– Азиз ака, қалб мудом шеъриятга эҳтиёж сезади, бунинг сабаби нима деб ўйлайсиз?
– Мен шеъриятни инсоннинг ўз-ўзи билан, одамлар билан, табиат билан, руҳоний суҳбати деб биламан. Бу суҳбатга эҳтиёж қачон туғилади? Ишончим комилки, одамзод дунёга келганда бу оламнинг пок тасвири қалбига муҳрланган бўлади – ота-она, Ватан, дўстдан тортиб Яратувчигача, меҳр, муҳаббат, адолат ва ҳурликдан тортиб эътиқодгача. У рўбарў келган ҳаёт ана шу пок – идеал тасаввурдай гўзал бўлса, завқланади, унга мос келмаса изтироб чекади. Ким биландир руҳоний суҳбат эҳтиёжи туғилади. Юрагида туғилган дардларга малҳам, саволларга жавоб олгиси келади, руҳ таскин ва ҳамдард излайди.
Мисол учун, истибдод давридаги мустабид тузумнинг миллатимизга ва Ватанимизга қилаётган зулмига шеърият орқали исён қилинар, изтиробдаги руҳ шеъриятдан таскин топар эди. Эсимда, саксонинчи йиллар ёшларининг давраларида А. Ориповнинг “Ўзбекистон”, Э. Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Р. Парфининг Ватан қисмати ҳақидаги шеърлари алам билан, фахр билан ўқилар, Чўлпоннинг:
Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди! Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган, Эй! Бўйнимға кишан солиб, ҳалокатка судраган, Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмағил, бас энди!каби мисралари, бўғизларга тиқилган йиғи билан, алам билан такрорланарди. Бу – қалбнинг эҳтиёжи эди. Аммо сўз ҳам таъқиқда бўлиб, фақат ташбеҳли, мажозий-символик шеъриятнинг майдонидагина эркинлик бор эди, чунки уни фикр посбонлари тўла англамас, англаган тақдирда ҳам мажозлар ва шакллар шоирни ҳимоя қиларди. Ишоралар, киноялар, ташбеҳлар санъат даражасига кўтарилган эди.
Гап шеъриятга эҳтиёж ҳақида экан, ўн йилча олдинги яна бир воқеани ҳам эсламасам бўлмас. Олий ўқув юртларининг бирида Ҳалима Худойбердиева билан учрашув бўляпти. Навбат савол-жавобларга келганда бир аёл ўрнидан турди. Унинг кўзлари жуда мунгли эди. Аёл қўлидаги китобни кўрсатиб: “Сизни эшитиб қишлоқдан келдим, мана шу китобдаги шеърлар мени ўн етти йилдан буён ўлимдан асраб келади. Кўнглим бўлмаган одамга турмушга беришган. Оилавий ҳаётим дўзахнинг ўзи. Ўзимни ўлдиришга ҳар кун қасд қиламан, сўнгра сиз билан охирги марта гаплашиш учун шеърларингизни ўқийман, сиздаги улкан дардни ва улкан бардошни кўриб яна ҳаётга қайтаман. Юрагим ором олади, умидларим қайтадан уйғонади. Шунча йилдан буён китобингизни ёстиғим остига қўйиб ётаман. Раҳмат сизга”, деди.
Бугунги шеъриятимизнинг истеъдодли вакилларидан бири Раҳимжон Раҳмат эса шундай ёзади: “Мен бир пайтлар ўта оғир айрилиқ аламидан телбалардек бақириб шеър ўқиш ёрдамида халос бўлганман. Ўша пайтлар кун ва тунимнинг асосий қисмини баъзан ўкириб, баъзан инграниб шеър ўқиш билан ўтказардим. Ўшанда «Лайли ва Мажнун» ва «Демон» достонларини ўқирдим. Фақат шу иккала достонда акс этган фожиа, дард менинг қалбимдаги мусибатга мос келарди”.
Томчида олам акс этгандай ана шу мисолларнинг ўзиданоқ ҳақиқий, юксак шеъриятнинг қудратини кўриш, инсон қалби мудом шеърга талпинишининг сабабларини мушоҳада қилиш мумкин. Фақат бугина эмас, шеър дунё дағаллигидан озурда юракка тириклик нафасини уфуради, кўнгилни юмшатади, меҳрга, эзгуликка мойил қилади, ўз ботинига нигоҳ ташлашга ундайди, бир сўз билан айтганда қалбни тарбиялайди.
– Бунинг учун ҳамманинг қалбида шеъриятга муҳаббат уйғота олиш керак, шундай эмасми?
– Бу ўта мураккаб иш бўлса ҳам шу йўлдан бориш керак. Ота-боболаримизнинг таълим усулида ҳам, тарбия усулида ҳам асосий восита шеърият бўлган. Пандномаю жангномалар, саёҳатномаю зарбулмасаллар, топишмоғу тезайтишлар шеърий йўлда бўлганини, ҳатто намоз одоблари шеър шаклида ёд олдирилганини эслаш кифоя. Чунки шеърда оҳанг бор, мусиқа бор ва аввал қалбга сўзнинг оҳанги, мусиқаси кириб боради, сўнгра ақлу фаҳм кўмагида хотирага муҳрлайди. Натижада сўз мағзида неки бўлса, қалб ўша билан тарбият топади. Ёки эртакларнинг бошланишини олинг: “Бир бор экан, бир йўқ экан” – бу шеър эмасми, мусиқа эмасми! Маъноси-чи, адабиётнинг қайси оқими, фалсафанинг қайси категорияси билан узил-кесил изоҳлаб бўлади?! Нима у – бир бору бир йўқ? Болаларча оддий саволдан ўй, фикрлаш, мушоҳада, тафаккур, тасаввур бошланади.
Оддий қилиб айтганда, шеърни ўқиб таъсирлана олишдан иборат шеърхонлик деб аталмиш ушбу қобилиятни тарбиялашни – ёшликдан бошласа, деярли ҳаммада шеъриятга муҳаббат даражасида шакллантириш мумкин. Бора-бора бу қалб учун эҳтиёжга айланиши шубҳасиз.
– Сиз айтгандай қалб тарбияси бугун қийин масала. Чунки шеър ўқийдиган, ундан таъсирлана оладиган одамлар ҳозир жуда кам…
– Қалб тарбияси деган масала бугун кўндаланг бўлаётгани йўқ. Одамзод ижод қила бошлаганидан буён адабиёт, санъат, мусиқа ана шу мақсадга хизмат қиляпти. “Авесто” ва “Рамаяна”, “Қобуснома” ва “Калила ва Димна”дан тортиб “Гўрўғли”ю “Алпомиш”гача, Шарқу Ғарбнинг антик адабиётидан бугунги адабиётгача қалб тарбияси, руҳнинг эркинлиги ва озодлиги, муқаддас туйғуларнинг умрбоқийлиги гарови бўлиб келган.
Тўғри, кеча ва бугун ўртасида катта тафовут бор. Кеча деганим қадим адабиёт давридан ХХ асрнинг охирларигача, бугун деганим сўнгги йигирма беш йилни назарда тутяпман. Кеча қалб сокин эди, толиб эди, диққатга мойил эди. У шеър, достон, роман, мусиқа, расм шаклидаги меҳмонларни алоҳида-алоҳида қабул қилар, мушоҳадага, ҳайратга, ҳаяжонга кенглик ва фурсат бор эди, меҳмонлар эса қалб уйидаги дунёвий ва нафсоний ғуборларни ўз нурлари ҳамда эзгу эпкинлари билан поклар эди.
Сўнгги икки юз йиллик цивилизация бу қалб мувозанатини бузишга уриниб кўрди. Завод-фабрикалар, телефон, самолёт ва поездларнинг кашф этилиши ҳаёт маромини бир озгина тезлаштирди. Аммо қалбга, руҳиятга мурожаат қилувчи воситалар – адабиёт, мусиқа, расм ўз ўрнини бошқасига бўшатиб бермади. Айниқса, мутолаа руҳ тарбиясининг асосий воситалигича қолди, яъни ҳаётий ва ҳиссий маълумотлар шу дарвозадан кириб келарди.
ХХ аср охирига келиб фантастик асарлардаги хаёлларни ҳам ортда қолдириб кетадиган шундай техник ихтиролар қилиндики, улар инсониятнинг ўз-ўзи билан ва дунё билан мулоқотидаги маромни, мувозанатни бузиб юборди. Аввал спутник телевидениеси, сўнгра интернет, мобил алоқа воситаларининг имкониятлари ва улардаги маълумотлар тезлиги қалб тарбияси борасидаги устозликни мутолаадан тортиб олди. Ва инсоннинг тин олишига, тафаккур қилишига, ўз қалбида кечаётган ҳиссиётларни мушоҳада қилишига ўрин ҳам, фурсат ҳам қолдирмайдиган шиддатли ҳаёт маромини яратди. Боз устига бу шиддатли қуюн қалб ва руҳиятнинг асрлар давомида шаклланган – эзгулик, раҳмдиллик, меҳру вафо, гўзалликка ошуфталик, ҳалоллик, садоқат, ҳаё ва одоб каби бойликларини одамзод қонида муҳрланган кўзага солиб ташланган жин каби оқиб юрадиган жаҳолат, шафқатсизлик, бераҳмлик, очкўзлик ва худбинлик каби илллатлар лашкарига талон қилдирмоқда.
Зоҳиран одамзод тараққиётнинг минглаб йилларини сўнгги чорак аср фурсатда босиб ўтгандек, аммо ботинига назар ташласангиз инсон ўша-ўша – милоддан аввалги VIII-VII асрларда яратилган “Илиада”дагидек, ўрта асрларда ёзилган “Фарҳод ва Ширин” ва “Гамлет”дагидек, ХХ асрда ёзилган “Қиёмат” ёки “Ҳаким ва Ажал”дагидек қалби Ахурамазда ва Ахриман ўртасида талош ҳолда турибди. Бу курашда адабиёт, унинг устунларидан бири бўлмиш шеъриятгина Ахурамазда вазифасини ўташи, қалбни қаттиқлашувидан, эзгу туйғулардан мосуво бўлмасликдан асраб қолиши мумкин.
– Хўш, қандай қилиб? Ахир Сиз айтаётган ҳаёт шиддати мутолаага кам ўрин қолдираётган бўлса?..
– Глобаллашув аталмиш бу шиддатнинг баъзи иқтисодий-маданий алоқаларнинг тезкорлигига хизмат қилишдек афзаллиги бўлиши билан бирга, юқорида айтганимдай инсоннинг нафақат ички оламини, балки мақсадларини, ҳатто жамиятни ўзгартириб юборишга эга қудратини ҳис қилиб турибмиз. Шунинг учун ҳам кино, мода, эстрада клиплари, мультфильмлар, кўнгилочар шоулар, компьютер ўйинлари либосига ўралган “Оммавий маданият” “жонбозлиги”дан ташқари, мобил телефон билан “нафас олиш” ва Интернет “ичида яшаш” тарзининг оммалашиб бораётганига бутун дунё “даво” топиш билан машғул.
Гўё ХХI аср бошига келиб, яшаб турган оламимизга параллел яна бир олам – чегараси йўқ, қонун қоидаси йўқ, фуқаролиги йўқ мобил ва виртуал олам пайдо бўлгандай. Энди шоирнинг “Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида” сатрини “Глобал қишлоқнинг глобал уйида” деб бемалол ўзгартирса ҳам бўлади.
Бу муаммо ўз халқининг маънавияти учун қайғураётган жуда кўп давлатлар олдида кўндаланг турибди. Жумладан, бизнинг ҳам. Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қалб тарбияси борасидаги бутун муаммолар, хусусан, глобализмнинг салбий бўҳронларига қарши туришга пойдевор бўладиган маънавий меросимиз, ахлоқий қадриятларимиз атрофлича таҳлил қилингани ва ечимлар кўрсатиб берилгани, айниқса, инсон маънавий оламини, қалбини бутун сақлайдиган воситалардан бири адабиёт эканлиги алоҳида таъкидлангани ҳам бежиз эмас. Бизнинг адабиёт ва қалб тарбияси борасидаги мулоҳазаларимизга яна шундай жавоб ҳам оламиз: “Агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни авлодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак. Нега деганда, улуғ адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса – миллат яшайди”.
Энди, бу вазифани бажарувчилар кимлар – ота онами, ўқитувчиларми, олий ўқув даргоҳими, катта шоиру ёзувчиларми деган саволларга жавоб ва амалий ҳаракатлар талаб қилинади. Зеро “тарбиялашимиз керак” деб ҳам бежиз айтилмаяпти. Бу адабиётга фидойиликни, қалби пок, билимдон устозларнинг саботли меҳнатини, ёш истеъдодларни болалигиданоқ саралаб йиғишни, керак бўлса махсус мактаблар, лицейлар, олий ўқув юртлари очишни, уларда адабиётнинг ҳар бир жанри бўйича йўналишлар, факультетлар очишни талаб қилади. Ижодкорни тарбиялаш албатта машаққатли иш, аммо эртага шундай ҳосил берадики, бунинг мисолини пойтахт ва вилоятлардаги махсус мактабларимизда, академияларимизда тарбия топаётган ва жаҳонни лол қолдираётган мусиқачи, гимнастикачи, шахматчи ва футболчи ёшларимиз тимсолида кўриш мумкин.
Эртанинг буюк ижодкорларини тарбиялаш масаласида ҳам катта имкониятлар эшигини очиб бериляпти. Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор қарорларнинг қабул қилиниши, ҳар йилги давлат Дастурларида ёш истеъдодларни юзага чиқаришга мўлжалланган тадбирлар учун маблағларнинг йўналтирилиши, ҳар йили ўндан ортиқ ёш ижодкорларнинг китоблари бепул чоп этилиши, вилоят ва туманларда “Ёшлар ижод саройлари”нинг барпо бўлиши, “Юрт келажаги”, “Зулфия мукофоти” кўрик-танловларида адабиёт йўналишига алоҳида эътибор қилиниши озмунча ҳаракат эмас.
Буларга қўшимча равишда вилоят ва туман газеталари қошидаги, коллеж, лицей, мактаблардаги адабий тўгаракларни ва ниҳоят, Ёзувчилар уюшмаси томонидан мунтазам ўтказиладиган ёш ижодкорлар семинарларини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Ана шу даргоҳларда энг фидойи шоир ва ёзувчиларимиз ҳеч бир шов-шувсиз, таъмасиз, ёшларнинг қалб тарбияси билан машғул эканликларини кўришимиз мумкин.
Аммо бу саъй-ҳаракатлар Худо қай бир даражада истеъдод берган ёш ижодкорлар билан олиб бориляпти. Натижалардан, яъниким, уларнинг интилишлари ва илк машқларидан мамнунмиз ҳам. Аммо танлов бу – бор нарсани саралаш, тўгарак ва семинар машғулотлари эса илк машқларни муҳокама қилиш, адабиётнинг бошланғич қонун-қоидалари ҳақида маълумот бериш имконигагина эга эканлигини ҳисобга олсак, юқорида белгиланган вазифани бажариш учун таълим тизимларининг ҳам жиддий муносабатига, жиддий ўзгаришлар қилишига эҳтиёж сезамиз. Бу борадаги шахсий мулоҳазаларимни айтиб ўтай: менимча биринчи навбатда мактаб, лицей ва коллежларда адабиёт дарслари сонини кўпайтириш лозим; иккинчидан, ёшларда бадиий адабиёт ўқишга эҳтиёж пайдо бўлиши учун олий ўқув юртларининг йўналишидан қатъий назар барчасида тестдан олдин иншо имтиҳонини қўйиш керак, гарчи тестлардаги саволлар сонини камайтириш ҳисобига бўлса ҳам. Кимдир айрим йўналишларда тестдан олдин ижодий танловлар бор-ку, дейиши мумкин, аммо мутахассислик танловлари бошқа масала, иншо имтиҳони бошқа масала, деб ўйлайман. Иншо ёза олиш ёшларнинг ўқишга кириш-кирмаслигини, яъни келажагини белгиласа, у иншо ёзишни ўрганишга мажбур бўлади, бу дегани китоб ўқийди, мантиқий фикрлашни, жумла тузишни, бадиий асарни мустақил таҳлил қила олишни ўрганади, дегани. Энг асосийси, адабиётдаги эзгу ғоялар, ҳис-туйғулар қалбига юқади. Уларнинг ичидан эртанинг буюк шоирлари ва ёзувчилари етишиб чиқиши ҳам шубҳасиз.
– Бундай натижага бадиий адабиётни ўқиш ва иншо ёзишга мажбур қилиб эришиб бўлармикан?
– Қадим-қадимдан таълим-тарбия мажбурий бўлган ва бу ўзини ҳозирга қадар оқлаб келяпти. Одамзод билим ва тафаккурининг маҳсулини, юраги ва руҳиятининг тарихини кейинги авлодга қолдирадиган бошқа йўл тополгани йўқ. Масалан, бизда икки босқичли ўн икки йиллик таълим мажбурий. Натижами, марҳамат – биз саводхонлик бўйича дунёдаги жуда кўп мамлакатлардан, ҳатто АҚШдан ҳам олдинда турамиз. Ўқувчи ёшларимиз кимё, математика бўйича халқаро олимпиадаларда олтин медалларни олиб келишаётгани ҳам мажбурий таълимнинг қонун билан йўлга қўйилгани туфайли, деб ўйлайман.
Энди XII асрларга доир бир қизиқ мисолни ҳам айтай. Ўша пайтларда Ғарб черкови классик шеъриятни рад этган, дуои бад қилган, аммо фойдасиз бўлган. Халқ ўзининг маросим ва муҳаббат қўшиқларини куйлайверган, уларни соддалик билан черковга ҳам олиб келган. Черков эса уларни худодан қайтиш ва гуноҳларга чорлаш деб қоралаган. Лекин худди ана шу черковнинг ўзи одамларга мажбуран лотин ёзувини ўргатган, баъзи безарар деб билган классик шоирларнинг шеърларини, улардаги гўзаллик ва тимсолларнинг маъноларидан таълим берган. Қарабсизки, қизиқиш уйғотилди, шеърлар энди яширинча ҳам ўқилган, натижада черков ақидаларига бегона образлар таъсирида халқ руҳияти ва дунёқараши шакллана бошлаган. Тақлид қилиб ижод қилиш ҳам бошланган, бунинг учун тилни ўрганиш, поэтик луғатларни билиш, услубларни ўзлаштиришга тўғри келган. Диний мактабларда ўз фикрларини ифодалай олиш учун иншо ёзиш ҳам расм бўлган. Бу аввал мажбурий меҳнат бўлса, кейинчалик ижодга айланган. Аввал тақлид, сўнгра шахсий ва поэтик ифода этиш малакаси шаклланган. Рицарлик даври шоирлари ва лирикаси халқнинг ўтмиш мероси ва маданиятидан озиқланиб янгича ифодалар билан майдонга чиққан. Бу эса халқ шеъриятининг юксалишига сабаб бўлган. XIX аср рус адабиётшуноси А.Н.Веселовскийнинг “Тарихий поэтика” китобида келтирган мажбурий таълимнинг ушбу натижаси саволингизга бир қадар жавоб бўлса ҳам, ўзим гувоҳ бўлган яна бир воқеани эшитинг.
Ўқишга киришга келганимда ётоқхонада ҳарбий денгиз флотида хизмат қилиб яқиндагина қайтган, ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширган водийлик бир йигит билан хонадош бўлиб қолдик. Уларда ҳам, бизда ҳам биринчи имтиҳон – иншо. Абитуриентларнинг оғзида “асосан иншодан “тўкиб” ташлар эмиш” деган ваҳима. Олдинда икки ой фурсат бор. Ҳамхонам: “Уч-тўрт йил бўлди, қўлимга китоб олмаганман, иншони-ку умуман ёзолмайман, шпаргалка олиб кираман, ёзганларингизни кўчиришга бериб турарсиз?” деди. Хуллас, мен мактаб даврида, ундан кейин ёзган юздан ортиқ иншолар жамланган дафтарларимни бердим, у кўчираверди. Кўчирганда ҳам тоза вароқларни икки бармоқ энлигида қирқиб бир-бирига елимлаб, узун тасма қилиб, жуда майда ҳарфда, ҳафсала билан кўчирар эди. Сўнгра филолог абитуриентлардан ҳам юзтача иншо йиғиб келиб уларни ҳам қоғоз тасмаларига муҳрлади. Кўчираётиб асарларнинг мазмунини мендан гапириб беришни сўрар, иншоларни қайта ўқир, баъзан қизиқиб кетиб иншо мавзусига тааллуқли китобларни ҳам ўқиб чиқарди. У ўқишга кириш учун иншо ёзишга мажбур эди. Имтиҳон куни барча иншо тасмаларни алоҳида-алоҳида ўрам қилиб, ўзининг ҳарбийча тилида “пулья” ясаб матрослар кийимининг яшириш мумкин бўлган ҳамма пучмоқларига жойлаштирди. Ва икки юздан ортиқ иншонинг номини ва кийимининг қаеридалигини ёдлаб чиқди. Буни қарангки, у шунча вақт мобайнида бор хаттотлик санъатини ишга солиб кўчирган, қайта-қайта ўқиган иншоларининг биттаси ҳам имтиҳонда тушмабди. Аммо у шартта эркин мавзуни танлаб беш-олти бетлик иншо ёзиб чиқибди. Ётоққа келгач, унинг қандай баҳо олиши мумкинлигини билиш учун ўша иншони такроран ёзиб кўрсатишини сўрадик. У бирорта қоғозга қарамасдан иншосини битирди. Тўғрисини айтсам, иншосидаги режадан тортиб, жумла тузишлари, фикрини равон ифодалаши, ҳаётий ва адабий мисолларни чоғиштириши, шеърлардан ўринли кўчирмалар келтириши, ўзига хос хулосаларидан ҳайрон қолдик. Бу сўзма-сўз ёдлаб олинган ёки “қолип”даги тайёр иншо эмас эди. Беихтиёр “сиз филологияга кирсангиз бўлар экан”, деб юбордик. Ҳамхонам иншо ёзиш эҳтиёжи ва мажбурияти туфайли кўз ўнгимизда бутунлай бошқа одамга айланган эди.
– Ижодкорлик кўп китоб ўқишга боғлиқ эмас, асар илҳом келса ёзилади, деган қарашлар ҳам бор?
– Ижод жараёнининг нималарга боғлиқлиги, у қандай ҳодиса эканлиги ҳақида қатор-қатор фалсафий, илмий-психологик ва адабий асарлар яратилган. Ҳатто уни космик алоқаю ўзга сайёраликлар билан боғловчилар ҳам бор. Ҳамма доно фикрлар, илму фаразларни бир четга қўйиб, оддий мулоҳаза қилиб кўрайлик – Навоий кўп китоб ўқимай фақат илҳом келганда шеъру достон ёзганми, ёки Толстой китоб-питобга қараб ўтирмай илҳом келиши билан “Уруш ва тинчлик”ни ёзиб кетаверганми?! Мухтасар айтганда, пойдеворсиз иморат қуриб бўладими?! Адабиёт оламида номи тилга олинадиган жамики шоиру ёзувчининг таржимаи ҳолига назар ташлайликчи, кам ўқигани бормикан?! Ижодкор энг камида дунё адабиётининг шоҳ асарларини ўқиган, ўз миллати адабиётининг тарихи, бугуни ва назарияси ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши лозим. Арастунинг “Поэтика”си шарҳида Форобий шоирларни туғма табиатли, шеър битишга тайёр табиатли ва шу икки табақанинг феълларига тақлид қилувчилар тоифасига бўлади. Сўнгра учинчи тоифа ҳақида шундай дейди: “Бу турдагилар… шеърий санъат қонун-қоидаларидан хабардор бўлмай туриб, ташбиҳ-ўхшатиш ва тамсил кабилар кетидан борадилар. Йўлдан адашадиган ва тоядиган шоирларнинг кўпчилиги худди мана шу табақа шоирлар ичидан чиқади”. Демак, билим заҳираси бўлмаган жойда – худди гулу гулзорсиз тақир майдонга булбул келмаганидек – илҳом ҳам йўқ.
Баъзан буюк асарларни кўп ўқиганда улардаги қудрат, жозиба, сўз санъати айрим ижодкорларда ўз кучига ишончсизлик туғдириши ҳам мумкин. Бу энди бутунлай бошқа масала.
– Шоирларнинг ёшликда ёзган шеърлари билан ёши улғайганда ёзган шеърлари ўртасида фарқ бўлади деган фикрга қандай қарайсиз?
– Албатта фарқ бўлади. Ёшлик дунёга энг покиза қалб билан, ҳайратларга тўла нигоҳ билан қарайдиган давр. Ёшликнинг юраги ёруғликдан қувонч, зулматдан хавотир, бетаъма муҳаббат, эзгуликка фидойилик билан тепиб туради. Шу боис ҳам бу даврда қоғозга тушган туйғулар тизгинсиз, фикру мушоҳадалар ҳам самимий бўлади. Ёшлик ғўрдир, соддадир, аммо унинг руҳияти шиддаткор, муросасиз, мағлубиятни тан олмайди, у оламга ё муҳаббат, ё нафрат кўзи билан қарайди ва ҳамиша умидга тўла бўлади. Бу шеърда ҳам акс этиб туради. Хоҳлаган ёши катта ижодкор ўзининг ўн етти – йигирма беш ёшлари оралиғида ёзган шеърларини ўқиб кўрсин – бошқа дунёга кириб қолгандай бўлади. Албатта ўтаётган йиллар сўз санъатини, техникасини мукаммалаштиради, сўз бойлигини оширади, файласуфлик бахш этади, янги мавзу, янги дардлар олиб келади. Аммо буларнинг барини сиз билан “хайрлашган” ўша бокира ҳисларга алмашмоққа тайёр турасиз, худди Лутфий ёшгина Навоийнинг бир байтига бутун ижодини алмашмоқчи бўлганидай. Баъзилар Саъдий Шерозий ва Гётени мисол келтириб ёшнинг фарқи йўқ дейишади. Ижод қилишда ёшнинг фарқи бўлмаслиги мумкин, аммо шеърнинг ўзи қачон туғилганини “айтиб” туради-да.
– Ўтган аср шеърияти ҳақида гапирганда адабиётшунослар ғоявий, ижтимоий мавзулар етакчилик қилганини айтишади, сизнингча ҳозир шеърият қайси йўналишдан кетяпти?
– Суҳбатимизнинг бошида айтганимдай, шўро даврида ҳар бир сўзнинг сояси пайпаслаб кўриларди. Бехавотирроқ бўлиш, ўзини ҳимоялаб қўйиш истаги мавзуларда ҳам кўринарди албатта. Шўро сиёсатига чин дилдан ишониб байроқдор бўлганлар ҳам бор эди, очиқдан-очиқ қарши бориб калтак еганлар ҳам бор эди. Бу адабиётдаги ғоявийлик майдонидаги аҳвол. Ижтимоий мавзу масаласига келсак, кейинги пайтда урғу берилаётган “шеъриятда ўз ички оламга қайтиш” билан ижтимоий мавзу тушунчалари ўртасига катта девор қўйиш керак эмас. Масалан инсон озодлиги, эрки, Ватан мавзуларини қалб ҳайқириғи ёки ўз юрагидаги тебранишларга қулоқ тутиш дейиш мумкинми? Мумкин. Ёки онани соғиниш ёки муҳаббат алдовларидан руҳнинг озурдалиги чизиб берилган шеър бошқаларнинг ҳам юрагидаги изтироб ва азобларга, армонларга ҳамоҳанг бўлади, бу ижтимоий мавзу, дейиш мумкинми!? Менимча мумкин. А.Ориповнинг биргина “Баҳор” ёки “Ўйларим” шеърларини мавзу доирасидаги қайси тоифага киритамиз!? Шу боис ўтган аср шеърияти мавзулари таҳлилида қатъий ҳукмлардан тийилган маъқул.
Сўнгги чорак асрдаги шеъриятнинг йўналишига келсак, менимча, жиддий ўзгариш юз бергани йўқ, фақат шеърхонлар сони ва уларнинг шеър ҳақидаги тушунчалари, тасаввурлари ўзгарди. Бир давр бўлдики, шўро вақтида ичда тўпланиб қолган аламлар, миллий дарду муаммолар санъат-панъат қилиб ўтирмасдан очиқ-ойдин айтилди, шу орқали юрак бўшатиб олинди. Бу ҳақиқий шеърият сифатида қабул қилинди, олқишлар билан қабул қилинди. Чунки етмиш йилдан буён аламзада кўнгиллар шунга муҳтож эди. Сўнгра диний мавзу – ҳадисларни қофияга солиш, яратганга мурожаат, насиҳатомуз шеърлар ёзиш расм бўлди. Бу ҳолатни ташна одамнинг ютоқиб чанқоғини қондиришига менгзаш мумкин. Илгари таъқиқланган дарвоза мустақиллик туфайли очилгани боис бу ҳол ҳам табиий эди. Кейин бир муддат жимлик ҳукм сурди. Йўқ, бу шоирлар ёзмади ёки шеърий китоб чиқмади деган маънода эмас. “Жимлик” ичида қандайдир тайёргарлик, сифат ўзгариши юз берди. Сўнгра шеър яна руҳнинг тили, қалбнинг манзаралари, тимсоллар ва ташбеҳлар оламидан иборат “ўзлигига” қайта бошлади. Аммо бу қайта парвоз ичида бир тоифа шоирларнинг шеърлари Навоий бобомиз таъбири билан айтганда, “аввалгиларга ўхшамас” – эринибгина, ҳафсаласизгина, шиддатсизгина, менам бор, дегандай таассурот қолдирса, руҳий қуввати ва шиддатини сақлаган яна бир тоифа шоирларнинг овози шеърий санъат мезонларини юксаклигича тутиб турганларини намойиш қиляпти. Шунингдек, ўзига хос оҳанглари, кутилмаган ташбеҳу топилмалари билан кириб келаётган бир гуруҳ ёшлар овози, гарчи ижодлари ҳақида хулосалар қилишга эрта бўлса-да, умид қанотларингизга қувват бағишлайди. Ушбу жараённи ҳар бир шоирга тўхталиб батафсил таҳлил қилиш керак, фалон йўналишдан кетяпти деб ташхис қўйиб бўлмайди. Бу орада китоб босиш, эфир ва экран, янги очилган юзлаб қўлбола газет-журналлар дарвозлари ланг очилиб, ҳаваскор шоирлар ва қўшиқчи шоирлар улоқни олиб кетди. Энг ҳайратланарлиси, улар қисқа муддатда янги шеърхонни ҳам тарбиялаб улгуришди. Радиодан таралган ёхуд клип қилинган қўшиқ матни улар учун шеърият мезони бўлиб қолди. Биламан, қўшиқ учун шеър ёзиш қийин иш, гап енгил-елпи қўшиқлар ҳақида. Албатта бундай “шеър”ларнинг кўпи ўткинчи, адабиётда қоладиган асарлар бошқа. Лекин улар умумий адабий савияни тушириб юбораётгани ҳам бор гап, умумий савия қанча баланд бўлса, яхши шоирлар ҳам шунча кўп етишиб чиқади.
– Ҳақиқий шеъриятни ҳам замонавий усуллар билан тарғиб қилса бўлмайдими?
– Яъни, оммабоп усуллар билан демоқчисиз. Баъзи мамлакатларда шеърларни компакт дискларга ёзиб тарқатиш, клип қилиш, “видеошеърият”, “тирик кутубхона”, “шеърий комикслар” сингари турли оммабоп усулларни қўллаб кўришмоқда. Масалан, бизда ҳам Навоий асарларидан парчаларни Афзал Рафиқовнинг мусиқа жўрлигида ўқиши, кимнинг ғояси бўлса ҳам, яхши таасурот қолдирди. Телевидениеда марҳум шоирлар ҳақида тайёрланган кўрсатувларнинг ҳам савияси ёмон эмас. Яна “Заковат”, “Иқтидор” каби интеллектуал телеўйинларда шеърият ҳақидаги саволларни кўпайтириш, фақат шеъриятга бағишланган телеўйинлар ташкил қилиш ҳам мумкиндир. Булар яхши ва керакли, аммо ёрдамчи воситалар. Ҳали айтганим – замонавий қўшиқчиликнинг “шеърий тарбияси” билан баҳслашолмайди.
– Интернет-чи?
– Интернетнинг адабий, ижтимоий сайтларидаги шеърият, унинг савияси, муаллифлари – алоҳида суҳбатнинг мавзуси. Шундай бўлса ҳам айтиб қўяй, интернетни асосан кутубхона сифатида қадрласам ҳам, у менга омонат оламдай таассурот қолдиради. Бир лаҳза элекр қуввати бўлмаса – тамом, бу адабиёт ҳам, бу олам ҳам йўқ. Қолаверса, даҳмазаси ҳам етарли, интернетга уланадиган асбобу унинг тўлови жойида бўлиши керак, компьютер ёнингда бўлиши керак, ёки телефонлар унга уланадиган даражада “замонавий”сидан бўлиши керак, бунинг устига кўзга берадиган чарчоқ, мияга берадиган радиациясига чидашинг керак. Ана шулардан кейин экранда липиллаётган элликта реклама-ю хабарга эътибор бермай шеъриятдан завқ ҳам олишинг керак. Буни китоб ва журналдаги шеър мутолааси ёки устознинг жонли сабоғи билан таққослаб кўраверинг. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қалб тарбияси учун ҳам, умумий адабий савиянинг ўсиши учун ҳам энг аввало мутолаага, шеър таълимига эҳтиёж уйғотиш лозим деб ўйлайман.
Адиба Умирова суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетаси, 7 январ, 2015 йил, №2