Фидойи олимларимиздан бири Сирожиддин Аҳмад умрини жадидлар ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этишга бағишлаган. Унинг ўзи ҳам улуғ маърифатпарварлар сингари “ходим ул-миллат” бўлишни ният қилди ва шунга монанд умр йўлини босиб ўтди. Камтар инсон зиёлига хос равишда кибрланмади, кеккаймади. Сўз берса гапирди, тиланиб сўз олмади. Илмда иккиланиб, фаразларга берилмади, миллат тарихидаги ҳақиқатни аниқ далиллар билан кўрсатди. Шон-шуҳрат ёки амал-мартаба қайғусида эмас, миллат илинжида хизмат қилди, эъзоз топди. Хуршид Дўстмуҳаммад бир учрашувда у кишини “XXI аср жадиди” деб атаганди. Ёзувчи ниҳоятда хос ва мос ташбеҳни топиб айтди. Ҳа, инсоннинг амали қисматига айланади. Агар аъмоли ҳақиқат ва эзгулик йўлидаги маърифатпарварлик билан боғланса, билингки, уни Яратган сийлабди…
– Неча йиллардан буён давлат архивларида сарғайган қоғозлар орасига яширилган, ҳа, атайлаб бекитилган ҳақиқат изларини топиш машаққатини чекмоқдасиз. Айнан мана шу соҳани танлашингизнинг сабаби нима?
– Саволингизга жавобан “Ҳаёт – устоз, турмуш – муаллим”, деган бир жумла билан қаноатлансам бўларди. Аммо бу жавоб бироз қисинти. Ёшлигимдаёқ эски шаҳар билан янги шаҳарнинг фарқини “оға”ларимиз кўрсатиб қўйганини фаҳмлардим. Ҳали ижтимоий-сиёсий жиҳатдан кўзи очилмаган ғўр болани жанубий вилоятларга ҳаёт мажбурияти сабабли қилинган саёҳат бирданига бир неча ёшга улғайтирди.
1966-йилги зилзила, 1967-йилги “Пахтакор” воқеалари, маҳаллий аҳолига қурилган уйларга бинокорларнинг ўзлари жойлашиб олиши таъсирида мафкура ва миллий маданиятга сийқа қарашлар ўзгарди. Биз ўзлигимизни, ўзагимизни, теран томирларимизни илғай бошладик.
Мустақиллик арафаси ва дастлабки йилларни хотирланг: матбуот ходимлари, адабиётшунослар, ёзувчилар миллий маданиятимизнинг хуфия саҳифаларини тиклашга киришдилар. Очилган сирлар фақатгина ёшларни эмас, балки тарихий воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган кишиларни ҳам шошириб қўйди. Давр олимлар олдига кечиктириб бўлмас талаб қўйди: яқин ўтмишимизнинг қоронғи пучмоқларини далиллар, рақамлар, гувоҳларнинг хотиралари орқали ёритиш. Адолат билан ёзилган тадқиқотларгина халқимиз ва истиқболга беминнат хизмат қилади. Олимлар ҳар масалада ўз миллатининг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий манфаатини юқори қўйишлари керак. Акс ҳолда, биз яна алданамиз.
– Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Ғози Юнус каби миллат ойдинлари ҳақида жиддий тадқиқотлар олиб бордингиз. Уларнинг ҳар бири алоҳида феномен. Бугун юрт истиқболи учун айнан шундай шахсларга эҳтиёж сезилмаяптимикин?
– Тарихнинг одил ҳукмича, ҳар бир халқ Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Ғози Юнус, Маннон Уйғур каби буюкларга доимо муҳтожлик сезади. Чунки улар ўз миллатининг кўзгуси, эзгуликка элтувчи яловбардорларидир. Атрофимиздаги халқларга назар ташланг, уларда шундай алплар борми? Айни дамда иккимиз эслаган улуғлар ҳар қандай мамлакатга шараф келтирувчи сиймолардир. Шу боис халқимизнинг уларга меҳри сира сўнмайди, борган саин кучлироқ товланаверади. Мана, 2020 йили юртимизда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланар экан, бундан фақат биз ютамиз, маънавиятимиз ютади.
– Ўтган йили Абдулла Қодирий юбилейи ҳам ана шундай тантана қилинган эди. Адиб сийрати асарлари билан чамбарчас ўрганилса, кўплаб кутилмаган маълумотлар юзага қалқиб чиқиши мумкин. Бугун Абдулла Қодирий ҳақида қандай янги гапларни айтган бўлар эдингиз?
– Бул зот ҳақида кўп олимларимиз ёзди. Айниқса, Баҳодир Карим катта ишлар қилди. Санобархон, ўзингиз ҳам ҳазилакам тадқиқот яратмадингиз. Адибнинг ҳаёти ва ижоди яхшигина ўрганилди. Аммо у яшаган даврга тарих кесимида қарайдиган бўлсак, ҳали кўплаб илмий изланишларга эҳтиёж сезилади. Ўзбекка хос ахлоқ, муомала маданияти, халқимиз психологияси акс эттирилиши, эл санъати ва эл адабиёти (фольклор)нинг, “Фарҳод-Ширин”, “Вомиқ-Узро”, “Асли-Карам”, “Бўз йигит” ва бошқа асарларнинг адиб ижодига таъсири, унинг луғатчилик ва таржимонлик фаолияти, хоссатан, ўз даврининг ёш ислоҳотчиси эканига назар солганимизча йўқ. Дин-диндор, бидъат масаласини-ку қўяверинг…
– Яқинда жуда кам нусхада бўлса-да нашрдан чиққан “Миллий ҳуррият адабиёти” китобингиз халқимиз учун жуда катта туҳфа бўлди. Рисоланинг мундарижаси ноанъанавийлиги билан эътиборни тортди. Фасл номлари ҳам аср бошидаги жадидларнинг китобни тартиблаш усулини эслатади. “Ғорат ёхуд ҳарбий коммунизм даври”, “Миллий қарама-қарши туриш адабиёти” каби бўлимларни шундай аташдан мақсад нима эди?
– Биласизки, узоқ муддат Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Ғози Юнус, ҳатто Авлонийнинг номи тарих саҳифасидан олиб ташланди. Уларнинг аксарияти сиёсий ва фуқаролик жиҳатдан оқланганидан кейин ҳам асарлари босилмади. Ман қилинса ҳам, қисқартиришлар билан чиқарилди. Хўш, номлари зикр этилган адиблар ва номлари зикр этилмаган давлат ва маданият арбобларининг айби не эди, нега улар қатағон қилинди?!
Собиқ икки империя қўл остидаги қардош халқларнинг қай бирига назар ташламанг, бошида доимо қилич, милтиқ турганига шоҳид бўласиз. Сабаби, ҳар икки салтанатнинг пардаланган сиёсати бўйича туркийлар рус халқи таркибига сингдириб юборилиши, яъни ассимиляция қилиниши шарт эди. Бутун тарғибот-ташвиқот шунга қаратилган. Фикримнинг исботи учун бир мисол келтираман: қорақалпоқ филолог олими Нажмиддин Довқараев ўз халқининг ёзма ва оғзаки адабиётини ўрганиб, тўрт жилдлик асар ёзган. Рус маданиятининг ижобий таъсирини кўрсатмагансан, деб докторлик диссертацияси тасдиқланишини ортга суришди. “Қорақалпоғистондан анча олисда бўлган рус адабиётининг бизга қандай таъсири сезилиши мумкин”, деган ҳақли саволи учун унга мафкура пардаси остидаги шовинистлар қанча азоб беришди. Истеъдодли олимнинг ёшгина вафот этишига сабабчи бўлдилар.
Шўро ҳукумати Ўрта Осиё халқига ваъда қилинган озодликни бермади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов сингари зиёлиларимиз “Ҳақ олинур, берилмас”лигини жуда яхши тушуниб етдилар. Масков олиб бораётган икки юзлама сиёсатга қарши турганлари учун ҳам азиз ҳаётларидан айрилдилар. Атоқли давлат арбоби Хидир Алиев Масковга кетиб, жонига қасд қилишдан олдин “Биз ҳам бюджет нималигини тушуниб қолдик”, деган экан. Охири унинг жасади крематорийда куйдирилди. Адабиётимиз намояндалари мавжуд вазиятдан кескин норозиликларини баралла билдирдилар. Демак, бизнинг фақатгина зиёлиларимиз, арбобларимиз эмас, балки адабиётимиз мустабид мустамлакачи тузумга қарши турди. Шу боис китобни “Миллий қарама-қарши туриш адабиёти” деб қўйган эдим, кейин дўстларнинг таклифи билан “Миллий ҳуррият адабиёти” деб аталди.
Инқилобнинг дастлабки йили “ҳарбий коммунизм даври” деб аталди. Қизиллар шу баҳонада ақлига сиққан номаъқулчиликни қилдилар. Халқнинг маданий ва моддий мулки аёвсиз таланди. Улкан маданият ва кўҳна тарихга эга, жаҳон илм-фанига оламшумул ҳисса қўшган халқни ўз кўзига маданиятсиз кўрсатишга интилдилар. Ана шу сиёсий-ҳарбий ҳолат “Миллий қарама-қарши туриш адабиёти”ни вужудга келтирди. Атоқли жамоат арбоби Низомиддин Хўжаев шўролар съездида ким нима деса, деяверсин, мен қул эмасман, деган. Шоир Чўлпон “кишан кийма” деб жар солган. Мақсад – халқимиз ва адабиётимизнинг машъум тарихий воқеаларга сиёсий муносабатини, зулмга қарши туришини кўрсатиш.
– Яна шу китобдаги “Олабўжи излаш ёхуд миллатга, миллий маданиятга қарши террор”, “Замон ва совуқ зиёлилар” деган фаслларда ўзбек зиёлилари орасида юз берган ички бўлинишнинг асл сабабларини изоҳлашга чоғлангансиз.
– Туркистондаги жиддий маънавий ва жисмоний қаршиликни кўрган шўро ҳукуматининг мафкурабозлари ҳар бир халқнинг қолоқ қисмидан ўз маданияти, миллий ҳурриятига қарши турувчилар гуруҳини тарбиялади. Халқим, ватаним деб яшайдиган кишиларни тарих ва сиёсат саҳнасидан йўқотиш учун “Олабўжи излаш ёхуд миллатга, миллий маданиятга қарши террор”ни уларнинг қўли билан ишга солди. Сиз айтган ички бўлиниш сунъий равишда вужудга келтирилди. Миллий маданияти ва мустақиллигига авомларча муносабатда бўлган кишилар ўзларини “совуқ зиёлилар… темир куракчилар” деб аташди. Уларнинг чиқишлари Хитойда ўтган маданий инқилоб давридаги хунвейбинлар ҳаракатидан фарқ қилмайди.
Аммо… хирмонтепа энди бизники, деб ўйлаганлар чучварани хом санаган эди. Улар бошоқ у ёқда турсин, ҳатто битта донни Масковнинг изнисиз олиш ваколатига эга эмасди. 1937– ва 1950 йиллар қатағони уларнинг ҳам сафини жуда сийраклаштириб қўйди. Бунга тарих шоҳид. Зотан, бўлинганни бўри ер, айрилганни – айиқ…
Ватанимиз тарихи, адабиёти, санъати Тангритоғдек улкан ва жозибадор, ўрганилмаган томонлари ҳали жуда кўп. Биз ҳали ўзлигимизни тўла кашф этганимиз йўқ. Ҳар бир тадқиқотчи, ҳар бир зиёли ўзагига яқинлашгани сари тарихнинг кўҳна саҳифаларини очаверади ва она халқининг ниҳоятда кўркамлигини юракдан ҳис қилаверади, муҳаббати ошаверади. Ватанни севмасликдан, унга мафтун бўлмасликдан, миллат фойдасига ишламасликдан Яратганнинг асрасин.
Санобар Тўлаганова суҳбатлашди.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 2-сон