Расул Ҳамзатов: “Биз ҳақиқатдан юз бурмаслигимиз керак” (2002)

Атоқли авар шоири Расул Ҳамзатов (1923–2003) асарлари ўзбек ўқувчиларига яхши таниш. Расул оғанинг нафақат фалсафий шеърияти, айни чоғда қизғин ижтимоий фаолияти ҳам эътиборга моликдир. Унинг тил, миллат, табиат, анъана ва қадриятлар ҳақидаги публицистик чиқишлари доимо баҳс-мунозара уйғотган. Қуйида 2002 йил август ойида дастлабки сони чиққан “Доғистон” журнали муҳаррири Мурод Аҳмедовнинг адибдан олган интервьюси эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Мамлакатимизда маърифат тарғиботи кучайган, китобхонликни ривожлантиришга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотлар давом этаётган бугунги кунда Расул Ҳамзатовнинг вафотидан бир йил аввал адабиёт ва уни ривожлантириш, таржимачилик, танқидчилик каби долзарб масалалар теграсида билдирган қимматли фикр-мулоҳазалари ўзига хос муҳим аҳамият касб этади.

– Расул Ҳамзатович, адабиётнинг тарбиявий аҳамияти ва унинг тафаккурни бойитиши ҳақидаги гаплар мамлакатимиз китобхон бўлган даврда жуда ўринли эди. Бугун кўпчилик мактаб ўқувчилари ҳам таниқли ёзувчилардан кўра хонандаларнинг турмуш тарзини яхшироқ билишади. Ҳозирги кунда адабиётнинг вазифаси қандай, ҳар томондан ёпирилаётган “оммавий маданият”га вазминқадам ёзувчиларимиз нималарни қарши қўйишлари мумкин?

– Ҳар доим адабиётга инсоншунослик сифати берилган. Мен ҳам бу баҳога тўлиқ қўшиламан. Лекин ҳозирги кунда адабиёт инсоншунослик билан чегараланмасдан, инсонпарвар ҳам бўлиши лозим. Ҳозир адабиёт инсонлар билан эмас, ўзи алоҳида қадам ташлаяпти. Кўпчилик ёзувчилар ҳаётдан, унинг мавжуд муаммоларидан ажралиб қолишган. Ахир, ҳақиқий адабиёт ўйлаб топилмайди, ҳаётда рўй бераётган воқеаларни акс эттиради.
Агар кимё ёки физикага оид илмий ишни ўқиётган бўлсак, бизга муаллифнинг келиб чиқиши унчалик муҳим эмас. Муаллифи ҳам илмий ишига юрти ва тилининг ўзига хослигини жо этишига ҳожат йўқ. Аммо адабий асар муаллифи ижод маҳсулига ўз юрти, халқи ва тилининг руҳини сингдириши, шу билан бирга фақат ўз ватанига тааллуқли муаммоларни биринчи навбатда қаламга олиши даркор. Шундагина бу асар халққа яқин ва тушунарли бўлади. Шоир ижобий маънода миллатчи бўлиши керак, агар унинг шеърларида ёнидан оқиб ўтаётган жилғанинг шовуллаши, онасининг алласи ва тилининг жозибаси жарангламаса – барча ёзганлари беҳуда. Есенин жонажон Рязанининг кенгликларини, майсазорларини, оқ қайинларини куйлагани учун бутун Россиянинг, жумлаи жаҳоннинг севимли шоирига айланди. Мен Есенин ижодига кечроқ мурожаат қилдим. Энди эса, ундан ажрала олмайман.
Ёзувчининг жонли сўзи ҳар доим керак. Ўзим ҳам кейинги пайтларда жамиятимизда шеъриятни тушунувчилар камайиб бормоқда, деб ўйлай бошлагандим. Шукурки, янглишган эканман. Яқинда бир қанча шеърият кечаларида иштирок этдим, одамларга шеърий ифодалар яқинлигини, шеърларни тушуниб, берилиб тинглаётганини кўрдим. Кўпчилик зиёлилар менинг ва бошқа шоирларнинг шеърларини ёддан ўқишиб, лол қолдиришди. Тушундимки, улар учун ёзишим керак.

– Бир неча йил илгари ўша вақтдаги цензура адабиётнинг ривожланишига тўсқинлик қилганини айтиш урф эди. Шу ҳақда фикрларингизни билдирсангиз.

– Мен ҳар доим назорат бўлиши керак деб ҳисоблайман. Албатта, ўша пайтдагидай майиб-мажруҳ шаклда эмас. Лекин соғлом назорат барибир зарур. У бадиий шакл ва тимсолларга аралашмаслиги керак.
Эсланг, XIX асрда Россияда адабиёт устидан кучли назорат ўрнатилганди. Лекин бу аср инсониятга қандай адабиёт дурдоналарини инъом этди. Назорат қайсидир маънода ёзувчини ҳаётдаги оғриқли масалаларни топишга ва улар ҳақида ҳаққоний – шубҳа қолдирмайдиган тарзда маҳорат билан бадиий асар ёзишга ундайди. Шубҳасиз, назоратнинг назоратдан фарқи бор. Агар назоратчи етарли билимга эга бўлиб, яхшини ёмондан ажрата олса, бунда ҳаммаси ўзингга боғлиқ. Агар асарлар мафкуравий ёки бирон шароитни ҳисобга олиб чоп этилса, бундан ёмони йўқ. Ҳозир бизда назорат йўқ деймиз. Келинг, ўзимизни ўзимиз алдамайлик. Назорат бўлган, бор ва бўлади. Ҳозир ҳеч ким марказий матбуотда шўро даҳоларига бағишланган шеърини эълон қилдирмайди. Ҳолбуки, илгари бу одатий ҳолат эди. Назорат адабиётни чиқиндилар билан тўлдиришга уринадиган ёзиш касалига мубтало бўлганлардан ҳимоя қилади. Бугун шундай вазифани астойдил бажарадиган назоратга эҳтиёж жуда кучли. Кўчада яланғоч юриш мумкин бўлмаганидай, тўғри келган нарсани чоп этиш ҳам ақлдан эмас. Жамиятнинг қонун-қоидалари бўлганидай, адабиётнинг ҳам ўз мезонлари бор.
Менинг назаримда, адабиёт ривожи бевосита назоратга ҳам боғлиқ. Агар ўтган даврда қаттиқ назорат бўлмаганида, унга қарши курашда истеъдоди очилган Солженицин бўлмасмиди? Агар адабиёт иссиқхона шароитида ривожланганида, таниқли шоир ва ёзувчиларимиз, эҳтимол, машҳур асарларини ёзмасмиди? Ҳозирги кунда ижод аҳли учун ҳеч қандай назорат, мафкуравий чегара қўйилмаган, нега унда бебаҳо адабий асарлар яратилмади, нега мамлакат миқёсида воқеага айланган роман, қисса, шеър ёзилмади? Ҳатто эски мадҳиямизга қайтишимизга тўғри келди, муаллифидан матндаги сўзларини янгилаб бериш сўралди. Чунки кейинги ўн йилликда мадҳия бўлишга арзийдиган шеър яратилмади.

– Доғистон Россиядаги Ёзувчилар уюшмасини сақлаб қолган республикалардан бири ҳисобланади. Ҳар нарсага шубҳа билан қаровчилар орасида ўзи шундай ташкилот керакми, деган иддаолар юрибди. Уларга қандай жавоб берган бўлардингиз?

– Ҳатто улар шу даражага боришдики, Ёзувчилар уюшмасини амалдорлар ташкилоти деб аташмоқда. Бу билан улар мени ва таниқли ёзувчи ҳамда шоирлар – Магомед Аҳмедов, Шайитхоним Алишева, Жамидин, Марина Аҳмедова, Сугури Увайсовни адабиёт амалдорлари қаторига қўшиб қўйишди. Бундай қуруқ туҳматлар билан Доғистон адабиёти учун ҳеч нарса қилмаган, лекин ўзгаларни асоссиз ёмонлаш орқали сохта обрў топмоқчи бўлганлар шуғулланишмоқда. Ҳар бир жамиятнинг ўз ташкилотлари бор. Халқ бирлашиб давлат бўлган, ишчи-хизматчилар касаба уюшмасига бирлашган. Шундай бирлаштирувчи ташкилот ёзувчиларга ҳам керак. Ёзувчилар уюшмаси бошқачароқ шаклда Америка, Европа, Осиё давлатларида ҳам бор. Ёзувчилар уюшмасига ихтиёрий равишда аъзо бўлинади.
Албатта, мен Ёзувчилар уюшмаси ўтмишимизнинг қора кунларида бажарган вазифасини – ўзгача фикрлайдиган одамларни қоралашни, шеър, китоб ва ҳатто айрим шоирларнинг бутун ижодини ўқишни тақиқлашини қайтадан бажаришини ҳеч қачон истамайман. Афсуски, баъзан Ёзувчилар уюшмасидан тинчлантириш ва бўйсундириш учун фойдаланмоқчи бўлишади. Ҳолбуки, уюшманинг асосий вазифаси тамомила бошқа. Яъни Ёзувчилар уюшмаси – ёзувчилар учрашиб, бир-бири билан фикр алмашадиган, янги асарларини муҳокама қиладиган, келажак режалари ҳақида маслаҳатлашадиган жой. Шундай ташкилотсиз ёзувчилар ўзларининг ижтимоий масалаларини ечиши қийин кечади. Ҳар нарсага гумонсираб қарайдиганларга келсак, Доғистон Ёзувчилар уюшмаси юқоридагиларнинг хоҳишига кўра сақланиб қолди, деб хато ўйлашади. Уюшма адабиётимизга садоқат билан хизмат қилаётган ёзувчилар хоҳиш-иродаси туфайли фаолиятини давом эттираяпти. Демак, уларга шундай ташкилот керак.
Доғистон адабиётини турли ўйинларга тортмоқчи бўлаётганлар Ёзувчилар уюшмасини нишонга олишаяпти. Тўғри, бир вақтлар Ёзувчилар уюшмасисиз ҳам Пушкин ва Лермонтов, Толстой ва Достоевский баракали ижод қилишган. Аммо бугун бошқа давр. Ёзувчилар уюшмаси биринчи навбатда ўз ҳаётларини адабиёт билан боғлаган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун керак. Шунингдек, умрини адабиётимиз ривожига бағишлаган кекса ёзувчиларимизга ҳам ёрдам кўрсатишимиз зарур. Мана шундай долзарб вазифалар билан Ёзувчилар уюшмаси шуғулланмоқда. Бизга шундай ташкилот керакми деб иддао қилаётганларга жавобим шу. Шахсан менга ҳам адабиёт билан шуғулланмайдиган кўплаб вазирлик ва қўмиталар борлиги ёқмайди, лекин уларга қарши бирон эътироз билдирмайман, чунки уларнинг вазифалари бошқа.

– Кейинги йилларда китоб дўконлари адабий танқид талабларига жавоб бермайдиган “китоб” деб аталган маҳсулотларга тўлиб-тошиб кетди, уларнинг катта қисмини ҳеч ким сотиб олмайди. Бу китоб маҳсулотлари муаллифнинг шахсий ҳисобидан ёки нимага пул берганидан бехабар ҳомийлар ҳисобидан чоп этилган. Бундай адабий касаллик нега пайдо бўлди ва уни даволаш мумкинми?

– Адабий касаллик – табиий ҳолат. Чунки адабиёт – тирик организм. Аммо Доғистонимизда ёзиш касалига чалиниш юқумли тус олди. Бугун ҳамма, тўғрироғи, эринмаган одам борки, ёзаяпти, улар бу ишни ҳаддидан ошириб бажаришаяпти. Натижада адабиётимизда майиб-мажруҳ ёзма нарсалар пайдо бўлаяпти. Илгари бундай ҳолатни тасаввур қила олмасдик. Шеъргина эмас, достон ёзиш ҳам осон жанрга айланди. Уларнинг кўпчилиги амалдор ёки банк бошлиқларига бағишланади. Афсуски, кўплаб ёш шоирлар шу йўлдан боришмоқда. Қофияланган сўзлардаги лаганбардорлик оддий ҳолга айланиб қолди. Кейинги йилларда пайдо бўлган мана шундай нарсаларни жамлаган палапартиш ёзма маҳсулотлар китобхонлар дидига ҳам таъсир қилмоқда.
Ҳақиқий адабиёт ҳар қандай вазиятда бундай муваққат ёзма нарсалардан устун туради. Юртимизда ажойиб ёзувчи ва шоирлар авлоди етишиб чиқди: Бадави Рамазонов, Нуриддин Юсупов, Алиризо Саидов, Мусо Магомедов, Сулаймон Рабаданов, Умарҳожи Шахтаманов. Яхши сўз ҳамиша қадрланади. Шоирлари вафот этишганига қарамай шеърлари ўқилмоқда, уларга куй басталанаяпти.

– Шу ўринда сўрамоқчи эдим: бугунги ва эртанги Доғистон миллий адабиёти тўғрисида қандай фикрдасиз?

– Доғистон адабиёти мустақил равишда ривожланган бўлса ҳам, унга рус адабиёти сезиларли таъсир этди ва бунинг аҳамиятига менсимасдан қараш мумкин эмас. Хабарингиз бор, ўтган асрнинг 90-йилларида адабиётшунослар араб тилидаги Доғистон адабиёти ва Туркияда яшовчи доғистонликлар адабиёти таъсирини ҳаддан зиёд улуғлашга ҳаракат қилишди. Аммо шароитга мос фикр билдираман деб, ҳақиқатга зид бориб бўлмайди. Тўғри, бу адабиётларда ҳам қизиқарлилари бор, лекин Доғистон адабиёти ривожига рус адабиёти улкан таъсир кўрсатганини исботлашнинг ҳожати йўқ.
Энди келажаги ҳақида гапирадиган бўлсам, бу адабиёт уфқида янги ёзувчилар пайдо бўлишига боғлиқ. Истеъдод ҳар доим кутилмаганда туғилади. Ҳеч ким олдиндан Батирай, Маҳмуд, Ҳамзат Цадаса дунёга келишини айтиб беролмас эди. Ёзувчилар уюшмаси шеър ёзишни ўргатмайди ва ҳеч кимни шоир қилиб тарбияламайди, фақат истеъдодларга ёрдам беради. Ҳақиқий шоир ташқи шароит қандай бўлишидан қатъи назар, ўз виждони ва истеъдоди амри билан яшайди.
Бугун Доғистон адабиётида янги асарлар ёзилаётгани мени хурсанд қилаяпти. Илгари адабиётимизда ёзма нарсалар чоп этилаётганди, энди эса асарлар яратилаяпти. Чунончи, лезгин шоири Арбен Кардаш ажойиб достон ёзди, қўмиқ шоири Бадриддин Магомедовнинг достони ҳам адабиётшунослар томонидан юқори баҳоланди, авар шоири Магомед Гамзаев ёрқин тимсолларга бой шеърларини чоп эттирди, Доғистон халқ ёзувчиси Магомед Расулнинг янги қиссаси ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Афсуски, ёзувчилар кўп вақтини ўз ижтимоий масалаларини ҳал этишга сарфлаяпти. Ижод маҳсуллари моддий жиҳатдан етарлича қадрланмагани учун улар радио ёки таҳририятда ишлашга мажбур бўлишаяпти. Бундан адабиёт фойда кўради, деб бўлмайди. Илгари тилнинг ҳаракатлантирувчи кучи ёзувчилар эди. Энди бу вазифани журналистлар бажараяпти. Бундай бўлиши тўғри эмас.

– Ҳозирги кунимизни оғир ва мураккаб давр дейиш одат тусига кирган, лекин, тарихнинг гувоҳлик беришича, ҳеч қачон осон давр бўлмаган. Шу боис сиздан сўрамоқчи эдим: кейинчалик тақдиримиздан, қилмишимиздан нолиб юрмаслигимиз учун бугун ҳаётимизда, адабиётимизда қайси нарсалардан бутунлай воз кечишимиз керак?

– Аввало, биз ҳақиқатдан юз бурмаслигимиз керак. Чунки ўзимизни ва бошқаларни алдамоқчи бўлганимиз учун бошимиздан кўплаб кулфатларни кечирганмиз. Бизда ҳанузгача катта гапириш, мақтанчоқлик, бирон иш ва кишига ёлғондакам юқори баҳо бериш учрайди. Ҳаётимизга, адабиётимизга учарлар, сохтапурушлар, амалпарастлар ёпирилиб киришди. Бундай ҳол юз беришидан ўз вақтида Эффенди Капиев жуда ташвишланар эди. Адабиётга самимий, нафис ва қудратли овозлар керак.
Ҳозирги кунда ҳамма жойда, шу жумладан, адабиётда ҳам битта ақидага риоя қилинади: балиқсиз сувда қисқичбақа ҳам балиқ ўрнига ўтаверади. Бундай ёндашув бизни қаноатлантирмаслиги керак. Талаб мезонларини юқори кўтаришимиз лозим. Бугун талабни ҳаддан зиёд пасайтириб, бўшаштириб юбордик. Чунки бу ҳолатда адабиётни қандай баҳолай оламиз? Катта мезон билан қарасак – кичик адабиёт, ўртача мезон билан қарасак – ўртача адабиёт, кичик мезон билан қарасак – катта адабиёт. Бугун бир неча қофиядош мисра ёзган ўзини шоир санайди, кейин юпқагина тахлам чоп эттиради ва тан олишимизни сўрайди. Таъбир жоиз бўлса, адабиётимиз ихтиёрида қитъалараро учадиган ракеталар йўқ, фақат ўрта ва яқин масофаларга етадиган ракеталар қолди. Кўплаб шоир ва ёзувчилар баландликни забт этиш ҳақида ўйлашади, лекин асарларининг теранлигига эътибор қаратишмайди. Бу билан ўзимиз адабиётимизни обрўсизлантираяпмиз. Айрим олифталар шўро тузуми давридаги адабиётни ўчириб ташлашни исташади. Ҳолбуки, бу даврда улкан адабиёт юзага келди. Агар биз ўқувчиларимизга Бунин ва Набоковни қайтариб берган бўлсак, бу адабиётимиздан Симонов ва Шолоховни чиқариб ташлаш керак дегани эмас.

– Миллий адабиётимизнинг ривожланиши уларнинг бадиий таржимаси муаммоларига бевосита боғлиқ. Бу йўналиш келажакда қайси йўлдан юриши керак деб ўйлайсиз?

– Биз биринчи навбатда ўтган йилларда шаклланган таржима мактабимиз анъаналарини давом эттиришимиз керак. Биласиз, кўплаб маҳоратли таржимонлар Доғистон шоирларининг шеърларини рус тилига ўгиришиб, кенг ўқувчилар оммасига таништиришган эди. Доғистоннинг ёзувчи ва шоирлари ҳам бир-бирларининг асарларини ўз она тилига таржима қилишарди. Ўзим ҳам жаҳон адабиёти намуналарини авар тилига ўгирганман. Пушкин ва Лермонтовнинг бетакрор шеърлари, Есениннинг “Анна Снегина” достони шулар жумласидандир. Таржима – жуда ажойиб жанр. Афсуски, Яков Козловский, Наум Гребнев каби фидойи таржимонлар бизни тарк этишди. Бугунги кунда саноқли ижодкорларгина таржима билан шуғулланишмоқда. Адабиётга кириб келаётган ёшлар таржима мактабимиз анъаналарини ўрганишлари керак. Ахир, таржима ижоднинг алоҳида тури бўлиб, таржимоннинг ҳам, муаллифнинг ҳам янги истеъдоди қирраларини кашф қилади. Чунки битта шеър турли тилларда турлича оҳанг таратади, улар бир-бирини тўлдиради ва бойитади.

– Бугунги Доғистон адабий танқиди ҳақида қандай фикрдасиз?

– Илгари адабиётимиз юқорироқ турган вақтида адабий танқидчилар кўпчилик эди. Ҳатто муваффақиятли ёзилган асарлардан ҳам малакали танқидчиларимиз айрим камчиликларни топишарди. Бугунги кунда адабиётни сохтакорлик эгаллаган вақтда танқидчилар ҳам камайиб кетди. Гўё сохтакорлик адабиёт устидан ғалаба қозонгандай таассурот қолдиради. Албатта, бизда ҳозир ҳам етарли адабиётшунос ва танқидчиларимиз бор. Улар ўзларининг ижодий ишларини тақдим этиб туришибди. Лекин таҳлилий ва танқидий адабий мақолалар етарли даражада эмас. Наҳотки доғистонлик ёзувчилар шу даражада истеъдодли бўлиб кетишганки, уларнинг қалин жилдли китобларида бирор камчилик бўлмаса? Ёзувчиларнинг адабий танқидсиз яшаши осон, лекин адабиётга бу нарса оғир таъсир қилади. Шубҳасиз, танқид аччиқ дори-дармонга ўхшайди. Баъзан дори қанча аччиқ бўлса, шунча яхши таъсир қилади. Буни унутмаслигимиз керак.

– Сиз Доғистон халқ шоирисиз. Бу унвон сиз учун қандай аҳамиятга эга? Умуман, унвон-мукофотларга муносабатингиз қандай?

– Бу юксак унвон мен учун жуда азиз. Унвон берилганида шунга муносибманми, деб хижолат бўлганман, лекин бу менга олдиндан билдирилган ишонч эканлигини, бу юксак ишончни бир умр оқлашим ва унга лойиқ бўлишим кераклигини ҳис қилганман. Аммо кейинги вақтдаги айрим салбий ҳолатлар унвон ва мукофотларга муносабатимни ўзгартирди. Чунки ҳозирги кунда ёзувчиларнинг мақсади асар ёзиш эмас, унвон олиш бўлиб қолди. Аҳвол шу даражага етдики, ёзувчилар ўзларини унвонга тавсия этадиган, бошқаларнинг бу мукофотга нолойиқлигини, ўзи эса адабиётда шундай баландликка эришганини таъкидлайдиган бўлишди. Республикамизда 18 нафар халқ шоири ва ёзувчиси бор. Бу қолган шоир ёки ёзувчилар халққа алоқаси йўқ дегани эмас-ку. Адабиётни спортга айлантириб бўлмайди. Ёзувчилар унвон ва мукофотга интилган сари адабиётдан узоқлашиб бормоқда. Рус ёзувчиси Михаил Пришвин ҳеч қандай унвон ва мукофотсиз вафот этди, лекин унинг адабиётга қўшган ҳиссаси заррача камайиб қолгани йўқ. Подшонинг фармони билан Пушкинга Россия халқ шоири унвони берилишини ҳатто тасаввур ҳам қила олмаймиз. Лекин Пушкин халқ шоири эди ва шундай бўлиб қолади.

Рус тилидан Асрор Мўмин таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2017 йил, 4-сон