Обид Асомов: «Набираларингиз учун ёзиб туринг» (2018)

Журналимизнинг собиқ рассоми, болажонларнинг бир неча севимли мультфильм қаҳрамонларига овоз берган машҳур сўз устаси, “Мульти­­п­ликацион фильмлар студияси” раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомовдан ўзбек мультипликациясидаги янгилик­лар, истиқболдаги режалар хусусида сўрадик.

– Обид ака, суҳбатларингизнинг бирида мультипликация соҳасидаги ишларни нолдан бошлаш кераклиги ҳақида айтган эдингиз. Сир эмас, ўтган давр мобайнида соҳа чиндан ҳам ривож топмади – болаларимиз қайта-қайта севиб кўрадиган мультфильмлар кам яратилди. Хўш, бунинг сабаб­и нимада?

– Асосий сабаб соҳага етарлича эътибор қилинмаганида. Менимча, фақат мультфильмлар эмас, кинода ҳам катта натижаларга эриша олмадик. Савиясиз, дидсиз ижодкорларнинг бир ҳафтада суратга олган фильмлари кўпайиб кетди. Оддийроқ бир мультфильм тайёрлаш учун камида беш ой вақт, катта маблағ керак. Дунё миқёсида олсак, бу соҳада Ғарб давлатлари анча илгарилаб кетди. 90-йиллар аввалида биз билан деярли бир хил вазиятга тушиб қолган Россия Федерацияси ҳам кейинчалик мультипликация соҳасида ўзини ўнг­лаб олди. Чунки уларда машҳур “Союзмультфильм”нинг мактаби сақланиб қолганди. Собиқ иттифоқ даврида “Ўзбекфильм” қошида “Мультцех” бор эди. Бу студия даражасидаги катта ташкилот эмасди. Чиқарилган маҳсулотлар ҳам унчалик кўп бўлмаган эса-да, ҳар ҳолда сифатли эди. Студияда соҳанинг усталари ишларди. Кейинги вақтларда кўп аниматорлар маошнинг камлиги сабабли чет элларга кўчиб кетиб, фаолиятини ўша ёқларда давом эттира бошлади. Бу энг муҳим бўғин – мутахассисларнинг етишмаслигига олиб келди. Бошқа давлатларда анимация соҳаси компьютерлаштирила бошлаганда, бизда қўл меҳнатига таянилди. Бу жараённи секинлаштирди. Ҳатто ҳозир ҳам кадрлар масаласи бизнинг энг оғриқли нуқтамиз. Энди ҳаракат бош­ланди, ёшларнинг хорижда малака ошириб келишлари учун шароитлар яратилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент давлат санъат ва маданият институтида мультипликаторлик йўналишининг очилиши ҳам тарихий воқеа бўлди. Ана энди, соҳанинг ҳақиқий эгалари ўзимизда етишиб чиқади. Лекин барибир буларнинг мевасини тотишимиз учун бироз вақт керак.

– “Мультипликацион фильмлар студияси”нинг фаолияти, умуман, яхши мультфильмлар бевосита болалар адабиёти билан боғлиқ. Шу маънода, бугунги болалар адабиёти сизни қаноатлантирадими?

– Очиғини айтсам, шу вақтга қадар замонавий болалар адабиёти билан унчалик таниш эмасдим. Лекин ҳозир ишим тақозосига кўра, болалар адабиёти билан танишиб чиқяпман. Ҳар куни қандайдир асар, сценарийни ўқийман. Ўтган қисқа муддатда чиқарган хулосам шу бўлдики, назаримда бугунги ижодкорлар болаларнинг кўнглини топа олгани йўқ. Биз болаликда Худойберди Тўхтабоевнинг асарларини қўлдан қўймай ўқирдик. Устоз ёзувчи ўша пайт­ларда болаларнинг қалбини ҳис қилган, уларнинг ўй-хаёл­лари, қизиқиш­лари, асосийси, кўнглига йўл топган. Мана, ҳозир янги асарларни ўқисам, 70-йилларнинг анъанаси ҳамон сақланиб қолгандай туюлади. Ўша эскича воқеалар, ўша тил сақланиб қолган. Аммо ҳозирги, замонавий болаларнинг нутқи, тили бошқача эмасми? Айрим ижодкорлар замоннинг ўзгариб кетганини, бугунги болалар бошқа даврда, бошқа шароитда яшаётганини тушунмаяпти, менимча. Нега болалар кўпроқ хориж мультфильмларини томоша қилади, биласизми? Чунки болалар катталарнинг улар билан болаларча гаплашишини ёқтирмайди. Бугунги болалар ўзлари билан худди катталардай муомала қилинишини хоҳлайди. Хориж мультфильмлари уларга шуни бера олади. Шунинг учун фарзандларимизга тақдим қилинаётган асарлар ҳам уларнинг даражасига мос бўлиши керак.

Шу ўринда ёзувчиларимизга кичик мурожаатим ҳам бор. Ҳурматли ёзувчилар, бизда бугун яхши асар – сценарийларга эҳтиёж катта. Фарзандларингизни, набираларингизни ўйлаб, уларга ҳам атаб ижод қилинг. Бугун давлат томонидан 10 дақиқалик мультфильм учун 390 миллион сўм ажратилган. Демак, яхши сценарий учун қалам ҳақи ҳам ёмон бўлмайди. Албатта, буни ҳам ҳисобга олинг.

– Телевидение ва интернет ривожланган замонда хориж мульт­фильмларини томоша қилиш имконияти кенг. Қайсидир маънода, ортида миллиард долларлик сармояси бор йирик компаниялар билан рақобат қилишга тўғри келади. Бу борадаги режаларингиз қандай? Миллий мультфильмларимиз хориждагисидан қандай фарқ қилади, томошабинларни нимаси билан ўзига жалб этади?

– Биласизми, мен ҳамма нарсага реал қараб, вазиятни реал баҳолаб ўрганганман. Шу маънода, сиз айтаётган кинокомпаниялар билан рақобатлашиб бўлмайди, асло. Бу ҳақда ўйлаш ҳам, бунга уриниб вақтни беҳуда сарфлаш ҳам керак эмас. Аммо шуниси аниқки, бизнинг студияда истеъдодли, катта салоҳиятга эга ижодкорлар бор. Улар орасида халқаро анимация фестивалларида, нуфузли мультипликаторлар томонидан эътироф этилиб, Гран-при олганлари бор. Тўғри, биз ҳали бир ярим соатлик мульт­фильм ишлаб ҳаммани лол қолдириб қўйганимизча йўқ. Аммо шуни орзу қиламиз. Шу мақсад йўлида изланамиз. Мен истайманки, бизнинг мультфильмлар ҳам кинотеатларда қўйилсин. Уларга сарфланган маблағлар бир неча баробарга кўпайиб ўзимизга қайтсин. Мисол учун, дунёга машҳур “Қирол шер” мультфильмини олиб кўринг. Уни 450 та мутахассис 5 йил давомида тайёрлаган. Лойиҳа учун миллионлаб доллар сармоя киритилган. Аммо шундай бўлишига қарамай, асар унинг ижодкорларига катта фойда келтирган. Бизда ҳам мультип­ликация соҳасини катта даромадли соҳага айлантириш имконияти бор. Биз ҳозирча буни ўзбек томошабинлари миқёсида амалга оширишимиз мумкин. Айтайлик, биз яратган миллий қаҳрамонлар брендга айланиб, реклама орқали ҳар бир боланинг кундалик турмушига кириб, унинг ўйинчоқларига айланса, қаҳрамон суратлари ширинликларнинг зарқоғозидан, кийимлар ва хона деворидаги суратлардан жой олса, кўплаб тадбиркорларга фойда келтиради. Бу ҳам ижодий жиҳатдан, ҳам моддий жиҳатдан бизнинг ютуғимиз бўлади.

Бошқа тарафи, биз бугун дунёда ғоявий курашлар кечаёт­ганини ҳам унутмаслигимиз керак. Айтмоқчиманки, беозор кўрингани билан хорижий мультфильмларда катта ғоялар бор. Улар болаларнинг онги, ўй-фикрларига таъсир этмай қолмайди. Шунинг учун ҳозир миллий руҳдаги, халқимизнинг бой қадриятлари билан озиқланган асарларни яратиш зарурати бор. Бундан ташқари, болаларга кўпроқ улар билган, кўрган нарсаларни акс эттирган, миллий колоритдаги мульт­фильмлар қизиқ туюлади. Биз ҳозир мана шу эҳтиёжни қондиришга ҳаракат қиламиз.

– Бугун болаларни эртаклар билан ром этиш мушкул. Зеро, компьютер технологиялари асрида вояга етаётган жажжи авлод ғайритабиий, муболағавий воқеаларга унчалик ишонмайди. Сиз бундай вазиятда қандай йўл тутмоқчисиз?

– Мен болаларни эртак билан ром қилиб бўлмайди, деган гапингизга қўшилмайман. Чунки эртакдаги ўзига хосликни, ғаройиб сюжет ва ғояларни ҳеч бир ёзувчи ярата олмайди. Барибир эртакларнинг минг йиллик сири каттаю кичикни ўзига жалб этиб қолаверади. Аммо замон нуқтаи назаридан эртак­ларга бироз бошқача ёндашиш мумкин-ку. Мисол учун, Голливуднинг “Оловуддин ва сеҳрли чироқ” мультфильмини эсланг. Мультфильм “Минг бир кеча” эртаклари асосида тайёрланган. Лекин давр талаби билан мультфильм воқеаларига замонавий элементлар ҳам қўшилган. Асар қаҳрамони жин, бир қарасангиз, гитара чалади, бир қарасангиз, “Феррари” ҳайдаб келади. Ўтмиш билан замонавийликнинг синтези бу асарни дунёга машҳур қилди. Худди шундай, Зумрад ҳам доим уйни супургида супуриши шарт эмас-ку. Балки энди у уйни чангюткичда тозалар. Қиммат эса кун бўйи телефон ўйнаб ўтиргани учун болаларда ёмон таассурот қолдирар. Хуллас, эртаклар эскириб қолди деб, болаларни улардан узоқлаштириш тўғри эмас. Керак бўлса, эртакларни болаларга яқинлаштиришнинг йўлларини топиш керак.

– Хориж мультфильмларидаги суперқаҳрамонлар жуда оммалашиб, дунё болаларининг онгу шуурини эгаллаб олмоқда. Бу қаҳрамонлар иштирокидаги мультфильм ҳамда бадиий фильмлар аллақачон фарзанд­ларимизнинг ҳам кўнг­лидан жой олиб улгурди. Нима деб ўйлайсиз, бизда ҳам миллий суперқаҳрамонлар яратиб, уларни оммалаштириш вақти келмадимикин?

– Гапингизда жон бор. Бизда нафақат суперқаҳрамон, балки болаларнинг оддийгина қаҳрамонлари ҳам деярли йўқ. Ҳамма хориж мультфильмларидаги қаҳрамонларни билади. Мен шу ерда фаолиятимни бош­лабманки, миллий мультфильм қаҳрамонларини яратишни бош мақсадим қилиб олганман. Бу борада бизга ёзувчи ва рассомларнинг ёрдами жуда зарур. Яқинда миллий қаҳрамонлар қиёфасини яратиш бўйича танлов ҳам эълон қилдик. Майли бизга ўша қаҳрамонни чизиб беришмасин. Аммо, асосийси, бизга қимматли ғояни беришсин. Бу қаҳрамон бирор бола, мева ёки буюм бўлиши ҳам мумкин. Лекин, муҳими, у ҳаммани ўзига ром этсин. Мана, масалан, россиялик мультип­ликаторларнинг “Маша билан айиқ” мультфильми жуда машҳур бўлиб кетди-ку! Ҳозир бу мультфильмни севиб томоша қилмаган, билмаган ўзбек боласи бўлмаса керак. Аммо бу мульт­фильм, аслида, тўлиқ россия­лик ижодкорлар томонидан ишланмаган. Ғоя ва сценарий русларники бўлса ҳам, анимация яратиш ишлари АҚШлик мутахассисларга буюртма қилинган. Чунки ҳатто Россияда ҳам бу қадар юқори сифатли мультфильмларни яратиш имкони йўқ. Уларнинг бошқа бир қанча мультсериаллари ҳам Хитой, Америка каби давлатларда тайёрланади. Менимча, бунинг ёмон томони йўқ. Биз ҳам шундай қилишимиз, болалар учун севимли мультфильмлар лойиҳаси, сценарийсини ишлаб, уни Ҳиндистон, Украина, АҚШдаги аниматорлик студияларида буюртма асосида суратга олишимиз мумкин. Бу қайтанга хориж тажрибасини ўрганишда бизнинг мутахассислар учун яхши имконият ҳисобланади.

– Юртимизда хусусий киностудиялар кўп. Баъзан яхши, баъзан савиясиз маҳсулотлар билан бўлса-да, улар фаолият юритмоқда. Аммо хусусий студиялар мультфильм ишлашда фаол эмас. Бунинг сабаби нимада? Сизда улар билан ҳамкорлик қилиш имконияти борми?

– Хусусий студиялар бор. Биз улар билан ҳали жиддий ҳамкорликни йўлга қўймадик. Чунки уларда ҳам ҳолат, имконият бизникидай. Хусусий студияларнинг ютуғи компьютер билан ишлайдиган яхши мутахассисларга эгалигида. Аммо бизда ижодий имконият кенг­роқ. Балки келажакда кучларимизни бирлаштириб, бирор лойиҳани амалга оширармиз…

– Обид ака, қимматли вақтингизни аямай биз билан суҳбат қурганингиз учун раҳмат. Ўзингизга ва жамоангизга илҳом, ғайрат тилаб қоламиз.

Саъдулло Қуронов суҳбатлашди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 8-сон