Ҳозирги пайтда адабиётимиз яхши ривожланиб бораяпти. Мустақиллигимизнинг йигирма йиллиги арафасида, шу ўтган вақт мобайнида рўй берган ўзгаришларга синчиклаб қарасак, адабиётимиз умуман бошқача шакл ола бошлаганини ҳис қиламиз. Бунга, энг аввало, “цензура” деган расмий ва қалбий элакдан қутилганимиз сабабчи. Ёзувчиларга ҳеч ким палон мавзуда, пистон қаҳрамонни шакллантириб асар битгин, деб кўрсатма бермайди. Истаганингни ёз, фақат у маҳорат билан битилган бўлсин ва ўқувчининг дилига кирсин, унинг маънавиятини яхши томонга ўзгартирсин. Ҳозирги кунларда, назаримда, асосан, учта йўналиш яққолроқ кўриниб турибди, яъни тарихий асарлар, маиший ҳаётимизнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги ёзилмалар ва криминал воқеалар баёни. Шахсан, мени таассуф қилдирадиган ҳолат эса фантастик асарларнинг деярли йўқлигидир. Бу жанрни бошлаб берганлардан Тоҳир Малик аллақачон криминал олам ҳақида қалам тебратмоқда, Маҳкам Маҳмудов адабиётшунослик билан банд, энг сермаҳсул Хожиакбар Шайхов эса бевақт вафот этди. Умидли фантастлар Хасан ва Хусан Турсуновлар мураббийлик дарёсига шўнғиб кетишди, Соҳиба Абдуллаева, Рустам Обидовлар қаерлардадир дараксиз юришибди. Ўзим ҳам кейинги даврда ёзган бир-иккита ҳикоядан ташқари ҳеч нарса билан мақтана олмайман, мени тарихий жараёнлар кўпроқ қизиқтириб қолди.
Лекин, бу адибларсиз ҳам адабиётимиз ривожи назаримда ёмон эмас. Фақат, бир жиҳат бор: қаламкашларнинг янги авлоди, мен айтиб ўтган жанрларда, асосан, чет элларда “pulp fiction” (“палп фикшн”) деб ном олган шаклга мослашиб, ижод қилмоқдалар. “Рulp fiction”нинг маъноси, бир марта ўқиб, ташлаб юборса бўладиган тўқима, деганидир. Ҳар хафта чоп этиладиган турли газеталарда бундай тўқималар тиқилиб кетган. Лекин, жиддий ва янги йўналишда ижод қилаётганлар ҳам етарли.
Кейинги пайтда мени бир ёзувчимизнинг, Эркин Усмоновнинг ижоди қизиқтириб қолди. У – ўзига хос адиб. Унинг асарларини бошқа бировники билан адаштириб юборолмайсиз. Дарҳол танийсиз. У 2008 йилда у “Ажал хиёбони” тўпламини чоп этдирган эди. Бу китобни у саргузашт-детектив қиссалар ва ҳикоялар деб номлаганди. Аммо, ундаги асарлар номланган жанрга эмас, кўпроқ мистика ва триллер йўналишларига мос келарди. Бу йил эса “Марҳум кеч соат саккизда келади” номли китоб чиқарди ва аввалгисидан фарқли ўлароқ, уни саргузашт-мистик қиссалар ва ҳикоялар тўплами деб атабди. Бу – анча ҳақикатга яқин. Чунки, ёзувчининг дили фақат мистик асарлар битишга мойил. У, истаса-истамаса, ҳар бир асари ғайри табиий ҳолатларни акс этдира беради. Бундай ҳолатлар Эркин Усмоновнинг ҳар бир асарида мавжуд.
Хўш, ушбу ёзувчини домига тортган жанрнинг қандай ўзига хос томонлари бор? Аввало, мистика сўзининг мағзини чақайлик. Бу ибора юнон тилидаги “мистикос”дан олинган бўлиб, сирли, яширин маъноларини беради. Атрофимиздаги реаллик, бир қараганда оддий кўринади. Одатда, инсон ўз кўзи билан кўрган, эшитган ва танасининг бошқа аъзолари билан ҳис қилган воқеликкагина ишонади. Қадимдан шундай бўлиб келган ва ҳозир ҳам деярли шундай. Аммо, XXI асрда Ер юзидаги тараққиёт шу даражага етдики, биз шу кунларда кўзимизга кўринмас электромагнит тўлқинларнинг мавжудлигига ишонамиз. Акс холда, радио, ТВ, уяли телефон алоқалари буларсиз вужудга келмас эди. Бу – энг оддий ва яққол мисол. Шунингдек, кўпчилик, ўзга одамлар томонидан сизга тиланадиган яхши ёки ёмон тилакларнинг кучи мавжудлигига ишона бошлаяптилар. Чунки, одамнинг онгида ҳам фикр юритиш жараёнида электромагнит тўлқинлар тарқаладилар ва атроф муҳитга таъсир кўрсатадилар – бу фанда жуда кўп тажрибалар воситасида исботланган. Замонавий тиббиёт масканига боринг – у ерда сизга, энг аввало магнит резонансли томография қилишингиз ёки ультратовушли текширувга киришингиз зарурлигини айтадилар. Ушбу жараёнлар ҳам фақат танамиз аъзоларидан тарқалувчи кўзимизга кўринмас тўлқинлар ва уларни “ўқий олувчи” қурилмалар ёрдамида ўтказилади. “Йўқ, мен бунга ишонмайман, чунки уларни ҳис қилмаяпман!” деган нодон ўз соғлиғига нотўғри ташҳис қўйилишига сабабчи бўлади ва унинг соғайиши албатта мушкулашади. Демак, танамиз, вужудимиз ҳис қила олмайдиган табиат сирлари мавжуд экан.
Мен ўзимдаги адабиётлар ва интернетдаги ахборотлар воситасида мистика жанрининг жиҳатларини ўргангач, шундай хулосага келдимки, бу йўналишда битилган асарларда бизнинг реаллигимиздаги воқеотлар, бошқа, тўрт мучамиз билан ҳис қила олмайдиган сирли ҳодисалар билан уйғунлаштириб баён қилинади. Демак, мистика замонамиз ривожланиши билан бирга одимлаётган жанр экан, деган хулосага келиш мумкин.
Ҳозирги пайтда мистика йўналиши жаҳон адабиётида ва кино санъатида жуда катта бўлакни эгаллаган. Шахсан мен тан олган Альфред Хичкок ва Жон Карпентерларнинг йигирманчи асрнинг 60 – 80 йилларида олган фильмлари ҳозир классик асар бўлиб қолганлар. Бутун ривожланган мамлакатларда бундай санъатга қизиқиш ғоят улкан. Асосий сабаб, унинг ўқувчини сирли, ғайри оддий воқеалар қаърига тушириб, онгига қаттиқ туртки беришидир.
Мен яна бир нарсани аниқладим – мистика икки хил бўлар экан. Биринчиси, оддий мистика. Бунда қандайдир сирли воқелар ҳикоя қилинади, улар албатта ўқувчини асар ниҳоясига етгунча ҳаяжонда ушлаб турадилар. Иккинчиси, фалсафий мистика. Бунисида, сирли ва ҳаяжонли воқеалар фалсафий ечим билан тугалланади ва ўқувчига қандай хатти-ҳаракатлар фалокатга олиб боради-ю, қанақалари бахтга, эзгу мақсадга эриштиришини бадиий воситаларда кўрсатиб беради. Назаримда, бу иккала йўналиш ҳам яшашга хақли.
Эркин Усмоновнинг янги тўпламида ана шундай икки хиллик бор. Масалан, “Кўзойнак” қиссаси, “Узук кўзидаги жоду”, “Марҳум кеч соат саккизда келади”, “Капалак”, “Тхарад”, “Тўртинчи ҳодиса” каби ҳикоялари биринчи йўналишга мос келса, “Лифтга чиққан беш киши”, “Дўстим Горацио”, “Панжа орасидаги тилсим”, “Лаин”, “Ёғий” ва бошқа асарлар иккинчи йўналишга мансублар. Лекин, бу китобдаги ҳар бир ижод намунаси ҳар қандай шароитда ўқувчининг диққатини маҳкам ушлайди. Айниқса, мен баъзи ҳикояларни ўқиб жуда қўрқдим. Йўқ, воқеалардаги сирлилик ва ғайритабиийликдан эмас, ҳаётида разиллик қилаётган, шайтонга бўйсунаётган, нафсига эгалик қилолмай озгина фойда учун виждонини, яқин ва узоқ одамларни сотган кимсаларнинг охир-оқибатда қандай аҳволга тушганларини, олаётган жазоларини ҳис қилиб қўрқдим. Мен, беихтиёр, ногаҳон шундай иш қилиб қўйсам, шундай аянчли ҳолатга тушаманми, деган ҳаёлларга ҳам бордим… Ахир, ҳақиқий адабиётнинг вазифаси шу эмасми? Ҳар бир асар бизни фақат тўғри яшашга, инсофли, диёнатли бўлишга ўргатиши керак эмасми?!
Мен “Марҳум кеч саккизда келади” китобини ўқир эканман, айрим ҳикоялар замонавий мистика прозаси усталари Стивен Кинг, Майкл Крайтон ва Дин Кунцларнинг даражасида битилган экан, деган ҳаёлларга ҳам бордим. Айниқса, “Лифтга чиққан беш киши” ҳикояси маъқул бўлди. Бу – ҳақиқий фалсафа йўғрилган асар. Сал соддароқ битилган-ку, аммо инсон қалбига етиб боради. Худди шунингдек, “Лаин” ҳам таҳсинга лойиқ. У – огоҳлантирувчи ҳикоя.
Лекин, барча асарлар бир хилда сифатли эмас. Масалан, “Кўзойнак” қиссасини олайлик. Асосий персонаж – бир омадсиз, ландавур, ҳаётида нотўғри йўл танлаган одам. Илмий ходим бўлиб хизмат қилади. Унга, атрофдаги барча одамлар қарши иш қилабераётгандек туюлаберади. Домласи даража ёқлашга йўл бермайди. Раҳбарлар янги лавозимга кўтаришмайди. Хотини билан ҳам муносабатлари ёмон. Фарзанди йўқ. Ниҳоят, улар ажрашадилар. Хуллас, бутун борлиқнинг ёмонликлари унга ёмғирдек ёғиб тураверади. Ниҳоят, бир куни у кўзойнак топиб олади. Эгаси чиқмагач, уни тақади ва дунё унга кулиб боқа бошлайди. Натижада, у маълум муваффақиятларга эришади. Каттаю кичикнинг ҳаваси келади. Уйланади, қизчали бўлади. Обрў-эътиборга эга бўлади. Лекин, тасодиф туфайли ўша кўзойнакни синдириб қўяди ва яна асл, аянчли ҳолига қайтади… Бундай асарлар адабиёт тарихида жуда кўп ёзилган. Инглиз фантаст-ёзувчиси Ҳерберт Уэллсдан тортиб то яқин ўтмишдаги адибларгача. Бу қиссада мен ўзим учун ҳеч бир янги воқеа, фалсафий фикр ва ибрат бўла оларли ҳолат топа олмадим. Асар, ўтилган дарсни бошқатдан беришдек бўлиб қолган.
Кўп персонажлар омадсиз, билими кам ва тўғри қарор чиқаришни билмайдиган кимсалар. Улар ҳаётдан мўъжиза кутиб умр совурадилар. Шундай мўъжизаларга дуч келадилар ҳам. Баъзан, бу ҳодисотлар уларга ёрдам беради, гоҳо ҳалокат гирдобига ташлайди. Бундан ташқари, турли ҳикоялардаги одамларнинг қиёфалари, фикрлашлари бир-бирларига ўхшашдек туюлади. Тўплам бошқа камчиликлардан ҳам ҳоли эмас. Лекин, уларни адабиётшунослар таҳлил қилганлари дуруст. Мен фақат ижодкор сифатида ўз фикрларимни баён этдим.
Юқорида эслатганим – “Ажал хиёбони” билан “Марҳум кеч соат саккизда келади”нинг бадиий фарқи бор. Охирги китобни мутолаа қилар эканман, ёзувчининг маҳорати ўсганлигини ҳис қилдим. У вақтини бекор ўтказмай ва ҳаракатдан тўхтамай ижодий изланишлар бораяпти, деган хулосага келдим.
Эркин Усмонов ўзбек адабиётида янги йўналиш – миллий ва замонавий мистика жанрни ривожлантирмоқда. Айрим камчиликларга қарамай, бу иши учун, уни фақат қўллаб-қувватлаш ва табриклаш керак. Хали, унинг орқасидан кўп издошлар чиқишига ишонаман. Қани, фантастикани ҳам кимдир шу адиб каби кенг тарғиб этса. Шундай кенг кўламда ижод қилса.
Дарвоқе, баъзилардан ўзбек адабиётига мистика керак эмас деган гапларни эшитдим. Шу ҳақда ҳам ўз фикримни билдирмоқчиман. Маълумки, инсоният ривожланиши турли босқичлардан иборат бўлган. Айтайлик, ибтидоий жамоа бўлиб яшаш вақтида китоблар у ёқда турсин, тузукроқ ов ва иш қуроллари ҳам бўлмаган. Одамзот ўзига берилган онгни ишлатиши орқали аста-секин, бир қанча минг йиллар давомида ҳозирги даражага етди. Агар, у миясини ишлатмаганда, ҳаракат қилмаганда, бизга янги ов ва иш қуроли керак эмас, тинчгина яшаяпмиз-ку, деб ўтирганда, шу кунларда ҳам ғорларда яшаётган бўларди. Тараққиётга қарши чиқувчилар доим бўлиб келган, бундан кейин ҳам бўлади. Улар кимлар? Мен бундай кимсаларни дунёқараши тор, дунёвий адабиёт у ёқда турсин, ўзбек адабиётини ҳам яхши билмайдиган, янгиликка интилмайдиган, ўзига кичик бир кавакдек ғор ясаб олиб, ўша ерда кунларини ўтказаётган неандерталь одам сифатида тасаввур қиламан. Бундай кимсалар Ўзбекистонимизнинг буюк келажагига хизмат қилмайдилар, балки ривожланиш ғилдирагига таёқ тиқадилар. Нега буюк ҳалқимиз жаҳон айвонида неандерталь одамлар жамоасидек яшаши керак? Бизнинг тарихимиз, адабиётимиз тарихи шунчалар бойки, очилмаган конки, билимсиз кимса унинг кўламини тасаввур ҳам қила олмайди. Мен бу ерда ўтмишдаги буюк адиб-у шоирларимиздан, фольклоримиздан, эртакларимиздан анча-мунча мистикага оид мисоллар келтиришим мумкин, лекин истамайман. Хайф биламан. Улар барибир ўзлариникини маъқул қилаверадилар ва бундан уялмайдилар ҳам. Ундай “адабиёт”чиларга фақат ўз каваклари бўлса бўлди. Уларнинг ноқис онглари ишлашни ва замонавий жараённи тушунишни хоҳламайди. Бизнинг ривожланишимиз ва тараққиётимиз эса бундай неандерталь кимсаларсиз ҳам давом этаверади.
28 июль 2011 йил.