Профессор Сергей Петрович Капица нима учун китоблардан миннатдорлиги ҳақида ҳикоя қилади
Унинг ижодхонасидаги китоб жавонлари орасида қатор терилган “Британика”нинг ўттиз жилди алоҳида кўзга ташланади. Ёнидаги қаторда қалин қизил жилдли Катта Совет Қомуслари ҳам худди шунча жойни эгаллаган…
– Сергей Петрович, олим кишининг оиласида аниқ билимларга ўзгача муносабат бўлиши тушунарли. Қомусий китоблар ҳам бамисоли шундай муқаддас битиклардир. Умуман, китоб ҳаётингизда қандай ўрин тутади? Янги китобларни кузатиб боришга улгурасизми?
– Иш фаолиятим тақозоси биланми, эҳтимол, ёшимга мувофиқми, ҳозир мени кўпроқ тарихга оид китоблар ўзига жалб этяпти. Лев Вознесенскийнинг китобини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим – унда яқин ўтмишимиз ҳайратомуз даражада чуқур ва жўшқин таҳлил этилган. Шунингдек, Ерофеев, – “Москва – Петушки” номли ажойиб қиссани ёзган Венедикт эмас, – балки Владимир, совет дипломати, назаримда, арзигулик хотиралар китобини чиқарди.
Яқинда рафиқам компьютердан диққатимни бироз узиш мақсадида мени Марининани ўқиб чиқишга кўндирди. Бироқ, ундан ваъда қилинган завқни ололмадим. Ҳатто ўша, – мен дефектив деб атайдиган романлар ҳам, – охир-оқибатда, ўз жанрининг қандайдир минимал талабларини қондириши керак-ку, ахир. Ҳафсалам пир бўлди. Пелевиннинг “Пи авлоди”ни ва ҳатто Сорокинни ҳам ўқиб чиқдим. Бироқ, очиғини айтсам, унинг тил услубини англолмадим.
– Сизга замонавий муаллифларнинг ёзув услуби ёқмайдими ёки бошқа сабаби борми?
– Назаримда, адабиётимиз замон даъватига жавоб бермаётган кўринади. У бениҳоя катта эркинлик олди – ҳеч қандай меъёр – на адабий, на лисоний, на ахлоқий меъёрларга амал қилмай, кўнглига келганини босиш ва чоп эттириш мумкин бўлиб қолди. Аммо натижада ҳеч вақога эришилмаётганини, кўпинча янада номақбулликка йўл қўйилаётганини кўряпмиз. Муаллиф туб моҳиятни ҳам, уфқни ҳам кўрмаётгандек туюлаяпти.
Бугун оммавий аудиторияга ишлаётган ҳамма – ёзувчи, режиссёр, журналистнинг масъулият меъёри деярли муҳокама этилмаяпти. Бинобарин, бу муаммолар муаммоси! Биз “Мўъжизасиз мўъжизалар” кўрсатувларидан бирига ёзувчи Борис Акунинни таклиф этдик ва шу мавзуда бафуржа суҳбатлашдик. Таққослаш учун XIX асрнинг буюк адабиётини олинг: мамлакат жуда катта ўзгаришларни бошидан кечирган ҳамда адабиёт уларни акс эттирганди.
Яқинда менга “Октябрь” журналининг 1942 йил август—сентябрь сонини ҳадя этишди – унда отамнинг мақоласи чиққанди. Бошқа муаллифлар қаторида ленинградликларга бағишлови билан Ольга Бергольц, Борис Горбатов, Максим Танк, Вячеслав Шишков, Всеволод Иванов, Михаил Зoщенко, Степан Щипачевлар бор… Урушнинг айни авж палласида “Октябрь” журнали 25 минг нусхада чоп этилган! Ҳозир-чи, энг салмоқли журналларнинг адади қанча? Икки-уч мингми? Улар ҳам аслида, раҳмдил одамлар хайру эҳсони эвазига жон сақлаб турибди. Ўшанда эса, уруш ҳамда етишмовчиликларга қарамасдан, журналлар беркилмаган ва адади ҳам кўп бўлган. “Октябрь”нинг бу сони ҳаммамиз учун шармандали ҳолдир!
Ҳозирда биз салмоқли журналлар савияси қандай йўқолаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Росмана жиддий адабий танқид йўқ. Бутун адабий жараён иттифоқларга тарқалиб кетди, адабиётнинг ўзи эса қандайдир бешинчи ўринга чекинди. Станиславский айтганидек, томошабин ёки ўқувчи эса тентак. Уни анчайин бўш, ўртамиёна асарни сотиб олиш, ўқиш ва кўриш учун кўндириш осон. Охир-оқибатда, ҳозир кузатаётганимиздек, уларни шунчаки танлаш имкониятидан маҳрум этиш мумкин.
Китоб нашр этиш, ҳозир бошқа кўпгина соҳалар каби, ҳаётимизда даромад топиш воситаси бўлиб бормоқда. Инсон ақлини ўтмаслаштирувчи ва унинг қадр-қимматини ерга урувчи катта ададда чоп этилаётган адабиётнамо тизмалар ақли ноқис кимсалар учун мўлжалланган. Ўзларини ақлий даражаси баланд, заковатли қатламга мансуб деб билувчи сара зиёлилар ҳокимият билан ҳамда ўзаро муносабатларини аниқлаштириб олгунларига қадар, дунёдаги барча қоғоз чиқиндиларини йиғувчилар бирлашиб бўлдилар. Бироқ, оила билан баб-баробар айнан китобгина инсон шахсини, айниқса, ёшлигида, сезиларли даражада шакллантиришига сира шубҳа йўқ. Китоб сизни ёлғизлантириб қўймайди.
– Илк бор қандай китоблар ўқигансиз?
– Ўша илк бор ўқиган китобим рус ёки инглиз тилида бўлганини аниқ айтолмайман. Отамиз оиламизни мен дунёга келган шаҳар – Кембриждан Москвага кўчириб келганида етти ёшда эдим. Ўша даврда ҳам, кейинчалик ҳам оиламизда ҳар иккала тил сингишиб кетди. Шундай бўлса-да, болалик чоғимдаёқ менда катта таассурот қолдирган бир китоб ёдимда қолган. Бу Ферсманнинг “Қизиқарли минералогия” китоби эди. Катта, чиройли, яшил муқовали китоб эди. Энди англашимча, у болалар учун мўлжалланганди. Ўша китоб жуда зўр ёзилганди. Ўшанда ҳатто китоб муаллифига завқланиб мактуб ёзиб жўнатишга ҳам журъат қилгандим. Бу воқеа уруш бошланиши арафасида бўлган, ўшанда 12 ёшда эдим…
– Наҳотки жавобини олган бўлсангиз?
– Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг — ҳа! Бунинг устига, ғоят муфассал жавоб олгандим. Оиламизда яна битта китоб бор, у менга, укамга, бизнинг фарзандларимизга, ҳаттоки, невараларимизга катта таъсир ўтказган. Бу онамнинг отаси, бобом – Алексей Николаевич Криловнинг “Менинг хотираларим” китобидир. Биз 1941—42 йилларда Қозонда эвакуациядалигимизда бобомиз уни ўзи ўқиб берарди. Бобом йирик математик бўлган ва шу билан бирга, бошқа жуда кўп амалий масалалар билан шуғулланганди, ҳаммадан ҳам у кемасозлик соҳасига қизиқарди. Ҳозир уни ишбилармон деб аташган бўларди.
– Янглишмасам, Цусимадан кейин рус флотининг қайта туғилиши академик Крилов номи билан боғлиқ, шундай эмасми?
– Дарҳақиқат, ўз даври учун унинг ғоялари илғор бўлиб чиқди. Флотимиз нисбатан тез орада қаддини тиклаб, Биринчи жаҳон урушида ҳам, Улуғ Ватан уруши даврида ҳам денгиз сарҳадларимизни ҳимоя қилди. Шундай, бобом бизга ўша вақтда ишлаётган ҳали қўлёзма ҳолидаги асаридан хотираларини ўқиб берарди. У қўлда ёзарди, унинг ҳуснихати ҳам ажабланарли даражада тўғри эди. “Менинг хотираларим” китоби, назаримда, ўн ёки ўн икки марта қайта нашр этилди. Илк нашри уруш даврида, 1942 йилда ҳали бобом ҳаётлигида чиққанди. У 1945 йилда Ленинградга қайтганидан сўнг вафот этди.
Санкт-Петербургда, Васильевск оролида жойлашган Фанлар академияси ҳовлисида бобомнинг китоблар билан тўлган хонадони бор эди. Унинг 10 минг жилддан ортиқ китоби ўз соҳасига оид – биринчи навбатда, кемасозлик, амалий математика ва фан тарихига тегишли эди. Гап келганда айтиб қўяй, бобом Ньютоннинг бош китоби бўлмиш “Табиий фалсафанинг математик муқаддимаси”ни таржима қилганди. У асосий европа тилларини, яна грек ва лотинчани биларди.
– Ньютонни ҳам тўғридан-тўғри лотинчадан ўгирганми?
– Ҳа, унинг геометрик тузилишини синчиклаб уқиб-ўрганиб, бевосита аслиятдан ағдарган. Шу боис бу таржима ниҳоятда катта илмий аҳамият касб этади. Бу иш Биринчи жаҳон уруши даврида бажарилганини ҳисобга олинг, китоб эса дастлаб бобом профессори бўлган Николаевск ҳарбий-денгиз академияси нашрларида босилиб, 1916 йилда чоп этилган.
– Пётр Леонидович ўғилларини китоб билан дўстлаштириш учун қандайдир ҳаракатлар қилганми?
– Афтидан, бунинг учун ҳеч бир зарурат бўлмаган. Бобомдан фарқли равишда, отам бизга китоб ўқиб бермаган.
– Тунги уйқу олдидан эртак ҳам айтмаганми?
– Оиламизда бу негадир одатга айланмаган. Дастурхон атрофида қандайдир янги китобларни муҳокама қилганимизни эслолмайман. Лекин уйимизга ёзувчилар келиб туришарди. Масалан, отамиз Алексей Толстой билан дўстлашганди. “Инженер Гариннинг мўъжизаси” китоби менда катта таассурот қолдиргани ёдимда бор. Мен ҳозир ҳам бу китобнинг биринчи нашрини замонавий дунёда олим, ихтирочининг ўрни ва масъулияти тўғрисида энг салмоқли асар эди, деб ҳисоблайман. Агар болалар адабиёти ҳақида тўхталадиган бўлсак, унга тўғри маънода отамнинг онаси – Ольга Иеронимовна Капица, бувим қайғурарди. Аввалига, унинг эри (бобомиз) Петроград атрофида ҳарбий истеҳкомлар, шу жумладан, шаҳарга кирувчи денгиз сарҳадларини 16 дюймли тўплар билан ҳимоя қилувчи машҳур Кронштадт истеҳкомларини қурар экан, бу анчайин маърифатли аёл икки ўғлининг тарбияси билан шуғулланарди.
Улар улғайиб қолишгач, бувим касбига кўра болалар адабиёти билан машғул бўлди, Ленинграддаги Герцен номидаги педагогика институтида шу соҳа кафедрасини бошқарди, профессор бўлди, ўша даврда ҳали ёш бўлган Маршак, Чуковский, Бианкилар иш бошлаган журналларга кўмак бериб турди. У ёш истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлар, уларга ўргатарди. У урушдан олдинроқ вафот этган, оиламизда отам хориждалигида бувим билан ёзишган жиддий мактублари сақланиб қолган.
– Сиз академик Крилов – бобонгиз йиққан ноёб кутубхонани тилга олдингиз. Ундан бирор нима сақланиб қолганми?
– Бобомнинг кутубхонасидан мени қизиқтирадиган истаган китобни олишга рухсат берилган – бобом шундай васият қилганди. Асосан, бу билим тарихига оид асарлар эди. Биз фаннинг мумтоз намояндалари деб атайдиган муаллифлар бобомда бисёр эди. Бу китобларни ўқишни бошлаганимдан кейин, тез орада механикани Ньютон ёки Логранждан, математикани эса Гаусс бўйича ўрганишнинг ҳожати йўқлигини англадим. Шунингдек, кимёни Менделеевдан, биологияни Дарвиндан ўрганиш шарт эмас экан. Коперник бутун умри давомида Ернинг айланишини исботлаш учун меҳнат қилди. Ҳозир эса бу география ёки астрономияга оид истаган дарсликда бир неча сатрда баён этилган, холос.
– Шу сабабли илк манбаларни ўрганишнинг ҳожати йўқ деб ўйлайсизми?
– Агар сизни билим тарихи қизиқтирадиган бўлса, уларни ўрганиш зарур. Бироқ айнан илмни улар бўйича ўрганиш ярамайди. Сиз, масалан, адабиёт ва тарихни мумтоз намояндаларга мурожаат этмай ўрганолмайсиз. Шекспир ёки Толстой асарларини қисқа ахборот берувчи дайжестда ўқиш нақадар бемаънилик. Гарчи улар ҳозир мавжуд бўлса-да. Лекин бу бадиий адабиётни англашнинг унчалик яхши йўли эмаслигини тан олинг. Бу ерда сиз аслиятга мурожаат этишингиз зарур. Фанда эса бу ҳар доим ҳам қўл келавермайди…
– Чунки замонавий муаллифлар эгаллаган билимларидан келиб чиқиб, одатий атамалар ва ўзлари одатланган тилда ихчамроқ баён этадилар, шундайми?
– Албатта. Лекин бу, яна таъкидлайман, фанга оид илмий асарлар мазмунининг ўзигагина тааллуқли. Улар, агар истасангиз, фан тарихчилари, қайсидир тор соҳа мутахассислари ёки оддийгина қадимийликни қадрловчилар учун тансиқ таомдир. Лекин қадимги буюк заковат эгалари ўз илмий асарларига ёзган сўзбошилари эса ҳозир ҳам шундай, балки юз йиллар аввалгига нисбатан ундан-да каттароқ қизиқиш билан ўқилмоқда. Назаримда, бу илмий, услубий, фалсафий ва тарихий фикрнинг энг зўр ҳужжатларидир. Ахир, охир-оқибатда, файласуфлар ва биографлар фан ҳақида у ёки бу пайтда ёзганлари эмас, балки ўша олимларнинг ўз фанлари тўғрисида қандай ўйлаганликлари муҳимдир.
Бу борадаги шахсий мулоҳазаларим, – нокамтарлик бўлса, узр сўрайман, – мени китобларнинг китоби билан шуғулланиш ғояси сари етаклади. Натижада мен ҳазиллашиб таърифлайдиган, умуман ўқиш мумкин бўлган энг буюк китоб – “Фан турмуши” вужудга келди. Бу шакл жиҳатдан бобом қадрлаган ҳамда йиғиб юрган улуғ олимларнинг энг ёрқин сўзбошилари сараланиб ва тартибга солинган антологиядир.
– Сиз фақат уйдаги асарлардан фойдаланиш билан чекландингизми?
– Йўқ, албатта. Бу ғоя пайдо бўлиши биланоқ, аввало, марказий кутубхонага йўл олдим. Тан олишим керакки, “Фан турмуши” деган номнинг танланиши ана шу илм маскани билан боғлиқ. Бундай китобнинг мавжудлигига мутлақо ишончим комил эди. Кутубхонага боргач, уни топиб беришларини сўрадим. На муаллифини, на нашр этилган вақтини айтиб беролмасам ҳам, менга кўмаклашишга ваъда беришди.
Бир ҳафтадан кейин борсам, узр сўрашди: “Биласизми, тополмаяпмиз. Лекин бизда бир кекса онахон ишлайди, у яқинда таътилдан қайтади – у ҳаммасидан хабардор”. Ўша ёши улуғ аёл у даврда Рубакин жамғармасини назорат қиларди, у мени умидвор қилди: “Ҳа, ҳа, назаримда, шундай китобни кўргандим, шекилли. Излаб кўраман…”
– У даврда ҳали Интернет, электрон каталоглар, ахборот изловчи қудратли тизимлар бўлмаган эди, шундайми?
– Кўпинча кутубхона ходимларининг, фантастик хотирасига суяниларди. Лекин мен излаётган китоб ўша даврда умуман мавжуд бўлмаса, нима қилиш керак? Бундан беҳад ранжидим, десам, ёлғон бўларди. Аксинча, катта бўшлиқ борлиги аён бўлди ва бу ишга иштиёқ билан киришдим.
Буюк асарларнинг 500 га яқин жилдини кўздан кечириб чиқдим. Кутубхонадан уларнинг аслияти ёхуд таржималарини топдим. Мақолаларнинг бир қисми айнан шу китоб учун махсус таржима этилди. Натижада юздан ортиқроқ китобни саралаб, фан соҳаларига кўра, даврига мувофиқ уларни гуруҳларга ажратдим – 600 саҳифадан иборат китоб юзага келди. Унда 102 нафар улуғлар номи – таржимаи ҳолига оид очерк, олимнинг портрети ва ўзи ёзган шахсий матни бор. Уларнинг ҳаммаси сира қисқартирилмаган ҳолда берилди.
– Ушбу китобни яратиш учун қанча муддат ишладингиз?
– Икки ярим йилга яқин. Ўзимни қизиқтирган бир талай маълумотлар топдим. Масалан, инглиз олими Гук билан боғлиқ ҳайратланарли воқеа – унинг портретини ҳеч ердан тополмадим. Ваҳоланки, у жуда йирик олим, инглиз Фанлар академияси асосчиси, Ньютоннинг замондоши бўлган эди. Замондошларининг эътироф этишича, бутун олам тортилиш қонуни тўғрисида Гукнинг ўзига хос тасаввурлари ҳамда ички сезгиси бўлган экан. Эҳтимол, шу сабабли Ньютон унга буткул тоқат қилмагандир. Ва Гук бандаликни бажо келтирган чоғида (у эса ёш вафот этган), унинг барча портретларини йўқ қилиб юборишни буюрган. Унинг бирон-бир тасвирини адабиётларда излаб топиш умидида олиб борган уринишларим зое кетди. Охир-оқибатда Англиянинг Фанлар академиясига – Қироллик жамиятига мактуб ёздим. У ердан олимнинг портрети сақланиб қолмагани тўғрисида жавоб олдим.
– Бунинг учун Ньютонга “раҳмат” айтиш керакми?
– Ҳа, унинг буйруғига мувофиқ, ҳаммаси куйдириб ташланган. Ваҳоланки, Ньютоннинг ўзидан ҳаёт чоғидаги 37 та портрет қолган бўлса ҳам – у ўзининг шахсий шуҳрати тўғрисида кўпроқ қайғурган эди.
– Моцарт ва Сальери мавзусига оид яна бир янги лавҳами?
– Маълум маънода шундай. Ёки Коперникни олинг – ўзининг илмий асари сўзбошисида у бевосита Рим Папасига мурожаат этади. Эҳтимол, айнан шу боис муаллиф ҳаётлигида китоб тақиқланмагандир. Китоб чоп этилганидан 70 йил ўтгач, у тақиқланди. Кези келганда айтиб ўтиш зарур, ўз замонаси учун ғоят зарур ҳисобланган бу китобнинг биринчи нашри 300 нусхада босилганди. Ўша даврдан бери гўё тўрт аср ўтмагандек – Россияда ҳозир кўпгина илмий асарлар тахминан шундай адад билан чоп этиляпти.
– Ўзингизнинг “Фан турмуши” китобингиз қанча нусхада чиққан?
– Китоб 13 минг нусхада босилганди. У 1973 йилда «Фаннинг мумтоз вакиллари» туркумида чиққан эди. Академик Арцимович китобнинг муҳаррири бўлишга розилик билдирганди, бу унинг энг сўнгги ишларидан бири эди, у ўша 1973 йилда вафот этди. Ёруғ дунёни тарк этишдан аввал саҳифаланган китобни имзолаганди. Нашрни шуҳратпарастлар ярмаркасига айлантирмаслик учун аввал-бошиданоқ ўша даврда ҳаёт бўлган олимлар китобга киритилмаслигига қарор қилинганди.
Яна бир гапни айтай, китоб учун суратларни ўзим танлашимга тўғри келган эди. Эрмитажда қадимги олимлар портретларини ўз ичига олган ажойиб ўйма нақшли суратлар коллекцияси борлигини кимдандир эшитгандим. Ленинградда бўлган чоғимда бахтимни синаб кўришга аҳд қилдим. Ўша вақтда ҳам Эрмитажнинг раҳбари Пиотровский эди, лекин у ҳозиргисининг отаси бўлиб, уни озроқ танирдим. Раҳбар мени илтифот билан кутиб олди ҳамда ҳақиқатда шундай жамғарманинг борлигини, у ўйма нақшли суратлар хонаси сақловчиси ҳукмидалигини тасдиқлади. “Бироқ мен ундан буларни кўрсатишини сўрашга, айниқса, буюришга ҳаддим сиғмайди, – деди менга Борис Борисович. – У коллекциянинг сақланишига менинг эмас, балки Худонинг олдида жавобгардир. Мабодо уни кўндира олсангиз, у ўз хазинасини сизга очади. Сизга ягона ёрдамлашишим мумкин бўлгани – буюртмангизни фотолабораториямиз кечиктирмаслигидир. Бунга кучим етади…”
– Китобда ўйма нақшли суратларни кўриб турибман. Демак, ўшандаёқ мўъжизасиз мўъжиза яратишга муяссар бўлган экансиз-да?
– Дарҳақиқат, менга ноёб нусхаларга қўл теккизишга ижозат этишди. У ерда ишнинг турли босқичлари ифодаланган рембрандона ўйма нақшли суратларнинг туркум излари бор эди. Ҳойнаҳой, уларнинг баҳоси миллионлардир. Буларнинг ҳаммасини ўша аёл сақларди. Биз фахрланишга одатланган барча бебаҳо нарсаларни шундай фидойи, садоқатли инсонлар тутиб турадилар, афсуски, бугун улар бизни уялтириб, қашшоқларча маош оладилар. Ўшанда эса биз биргаликда икки кун давомида излаш билан машғул бўлгандик – буни катта омад деб хотирлайман. Эҳтимол, бир жиҳатдан, ана шу сабабли ҳам китоб муваффақиятга эришгандир.
– Шундан бери ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди. Китоб бирон марта қайта нашр этилдими?
– Йўқ. Лекин ҳозир шундай фикрлар юзага чиқяпти. Ахир ҳаётимда у билан жуда кўп боғлиқликлар бор. Бу “Мўъжизасиз мўъжизалар” кўрсатувимнинг гўёки уйда тайёрланган хомаки нусхасидир. Агар Ампер билан суҳбатлаша олсам эди, қайсидир маънода, эҳтимол, у ўзи ёзиб қолдирган нарсаларига амал қилган бўлардим.
– 1973 йилда сиз кутубхона, МФТИ кафедраси ва “Мўъжизасиз мўъжизалар” кўрсатуви телестудияси оралиғида бўзчининг мокисидай қатнаганмидингиз?
– Ундай бўлмаганди. Кўрсатув кейин пайдо бўлди. Лекин ҳар иккала ҳолат ўзаро бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.
Александр Емельяненков суҳбатлашди.
“Труд” газетасининг 2005 йил 20 декабр сонидан олинди.
Ўзбек тилига Гулчеҳра Муҳаммаджон ўгирди
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон