Чингиз Айтматов ва Анвар Жўрабоев суҳбати
— «Время»дан «Иссиқкўл форуми» вакилларининг Кремлдаги қабулини кўрсатишаётганида мен Самарқанддаги чекка қишлоқда — бир чўпон чолникида эдим. У русчани деярли билмас ва шу боис унга дикторнинг сўзларини таржима килиб турардим.
«Ёзувчи дегани ана шунақа қарсиллаган бўлса-да! Бутун жаҳондан одамларни тўплабди-я! Мана, сенга икки Чингиз. Бири қиличини яланғочлаб дунёни яксон қилмоқчи бўлувди. Бизнинг Чингиз эса жаҳон бўйлаб тинчлик байроғини кўтариб бораётир. Ишқилиб, умри узоқ бўлсин…» — дерди у танглайини такиллатиб.
Шунда чидай олмадим ва чолга: «Яқинда Айтматовнинг олдига бормоқчиман, агар насиб қилса, суҳбатлашаман, у киши билан», — дедим ҳаяжонланиб.
«Мабодо учрашсаларинг, мендан, бутун қишлоқдошларимдан салом айтиб кўй. Дунёни уруш балосидан саклаб қолишдаги ишида омад тила. Янги-янги китоблари кўпаяверсин, унинг…» — деб қолди чол.
— Раҳмат, Анвар, йўлингиз тушиб, уникига яна бориб қолсангиз унга менинг саломимни, энг яхши истакларимни етказинг.
— Ҳақиқатан ҳам жаҳоншумул вокеа бўлди-да ўзиям, Иссиқкўл форуми! Чингиз Тўрақулович, уни ташкил этиш ғояси қандай вужудга келгани ҳақида гапириб берсангиз.
— У дабдурустдан пайдо бўлгани йўқ, албатта. Ишончим комилки, форумни ташкил этиш ғояси давримизнинг реал воқелигидан келиб чиқкан. У ўзида, аввало, инсон тафаккурининг янгиланишини мужассамлантиради.
Очиғи, бундан ўн-йигирма йиллар илгари даврнинг энг долзарб масалалари юзасидан гаплашиб олиш мақсадида бутун жаҳондан ўз маслакдошларини олдин ўз уйида ана шу тарзда тўплаш ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Менимча, бу ғоя айни ўз вақтида пишиб етди ва амалга ошди. Гарчанд бизлар тамомила бошқа-бошқа одамлар, ҳамда сиёсий, маданий тузумларимиз айрича бўлса-да, мен барибир тил топишимизга ишонувдим. Йўқ, бу ишонч тусмол ёки таваккалга асосланмаганди: мен бу одамларнинг кимлигини, улардан ҳар бирининг имконият даражасини билардим. Ҳа, аввало, мен уларнинг аксарияти таклифимни рад этмаслигини юрак-юрагимдан сезардим, чунки мен бу одамлар билан анчадан буён танишман — бизлар тез-тез турли халқаро анжуманларда учрашиб, суҳбатлашардик ва гап кўпинча бутун инсониятни хавотирга солаётган муаммоларга ўтарди. Худди ана шу суҳбат туфайли сайёрамиздаги энг глобал ташвишларни баробар баҳам кўришга тайёр, бир-бирларига руҳан яқин одамларни ўз атрофига уюштирадиган норасмий бир уюшма тузиш зарурлигига эҳтиёж туғилди.
— Кечирасиз-у, лекин сиёсатчиларгагина хос иш эмасми бу?
— Ҳақиқатда ҳам бу муаммолар билан биринчи галда давлатларнинг сиёсий арбоблари, турли партияларнинг вакиллари шуғулланиши керак. Аммо дунё фақат сиёсий битимлару шартномалар тузишдан иборат эмас-у. Менинг фикримча, маданият арбоблари ҳам ва энг аввало зиёлилар маълум даражада кенг омманинг ўй-фикрини белгилайди.
— Нега?
— Чунки зиёлилар оддий халқнинг, бутун меҳнаткаш омманинг ҳолати-ю эзгу мақсадларини гўёки ўзида мужассамлаштирган бўлади, уларнинг орзу-ўйларини ўз ижодлари орқали акс эттиради. Умуман олганда, ҳаёт уларнинг энг катта тадқиқот объекти ҳисобланади. Мен бу ерда аввало ижод, бадиий ижод билан машғул зиёлиларни назарда тутяпман. Аммо табиийки, бунга фан, унинг барча соҳалари — аниқ фанлардан тортиб, жамиятшунослик билан шуғулланувчи зиёлилар ҳам киради. Хулласи калом, зиёлилар халқнинг шундай бир қатлами ҳисобланадики, у энг чуқур зиддиятли муаммоларни ҳам ижобий ҳал эта олишга қодир реал кучдир. Ундан кейин, ахир сиёсатчилар ҳам ёнларида ишончли суянчиқ бўлаоладиган кучга муҳтождирлар. Тузумлар ўртасидаги ўзи чигал, ҳарбий стратегика эса янада мураккаблаштириб юборган қарама-қаршиликлар мавжуд экан, дабдурустдан юксак даражада музокаралар юритиш ниҳоятда оғирдир. Мана ҳозир биз XX асрнинг иккинчи ярми одамлар ўртасида умумий тил топиш учун сарфланаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бизнинг сиёсатчилар қандай натижага эришишларини оддий томошабин сифатида қўл қовуштириб кузатишга ҳаққимиз йўқ, албатта. Шу боис ҳам даставвал бир-биримиз билан умумий тил топишга ҳаракат қилишга ва шундан кейингина биргаликда ишлаб чиққан ғояларимизни кенг жамоатчилик, шу жумладан сиёсатчилар ихтиёрига ҳавола этишга бел боғладик. Ушбу форумнинг пойдевори ана шулар асосида қурилди.
Гап бизларни кимнингдир тўплашида қолувди, холос. Бу вазифани эса камина қўлидан келганича уддалашга ҳаракат қилди: жаҳондаги машҳур кишиларга таклифномалар йўлладим ва шулардан ўн беш нафари келди.
— Кам эмасми?
— Илк учрашувга бундан кўп одам келишини кутмовдим ҳам. Аммо шундай одамлар тўпланишдики — ўз соҳасининг энг обрўлилари, шундай одамлар йиғилдики, улар билан, уларнинг фикрлари билан ҳатто давлатларнинг раҳбарлари ҳам ҳисоблашишади. Ҳозир мен буларни номма-ном айтиб ўтирмайман: улар ҳақда матбуотда ўз вақтида маълумотлар берилди.
Биз беш-олти кун давомида мулоқотда бўлдик. Шундан икки куни Иесиқкўл бўйида ўтди ва менимча, асосий фикрлар худди ўша ерда вужудга келди.
— Демак, шунинг учун ҳам уни «Иссиқкўл форуми» деб аташибди-да? Ким биринчи бўлиб шундай номни таклиф қилган?
— Бизлар илк дафъа Фрунзе ёнидаги тоғолди райони Аларчада тўпланиб, дастлаб йиғинимизни шартли равишда «Дўстларнинг Аларчадаги учрашуви» деб номладик. Юқорида таъкидлаганимдек, асосий суҳбат Иссиқкўлда бўлиб ўтгани учун ҳам уни «Иссиқкўл форуми» деб атадик. Ҳозир ким биринчи бўлиб ана шундай таклиф қилгани эсимда йўқ. Очиғи, бу ном умумий келишилган ҳолда берилди.
Шундай қилиб, биз ушбу ташкилотни ўз ички талабларимиздан келиб чиққан ва мулоқотнинг оптимал бир шаклини қидириш йўлида ташкил этдик. Бу тарздаги учрашув нақадар зарурлигини айниқса, Иссиқкўл бўйида яққол ҳис қилдик, чунки бу, афсуски, қисқа кунлар ҳозирги даврнинг энг долзарб жабҳаларига бағишланган йирик-йирик суҳбатлар билан йўғрилди. Табиийки, биз аввало замонавий маданият, таълим-тарбия, экология, санъат масалалари устида тўхталдик. Назаримда, биз бир-биримизни янги-янги маълумотлар билан бойитдик, ўзаро тажриба алмашдик.
Форумнинг чўққиси Михаил Сергеевич Горбачев билан учрашувимиз бўлди. Ушбу учрашув уч соатча давом этди. Бизни ташвишга солаётган нарсалар, биз кўтариб чиқишга аҳд қилган муаммолар КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари томонидан қўллаб-қувватлангани руҳимизга мадад бағишлади. Очиғини айтиш керакки, айримлар ушбу бошлаган ишимиз тўғрими-йўқми, дея иккиланганди. Кремлдаги қабул эса бу иккиланиш, умидсизликка нуқта қўйди. Учрашув, ким қаерда яшамасин, умумбашар ташвишлари ҳамма учун бирдай эканини яна бир карра исботлади.
— Форумнинг устави, матбуот органи борми?
— Устави йўқ. Чунки биз мустақил ривожлана олиш қобилиятига эга, эрқин, ташаббускор группамиз. Сиз «Иссиқкўл форуми»нинг Баёнотини ўқиганингизда (у матбуотда эълон қилинганди) эътибор қилган бўлсангиз керак. Баёнот ўзига хос, бировларнинг зиммасига масъулият юкламайдиган, кўрсатмаларсиз ёзилган.
Босма органимиз ҳам мавжуд эмас. Биз форумгача тузилган ташкилотлардан нусха кўчирмаслигимиз керак.
— «Иссиқкўл форуми»нинг штаб-квартираси бор экан. Фрунзеда жойлашганми у?
— Ҳа бор. Москвада жойлашган. Унинг масъул ходими форумнинг барча ёзишмаларини координациялаб боради.
Москвада бўлиб ўтган «Ядросиз дунё учун, инсониятнинг омон қолиши учун!» халқаро анжумани давомида, «Иссиқкўл форуми» қатнашчиларининг галдаги ишчи мажлиси бўлиб ўтди. Гап шундаки, Москва анжуманига форумимизнинг аксарият вакиллари ҳам ташриф буюрган эди. Биз ўз мажлисимизда шу яқин ўртада бажаришимиз лозим бўлган юмушлар хусусида келишиб олдик. Ҳа, Питер Устиновнинг таклифига биноан форумнинг иккинчи йиғилиши шу йил кузда Женева шаҳрида ўтказиладиган бўлди.
— Москва анжумани ўз структурасига кўра сизларнинг форумларингизга ўхшашми?
— Нима десам экан. Москвадаги симпозиум бир марталик эди, холос, айтмоқчиманки, у «Иссиқкўл форуми»га ўхшаб доимий фаолият кўрсатувчи ташкилот эмас. Лекин шуни эътироф қилмоқчиманки, «Иссиқкўл форуми»нинг модели Москва анжуманига асос бўлди. Дейлик, унинг иштирокчилари ҳам шахсий таклиф принципида йиғилди, яъни у ёки бу мамлакатдаги таниқли кишиларни иттифоқимиздаги санъат, адабиёт, фан намояндалари шахсан меҳмонга чақиришди.
— Гарсиа Маркес на Фрунзеда, на Москвада кўринди. Таклиф қилмагандиларингми ё?
— Шахсан ўзим бизнинг форумга таклиф қилувдим уни. Аммо таклиф қилинганларнинг ҳаммасиям келолмайди-ку ахир, вақти бўлмаслиги ёки бирор-бир юмуши чиқиб қолиши мумкин.
— Сизларнинг форум маориф системасини радикал ўзгартириш зарур деган фикрни ўртага ташлашининг асосий сабаби нимада?
— Мактаблардаги ҳозирги таълим талабга жавоб берадими-йўқми, деган муаммо кўндаланг бўлиб турибди. Шу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш керакки, улардаги таълим келажакдаги эҳтиёжларни қондира оладими-йўқми? Мактаб келажакда инсоният ҳаётида содир бўладиган улкан ўзгаришларга, биринчи галда иқтисодий ҳаётда, ишлаб чиқариш ва информацияда рўй берадиган ўзгаришларга тайёрми-йўқми. Ҳозир шу нарса тобора равшанроқ аниқ бўляптики, бир синфда ўттиз-қирқ нафар боланинг таълим олиши, яъни синфларнинг ўқувчилар билан ҳаддан зиёд тўлиб-тошиши ва ҳар қирқ беш минутда фан бўйича муаллимларнинг алмашавериши кўнгилдагидек самара бермаяпти. Ахир мактабда ана шу тарзда иш юритиш системаси уч юз йилдан зиёд вақт мобайнида давом этиб келяптида.
— Демак, сизлар унинг ўрнини босувчи қандайдир янги бир система ишлаб чиқасизлар-да?
— Йўқ. Чунки бизлар мутахассис эмасмиз ва шу боис ҳам ҳеч қанақа система ихтиро қила олмаймиз.
— Унда…
— Биз муаммо кўтариб чиқамиз ва ўша муаммога, уни ҳал қилиш жараёнига кенг жамоатчиликнинг диққатини торта борамиз.
Ҳақиқатан ҳам ўқитувчилар, маориф соҳасида ишлаётганлар олдида жуда катта вазифалар турибди. Чунки ҳар бир соҳада, ҳар бир фанда ўзига хос консерваторлик «жамғарма»си мавжуд. Бундай ҳол аслида инсониятга хос нарса ўзи — новаторлик томон қадам ташлаётган одамзоднинг елкасида беихтиёр консерваторлик юки бўлади. Мактаб таълимотининг қолоқлиги эса ана шу юкнинг энг катта қисмидир.
— Сиз бутун дунёдаги мактабларни назарда тутиб гапиряпсизми?
— Ҳа. Биздаги ҳам, АҚШдаги ҳам. Ким билади, балки Америкаю Европа мактаблари техникавий қуролланиш юзасидан нисбатан яхшироқдир — у ерлардаги аксарият ўқув даргоҳларида компьютерлар қўлланилади. Тўғри, компьютер биздаги айрим мактабларгаям киритиляпти, аммо жуда оз миқдорда. Агар компьютер системаси бутун жаҳондаги мактаблар бўйлаб кенг жорий этилмаса, қолоқлик янада чуқурлашади. Форумда ана шулар тўғрисида сўз юритилди.
— Форум қатнашчилари ҳеч қандай регламентсиз гапиришибди, яьни ким қанча хоҳласа. АҚШлик футуролог Олвин Тоффлер икки соат сўзлабди. Табиийки, у ўз касби тақозоси туфайли инсониятнинг келажагини башорат қилган бўлса керак? Сир эмасми, ана шу башорат?
— Ҳақиқатан ҳам бу олим анча гапирди. Лекин ҳозир у нималар деб башорат қилганини аниқ эслай олмайман, Аммо шу эсимдаки, Тоффлер тасаввуридаги келажак ўта мураккаб манзарали бўларкан.
— Оптимистик манзарами у?
— Нурга тўла ёки қоп-қоронғу деб аниқ айтиб бўлмайди. Тоффлер бюрократизмга мойиллиги бўлган тузум, жамоат тузилиши қандайлигидан қатъий назар, инсоният тараққиёти йўлидаги ғовлигини ва аллақачонлароқ бу стратегик структурадан халос бўлишимиз зарурлигини таъкидлади.
— У ана шу ғовдан қутулиш юзасидан конкрет бир фикр айтдими?
— Айтмади. Чунки бу бир силтов билан ҳал қилинмайдиган қийин муаммо. Одамзод бюрократизм ботқоғидан ҳеч қачон бир сакрашда чиқа олмайди, у ердан аста-секинлик билан чиқади.
— Форум қатнашчилари ўртасида у ёки бу масалалар бўйича кескин келишмовчиликлар ҳам бўлгандир-а?
— Мен орамизда у қадар катта келишмовчиликлар бўлди, дея олмайман. Ҳар биримиз ўз тажрибамиз, ўз эътиқодимиздан келиб чиқиб гапирдик. Шу ерда тағин Тоффлерга қайтаман. Унинг фикрича, компьютерлаштириш, илмий-техника революцияси туфайли ер юзида ишчи кучига бўлган талаб жуда кескин камайиб, охир-оқибатда кўпчилик ишсиз қолади. Тоффлернинг таърифича, ишсиз қолган ёки «ортиқча одамлар»ни нима қилиш керак? Олим ана шундай саволни ўртага ташлади. Бу хусусда турлича тахминлар айтилди. Лекин америкалик ёзувчи Жеймс Болдуин билан Тоффлер ўртасида шу «ортиқча одамлар» атамаси устида қизғин тортишув бўлди. Болдуин бу терминга қарши чиқди. «Ортиқча одам» сўзини мутлақо ишлатмаслик зарур, чунки бу инсонни камситишдан бошқа нарса эмас, одамларга нисбатан ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ёндошиш зарур, ҳеч ким ҳеч қачон, айниқса, бизнинг асримизда, ўзини ортиқча ё кераксиз деб ҳисобламайди. Дунёга қадам ранжида қилган ҳар бир инсон ўзини керакли деб билади ва шунинг учун ҳам бу термин ўз-ўзидан хато. Янги ишлаб чиқариш ҳамда индустриал шароитларда инсоннинг ижтимоий ўрнини белгилашга хизмат қиладиган қандайдир бошқача атама топиш зарур», — деди у. Яна бир марта таъкидлайманки, бизнинг баҳсларимизда ўткир қирралар бўлмади. Биз шундай ҳолатни юзага келтиришга ҳаракат қилдикки, бир ҳамсуҳбат иккинчисининг мавзусига юмшоқ бир кўприк» орқали оҳиста ўтаверди гўё.
— Форумга бизнинг мамлакатимиздан кимлар кирган?
— То Москвадаги учрашувгача икки киши эдик: мен ва бош маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатувчи тожикистонлик файласуф Акбар Турсунов. Москва мажлисимиздан сўнг эса бизнинг ташкилотга СССР халқ артисти Михаил Ульянов ҳам аъзо бўлди.
— Бундан бир неча йиллар муқаддам Сиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жанубий Африка республикасидаги ирқчиликка қарши кураш комитетининг махсус мажлисида ҳамда Америка Тинч океан «Пасифик» радиостанцияси орқали сўзлаган нутқларингизда ирқчиликка қарши кураш хусусида анча дадил фикрларни ўртага ташлаган эдингиз. Айтинг-чи, «Иссиқкўл форуми» программасига ҳам киритилганми шундай кураш?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, форумимиз йиғинлари асосан консультатив характерга эга ва шу боис ҳам ирқчиликка қарши кураш бизнинг учрашувларда том маънода ўз аксини топган эмас. Тўғри, мен ва форумимизнинг бошқа аъзолари ирқчиликни иллат сифатида қоралаймиз. Бизнинг асосий вазифамиз жамият қандай бўлишдан қатъий назар, инсоннинг асл инсонлигича қола олиши муаммоси ҳақида фикр юритишдир.
— Шу йилнинг бошида Парижда Сиз, яъни «Иссиқкўл форуми»нинг президенти бошчилигидаги форумнинг бир гуруҳ вакиллари ЮНЕСКО раҳбарлари, жумладан унинг Бош директори Амаду Махтар М‘Боу билан учрашиб, музокаралар олиб борувдингиз, Шунинг якуни кандай бўлди?
— Кўнгилдагидек, ишқилиб. Биз норасмий ташкилот сифатида эндиликда ЮНЕСКО билан доимий алоқада бўламиз. Энди қай ерга йиғилмайлик, йиғинларимизда ЮНЕСКО вакиллариям иштирок этишади ва тааллуқли маълумотларни олишиб, ўз матбуотларида чоп этишади. Бундан ташқари ЮНЕСКО бизга учрашувларимизни ташкил этишда ҳам бевосита мадад берадиган бўлди.
Форумимизнинг яна бир вазифаси жаҳондаги ўзига монанд бошқа бир қатор норасмий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш. Биз шу яқин вақт ичида Рим клуби ҳамда Умумжаҳон фан ва санъат Академияси билан ҳам алоқа ўрнатдик.
— Чингиз Тўрақулович, Сиз СССРдан ягона ўзингиз (ёзувчилардан) Европа фан ва санъат Академиясининг аъзосисиз. Яқинда эса Сизнинг Умумжаҳон фан ва санъат Академиясининг академиги қилиб сайлашганларини ҳамда Швециянинг СССРдаги элчихонасида Сизга ана шу Академиянинг Дипломини унинг Президенти, таниқли физик олим Харел Хаденг топширганини эшитиб қувончимиз осмонга етди. Кўпсонли ўзбек ўқувчиларингиз номидан Сизни яна бир юксак унвон билан табриклаймиз!
— Раҳмат.
— Шу иккала Академия ҳақида қисқагина қилиб ҳикоя қилиб берсангиз.
— Икковига ҳам жаҳондаги йирик олимлар, маданият ва адабиёт намояндалари сайланишган. Бу академиклар ҳар йили икки маротаба йиғилиб туришади ҳамда улкан муаммолар юзасидан маърузалар ўқишади, ўзаро фикр алмашишади. Улар билан, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан давлатларнинг раҳбарлариям албатта ҳисоблашишади. Ушбу иккала Академиянинг ҳам президенти, доимий фаолият кўрсатувчи масъул котиблари ҳамда янги академикларни сайловчи советлари мавжуд.
— «Известия» газетасининг хориждаги мухбири ўз мақолаларининг бирида шундай деб ёзганди: «Францияга ташриф буюришган барча совет ёзувчилари унинг пойтахтидаги «Глоб» деб аталадиган китоб магазинига албатта ташриф буюриб, у ерда француз китобхонлари билан учрашади. Бу ерда Паустовский, Симонов, Катаев, Айтматовлар бўлишган ва уларнинг ҳар бир учрашуви ниҳоятда қизиқарли ўтган».
Чингиз Тўракулович, ана шу учрашув ва умуман «Глоб» ҳақидаги ҳикоянгиз кўпчиликни қизиқтиришига ҳеч бир шак-шубҳа йўқ.
— «Глоб» Парижнинг марказида жойлашган. Бу магазинда асосан совет муаллифларининг китоблари сотилади.
— Француз тилидаги китобларми?
— Ҳам француз, ҳам рус тилида (Совет Иттифоқида чоп этилган). Бу магазин росаям машҳур жой, бу ерда одам ҳамиша гавжум бўлади, айниқса ёшлар.
Яқинда мени «Глоб»га яна бир бор чақиришди. Учрашув мобайнида китобларим сотилди. Эҳ-ҳе, саволлар шу қадар ёғилиб кетди-ки! Умуман олганда бу магазин, унинг харидор-китобхонлари СССР билан Франция ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишида жудаям катта ишларни амалга оширяптилар.
— Бир гап эшитдим: Туркияда Сизга ҳайкал ўрнатишган экан…
— Яна қанақа «гап» эшитдингиз? Нотўғри ахборот бу. Вой одамлар-эй…
— «Бўтакўз» повестингизнинг немис (ГДР) мактаблари адабиёт дарслигидан жой олганига анча бўлди. Яна қайси асарларингиз кайси хорижий давлат мактабларида ўтилади?
— Деярли барча повестларим. Асосан, Европа мамлакатларидаги дарсликлардан ўрин олишган улар.
— Чет элларда Сизнинг китобларингиз Лев Толстойнинг китобларига караганда ҳам кўпроқ чоп этилар экан. Уларнинг сонини аниқ айтолмайсизми?
— Бу тарзда қиёслаш ноўрин. Кейин ёзувчиликда бухгалтерлик ҳисобининг нима кераги бор? Толстой замони бошқа, бизнинг давримиз бошқа. Ҳозирги китоблар жудаям тезкорлик билан таржима қилиняпти, кўпроқ босиляпти. Лекин ёзувчининг кимлиги унинг китоблари сони билан белгиланмайди-ку! Толстой ва Достоевский ҳақиқий классиклардир!
— Сизнингча, совет ва чет эл китобхонлари ўртасида қандай фарқ бор?
— У қадар катта фарқ йўқ. Бизда ҳам, хорижда ҳам бадиий адабиётни ўта муҳим деб санайдиган, китоблардаги воқеаларни куюнчаклик билан қабул қиладиган, шунингдек, лоқайд ўқувчилар мавжуд.
— Сиз «менинг ўқувчиларим камайиб бораётир» деганингизга ҳали ҳануз тушунолмай гарангман. Аксинча, ошяпти-ку уларнинг сони. Китоб магазинларидан асарларингизни мутлако топиб бўлмайди. Айтматовнинг романи босилган журналларни кутубхоналардан олиб ўқиш учун эса ойлаб навбат кутиш керак…
— Қандай тушунтирсам экан сизга. Ўқувчиларим бир жиҳатдан камайса, иккинчи жиҳатдан кўпаймоқда. Биласизми, ёзувчи ёши ўтган сари ўзгаради, унинг дунёқараши, унинг руҳий оламида гўёки революция содир бўлади. Ва табиийки, йиллар ўтиши билан ундаги қизиқарлилик камайиб, асарларида мазмунни янада чуқурлаштиришга уриниш ҳисси ошади. Аммо шундай китобхонлар борки, бу уларга ёқмайди, сабаби улар осон ўқиладиган адабиётга кўникиб қолишган. Мен «ўқувчиларим камайиб боряпти», деганимда ана шунақанги китобхонларни назарда тутаман.
Лекин шунга қувонаманки, жиддий мулоҳазага бой ўқувчиларимнинг сони тобора ортяпти. Буни менга келаётган хатлар яққол исботлайди. Олдин аксарият хатларда ўқувчилар ё фактларни қалаштирар ёки ўз ҳис-ҳаяжонларини изҳор этишарди, холос. Эндиликда эса шу қадар теран мазмунли мактублар оляпманки, улардаги мушоҳадаю таҳлиллардан ҳайратланиб кетаман.
— «Ёзувчиликда мен камтарликни ортиқча хислат деб биламан. Чунки сен қанча камтарона ёзишга уринсанг худди ана ўша даражадаги камтарин ёзувчи бўлиб қолаверасан. Шунинг учун дунёдаги бор шуҳратпарастлик билан қуролланиб ва ўз олдингга юксак намуналарга тенглашиш вазифасини қўйиб ёзишинг лозим. Мен учун ана шундай намуналар Софокл, Достоевский ҳисобланади. Шундай экан, нега энди мен бу улуғ санъаткорлардан ёмон ёзишга уринишим керак? Менинг вазифам — улардан яхши ёзиш». Габриэль Гарсиа Маркеснинг гаплари бу. Сиз бунга қандай қарайсиз ва Сиз учун қайси ёзувчилар ана шундай «намуналар»дан ҳисобланади?
— Албатта бу гаплар Маркес томонидан жудаям таъсирчан қилиб айтилган. Лекин Маркеснинг ҳамма фикри ҳам сўнгги ҳақиқат бўлавермайди-ку, ахир. Иккинчидан, ёзувчи шуҳратпарастлик билан қанчалик қуролланмасин, агар унинг истеъдоди бўлмаса, барча уринишлари муваффақиятсизлик билан тугайди. Кейин, қалами Достоевскийдан ўткир бўлган ижодкоргина у билан беллашишга журъат этиши мумкин, йўқса унинг бели синиб кетади.
Санъат доимо олға қадам ташлайверади. Бу — қонуният. Ҳар бир янги авлод янги тажриба, янги билимлар билан қуролланади, ҳар бир янги даврда янги номлар пайдо бўлади ва табиийки, улар ўтмишга фақатгина сажда қилиб қолмай, балки умумсанъат ривожига ўз ҳиссаларини қўшишлари шарт.
— Хабарингиз бўлса керак, ёзилмаган бир ақида мавжуд бўлиб, гўёки ёзувчи камбағаллик, қийинчилик ва бахтсизликни бошидан кечирган тақдирдагина яхши ёзаркан.
— Хабарим бор. Менимча, булар шарт эмас, айниқса бизнинг асримиздаги ёзувчига. Аммо у ҳаётнинг барча пасту баландини зукколик билан илғашга уриниши даркор. У зинҳор-базинҳор ўз қобиғига, ўзининг тор ғам-ташвишларига ўралашиб қолмаслиги керак.
Шундай ёзувчилар ҳам учраб турадики, улар «ҳаётни қузатиш» мақсадида атайлаб беш-олти кунлик командировкаларга чиқиб келишади. Мен буни ҳеч ҳам ҳазм қилолмайман. Қизиқ, наҳотки ҳаётни ана шу тарзда ўрганиш мумкин бўлса… Ҳаётни, уни ўрганаман деб бош қотирмаган ҳолда, яъни табиий равишда ўрганиш мумкин, холос. Нормал, оддий ҳаёт оқимидан қолиб кетмаслик, кундалик кузатувларни тобора чуқурлаштириш, замондошларнинг гапларини астойдил тинглай олиши, шунингдек, ижодкор классиклар тажрибасини атрофлича ўрганиб, буларнинг баридан ўзи учун керакли нарса ола билиши лозим.
— Бундан бир ой илгари ҳамқишлоғингиз, синфдошингиз Сейтали Бекмамбетов билан танишиб қолдим. Биз анча суҳбатлашдик. Гап, албатта, Сиз ҳақингизда борди. У киши: «Аслида адабиётга мен яқинроқман: ахир пединститутнинг тил ва адабиёт факультетини битирганман-да. Чингизнинг касби эса адабиётдан бутунлай йироқ бўлса-да, аммо жаҳон адабиётида унга тенглашадигани жуда кам», — деди фахр билан.
— Ҳақиқатан ҳам менинг ихтисосим адабиётга ҳатто яқин ҳам келмайди — зоотехникман. Олдин Жамбул қишлоқ хўжалик техникуми, сўнг Қирғистон қишлоқ хўжалик институтини тугатиб, ўз ихтисосим бўйича бир-икки йил ишлаганман… Менимча адабиётга тўғридан-тўғри кириб боришнинг ҳеч бир иложи йўқ бўлса керак. Қанчадан-қанча врачлар, агрономлар, инженерлар, ўқитувчилар ўз касбларини ташлаб, адабиётга ўтиб кетишган.
— Сиз эса йигирма саккиз ёшингиздан ўтгансиз. Икки кам ўттизда ўз касбини йиғиштириб, бошқа соҳага ўтиш, яъни ҳаётда, тақдирда кескин бурилиш ясаш осон бўлмаса керак? Шахсан Сиз, ёзувчиликка бел боғлашга жазм этганда ҳеч иккиланмовдингизми?
— Асло. Унгача унча-мунча ёзиб турардим: асосан ҳикоялар. Кейин, таржима билан ҳам шуғулланардим — русчадан қирғизчага ўгирардим. Ёзувчилик эса мени кундан-кун ўз бағрига тобора кўпроқ тортарди ва охири у билан бутунлай шуғулланишим керак деган қатъий қарорга келдим. Лекин билимим кам эди, шу боис Москвадаги адабий курсларга ўқишга кирдим. Пойтахтдаги ўқиш менга кўп нарсаларни берди.
— Ўқишни битиргач эса анча йиллар журналистика соҳасида ишладингиз: республика адабий журналига муҳаррирлик қилдингиз, «Правда» газетасининг Ўрта Осиё республикалари бўйича махсус мухбири бўлдингиз. Кўпчилик журналистика адабиёт билан шуғулланаётганларга ҳеч вақт фойда келтирмайди, аксинча у ёзувчининг тилини қашшоқлаштиришга хизмат қилади, дейишади…
— Мен ўз тажрибамга асосланиб таъкидлайманки, бу нотўғри фикр. Журналистика билан ёзувчилик бир-бирини тўлдиради. Ижодкор қаерга ва нима ёзишини англаши керак, холос. Масалан, мен газетага мақола ёзгудек бўлсам, газета услубига, журналга мақола ёзгудек бўлсам, журнал услубига мослаб ёзишга уринаман. Адабий асар ёзаётганимда эса бутунлай ўзга тил оламига кираман. Лекин бунда менга журналистик тажрибам беихтиёр қўл келади.
— Ёзувчининг меҳнат интизоми қандай бўлиши керак, Сизнингча?
— Бу борада мен фақат назарий фикрлар айтишим мумкин, чунки ўзим бунда ҳеч бир интизомга риоя қилолмайман-да. Аммо-лекин ёзувчиликда ҳам қатъий бир интизом бўлиши керак, албатта.
— Асосан қай пайтлари ёзасиз?
— Тонг пайтлари. Эрта тонгда.
— Бир кунда неча бет?
— Турлича. Баъзан ўн бет ёзсам, баъзида бир бет ҳам ёзолмайман.
— Ёзганларингизни қайта кўчирасизми?
— Сўзсиз.
— Сиз учун янги асарни бошлаб олиш осонми?
— Жудаям қийин.
— Босилиб чиққан асарларингизни ўқийсизми ҳеч?
— Ўқирдим-у, лекин вақтим етмайди-да.
— Баъзан шундай деб қолишади: «Асарим қаҳрамони гоҳида измимга бўйсунмайди. Мен ўйлаганларим қолиб кетиб, у ўз билганича ҳаракат қила бошлайди. Мен эса ҳеч бир иложсиз унинг кетидан эргашишга мажбур бўламан…» Сизда ҳам шундай ҳоллар бўлиб турадими?
— Тушунмадим. Ахир қаҳрамон қандай қилиб чиқиб кетиши мумкин муаллифнинг чизган чизиғидан. Чиқса, сюжет бошда хом ўйлангандир.
— Ёзувчи ички актёр бўлиши керак, дегандингиз. Шу фикрни батафсилроқ изоҳлаш мумкинми?
— Мумкин. Ёзувчи ҳар бир эпизодни на фақат ёрқин тасаввур эта олиши, балки у ёки бу лавҳадаги персонажларнинг хатти-ҳаракатини ва ҳатто улар қай тарзда гаплашишини хаёлан ижро этиши зарур. Ана ўшанда тасвир ишонарли, жонли чиқади.
— Сиз учун қайси асар идеал ҳисобланади?
— Менимча, ҳамма даврлар учун баб-баравар идеал бўлиб қоладиган китоб йўқ. Бугун идеал ҳисобланган асар, вақт ўтиши билан ўз мавқеини йўқотади…
— Шундай ёзувчилар борки, ҳар йили бир-иккитадан роман ёзиб ташлашади…
— Демак, ижодлари сермаҳсул экан!
— Ростдан ҳам шундайдир. Лекин мен бу ерда сўрамоқчиманки, нега Сиз ёшингиз элликдан ошгач, нақ ўнта қисса ёзганингиздан кейин романга қўл урдингиз?
— Ким билади, балки, мен роман ёзишга жудаям кўп тайёргарлик кўргандирман… Лекин гап жанрдамикан?
— Ҳали-ҳали эсимда, «Оқ кема»нгиз устида қизғин баҳслар кетаётган пайт эди, кимдир (адабиётга бевосита дахлдор одам): «Айтматов асарларининг доим шов-шув бўлаётганига сабаб шундаки, у қиссаларида кўпинча мифларни қўллайди. Миф эса бу — экзотика. Унга миллионлаб хорижий китобхонлар, айниқса европаликлар роса ўч бўлишади. Шунинг учун…», — деб қолувди. Унинг ана шундай «хулосаси» таъсир қилдими, бошқа сабабми, ишқилиб ўшанда мифларга берилиш тенденцияси авж олди. Лекин танилмаган ёзувчиларга мифлар ҳам наф келтиролмади…
— Шундай денг (хандон отиб кулади). Асарга мифни киритиш керакми-йўқлигини ёзувчининг ички туйғуси белгилайди. Агар уни кўр-кўрона киритаверса, миф асосий ғояга ҳеч бир алоқаси йўқ, кераксиз бир нарсага айланади. Менимча, мифологизм ҳозирги замон прозасида алоҳида воқеликдир. Адабиётшунослик у билан янада жиддийроқ шуғулланиши зарур.
— Бизда китоб савдоси ниҳоятда тараққий этган, кунига юз минглаб китоб сотилади. Аммо ана шу китоблар орасида бўш ёзилганлари ҳам кўп. Иккинчидан, бизда китоб чоп этиш ҳам ниҳоятда ривожланган, кайси магазинга кирманг, бирининг муковаси иккинчисиникидан чиройли, бири-биридан қалин юзлаб китобларнинг хор бўлиб ётганини кўрасиз.
Сотиб олинган бўш асарлар одамларнинг маънавий дунёсини қашшоқлаштиради, сотилмай, чанг босиб ётганлари эса иқтисодий зарар келтиради. Нега энди бунинг учун уларнинг муаллифларига, уларни чоп этганларга ҳеч қандай жазо берилмайди? Қандайдир чоралар ишлаб чиқиш керакми-ей?
— Нима ҳожати бор масалани чигаллаштиришнинг. Хом асарларни чиқармаслик керак — вассалом. Бунинг учун союздаги, нашриётлардаги масъул ходимлар принципиал, қаттиққўл, журъатли бўлишлари лозим. «Азиз ўртоқ, сизнинг ёзганингиз бўлмайди», деб ҳақиқатни юзларига баралла айтишлари керак, гарчанд муаллиф қатор-қатор унвонли ёзувчи бўлса-да. Аммо ҳозирча ҳеч қайси нашриётдагилар шундай қилишмаяпти.
— Принципиаллик ва журъатдан ташқари бунда юксак бадиий дид, яъни яхши асарни ёмонидан ажрата билиш хусусияти ҳам шарт-да. Нафақат нашриётларнинг редакторлари, балки китобхонлари ҳам.
— Албатта, албатта.
— Сиз ўзингиз ўқиш учун китобни қандай танлайсиз?
— Ўз услубим бор: қўлимга теккан янги китобни олдин бир-бир варақлаб чиқаман, сўнг ўқий бошлайман: илк сатрлардаёқ бу китобнинг яхши-ёмонлигини сезаман. Яхши бўлса, ўқишни давом эттираман.
— Аммо дастлабки жумлалар бўш бўлиб, колганларининг бари яхши бўлиши мумкин эмасми?
— Мумкиндир балки. Лекин бу камдан-кам учрайдиган ҳол. Шуни таъкидламоқчиманки, ҳали менинг усулим бирор мартаям хатога олиб келган эмас, чунки у йиллар давомида шаклланган.
— Шундай ёш ёзувчию шоирларни биламан, бир-икки китоби чиқиши биланоқ ўзларини гўёки классик ҳисоблашади. Бурни кўтарилган, ҳеч кимни, ҳатто устозлариниям менсимайди, баъзи таниқли адибларнинг асарларини ўзларича «таҳлил» қилишиб бир тийинга чиқариб қўйишади.
— (Кулади). Дунёда аҳмоқлар камми, ёзувчилар ичида ҳам йўқ эмас, албатта. Классик ҳисоблашса ҳисоблашаверишсин. Ижодкор кибру ҳавога берилиб, оғиз кўпиртиргандан кўра, қора терга ботиб меҳнат қилса ўзига фойда-ку!
— Чингиз Тўрақулович, карьеризм адабиётга ҳам тобора чуқурроқ кириб келаётгандай эмасми?
— Афсуски, шундай. Адабиёт бизда кўп ҳолларда карьера воситасига айланяпти. Сабаби — адабиёт оламида ташкилот мавжуд, ташкилот бор жойда эса албатта мансабпарастлик бўлади. Лекин иккинчи томондан шуниси қувончлики, бизнинг ташкилотимиз улкан ва ниҳоятда обрўли. Шу жиҳатдан биз сўзсиз ютяпмиз, аммо карьеризм…
— Ҳозир кўп ёш ёзувчилар Япония ёки Лотин Америкаси адибларига тақлид килишгани-қилишган.
— Нима, ёмонми бу?
— Мен яхши-ёмон демоқчи эмасман-у…
— Албатта, ҳар бир ёзувчининг, айниқса ёш ёзувчининг ўз йўлини қидиришига нима етсин. Лекин, майли ёзаверишсин тақлид қилиб бўлсада, ҳамма гап ана шу тақлид туфайли пайдо бўлган асарнинг қандай чиқишида.
— Сиз ўттиз беш ёшингизда Ленин мукофотига сазовор бўлувдингиз. Ҳозир эса ҳатто қирқдан ошганлариниям ёш ёзувчи дейишади.
— Бу ҳам тарихий жараённинг ўзига хос бир ривожига боғлиқ бўлса ажаб эмас. Биз адабиётга кириб келган давр бошқача эди шекилли: биз тезроқ ўсиб-етилгандек, адабиётни фаол ўзлаштирган эдик. Сўнгра эса секинлик билан ривожланадиган бир давр бошланди. Турғун бир давр. Унинг турғунлиги адабиётга ҳам ўтди: адабиёт объектлар, янги уфқлар тополмай, кўпинча майда- чуйдалар билан ўралашиб қолди. Бу турғунлик, шунингдек адабиётга кириб келаётганларда ҳам ўз аксини топмоқда, шекилли. Шунинг учун ҳам ёзувчилар анчагина «ёш» бўлиб юришгандир-да.
— Одатда, проза билан ёши бир жойга борганда шуғулланиш керак, чунки проза бу — нуқул ҳаёт тажрибаси, дейишади. Лекин ўн олти-ўн саккиз ёшлилар ҳам қалам тебратишяпти-ку, ахир қандай ҳаётий тажриба бўлсин уларда. Тўғри, Шолохов анча ёшлигидан проза билан шуғулланди, лекин у давр бошқа, бизнинг давр бошқа-да.
— Албатта, дунёни кўпроқ билган-таниганларнинг проза билан шуғуллангани мақсадга мувофиқ, ҳар ҳолда уларнинг айтадиган гапи бўлади. Лекин бир парадокс мавжуд: кўпинча ёши катталар, гарчанд ўзларида адабиётга мойиллик борлигини сезишса-да, иккилана-иккилана қалам тебратишади: «қандай чиқаркан, бордию ёмон чиқса устимдан кулишмасмикан?» дея. Менимча, проза билан ҳамма ёшда — элликда ҳам, юзда ҳам шуғулланавериш мумкин. Ва ҳатто ўн етти-ўн саккиз ёшдаям: бу ёшдагиларда ҳам ўзига яраша тажриба бор.
— Биз шу билан фахрланамизки, Сиз Ўзбекистонда жуда кўп маротаба бўлгансиз. «Правда» газетасида олтмишинчи йилларнинг бошида республикамиз ҳақида ёзилган «Пахтанинг ойдин йўли» очеркингиз ҳанузгача эсимда.
Сиз ўз вақтида Абдулла Қаҳҳорнинг «Синчалак» повестига катта баҳо берувдингиз.
«Ўзбек шоираси Зулфиянинг қутлуғ кадами туфайли совет Шарқи адабиётига санъаткор аёл кириб келди, ёш ва иқтидорли шоиралар бутун бир плеядасининг овози баралла янграй бошлади…» деб ёзувдингиз бизнинг муҳтарама шоирамиз ҳақида. Бундай мисолларни чексиз давом эттириш ва Сизнинг ўзбек адиблари…
— Гапингизни бўлганим учун узр. Ўзбек адабиёти ҳақида соатлаб сўзлашим мумкин. Энг асосийси эса шуни айтмоқчиманки, у олға қараб боряпти ва бунда унга омад доимо ёр бўлишини истайман.
Ўзбек ҳамкасбларим ҳақида гап кетганида дўстим, талантли ёзувчи Пиримқул Қодиров ва асарларимнинг таржимонларини ҳам номларини таъкидлашни хоҳлардим. Ўзбек ва қирғиз адабиётларининг ўзаро алоқаси хусусида ҳам гапирмаслигим мумкин эмас. Биз замондошлар бир-бирларимиз билан ғойибдан эмас, балки бақамти учрашиб турсак, биргаликда нафақат ижодий муаммолар, балки умуммаданият олдида турган масалаларни у ёки бу даражада ҳал қилишда актив қатнашсак… Ишқилиб, дўстлик алоқалари такомиллашувининг чек-чегараси йўқ. Биз алоқаларимизни тағин қам мустаҳкамлашимиз зарур. Агар вақт топиб, айтайлик бир-икки маротаба Тошкентда ёки Фрунзеда учрашиб турсак, нур устига нур бўларди.
— Евгений Евтушенко ўз мақолаларининг бирида жумладан шундай ёзади: «Ворислик туйғуси — бугунги тарихий ва адабий жараённинг энг содиқ ориентиридир. Меросдаги номаълумликлар диднинг бузилишига олиб келади. «Ҳеч ким, ҳеч нарса унутилмайди» шиори адабиётдаям қўлланиши шарт». Бу борада, тан олиш керакки, рус ёзувчилари, адабиётшунослари катта-катта ишларни амалга оширишяпти. Кимнингдир субъектив фикри туфайли тарих қатида анчадан буён қолиб кетган бир қатор ижодкорларнинг, жумладан Гумилев, Хлебников ва бошқаларнинг номи тикланди, асарлари чоп этилди, сўнгги йилларда.
Дейлик, Бунин. Унинг ёзганлари орасида Октябрь революциясини қораловчи «Лаънати кунлар» асариям бор эди. Агар рус биродарларимиз бу адибга нисбатан ҳанузгача кек сақлайверишганда эди, биз Буниндек улкан ёзувчининг бирортаям асарини ўқий олмаган бўлардик.
Бизда ҳам баъзан адабий меросга бир ёқлама қараш ҳоллари мавжуд эди. Масалан, буни ёзувчи Фитрат ва шоир Чўлпон мисолида кўриш мумкин. Репрессия қурбони бўлишган бу икки талантли адиб Совет тузумини мадҳ этувчи ажойиб асарлар яратишган. Тўғри, уларнинг дунёқарашида айрим камчиликлар бўлган, аммо улар хатоларини ўз вақтида тан олиб, тузатишга интилишган. Гарчанд уларнинг асарлари ўзбек адабиёти тарихининг ўзига хос саҳифалари ҳисобланса-да, айрим кишиларнинг «улар ҳақда гапириш, уларнинг китобларини чоп этиш ўтмишни идеаллаштириш ёки бўлмаса миллатчилик масалаларини қўзғашдир» деган сохта хулоса чиқарганликлари (аслида эса улар «бирор ишкали чиқиб, амалдан тушиб қолмайин, тағин» деб шундай қилишган), баъзи адабиётчиларнинг эса бошлиқларга ёмон кўриниб қолмайлик қабилида иш тутишгани туфайли бу иккала адибнинг китобларидан одамлар баҳраманд бўлолмадилар.
Бугунги ошкоралик даврида бу ва бошқа адиблар ижодига янги ва холис муносабат имкони туғилди. Республикамиз ёзувчилар союзининг пленумида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирилди ва энди Фитрат ҳамда Чўлпоннинг адабий мероси ўрганиладиган бўлди. Бу масала билан махсус комиссия шуғулланяпти.
Мана, Абдулла Қодирийни олайлик.
— Мен бу улуғ ёзувчининг ижодини яхши биламан. Унинг асарларига Мухтор Авезов катта баҳо берарди доимо.
— Алексей Толстой ҳам, таниқли шарқшунос олим Бертельс эса бу адибимиз ҳақида шундай ёзганди: «Жаҳонда бешта романчилик мактаби бор эди — француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилиги мактаблари. Олтинчисини эса Абдулла Қодирий яратди».
— Айтгандай музейи ташкил этилдими Қодирийнинг?
— Мен Қодирийнинг ўғли — Ҳабибулло Қодирийни яхши танийман. Ёши бир жойга бориб қолган, анчагина қийинчиликларни бошидан кечирган бу одам, асл касби врач эса-да, дурустгина ёзувчидир. Унинг отаси ҳақидаги эсдаликлар китоби қайта-қайта нашр қилинган.
«Э, агар менинг тириклигимда Қодирийга музей очишса, уни ташкил этишда жуда катта фойдам теккан бўларди-я» — дейди кўпинча афсусланиб у. Ҳабибулло ака Абдулла Қодирий уй- музейини очиш, унинг тўлиқ асарлар тўпламини чоп эттириш масаласида жудаям кўп югурди. Охири бир гуруҳ санъат ва адабиёт намояндалари «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ёзувчига уй-музей ташкил этиш юзасидан очиқ хат эълон қилишди. Аммо яқинда Ҳабибулло ака билан учрашиб гаплашсам, ҳозирча амалийроқ бирон ўзгариш бўлмаганлигини айтди.
— Бу улуғ ёзувчига уй-музей эмас, музей-усадьба (боғ) ташкил этиш керак аслида…
Абдулла Қаҳҳорнинг-чи, борми музейи?
— Ҳозирча йўқ. Аммо шундай қарор қабул қилинган. Бу борада Ўзбекистон Езувчилар союзи жонбозлик кўрсатяпти.
Чингиз Тўрақулович, очиғи менинг кўпчилик юртдошларим юрагига кўпдан бери зирапчадай санчилиб ётган бошқа муаммолар ҳақидаям гапиришни ният қилиб юрувдим. Чунки Сиз бизнинг тасаввуримиздаям, аслидаям бутун Шарқ халқлари адабиётининг оқсоқолисиз.
— Марҳамат.
— Ҳа, аввало «Правда Востока» газетасида босилган «Тарих ҳақиқатга зид» (муаллифи — М. Ваҳобов) мақоласи ҳақида гаплашсак.
— Мен кеча кечқурун шу мақоланиям, унинг юзасидан келган откликларниям ўқиб чиқдим. Кўпчилик мақола муаллифининг фикрларини кескин рад этган, баъзилар эса уни қўллаб- қувватлаган ҳам. Мен ким ҳақу ким ноҳақ эканига ҳакамлик қилишни ўзимга эп кўрмайман. Менимча, мақоладаги аксарият нарсалар ҳатто баҳслашишгаям арзимайди. Мени бир нарса: олим одамнинг ана шундай даражада фикр юритганлиги таажжублантиради, ахир адабиётга нисбатан бундай вульгар-социологик муносабатлар даври қачонлардир ўтиб кетган-ку. Мақолада шунақанги гаплар бор эканки!
— Мана, масалан, Чингиз Тўрақулович, манави жумлани олайлик. Унда автор «Юлдузли тунлар» ҳақида гап юритиб, шундай дейди: «Қодиров Бобурнинг шахсий ҳаётига тааллуқли лавҳаларни тасвирларкан, унга тилла суви юритилган идишларда, тилладан ясалган қадаҳларда овқат ва шароб беришларини, у лашкарларига зар тўнлар ҳадя қилишини… зўр ҳаяжон билан ёзади… Аммо совет ёзувчиси бу бойликларнинг манбаи ҳақида гапириши шарт эди-ку» (?!). Мантиқни қаранг-а!
— Ҳа, ҳақиқатан ҳам ғалати. Умуман, Бобур хусусида мақолада аччиқ гаплар бор. Биласизми, мен яқинда ҳиндистонлик бир олим ва ёзувчи билан суҳбатлашдим. Биз Бобур тўғрисида гаплашдик, аниқроғи мен унга: «Сизлар Бобурга қандай қарайсизлар?» деб савол бердим. «Биз Бобурни Ҳиндистоннинг асл фарзанди сифатида улуғлаймиз. Гарчанд у дастлаб бизга босқинчи сифатида келган эса-да, кейинчалик у бизнинг умумтараққиётимиздаги катта кучга айланди. Бобур асос солган Буюк Мўғуллар империясининг цивилизацияси халқимизнинг тарихий ривожига бениҳоя катта улуш қўшди» — деди у фахр билан.
— Бобур ҳақида Неру ҳам анча яхши гаплар айтган.
— Хабарим бор. Ахир унга фақат подшоҳ деб эмас, улуғ шоир деб ҳам қарашимиз мумкин-ку.
— Сизга Бобурнинг шеърияти ёқадими?
— Бобур ўз даврининг шоири эди, унинг поэзияси мен учун ҳар бир асл шеърият сингари қадрли ва бебаҳодир.
…Айтгандай, Наврўз байрамини ўтказмай қўйибсизларми-ей?
— Шундай бўлувди… Баъзи бировлар уни диний маросимга йўйишиб…
— Ҳеч қандай алоқаси йўқ-ку унинг динга, ахир у халқнинг исломдан анча илгари мавжуд бўлган ажойиб удуми-ку?
— Шу хусусда бизда анча баҳслар бўлди. Бу соҳадаги камчиликлар тузатиляпти.
— Жуда аломат иш бўлибди-да!
— Чингиз Тўрақулович, Сизнингча Ўрта Осиё ва Козоғистон ёзувчилари олдида турган энг муҳим проблемалар нималардан иборат?
— Ўрта Осиё ва Қозоғистонни алоҳида ажратиб гапириш унчалик тўғри бўлмаса керак эндиликда. Чунки охирги йиллар мобайнида маданият, айниқса адабиёт олдидаги муаммолар Иттифоқнинг деярли барча регионлари учун универсал бўлиб қолди. Лекин ҳар бир регионнинг ўзига хос хусусиятлари бор, албатта.
Яқинда мен «Олатов» журнали ходимлари билан учрашиб, уларга адабиёт олдидаги шу кеча-кундузда турган вазифалар ҳақида гапирдим. Биласизми, кўпчиликнинг фикрича, биз ҳамма нарсани шу даражада ўзлаштирган эканмизки, энди олдинда бизни кенг ва равон йўл кутаркан. Кўпчиликнинг ўйлашича, барча қийинчиликлар ўша дастлабки йилларда зоҳир бўлгану, эндиликда ҳеч қанақа қийинчилик йўқ экан. Менимча эса, ҳозир илгаригидан, яъни Ўрта Осиё профессионал адабиёти илк қадамлар ташлай бошлаган даврдагига нисбатан бир неча бор мураккаброқ вазифалар кутяпти бизни.
Ҳозирги китобхонларимиз икки тилни билишади. Уларнинг жавонларида миллий тилда ёзилган китоблар билан ёнма-ён рус тилидаги ва бошқа тиллардан русчага таржима қилинган кўплаб китоблар ҳам туради.
Илгари ўқувчиларимизда альтернатива йўқ эди: яхшими, ёмонми, улар фақат ўз тилларида чоп этилган китобларни ўқишарди, холос. Энди эса улар русчани пухта эгаллашган ва миллий тилдаги бўш асарни бир четга йиғиштириб қўйиб, русча яхши-яхши китобларни ўқийверишади. Энди улар рус тили ёрдамида бутун жаҳон адабиёти билан боғлана олишади.
Бу ҳол эса қай бир жиҳатдан рақобатга ўхшаб кетади. Агар миллий тилдаги асар ўз бадиийлиги, таъсир кучи, ҳаёт қамрови ва бошқа томонлардан ана шу рақобатга тоб беролмаса, бора-бора унинг ёзувчилари сони камаяди. Бундай нохушлик содир бўлмаслиги учун адабиётимиз умумжаҳон адабиёти ва энг аввало рус адабиётй таржимасига суянган ҳолда ўзини-ўзи қайта қуриши, янги чўққиларга кўтарилиши шарт.
Мен адабиётимизни миллий рамкада сақлаб туриш тарафдори эмасман. Аммо биз шундай бир адабиёт, шундай бир бадиий тафаккур яратишимиз керакки, у ўқувчиларимиз учун бошқаларники каби жозибадор бўлсин. Бу — мураккаб вазифа.
Энди биз ўз китобхонларимиз учун икки-уч баравар кўп курашмоғимиз лозим.
Бизни кутаётган янги-янги синовлардан ўта оламизмикан? Ўз бадиий тафаккуримизни жаҳон бадиий тафаккури даражасига кўтара оламизмикан? Мен шунинг учун ташвишланяпманки, то шу яқин ўртагача биз ёзган нарсалар аллақандай тор доирада ва анча примитивдир. Бу — тушунарли, чунки ўтган йиллар биз учун ўзлаштириш, ўқиш-ўрганиш даври эди-да. Энди эса ҳеч қандай баҳонани рўкач қила олмаймиз, бундай қилишга ҳаққимиз йўқ.
Шуниям қайд этмоқчиманки, ҳозирги замон ёзувчиси нафақат ўз миллий тилини мукаммал билиши, балки рус тилини ҳам анча чуқур эгаллаши лозим.
— Рус тилидаям ёзиш учунми?
— Шарт эмас русча ёзиш, буни ҳаммаям уддалай олмайди. Аммо рус тилини яхши билган ёзувчи янада ўткирроқ маънавий қуролга эга бўлади. Бу тил — катта билиш воситаси-да. У орқали миллий адабиётни тағин ҳам юқори поғоналарга кўтариш мумкин.
Энди бахтсиз севги ёки аёлларга феодалларча муносабат ҳақида ёки сентимеутал асарлар ёзиш бачканаликдир. Булар аллақачоноқ ортда колиб кетган босқич. Эндиликда теран бир фалсафий тафаккур даркор. Энди, дейлик Ўзбекистоннинг бирор чекка қишлоғида содир бўлган воқеалар тўғрисида қалам тебратишга эҳтиёж туғиладиган бўлса ёзувчи деярли бутун дунёни билиши, жаҳон адабиёти тажрибасини ўзлаштирган бўлиши шарт. Ана ўшанда асар ўз маромига етади.
— Демак бунинг учун ёзувчи жуда кўп ўқиши керак-да?
— Албатта! Лекин афсус шундай ёзувчилар борки, «мен ўқувчи-ёзувчи эмасман» деб қўлларига китоб олишмайди.
— «Ярим кечаси квартирамизнинг қўнғироғи жиринглади. Шошиб эшикни очдим. Бўсағада икки ҳамқишлоғим — икки аёл: она ва қизи турарди, Улар менга қуйидагиларни гапириб беришди…» Чингиз Тўрақулович, эсладингизми бу сатрларни?
— Ҳа, ҳа![1]
— Уни газетага беришга қандай журъат қилувдингиз-а? Шундан сўнг ҳамқишлоқларингиз росаям хафа бўлгандир сиздан?
— Айримлар: «Шуни газетага ёзгунча ўзимизга айтсангиз, шу ерда биргалашиб ҳал қилардик бу масалани», деб гина қилишувди. Аммо мен атайлаб газетага берувдим — бошқа қишлоқларда ана шундай ҳолнинг содир бўлмаслиги учун. Тўғри, андиша деган нарса бор, айниқса Шарқда кучли бу ҳиссиёт. Агар андиша деб ҳамма хато-ю камчиликларга, барча ёвузликдан кўз юмаверсак, охир-оқибатда нима бўлади?
Ҳа, ўшанда баъзи ҳамқишлоқларим мендан хафа бўлишувди. Аммо кейин тушунишди. Яхши одамлар яшашади-да ўзи овулимизда!
— Ҳозир ҳам бориб турасизми овулга?
— Албатта-да. Ҳар йили, иложи бўлса икки-уч марта. Шакар эндиликда кўркамлашиб кетган. Равон йўллар, янги клуб, магазин, замонавий мактаб қурилди, турмуш янада фаровонлашди.
— Сиз беш ёшингизда илк бор таржимонлик қилган экансиз-а?
— Ҳа, Ўшанда ёзда бувимникига келувдик (отамнинг онаси), яйловга. Бир куни ўтлаб юрган бир тойчоқ тўсатдан ўлиб қолди. У зотдор бўлиб, колхоз тойчоқни Россиядан анча пулга сотиб олганди. Тойчоқнинг ўлими сабабини аниқлаб, тааллуқли ҳужжатлар тузиш зарур эди. Район марказидан зоотехник чақиртиришди. У рус бўлиб, қирғизчани ҳеч билмасди, бизнинг чўпонлар эса русчани тушунишмасди. Чўпонлар бувимни ўртага солиб мени таржимонликка «ёллашди» (шаҳарда русча боғчага борардим-да).
Бир илож қилиб ўз вазифамни уддаладим. Тойчоқ яйловнинг у ер, бу ерида ўсадиган заҳарли ўтдан ўлган экан. «Нега бошқа отлар ўлишмайди ўша ўтдан?» — деб сўради зоотехник чўпонлардан. «Чунки бизнинг отлар уни билишади-да», деб жавоб қайтаришди улар. Хуллас, ҳужжат тузилди. Рус зоотехнигу чўпонлар мендан мамнун бўлишди ва «гонорар»ига бир бўлак пишган гўшт беришди. Уни ўтов олдида туриб, менинг ҳар бир гапимни қулоқларини динг қилиб тинглашган ва менинг «уста таржимонлигимдан» қойил қолишган болалар билан бўлиб едик.
— Болалигингизда кечган яна қайси воқеаларни кўпроқ хотирлайсиз?
— Кўп воқеаларни. Уларнинг ҳар бири замирида ҳақиқий инсонийлик, эзгулик бор… Минг тўққиз юзу ўттиз еттинчи йили отамни репрессия қилишгач (у киши Москвадаги Қизил профессура институтида ўқир ва биз ҳаммамиз пойтахтда яшардик), овулга кўчиб келдик.
Аҳволимиз оғир, оиламизда тўрт фарзанд бўлиб, тўнғичи мен эдим, онам хасталикка чалинганди. Аммам Қорақиз опа (у ҳам раҳматли бувимдек роса меҳрибан эди) бизни ўз қаноти остига олди. Қишлоқдошларимиз ҳам сахий, бағри кенг одамлар бўлиб, гарчанд ўзлари чор-ночор яшашса-да, топган-тутганларини биз билан баҳам кўришар эди.
Кунларнинг бирида укам Илгиз (у ҳозир фан доктори, Қирғизистондаги йирик илмий-текшириш институтларидан бирига директорлик қилади. — А.Ж.) иккимиз далада ўтин териб юрганимизда, бизга қараб бир отлиқ кела бошлади. Дурустгина кийинган. Етиб келгач, «кимнинг болаларисиз?» сўради биздан.
Аммам бизга: «Агар отанглар ким деб сўраб қолишса, ҳеч бир уялмай, бошларингни кўтариб, ўша сўраган одамнинг юзига қараб, унинг отини айтинглар», деб уқтирарди (Биз укам иккимиз отамиз ҳақида ёзилганларни эшитиб, хижолатдан ич-ичимизни еб юрардик. Аммо, аммам, шу саводсиз аёл, буларнинг бари бўҳтон ва туҳматлигини юрак-юрагидан сезаркан, энди билсам).
Биз ўша отлиққа тик боқиб, отамизнинг отини айтдик.
«Ўқишни истайсизларми?» — деб сўраб қолди у эса дафъатан.
Биз ўқишни жудаям хоҳлардик! Қувончимиздан йиғлаб юбормаслик учун лабимизни маҳкам тишлаб, бошимизни қимирлатиб розилик аломатини билдирдик.
Бир ойдан сўнг ўқий бошладик! Ўшанда ҳеч қандай гап-сўзлардан тап тортмай бизга ўз ёрдам қўлини узатган одам — қишлоқ ўқитувчиси Усубали Тиналиев экан.
— Яқинда бир хушхабар эшитдим. Шакардаги ўрта мактаб коллективи ўз мактабларига отангизнинг номини беришга аҳд қилишибди…
— Ким айтди сизга?
— Эшитдим-да…
— Улар шуни лозим топишган бўлса, мен учун жудаям қувончли бу хушхабар.
— Отангиз ҳақида гапириб берсангиз.
— Отам республикамизнинг биринчи коммунистларидан, партия ходими эди. У тараққийпарвар инсон бўлиб, республикамиз ривожига, айниқса, унинг санъати ва фани ривожига бирмунча улуш қўшган.
— Овулларингиздан биринчи бўлиб ҳам рус-тузем мактабига отангиз кирган-а?
— Ҳа.
— Агар бобонгизнинг тегирмони ёниб кетмаганида…
— Ёнмаганида балки отам ўша мактабда ўқимаган бўлармиди-ей.
— Шу воқеани айтиб берсангиз.
— Бобом ҳунарманд одам бўлган. У эгар ясашниям, кавшарлашниям, қўмуз чалишниям, ўқиш-ёзишниям билган. Бобом овулимизга шаҳардан биринчи бўлиб тикув машинасини олиб келгани учун уни «машиначи Айтмат» деб ҳам чақиришган.
Қўлида минг ҳунар бўлса-да, бобом роса камбағал яшаган. У камбағалликдан қутилиш учун анча уринган ва ҳеч натижа чиқмагач, охири қариндошлардан қарз-қувала қилиб, Шакарда сув тегирмони қурган. Аммо, айтишади-ку, камбағални туянинг устидаям ит қопади деб: бир йилдан сўнг тегирмон ёниб кетган. Батамом «синган» бобом ўн икки ёшли ўғли Тўрақул (менинг отам)ни эргаштириб, Маймоқ станцияси ёнидаги темир йўл тоннели қурилишига ишга борган. Отам ана ўша ердан Авлиёотадаги (ҳозирги Жамбул) рус-тузем мактабига ўқишга кирган.
— Болалигингизда ўзлаштирган қайси хислат Сиз учун бир умрга қадрлидир?
— Адолат. Ўз ҳаётий тажрибамдан шундай хулосага келганман; одамлардаги барча ижобий хислатлар бош фазилат бўлмиш Адолатдан бошланади.
— Аксарият қиссаларингизда уруш йиллари Шакарда кечган воқеалар акс эттирилган. Сиз ўша суронли йилларда қишлоқ Советига котиблик қилгансиз. Қийин бўлгандир-а роса! Ахир эндигина ўн тўрт ёшга кирган боланинг шундай масъулиятли вазифада ишлаши…
— Ҳали-ҳали эсимда: қирқ иккинчи йилнинг қаҳратон қишида мени қишлоқ Советига чақиришди. Хона совуқ, ойналари синиб кетган деразадан ҳувиллаб шамол кирарди. «Мактабни вақтинча йиғиштиришингга тўғри келади. Ўқишни уруш тугагач давом эттирасан. Котибимизни (у оғир ярадор бўлиб қайтган, қўлтиқтаёқда юрибди), колхозда одам етишмаётганлиги учун бригадир қилиб юборяпмиз. Котибсиз эса иш битмайди. Хуллас, шу ишга сени лозим топдик» — деди қишлоқ Советининг раиси.
Қишлоқ Советимизга Шакардан ташқари Арчагул қишлоғиям кирарди. Иш оғир ва кўп эди. Бундан кейин, гоҳо «қора хат»ларни уйма-уй тарқатишимга ва кўпинча уларни ўқиб беришга ҳам тўғри келарди. Ана шундай пайтлар оналарнинг дод-фарёдларини эшитиб, юрак-бағрим эзилиб кетарди.
Ҳа, ҳаёт оғир, ниҳоятда оғир эди. Лекин ҳеч ким нолимас, одамлар бир-бирига нисбатан шу қадар меҳр-оқибатли эдиларки!
— Чингиз Тўрақулович, энди ижозатингиз билан мавзуни янги романингизга бурсак. «Кунда»ни таҳлил қилишаётган айрим олимлар-у адабиётшуносларнинг Сизни худо изловчиликда айблашларига қандай қарайсиз?
— Мен унда китобхонни Библия мотивига жалб қилганим учун ҳам ана шундай хулоса чиқаришяпти улар. Менимча бу — ноҳақлик. Мен асаримда Библиянинг кўпчиликка маълум эпизодларидан бадиий метафора сифатида фойдаланганман, холос. Ушбу романни ўқишган ёшлар художўйларга айланиб қолишлари ҳеч гапмас деганлари ҳам бемаъниликдир.
— Романдаги Бўстон образи-ку тушунарли — у Сиз учун анъанавий…
— Бўстон ҳақиқатан ҳам мен болалик пайтимдан биладиган, севадиган ва чексиз ҳурматлайдиган Танабой, Едигей билан оға-инидай, гўёки.
— Авдий-чи?
— Авдий Каллистратов эса мен учун мутлақо янги образ. Лекин у ҳам менга жудаям яқин ва ўйлайманки, ижодий ишларим мобайнида ҳали Авдийга хос шахслар билан кўп марта учрашаман.
— Мени, айниқса романингиздаги икки образ — икки бўри: Акбара ва Тошчайнар шунчалар таъсирлантирдики! Улар худди одамлардек туюлаверди, назаримда.
— Бўри шўрлик ҳамма асарлар, айниқса, эртакларда бизнинг ашаддий душманимиз сифатида тасвирланади. Реалистик адабиёт, менимча, бўриларга бундай муносабатни кескин ўзгартириши ва уларга объектив равишда қараши лозим. Мен улар ҳақида ёзаётганимда шу нарсага амал қилдим. Ҳа (кулади), буддийларда бир нақл бор: унга кўра ҳар бир одам қачонлардир қандайдир жонивор бўларкан. Менга аллаким «Кунда»ни ўқигач: «Балки сиз илгари бури бўлгандирсиз» деб қолди. Балки (яна кулади).
— Роман хусусида жуда кўп баҳслар, тортишувлар бўлди. Танқидий фикрлар ҳам.
— Танқидга ҳам ўта хотиржамлик билан қарайман. Ҳа, албатта, асарнинг баъзи жойлари нотекис ёзилган, кўнгилдагидек чиқмаган.
— Аммо газетаю журналларда босилган танқидий фикрларнинг айримлари замирида ҳасад ҳам бордек туюлмайдими Сизга?
— Ҳасадми, ҳасад эмасми… турмушнинг бунақанги арзимас икир-чикирлари ҳақида бош қотиришга вақтим йўқ менинг — олға босишим керак.
Асосийси шуки, мен романимнинг тақдиридан хурсандман, чунки асар юзасидан шунча кўп хат олдимки! Баъзи хатларга ҳайрон қоласан одам — оддий китобхоннинг асар воқеаларини шу қадар теранлик билан ҳис эта олишидан, уларни ўта нозиклик билан таҳлил қила олишидан кўнглим хушнуд бўлиб кетади.
Асосийси шуки, романда айтишим лозим бўлган гапни тўлиқ айта олганман.
— Мана, яқинда роман ўзбекчада «Шарқ юлдузи» журналида босилади.
— Ушбу асарнинг ўзбекчага таржима қилинишини менга, ижодимга нисбатан бўлган катта бир ҳурмат белгиси деб биламан. Лекин мени бир нарса ташвишлантиради: таржима қандай чиқаркин? Аммо шу нарса далда берадики, ўзбек адабий тили жудаям кучли тил ва ўйлайманки, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади.
Ўзбек ўқувчиларимга бир илтимосим бор: улар «Кунда»ни шошилмай, диққат билан ўқишса — романнинг нима мақсадда езилганини чуқурроқ англаш учун.
— Чингиз Тўрақулович, қачон келмайин, нуқул идорадасиз, қабулхонангизда доимо одам кўп бўлади, уйингизга ишдан анча кеч, табиийки, ҳориб-чарчаб борасиз. Бошингизда ўнлаб ташвиш. Ҳазилми ахир республика ёзувчилар ташкилотини бошқариш! Ундан ташқари ўнлаб жамоат ишлари. Қачон ёзасиз?
— Шу йил бошидан буён бирор сатр жиддий нарса ёзганим йўқ, мақола-сақола дегандек, майда-чуйда билан ўралашиб ётибман.
— Хафа бўлманг-у, лекин шартмикан идорада ишлаш Сиздай катта ёзувчига?
— Албатта эркин ёзувчи бўлишга ҳеч нарса етмайди. Лекин Ёзувчилар союзиниям кимдир бошқариши керак-ку. Демак, шу вазифа менинг зиммамга юкланган экан… Қийин, албатта, аммо қийинчилик вақтнинг қадрига кўпроқ етишга ўргатаркан.
— Шу яқин ўртада ёзиш ниятингиз йўқми?
— Бор. Бир сидра айрим ишларни тугатсам ё Чўлпонотага ёки Москва атрофидаги бир жойга бориб, тўрт-беш ой ижод қиламан.
— Роман мўлжаллаяпсизми?
— Ҳозирча повесть. Ким билади, балким иш жараёнида романга айланиб кетар.
— Қайси мавзуда?
— Замонавий мавзуда.
— Ёзувчилар орасида Сиздай машҳури кам…
— Жудаям ошириб юбордингиз…
— Айтинг-чи, оғир эмасми шундай шуҳратни кўтариш?
— Шуҳрат ҳақида ҳеч қачон ўйламаслик керак, чунки шуҳрат — ўткинчи нарса.
Суҳбатни Анвар Жўрабоев олиб борди
Фрунзе — Тошкент, 1987 йил
“Шарқ юлдузи” журнали, 1987 йил, 7-сон
_______________________________
[1] Бу сўзлар Чингиз Айтматовнинг ҳамқишлоқларига ёзган очиқ хатидан олинган. Хатда асосан қуйидагилар ёзилган: еттинчи синфда ўқийдиган қишлоқ қизини у мактабдан уйига қайтаётганида ўғирлаб кетишиб, мажбуран эрга беришади. Эри жоҳил одам бўлиб, хотинини бўлар-бўлмасга дўппослайверади. Бу азобу хўрликларга чидай олмаган ёш жувон уйига қочиб келади. Лекин қалби сўқир қариндошлари уни яна эрига қўшиб қўйишади… Аёл икки фарзанд кўргач ҳам эрининг дами пасаймайди. Устига устак, у ичкиликка ружу қўяди, топганини ароққа сарфлаб, уйга ҳеч нарса келтирмайди: хотини, болалари оч-ночор яшашади. У эса қарз устига қарз олиб, ичаверади. Охири эса ҳовли-жойини сотиб қарзларни тўлайди, оиласини бўлса ертўлага кўчириб ўтказади. Шундаям ичишини канда қилмайди ва бир куни маст бўлиб келиб, хотинини шундай шафқатсизлик билан калтаклайдики, оқибатда қамалиб кетади.
Аёл эса икки боласини олиб ўз колхозига кўчиб кетади. Фермага ишга киради. Уларга шинамгина уй беришади. Хуллас, пешоналарига кун тега бошлайди. Аммо эри қайтиб келгач, хотинию болаларини ўша ертўлага кўчирмоқчи бўлади. Аёл кўнмагач, уни ўғирлашнинг пайига тушади. Аёл анча кунгача пичан ғарамининг ичида яшириниб ётади. Охири эри уни тополмагач, болаларини ўғирлаб кетади. «Уларни қидириб ўзи орқамдан албатта келади» дейди у қайнонасига… Жувон нима қилишини билмай, онаси иккиси нажот сўраб Айтматовникига келади.
Айтматов бундай ёвузликни кўриб кўрмасликка олишган ҳамқишлоқлари: мактаб директори, ўқитувчилар, колхоз раиси, қишлоқ Советининг раиси ва ҳатто район партия комитети раҳбарлари шаънига жудаям аччиқ гаплар айтади.
Ушбу очиқ хат бундан йигирма беш йил илгари «Совет Қирғизистони» газетасида босилиб чиққан эди. (А. Ж.)