Атлантлар тамаддуни излари

http://ziyouz.com/images/uz/atlantis.jpgАтлантида ҳақида Миллий энциклопедиямизнинг биринчи жилдида шундай ёзилган: “Платон асарларида сақланган юнон ривоятларига кўра, Атлантика океанида, тахминан Гибралтар бўғозининг ғарбида мавжуд бўлган улкан орол. Ери серҳосил, аҳолиси зич жойлашган. Зилзила натижасида океан қаърига чўкиб кетган. Атлантиданинг мавжуд бўлганлиги ва ҳалокатга учраши сабаблари фанда ҳанузгача муаммо бўлиб қолмоқда”.

Сўнгги йилларда рўй бераётган Ер геофизикаси билан боғлиқ талофотлар олимларни яна бир бор афсонавий Атлантида муаммоси устида бош қотиришга ундамоқда. Хусусан, айрим башоратчилар фикрига кўра, Япониянинг “Фукусума” атом электр станциясида рўй берган портлаш ҳали олдинда юз беражак фожиалар олдида ҳеч гап бўлмай қоларкан. Ер қобиғи(ернинг устки қаттиқ қатлами)нинг сурилиши оқибатида япон ороллари бутунлай сув остида қолиб, Бермуд учбурчаги ҳудудида, деб тахмин қилинган — бир пайтлар сув қаърига чўккан сирли Атлантида юзага кўтарилармиш.

Атлантида муаммоларини ўрганиш жамияти президенти А.Ворониннинг “АиФ” мухбирига маълум қилишича, гарчи фан расман бундан икки ярим минг йил муқаддам Платон томонидан эслаб ўтилган Атлантида жумбоқларини гўзал ривоят, деб ҳисобласа-да, Атлантида амалда планетар кўламдаги реал тамаддун сифатида мавжуд бўлган.

Ойсимонлар

Атлантидани фақат Платон эмас, бошқа тарихчилар ҳам Атлантика уммонидаги ороллар мамлакати сифатида тилга олишган. Хусусан, эрамиздан аввалги IV асрда яшаган тарихчи Феопомп Атлантидани девқомат одамлар яшаган улкан қитъа, деб атайди. Географ Марцелл Атлантидани тангриларга берилган ўнта орол сифатида кўрсатиб ўтади. Олмон олими А.Кирхер эса XVII асрдаёқ Атлантиданинг илк жўғрофий харитасини тузган.

Ҳозир ҳам Атлантидани: ўзига хос тамаддунини ёйувчи бир нечта марказга эга битта жўғрофий нуқта ёки Ердаги онгли ҳаёт тараққиётининг муайян бир босқичи сифатида қаровчилар бор. Бу борада баҳс-мунозара кўп. Ҳозир Америка, Антарктида ва Арктикадан, Европа ва Африканинг шимоли-ғарбидаги мамлакатлардан, Куба яқинидаги Бермуд учбурчаги, Багам, Азор ва Канар оролларидан, Сицилия, Мальта, Кипр ва Критдан Атлантида излари ахтарилмоқда. Кўпчилик тадқиқотчилар атлантлар подшолигини битта эмас, бир қанча ороллардан иборат улкан ҳудуд, деб ҳисоблайдилар. Африка ва Евроосиёдаги турли халқларнинг маданият ва урф-одатларида жуда кўплаб муштарак жиҳатлар учрайди. Масалан, қадимги майя қабилалари ва мисрликлар ёзувидаги ўхшашликлар шулар жумласидандир.

Жанубий Америкада топилган битиклар ва суратлар ҳам кўп ҳолларда қадимги Миср, Шумер, Финикия, қадимги юнон ва Крит оролларида топилган шундай битиклар ва суратларни ёдга солади. Барча машҳур тамаддунларнинг афсона ва асотирларида улар маданиятининг уммон тубидан ёхуд олис уфқда жойлашган қайсидир ердан чиққан асосчилари мавжудлиги тилга олинади. Бу одамларнинг, яъни ўша уммон тубидан ё олис уфқдаги ҳудудлардан келган мураббийларнинг ватани фалокатга учрагани ҳам айтилади. Янги Зеландияликларнинг бу борадаги асотирлари алоҳида эътиборга молик. Уларда “пакахакеха“, деб аталувчи “тангрилар қавми” ҳақидаги нақллар сақлаб қолинган. Бу одамлар денгизда яшаган ва оқ танли бўлишган. Маори тилида “пакахакеха” — ойга ўхшаш ва ой рангига ўхшаш тери маъноларини англатади. Улар яшаётган ороллардан бирида эса, террасалардан иборат зинапоясимон эҳром (пирамида) сақланиб қолган. Ҳолбуки, 700 йил муқаддам Янги Зеландияга келиб жойлашган маори қавми бундай иншоотни ҳеч қачон қурмаган.

Сув тубидаги тош йўл

Сўнгги пайтларда дунёнинг турли ҳудудларида, хусусан, Куба соҳиллари, Англия, Испания, Марокко, Ҳиндистон, Японияда денгиз тубидан ёши 8-10 минг йиллик сунъий тошдан қурилган иншоотлар топилмоқда. 2001 йилнинг май ойида П.Зелицская раҳбарлигидаги экспедиция Кубанинг ғарбий соҳилларидаги Гуанахасибибес бўғозида ёши тахминан олти минг йилга тенг бўлган сувости шаҳри қолдиқларини топди. 2003 йилнинг мартида америкалик эр-хотин тадқиқотчи Литтллар Багам оролларидан бири — Андросдан беш юз метр масофада сув остида уч поғонали улкан тош платформани топганини эълон қилишди. Бу иншоотнинг денгиз тубидан баландлиги 4,5 метр, эни 45 ва узунлиги 450 метрга чўзилган экан. У тўғри бурчакли катта-катта тош блоклардан тикланган бўлиб, бандаргоҳлардаги қадимги тўлқин қайтаргичлар шаклида. Иншоотнинг шимол томонида эса денгиз тубида бир-бирига ниҳоятда орасталик билан туташтирилган чорқирра тош (брусчаткасимон) ётқизилган йўлкалар топилган. Айнан Багам оролларида Платон томонидан тавсифланган Атлантида пойтахтининг меъморий қиёфасини эслатувчи учта концентрик (битта умумий марказга эга қўрғонлар) ҳудуд ҳам топилган.

Ўн йил аввал Америка нашрларида сув тубидаги нефт конларини қидирувчи геологлар Азор оролларидан 250 миль масофада бир километр сув остида устун-колонналардан иборат ярим вайрона қасрни топишгани ҳақида хабар босилганди.

Албатта, собиқ иттифоқ томонидан 1970-1980 йилларда Ампер ва Жозефин раҳбарлигида Атлантика уммонидаги сувости тоғларини ўрганиш бўйича олиб борилган кенг кўламли тадқиқот натижаларини ҳам эслаш ўринли. Ўшанда қандайдир тош иншоотларнинг қўл билан тикланган деворлари, зинапоялари, тош тахлаб ишланган қуббасимон шаклларнинг юзлаб фототасвирлари олинган эди. Ер ости тоғи чўққисидан олинган базальт намунаси текширилганда бундай қатламнинг ўн икки минг йил бурун, шунда ҳам фақат қуруқликда ҳосил бўлиши исботланган. Бошқача айтганда, 12 минг йил бурун Азор оролларидан то Гибралтаргача тошдан барпо қилинган бино ва иморатлардан иборат қандайдир чўзинчоқ архепелаг бўлган.

Эзотерика фани атлантлар маданиятини ҳақиқатан ҳам планетар миқёсдаги, умумжаҳон кўламидаги маданият бўлган, деб ҳисоблайди. Бу тамаддуннинг излари эса неча-неча минг йиллар оша салобат тўкиб турган боқий иншоотлар — ўлмас эҳромларда муҳрланиб қолган. Ҳозирги пайтда Миср ва Мексикадаги машҳур эҳромларга ўхшаш пирамидалар, Антарктидадан бошқа, дунёнинг барча қитъаларида топилган. Атлантика уммони остида — Бермуд учбурчаги ҳудудида ҳам номаълум жисмлардан тикланган сирли пирамидалар сақланиб қолган. Мисрдаги эҳромлар эса, “Учинчи минг йиллик” фонди уюштирган экспедиция натижаларининг кўрсатишича, янада кўҳна иншоотлар вайронаси устида қад кўтарган экан. Бошқача айтганда, мисрликлар қандайдир ўзгача тамаддундан мерос қолган иншоотлар устида мазкур эҳромларни тиклаганлар.

Аниғи шуки, Атлантлар тамаддуни ҳалокати бирданига эмас, босқичма-босқич рўй берган. Астероидларнинг тушиши ҳам, зилзилалар ҳам бунга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Натижада Ер қобиғининг битта литосфера қатлами бошқа қатламлар орасига кириб ё устига чиқиб, қанчадан-қанча орол ва архипелаг(бир-бирига яқин ороллар)ларни сув остида қолдирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай катаклизмлар атлантларнинг планетар даражадаги умумий тармоғини, шу билан бирга, ягона ҳукмронлигини ҳам издан чиқарган. Кейинги авлодлар эса қачондир яхлит ҳолдаги атлантлар қавмининг бир-биридан ажраб қолиши ва ҳалокатга юз тутиши боис бу тамаддуннинг ягона бошқарувини тиклай олишмаган.

* * *

Эрнст Мулдашевнинг Тибет тоғларидаги Кайлас мажмуаси пирамидаларига уюштирган экспедицияси чоғида ҳам қандайдир шакллар ва одам қиёфалари тасвирга олинганди. Тадқиқотчилар илгари сурган гипотезага асосан, улар айнан атлантларга — сайёрамиз одамларининг тўртинчи авлоди (ирқи)га мансуб экан (Ҳозир Ер куррасида яшаётганлар бешинчи авлод (ирқ маъносида) ҳисобланади). Уларнинг учинчи кўзи бўлган, шунингдек, бўйлари узун бўлган. Атлантлар дуолар кучи(энергияси)дан фойдаланишда моҳир бўлишган. Улар кундалик турмушда, айтайлик, турли механизмларни ҳаракатга келтиришда дуолардан усталик билан фойдалана олганлар.

Бермуд фожиаси

Веналик Клаус Дона “одам маймундан тарқаган“, деган сохта назарияни инкор қилувчи жуда кўплаб ашёвий далил ва фотосуратларнинг бой коллекциясини тўплаган. У дунёнинг турли ҳудудлари бўйлаб бир ўзи сафарга чиқади ва топилмалари юзасидан бирор гипотезани илгари сурмайди, фақат одамларни дунёга бошқача кўз билан қарашга ундаш учун ҳаракат қилади. Унинг ноёб коллекциясидаги тошга чизилган дунёнинг энг қадимги харитаси кўпчилик эътиборини тортмоқда. Бу тош харитани Клаус Эквадорга қилган сафари вақтида топган. Унда қитъалар қиёфаси аниқ белгиланган. Бироқ Атлантика океанидаги Бермуд учбурчаги ўрнида ҳозир мавжуд бўлмаган улкан орол тасвирланган.

Унга кўзингиз тушиши билан беихтиёр Платон ёзган “тарих”ларда келтирилган афсонани эслайсиз. Ривоят қилинишича, 850 минг йил бурун дунёда юз берган Катта cув тошқини пайтида бўй-бастлари уч-етти метрли атлантлар қавми Бермуд учбурчаги ҳудудидаги улкан оролда жон сақлашган. Ўзларининг буюк тамаддунларини ҳам шу маконда яратишган.

Бу тамаддун 13 минг йил аввал коинотдан ушбу оролга келиб урилган Тифона кометаси зарбасидан сўнг вайрон бўлиб сув остида қолган. Ўшанда сайёрани 100 кун давомида зулмат қоплаган экан. Дуолар, сеҳр-синоат технологияларидан фойдаланишга моҳир атлантлар қавми мана шу апокалипсис чоғида ҳалок бўлишган. Кўпчилик олимлар арийцлар (одамзоднинг ҳозирги қавми)ни, хотираси ўчирилгани боис, дуолар сеҳридан фойдаланишга доир илмларни унутган ва ёввойилашган, деб ҳисоблайди.

Фақат замонавий илм-фан изоҳлаб бера олмаётган ўтмишнинг тилсиз иншоотларигина қачонлардир дунё ҳозиргидан ўзгача ҳаёт кечирганига гувоҳлик бериб турибди.

“АиФ“нинг 2011 йил 17-cонидан ЎзАС таржимаси