – салкам икки йил давомида жаҳон иқтисодий инқирози таҳдиди давом этаётган бир шароитда ижодкорлар учун яратилган қулайликлар, ёш қаламкашларни тарбиялаш, рағбатлантириш йўлида олиб борилаётган кенг миқёсли амалий ишлардан қувонмай бўладими, ахир!

Бундай эътиборнинг самараси нималарда кўриняпти, деб сўраяпсиз. Президентимиз рисоласида таъкидлаганидек, ёзувчилик бу – худо берган истеъдод. Бу – қисмат, пешонага ёзилган тақдир. Бу касбга ўқитиб, ўргатиб бўлмайди. Аммо ижод аҳли эътиборга, кўмакка, далдага муҳтож. Истеъдод эгаси фақат миллий анъаналар доираси билан чекланиб қолмасдан, жаҳон адабиёти янгиликларидан хабардор, жаҳоний миқёсларда фикрлайдиган бўлиши шарт. Фақат марказда эмас, вилоятларда ҳам айни шу йўлдан бораётган, ёзган машқларини жаҳон адабиёти намуналари билан қиёслашга уринаётган, ўз шеър, ҳикояларини рус, инглиз, француз, испан, хитой, япон тилларига ўзлари таржима қилиб, минбарларда ўқиб бераётган ёш қаламкашларни кўриб, чексиз қувонаман.

Шўро замонида ўзбек адабиёти “кўпмиллатли совет адабиётининг таркибий бир қисми” саналарди. Эндиликда мустақил мамлакат адиблари ўзларини замонавий жаҳон адабиётининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳис этиб қалам тебратаётирлар. Насрда Омон Мухтор, Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Зулфия Қуролбой қизи каби, шеъриятда Иқбол Мирзо, Турсун Али, Ҳалима Аҳмедова, Хосият Рустамова, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад каби шоирлар ижодида замонавий жаҳон адабиёти тажрибаларига ҳамоҳанг жиҳатлар эътиборни тортади.

— Домла, ХХ асрда тамомила янгиланган адабиётимизнинг кейинги эллик йиллик тараққиёт даврига бевосита шоҳидсиз. Унда кечган, кечаётган жараёнларни кузатиб, таҳлил қилиб келасиз. Бу cаъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, йигирмадан ортиқ китоб, беш юздан зиёд мақола юзага келди. Албатта, бу рақамларни санаш осон, аммо улар ортида озмунча меҳнат ётмайди. Шундай бўлса-да, Сизга бир савол бергим келди: фаолиятингиз самарасидан кўнглингиз тўладими? Умуман, умрни қандай мезонлар билан ўлчаган маъқул?

— Адабий-танқидий фаолиятимнинг ўттиз йили шўро даврида кечди. Ўша давр адабий сиёсати, сафдош ҳамкасбларим қатори, менинг ёзганларимда ҳам муайян даражада ўз асоратларини қолдирган. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, тақдир мени ўша тоталитар тузум замонида “демократия ороли” саналмиш Миллий университетимизнинг ўзбек адабиёти кафедрасида таълим олиш, ишлаш, беназир истеъдод соҳиби, жасур инсон Озод Шарафиддиновга биринчи шогирд тутиниш, у орқали шижоатда беқиёс улкан адиб Абдулла Қаҳҳор “давраси аъзоси”га айланиш, Шуҳрат, Саид Аҳмад, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев сингари даврнинг пешқадам адиблари билан оға-ини, дўст, ҳамсуҳбат тутиниш бахтига муяссар этди. Ёзганларимнинг орасида давр синовларидан ўтиб, бугунги кунга эсон-омон етиб келганлари бор, булар айни шу муҳитнинг самараси, деб биламан. Шўро даврида яратилган адабий суҳбатларимдан ўнтаси 2008 йили “Мумтоз сўз” нашриёти чоп этган “Ижодкорнинг дахлсиз дунёси” китобига озгина таҳрир билан киритилди. Қарангки, улар мутлақо эскирмабди, матбуотда юксак баҳо олди. Янги асрда чоп этилган “Устоз ибрати”, “Қодирий мўъжизаси”, “Уфқларнинг чин ошиғи”, “Нафосат гурунглари” каби китобларимга кирган шўро даврида битилган талай мақолалар ҳам мени эл олдида уялтирмади. Бунинг учун қувонаман. Айни пайтда, камина-бандаи ожиз даврнинг ўткинчи эпкинлари, довуллари таъсирида ўткинчи “асар”лар ҳам ёзганман.

Умрни қандай ўтказиш мезон-шартлари ҳам муқаддас китобларда аниқ-равшан кўрсатиб қўйилган. Шу шартларга амал қилиб яшаб ўтган алломалар, устозлар тажрибаси – ибрат намуналари ҳам етарли. Булар – ҳалоллик, адолат, имон-эътиқод, шижоат, меҳр-мурувват, эл-юртга, касб-корига, камина учун эса адабиётга, адабиёт илмига садоқат.

— Ҳазрат Навоий беш ярим аср нарида туриб ҳамон комил инсон ғоясини тарғиб қилмоқда. Зотан, адабиётнинг азалий муаммоси – инсон, инсон жумбоғи. Бу йўлда бугун ҳам баҳоли-қудрат қалам тебратаётган замондош ижодкорларимиз кўп. Сиз улардан қандай образларнинг бадиий талқинини кутасиз? Сизнингча, замонамиз қаҳрамони қандай бўлмоғи керак?

— Юксак маънодаги комиллик фақат ва фақат яратгангагина хос, сўнг унинг расули пайғамбаримиз комиллик соҳибидирлар. “Беайб парвардигор”, “бандаи ожиз” деган иборалар бежиз айтилмаган. Шайтони лаин Одам Атони, Момо Ҳавони чалғитган экан, уларнинг авлод – шажаралари не-не кўйларга тушгани маълум. Шунга қарамай, инсон зотининг бошқа махлуқлардан бир афзал томони бор – у яратганга тақлидан ҳар доим мукаммалликка интилади, камолот йўлини ахтаради, Аллоҳ ўзининг энг суюкли элчилари, пайғамбарлар орқали Сизу биз учун ўз Каломларини инъом этиб, камолот йўлларини ҳам кўрсатиб қўйган. Фалсафа, санъат, адабиёт инсон зоти тили чиқиб, фикрлай бошлаганидан буён инсон жумбоғи, унинг камолоти муаммолари теварагида айланади. Жамиятнинг, қолаверса, сўз санъатининг гуркираган даврларида комил инсон жумбоғи олий мақомларга кўтарилган. Мумтоз адабиётимизнинг чўққиси саналмиш Навоий ижодида комил инсон тимсоли нақадар теранлик касб этганлиги ҳаммамизга аён.

Мамлакатимиз чин маънодаги мустақилликка эришгач, комил инсон, аниқроғи, баркамол авлодни тарбиялаш муаммоси кун тартибига қўйилганлиги тасодифий эмас. Бу тарихий зарурат, табиий эҳтиёж. Келажаги буюк давлатни фақат ва фақат баркамол инсонларгина ярата олади. Кўриб, сезиб турибмиз, ана шундай авлод кўз олдимизда шаклланиб келяпти. Шахсан мен тенги, истиқлолни 50-60 ёшида кутиб олганлар ҳам йигирма йил бурунги одамлар эмас. Бугунги ўзбек ҳатто ўн йил бурунги ўзбек эмас. Жамиятда кетаётган модернизациялашув ҳодисаси унинг онгида, турмушида яққол намоён бўляпти, жаҳондаги жараёнлардан хабардор, жаҳон миқёсида фикрлайдиган, глобаллашув, информатика даври одамига айланиб бормоқда. Мамлакатимизда туб иқтисодий ислоҳотларни маънавият билан қўшиб олиб бориш сиёсати ўз самарасини бермоқда, ўзида ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларни уйғунлаштирган замонавий баркамол авлодни шакллантириш жараёни кечаяпти. Ўз-ўзидан равшан: сўз санъати шу қутлуғ ва қудратли жараёндан четда туриши мумкин эмас. Бу ҳодиса адабиётимизда ўз аксини топди, топмоқда. Шеъриятда ҳам, насрда ҳам, драматургияда ҳам бугунги замондошимиз руҳи, кайфияти, орзу-интилишлари акс эттирилган асарлар анчагина. Эҳтимол, улар орасида ярқ этиб ҳаммани ўзига жалб этадиган мўъжиза дегулик фавқулодда бадиий кашфиётлар йўқдир, аммо кичик мўъжизалар бор. Шунисига ҳам шукр. Шоир айтмоқчи, каттасини куту кичигидан қолма, кичик мўъжизалар ҳар куни керак…

— Давримизга келиб, ахборот алмашинуви мисли кўрилмаган даражага етди. Бу имкониятдан илм, шу жумладан, хорижий адабиётшунослик унумли фойдаланаётир. Президентимиз Интернет адабиётини шакллантириш эҳтиёжи юзага келганини бежиз таъкидламадилар. Бироқ ўзбек адабиёти, хусусан, адабиётшунослигини бу борада ибрат қилиб кўрсатолмаймиз. Шу маънода хонандалар, актёрлар ҳақидаги веб-сайтлар билан банд ёшларимиз эътиборига адабиётшуносларимизнинг Интернетдаги ижод ойналарини ҳавола қилиш зарурати қачон кун тартибидан тушади? Масалан, Сизнинг ижодингиз битта веб-сайт учун етиб ортади. Интернетда ўзингизнинг веб-сайтингизни очириш ниятингиз йўқми?

— Ҳозирги кунда адабиёт, адабиётшунослик тарғиботини Интернетсиз тасаввур этиш қийин. Бундан бир неча йил бурун Миллий университетда Интернетнинг ўзбек адабиёти ойинаси ташкил этилган эди. Ҳозир Ёзувчилар уюшмасида янгидан, энг сўнгги технологиялар асосида ўзбек адабиёти сайтини яратиш ҳаракати поёнига етай деб қолди. Шахсан ўзим дўстлар, шогирдлар кўмагида тажриба тариқасида веб-сайтимни яратишга эришдим. Келажакда уни такомиллаштириб бориш ниятим бор.

— Домла, доимо ёшлар орасидасиз, уларнинг қизиқишларидан бохабарсиз. Айтинг-чи, бугун ёшларимиз орасида адабиётшунослик илмига муносабат қандай? Сиз келажагидан умид қилаётган ёшлардан – бўлажак олимлардан кимларни айтган бўлардингиз? Уларга ўгитларингиз: нимага ундаб, нимадан қайтарасиз?

— Адабиёт бўйича мураббийлик касбим туфайли салкам олтмиш йилдан бери ёшлар билан ишлайман. Буни Аллоҳнинг яна бир инояти деб биламан. Чунки ҳаётдаги янгиланиш, янгича адабий майллар ёшлар тимсолида, улар онги, шуурида жуда яққол намоён бўлади. Адабий жараёндаги янгича тамойилларни улар ғоят тез ва нисбатан осон қабул қилади. Мен адабиёт муаллими сифатида улар қаршисида фақат мураббий эмас, айни пайтда, ўзимни толиб санайман, адабий ҳодисаларни, ундаги янгича тамойилларни тушуниш, талқин этишда талабаларнинг нуқтаи назари, бокира тасаввури, талқинларини ҳам доим назарда тутишга ҳаракат қиламан. Ёш талабалар олдида хижолатда қолмаслик учун адабиёт, адабиётшуносликдаги янгиликлардан вақтида бохабар бўлиб боришга тиришаман. Айни пайтда шогирдларни ҳам ҳамиша шунга даъват этаман. Шогирдлардаги лоқайдлик, ҳаётдан ортда қолишни асло кечира олмайман. Камтарин тажрибамдан чиқарган хулосам шуки, дид, адабий истеъдоддан ташқари янгиликка ташна, адабий-илмий жараён ичида яшашни қисмат деб билган фидойи одамдангина чин адабиётшунос чиқади. Камина илмий ишларига раҳбарлик қилган Ҳамидулла Болтабоев, Дилмурод Қуронов, Баҳодир Каримов, Улуғбек Ҳамдам каби бугунги куннинг пешқадам адабиётшунослари фаолияти буни тасдиқлаб турибди. Ҳозир катта адабиётшунослик бўсағасида турган Саъдулла Қуронов, Малика Фозиловада ҳам шундай хислатларни кўриб қувонаман, улардан умидим катта.

— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдош: Отабек Сафаров,

Ўзбекистон Миллий университети стажёр-тадқиқотчиси

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 23-сонидан олинди.